Кириш Регистрация

STD.UZ/ATLETIKO

Атлетико

  • Тўлиқ номи:
  • Бош мураббий:
  • Лақаби:
  • Жамоа сардори:
  • Ташкил топган:
  • Бош ҳомий:
  • Стадион:
  • Расмий веб-сайт:
  • Сиғими:
  • Клуб формаси:
  • Клуб президенти:

Клуб хабарлари

Симеоне ва Ўзбекистон футболи

Ла-лига «кучли бешлик» чемпионатлари орасида ўзига хос нуфузга эга. Уч-тўрт йил аввал энг катта қизиқиш асосан бир ўйин -  «классико» атрофида жамлангандек туюларди. Чемпионлик масаласи «Реал» ва «Барселона» ўртасида ҳал қилинадиган мусобақада бошқа жамоалар эътибордан четда қолар ва улар иштирокидаги ўйинлар иккинчи ва учинчи даражали ҳисобланарди. Бу клублар фақат Каталония ва Мадрид грандларига қарши кечадиган учрашувда омма нигоҳига тушиши мумкин эди. Ҳатто «Атлетико» ва «Атлетик»нинг ўзаро қарама-қаршилигида ҳам катта аудитория йиғиш мушкул бўлиб қолганди. Аммо бир мураббий - Диего Симеоненинг Испанияга ташрифи ҳаммасини кескин ўзгартириб юборди!

СИМЕОНЕ СИНДРОМИ

Ҳозир бу мураббийни ҳамма яхши танийди. XXI аср бошларида порлаган «Валенсия» ва «Депортиво» тезда сўнди. Бир муддат бош кўтарган «Вильярреал»нинг эса икки гранд - «Реал» ва «Барселона»нинг ўртасига тушар даражада иқтидорли эмаслиги маълум бўлди. Симеоне шундай паллада шонли тарих, аммо ўртамиёна аслиятга эга «Атлетико»ни қабул қилиб олди. Бу вақтда Испания чемпионатида «Реал» ва «Барселона»дан бошқа жамоада иш бошлаш ҳар қандай мураббий учун ўзига қарши ўқилган ҳукмдан бошқа нарса эмас. Чунки нафақат Испания, балки бутун Европа футболи айнан шу икки клуб атрофида «айланарди». Ла-лигада «Барселона» ва «Леванте» ўртасида кечадиган ўйинни томоша қилишдан кўп маъни топилмасди. Чунки бу баҳс фақат бир жиҳати - Лионель Мессининг нечта гол уриши билан аҳамиятли. Худди шундай ҳолатни «Реал» - «Осасуна» учрашувида ҳам кўриш мумкин эди. Бундай ўйинлар асосан Криштиану Роналду учун янги рекорд ўрнатиш имконини берарди, холос. Симеоне айнан шундай чемпионатда иш бошлади ва уни ўзгартира олди. Ҳозир Месси ва Роналду рекорд ўрнатишда давом этаётгандир, аммо энди ҳеч ким «Реал» ва «Барселона»га қарши тура оладиган клуб борлигини инкор эта олмайди...

Қизиқ томони, «Атлетико» ривожланиш учун кўп пул сарфламади. Аксинча, йил ўтгани сари мадридликларнинг бирор юлдузни катта пул эвазига сотиши одат тусига кирди. Фалькао, Диего Коста, Арда Турон... уларнинг бари ноллари кўп маблағ туфайли «Атлетико»дан кетдилар. Қолаверса, келаси мавсум Гризманн ва Филипе Луис ҳам айнан шу сабабга кўра клубни тарк этишлари мумкин. Аммо бу йўқотишлар шу вақтга қадар «Атлетико»нинг кучига дахл қилолмади. Чунки клубни Диего Симеоне бошқармоқда. Токи у кетмас экан, «Атлетико» «Барселона» ва «Реал»га бош- оғриқ бўлиб қолаверади.

Энг муҳими, «Атлетико» икки йил олдин шундай «наҳанглар»ни доғда қолдириб, Испания чемпиони бўлгач, энди «Вильярреал» ҳам бемалол «Реал»дан очко олишига ишонган ҳолда майдонга тушмоқда. «Севилья» эса «Барселона»ни мағлуб этяпти. Бунинг учун шунчаки футбол ўйнаш кифоя қиларкан, улар буни билиб олдилар. Диего Симеоне Испанияда иш бошлаши билан Ла-лигада ҳам янги давр бошланди.

 

ЎЗБЕК СИМЕОНЕСИ

Мана энди, гапнинг йўналишини Ўзбекистон чемпионати томон бурсак. Зеро, испан футболи ва Диего Симеоне ҳақида фикр юритиш орқали аслида олий лигадаги вазиятга атрофлича баҳо беришни истагандик, холос. Чунки биздаги ҳолат ҳам уч йил олдинги Испания футболидан фарқ қилмайди. Табақаланиш жиҳатидан, албатта.

Примеро мавзусида истаганча гаплашиш мумкин, киши асло зерикмайди. Аммо гаплар ўзани ўзимизнинг олий лига томон бурилгани ҳамоноқ ҳамсуҳбатингизни мудроқ босса, ҳайрон қолмайсиз. Чунки Ўзбекистон чемпионатидаги ўйинлар савияси сизга жуда яхши таниш. Масалан, сўнгги икки йилда «Пахтакор»нинг чемпион бўлишини тахмин қилиш у қадар қийинчилик туғдирмасди. Умуман, бу каби башоратчилик маҳорати ўзбек футболининг деярли барча мухлисида бор. Бир вақтлари «Бун­ёдкор»нинг чемпионликни қўлга киритиши «икки карра икки»дек кўриниш олган бўлса, ҳозир «Пахтакор»­нинг гегемонлигига тўсиқ қўя оладиган мард топилмаяпти. Ҳаммаси бир текис давом этмоқда, катта эҳтимол билан келаси йил ҳам шундай бўлади, ундан кейинги мавсумда ҳам. Нари борса, «Пахтакор»нинг ўрнини «Локомотив» эгаллаши мумкин, аммо мантиқ ўзгармай қолаверади...

 

МАҚСАД

Буни англаш учун футболимизга шунчаки юзаки қарашнинг ўзи кифоя қилади. Ўзбекистон чемпионатида жами 16та жамоа иштирок этади ва қизиқ жиҳати, уларнинг ҳар бири ўз «ўрни»га эга. Шунча клубдан 10таси кучли ўнликка кириш учун курашиши мавсум бошланмасидан маълум бўлади. Яна иккисининг эса бор эътибори олий лигада жон сақлашга қаратилади. Ҳозир аутсайдер ва ўртамиёналар ҳақида гаплашяпмиз. Фаворитлар хусусида ҳам худди шундай аниқ фикр юритиш мумкин. Улар тўрт клубдан иборат бўлиб, иккитаси чемпионлик, қолганлари эса кучли тўртликка кириш, яъни Осиё Чемпионлар Лигасига йўлланма олиш учун курашади. Барибир, у ерда ҳеч нарсани қойил қилмасалар-да, мавсум охирида ҳомийлар кўзига ОЧЛ йўлланмасини кўрсатиб, вазиятни ўзгартириш мумкинлигини улар жуда яхши тушунадилар. Шу сабабли кучли тўртлик учун курашадилар, чемпионлик эса... бу борадаги даъвогарлар аввалдан маълум. Биз мавсум бошида олтин медаллар учун 4 ёки 5 жамоа курашиши ҳақида ҳар қанча гапирмайлик, аслида уларнинг сони бор-йўғи иккита эканини яхши биламиз. Чемпионлик масаласи ҳам айнан улар ўртасида бўладиган ўзаро ўйинда ҳал қилинади.

Шу сабабли ҳам жорий мавсум чемпионликни нишонлаган «Пахта­кор»нинг келаси йили 15-ўринда юришига ишониш қийин. Бундай қисмат фақат нотавон «Челси»нинг бошига тушиши мумкин. Ёки «Ювентус»дек ўз қадрини билмаган жамоа­гина жадвалнинг қуйи қисмини ўзига раво кўради. Бизнинг грандлар эса ўз ўрнини жуда яхши биладиганлардан. Улар камсонли мухлислари билан ҳам йил охирида чемпионликни нишонлайверадилар. Аммо бунда уларнинг кўп ҳам айби йўқ. Айб - йил бошида кучли «ўнлик», «тўққизлик», «саккизлик», «еттилик» ва «олтилик»ка киришни мақсад қилган жамоаларда... Бизда «Лестер» сингари дадил клублар йўқ. Шу сабабли ҳам келаси йили ким қайси ўрин учун курашиши ҳозирданоқ маълум.

Хўш, мавжуд вазиятни ўзгартира оладиган ёки ҳеч бўлмаса ўзгартиришни мақсад қилган мураббийлар бизда борми? Ўзбек футболидан ҳам Диего Симеонелар чиқиши мумкинми? Афсуски, бу саволга аниқ жавоб бериш жуда мушкул.

 

МУРАББИЙЛАР МУАММОСИ

Бундан бир неча йиллар олдин футболимизда ҳужумчи муаммоси юзага келгани ҳақида гап-сўзлар кўпайганди. Дарҳақиқат, олий лигада сермаҳсул форвардлар топилмай, тўпурарлик ҳам асосан ярим ҳимоячилар ҳиссасига тўғри келарди. Шукрки, бу муаммо ҳозир бироз барҳам топгандек - Игорь Сергеев бу йил 24та гол урди. Шунингдек, Элдор Шомуродов ва Забиҳилло Ўринбоев каби ёшлар етишиб чиқмоқдалар. Аммо футболимизда яна шунга ўхшаш муаммо ҳақида гапириш зарурияти туғилса, шубҳасиз, мураббийлар масаласини кўтарган бўлардик.

Гарчи аввалдан мураббийларимиз ортиқча мақтовга лойиқ топилмаган бўлсалар-да, ҳар ҳолда Сколари, Кумиков ҳамда Радулович сингарилар фаолият юритган вақт­ларда бу муаммо у қадар оғриқли кўринмасди. Ҳатто Тачмурод Агамуродов ҳам ўз вақтида ўзбек футболининг бироз юксалишига сабабчи бўлган. Бу мураббий ўз қарашларини футболимизга сингдира олган сўнгги мутахассислардан бири, десак муболағага йўйманг. Шундан сўнг ушбу вазифани амалга ошириш тугул, бу ҳақида ўйлаб кўрадиган мураббий ҳам топилмади.

Ўзбек мураббийларининг янги авлоди майдонга чиқди, албатта. Аммо улар кутилган умидларни оқлай олди, дейиш қийин. Миржалол Қосимов, Игорь Шквирин ва Рўзиқул Бердиев ўз клубларининг бироз шаклланишига замин ҳозирлашди, улардан ёшроқ бўлган Даврон Файзиев ва Бахтиёр Ашурматов эса кўпроқ бошқа масалада «шуҳрат қозондилар». «Сўғдиёна» ва «Навбаҳор» атрофида турли гап-сўзларнинг тарқаши ва бу клубларнинг расмий сайтида турли мазмундаги жавобларнинг янграши ҳам фикримизга исбот бўлса керак.

Мураббийлар муаммоси мавжудлигига энг асосий исбот - улар қолиб клуб раҳбарларининг жамоа­ни бошқаришга ўтиб кетишлари. Самвел Бабаян бу борада энг эпчиллардан бири, у нафақат клуб, балки терма жамоани ҳам ўз қўлига олди. «Қизилқум» ва «Бунёдкор»да эса ҳозирча бу қадар катта муваффақиятга эришилмади. Аммо Актамов ва Бобоев кейинчалик ҳам ишлашда давом этсалар, ижобий натижага эришишлари мумкин. Чунки вазият шунга қараб кетмоқда...

 

ШАХСИЯТ

Биз юқорида Диего Симеоне тимсолида муайян шахс бутун бошли чемпионатни ўзгартириши мумкинлигига тўхталдик. Биласизми, нима учун биздан бундай мураббий чиқмайди? Чунки Диего Симеоне мураббийликни бошлашидан олдин бир кеча ухлай олмаган экан. У бу қадар катта масъулиятни ўз зиммасига олишга иккиланган ва тонгги югуриш машқидан сўнг душ қабул қила туриб ниҳоят, бир қарорга келган экан. У ўшанда фақат энг яхши мураббий бўлишни мақсад қилган. Мана, энди ўзингиз ўйлаб кўринг, бизнинг мураббийлардан қайси бири иш бошлаш олдидан бу қадар иккиланган, қийналган бўлиши мумкин? Шквиринми, Бердиевми ёки Қосимов? Ахир уларнинг мураббий бўлишлари ҳали футболчилик фаолиятини якунламасларидан аввал маълум эди-ку!

Симеоненинг ўз ишига масъулият билар ёндашишини шундан ҳам билса бўладики, аксарият юлдузлар автобиографик китоб ёзиш орқали чўнтак қаппайтиришни ўйлаётган бир паллада у «Симеоне самараси. Мотивация худди стратегия каби» деб номланган илмий китобини нашрдан чиқарди. Аргентиналик мутахассис бир сафар футболчиларидаги мотивацияни кучайтириш мақсадида ўйин олдидан ки­йиниш хонасига Паралимпиада ғолиби Ирен Вильяни таклиф этганди. Ушбу спортчи 12 ёшида  террорчилар қўйган бомба туфайли икки оёғидан ажралган, аммо чанғи спорти билан шуғулланишда давом этиб, Паралимпиада ғолиблигини қўлга киритганди. Симеоне муҳим ўйин олдидан «Атлетико» футболчиларига кўрсатма беришда айнан Вильянинг кўмагига таянганди. Ўша учрашувда мадридлик футболчилар қандай натижа қайд этганини айтиш шартмикан?

Хўш, бизда чанғи спорти тугул, футбол бўйича уч марта жаҳон чемпионлигини қўлга киритган ампутантлар термаси бор! Аммо уларни кийиниш хонасига таклиф қиладиган мураббий борми? Умуман, бу ҳақида кимдир ўйлаб кўрганми? Мақсад - шунчаки 90 дақиқа ўйнаб, ҳомийлардан маош талаб қилиш экан, бу ишни паралимпиячиларсиз ҳам уддаласа бўлади. Кейин китоб ёзишнинг ҳам кераги йўқ. Ампутантларнинг ҳаётидан ўрнак оладиган мураббий чиққан кун эса олий лига ҳам ўзгача кўриниш олар, балки.

АБДУЛЛОҲ

Киритилди: 25.12.2015 09:02. Ўқилди: 8552 марта. Фикрлар: 3 та.

Ла-лига

ЕЧЛ

E - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Атлетико 6 16
2 Лацио 6 9
3 Фейеноорд 6 6
4 Селтик 6 4

Европа лигаси

- Гуруҳи

Жамоа Ў О

Испания кубоги

Чорак финал
26.01.2023
01:00 Барселона
1:0
Реал Сосьедад
02:00 Осасуна
2:1
Севилья
23:59 Валенсия
1:3
Атлетик Бильбао
27.01.2023
01:00 Реал Мадрид
3:1
Атлетико
Ярим финал
02.03.2023
01:00 Осасуна
1:0
Атлетик Бильбао
03.03.2023
01:00 Реал Мадрид
0:1
Барселона
04.04.2023
23:59 Атлетик Бильбао
-:-
Осасуна
05.04.2023
23:59 Барселона
0:4
Реал Мадрид

International Champions Cup

УЕФА Суперкубоги

Жамоа Ў О
1 Бавария 1 3
2 Севилья 1 0

Испания суперкубоги

Ярим финал
10.01.2024
23:59 Реал Мадрид
5:3
Атлетико
23:59 Барселона
2:0
Осасуна
Финал
14.01.2024
23:59 Реал Мадрид
4:1
Барселона

Сўнгги учрашув

18.03.2024. Ла-лига. 29-тур.
01:00
Атлетико
0-3
Барселона

Навбатдаги учрашув

Учрашув қайд этилмаган!

ЖАМОА ТАРКИБИ

© STADION.UZ
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг интернет-ОАВ гувоҳномаси №0917.

Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.