Кириш Регистрация

STD.UZ/ATLETIKO

Атлетико

  • Тўлиқ номи:
  • Бош мураббий:
  • Лақаби:
  • Жамоа сардори:
  • Ташкил топган:
  • Бош ҳомий:
  • Стадион:
  • Расмий веб-сайт:
  • Сиғими:
  • Клуб формаси:
  • Клуб президенти:

Клуб хабарлари

Сауль Ньигеснинг «Реал»даги хўрлик даври ва тарихи ҳақида

Кўпчилик учун мутлақо кутилмаган ҳолатда ёшлар ўртасидаги Европа чемпионати-2017ни энг яхши тўпурар сифатида якунлаган яримҳимоячи яқинда ўзи ҳақидаги миш-мишларга нуқта қўйди.

Яъни еврофутболнинг энг истиқболли иқтидорлари қаторида эътироф этилаётган ёш футболчи грандлар қизиқишини бир четга суриб, амалдаги клуби - «Атлетико» билан тузган шартномаси муддатини бирданига 5 йил (!)га узайтириб қўя қолди. У энди нақ 9 йил «матрасчилар» ихтиёрида бўлади.

Чиндан ҳам, кутилмаган тўпурар

Ёшлар ўртасидаги қитъа биринчилиги воқеликлари Саулнинг трансфер қийматини фантастик даражага олиб чиқди. Чунончи, Испания терма жамоаси иштирокидаги 5та учрашувнинг 3тасида ҳисобни айнан «ҳиндулар» ярим ҳимоячиси очди. Италия термасига қарши кечган ярим финал баҳси эса Саулнинг «бенефис»ига айланди - «хет-трик».

Диққат қилинг, Испания термаси финал йўлида 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва 3та гол ҳам асосан ҳимоявий ҳаракатларда катта ҳажмда иш бажаришга ихтисослашган хавбек номига ёзилди.

Хуллас, шу тариқа мусобақанинг энг яхши тўпурарига аталган соврин кўпчилик томонидан тахмин қилинганидек, қайсидир машҳурроқ соф ҳужумчи эмас, балки камтарин Сауль Ньигесга насиб этди. Аслини олганда, ўта кучли рақибларга қарши эталон даражасида ўйин намойиш этиш Сауль учун янгилик эмас.

Мисол учун, у италиялик ёшларга қарши баҳсда биринчи марта чақнагани йўқ. 2015|2016 йиллар мавсумини эсласак, ЧЛ ярим финали доирасида даҳшатли «Бавария» билан бўлган дастлабки ўйин ҳам Саулнинг хос оқшомига айланган эди - у учрашув тақдирини ҳал қилган ягона голни 4 нафар рақибини чиройли тарзда алдаб ўтганча урганди.

Қолаверса, ёш йигитча ҳимояланиш бобида ҳам беназир ҳаракатланиб, мюнхенлик асларга ҳеч қандай имконият қолдирмаганди. Ундан аввалги мавсумда эса «Реал» дарвозасини ёддан чиқмайдиган даражада ишғол этиб, «Мадрид дербиси» «ҳиндулар»нинг 4:0 кўринишидаги бетакрор ғалабаси билан якунланишига муносиб улуш қўшганди.

Табиийки, Сауль ижросидаги ҳар бир самарали юриш «МЮ» каби грандларни кўпроқ маблағ ажратишга мажбур этди. Бироқ мадридлик «матрасчилар» ҳар қандай таклифни ортга суриб келишди.

«Нима, мендан бутун ёз давомида Сауль ҳақида сўрамоқчимисизлар? Хавотир олманг, у ҳеч қаерга кетмайди!»,-деганди «Атлетико» президенти Энрике Серезо «Барселона» ва «МЮ» таклифларига қиё боқиб ҳам қарамаганидан кейин. Мана, ярим ҳимоячи Польша мезбонлик қилган қитъа чемпионатидан қайтгач, клуб мутасаддилари унинг амалдаги шартномасини дарҳол нақ 5 йилга узайтирдилар.

Бусиз ҳам футболчи 2021 йилгача мўлжалланган келишув асосида «ҳиндулар»га чамбарчас боғланган эди. Хуллас, энди у 2026 йилгача мадридликлар шарафини ҳимоя қилади. Эътибор қаратинг, шартнома муддати ниҳоясига етган пайт Сауль 31 ёшу 8 ойлик бўлади - нақ 9 йиллик келишув...

«Реал»даги хўрлик даври

- Агар «Атлетико» менга умрбод шартнома тузишни таклиф этса ҳам, унга ўйламасдан имзо чекаман. Шундай тақдирда дунёдаги энг бахтиёр кишига айланардим,-деганди футболчи бундан 1,5 йил аввал. - Чунки жамоа мени ҳамма нарса билан таъминлади, ўз уйимдек бўлиб қолди. Хуллас, зиммамда «Атлетико» либосида жанг қилишдан кўра, муҳимроқ юмуш йўқ. Оёқларимда куч-қувват бор экан, шу клуб равнақи йўлида хизмат қиламан. «Реал»даги хўрликлардан кейин бу ерда кўрсатилган ишонч ҳаққини адо этишим лозим, ахир».

Ҳозир «Реал»да қандай азобланганимни эсласам, қўрқиб кетаман...». Ҳа, Сауль 12 ёшида «Эльче»дан «Реал»га кўчиб ўтгач, Мадриддаги футболчилар уни хушламайгина қарши олганлар. Ҳаттоки, «бегона»нинг овқатию, кийимларини ўғирлаб кетишарди. Бу ҳам майли, турли шумликларни амалга ошириб, барча айбни Саулга тўнкаб қўйишарди.

Иш шунга бориб етдики, «Мадрид» тизимидаги ёш футболчилар Сауль номидан мураббийларга ҳақорат мактубини юборишади. Оқибатда ҳеч нарсадан хабари йўқ мураббий уни машғулотлардан четлатади. Хуллас, нақ 2 йил давом этган хўрликлардан кейин шўрлик йигитча футбол таълимини «Атлетико»да ўзлаштиришга қарор қилади. Очиғи, Сауль «Қироллик клуби» тизимида шуғуллангани боис, янги жамоага ҳам ҳадик билан қадам қўйганди. Бироқ «ҳиндулар» уни самимий қарши олишади. Шу тариқа ярим ҳимоячи чинакам оиласини топади.

Сауль Ньигес «Атлетико»даги дебютини 17 ёшида нишонлади - ЕЛ доирасида «Бешиктош»га қарши кечган ўйинда захирадан майдонга тушди. Яна 3 кундан кейин эса ёшлар жамоаси таркибида «Реал» дарвозасини 2 марта нишонга олиб, «матрасчилар» ғалабасини таъминлади - 2:1. Умуман, Саулда айнан «Реал»га қарши баҳсларда икки-уч баравар кучлироқ ғайрат-шижоат билан тўп суриш иштиёқи табиий равишда шаклланган.

Мисол учун, 2015 йилнинг 7 февралида «Висенте Кальдерон»да бўлиб ўтган ва ўзи учун дастлабки дерби саналган баҳсдаёқ мухлисларни фантастик гол ва самарали узатма билан хушнуд этганди.

Айнан ўша учрашув «Атлетико»нинг 4:0 ҳисобидаги ғалабаси билан ниҳоясига етган. Худди ўша «спектакл»-дан кейин «ҳиндулар» офиси Саулга оид таклифларга тўлиб кетди.

Грандлар товон пули қанча бўлмасин, тўлашга тайёр турганди, инглиз жамоалари учун эса футболчининг ўзидан розилик олиш кифоя қиларди. Лекин Сауль худди клуб сингари барча таклифларни рад этиб, Мадриднинг «йўл-йўл» тарафида қолди.

150 миллионлик товон пули

Саулга асосий даъвогарлар орасида «Барселона» сезиларли устунликка эга эди. Яъни Каталония жамоаси футболчини навбатсиз ва бир мунча арзонроқ баҳода харид қилиш ҳуқуқи билан ажралиб турарди. «Барса» Давид Вильяни «Атлетико»га сотиш жараёнидаги келишув чоғи шундай имтиёзга эга бўлганди. Кейинчалик «Барса» Саулни 30 млн. еврога харид қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди, охир-оқибат, баҳони нақ 80 «лимон»гача кўтаришдан бошқа чора тополмади. Аммо бефойда.

Эътиборлиси, каталонияликлар ҳозир ҳам ярим ҳимоячи чизиғини Сауль ҳисобига кучайтириш фикридан қайтишмаган. Тўғри, бу борада иккинчи вариант ҳам йўқ эмас - италиялик Марко Верратти. Умуман олганда, Сауль Ньигеснинг вакиллари чиндан ҳам, «Барселона» спорт директори Роберто Фернандес билан учрашишди.

Бироқ «ҳиндулар»-нинг  жорий трансферлар мавсумида янги футболчиларни харид қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилганликлари келишув амалга ошишига жиддий тўсқинлик қилишига шубҳа йўқ:

Саулдек садоқатли жангчи ўз ўрнини янги футболчи эвазига тўлдириш имконияти бўлмаган вазиятда «Атлетико»ни ташлаб кетиши қийин. Янги шартнома остига имзо чекиш орқали эса футболчи товон пули миқдори 90 миллиондан бирданига 150 миллион еврога кўтарилишига рози бўлди. Бу «Атлетико» учун рекорд келишувдир.

Айтганча, Кокенинг шартномасида ҳам шундай рақамлар қайд этилган. Ўзи Испанияда товон пули миқдори доимо жиддий тортишувларга сабаб бўлади - қонунчиликнинг нозик жиҳатларига кўра, иш берувчи шартномада кўрсатилган маблағни тўлаган харидорга футболчини қаршиликсиз қўйиб юборишга мажбур.

Ҳаттоки, футболчи билан ажрашишни истамаган тақдирда ҳам! Демак, товон пулининг миқдори худди шартнома муддати, мукофот пули ва маош каби ўта муҳим ҳисобланади. Албатта, янги шартномага имзо чекилгач, Саулнинг маоши ҳам сезиларли даражада оширилгани аниқ.

Қанча? Мутасаддилар товон пули миқдорини эълон қилишди, лекин маош хусусида маълумот беришга шошилаётганлари йўқ. Фақат қўшимча қилиш мумкин, одатда маош белгилашда айнан товон пули миқдорига қаралади.

Катетер

Сауль «Атлетико»га нисбатан садоқатини 2 мавсум давомида катетердан фойдаланган ҳолда тўп суриши орқали ҳам исботлади. 2015 йилнинг бошида бўлиб ўтган «Байер»га қарши ЕЧЛ нимчорак финал баҳсида футболчининг буйраги қаттиқ шикастланганди. Фақат жиддий муаммолар ортда қолганидан кейин Сауль бу ҳақда рўй-рост маълумот берди: «2 йил давомида катетердан фойданишга мажбур бўлдим.

Ҳар бир учрашув ва машғулотдан кейин қонга ботиб кетардим. Хайриятки, мен учун энг оғир кунлар ортда қолди. Ўша оқшом фаолиятимдаги энг бахтсиз кун бўлиб қолди. Жароҳат олганим учун эмас, балки отамнинг мен учун кўз ёш тўккани сабаб... Ҳа, ўз саломатлигим, ҳаётимни гаров қўйган ҳолда, майдонга тушардим. Жамоага ёрдам бериш иштиёқи шундай қилишга ундарди». Мана, ярим ҳимоячи «Атлетико» учун анчайин мураккаб паллада шартномасини узоқ муддатга узайтирди.

Зеро, ФИФА қўйган тақиқдан ташқари, «ҳиндулар»ни яқин келажакда янада жиддийроқ муаммолар кутмоқда. Воқеалар ривожидан келиб чиқсак, янги мавсум Диего Симеоне учун Мадриддаги сўнггиси бўлиши мумкин. Ҳар ҳолда, аргентиналик мутахассис жамоа имкониятларидан тўлиқ фойдаланди, ҳисоб. «Матрасчилар» унинг кўмагисиз  аввалгидек муваффақиятли тўп суришлари қийин масала.

Тушунарлики, қаторасига 2 марта ЧЛ финалига чиқиш баробарида ички мусобақаларда «Барса» ва «Реал»дек грандларга муносиб қаршилик кўрсатиш осон эмас. Қисқаси, Испанияда «Атлетико»нинг келажагига хавотир билан қарамоқдалар.

Кўпчиликнинг фикрича, Симеоне кетгач, «Атлетико» аввалги ўртамиёналик мақомига қайтади. Табиийки, жамоанинг кўп сонли мухлислари бу фикрга қўшилмайдилар. Уларнинг ўз асослари бор -  «Сауль каби фидойи жангчилари бор экан, «Атлетико» зафарли юришларини давом эттиради!»

Киритилди: 23.07.2017 10:39. Ўқилди: 9191 марта. Фикрлар: 1 та.

Ла-лига

ЕЧЛ

E - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Атлетико 10 20
2 Лацио 8 13
3 Фейеноорд 6 6
4 Селтик 6 4

Европа лигаси

- Гуруҳи

Жамоа Ў О

Испания кубоги

Чорак финал
26.01.2023
01:00 Барселона
1:0
Реал Сосьедад
02:00 Осасуна
2:1
Севилья
23:59 Валенсия
1:3
Атлетик Бильбао
27.01.2023
01:00 Реал Мадрид
3:1
Атлетико
Ярим финал
02.03.2023
01:00 Осасуна
1:0
Атлетик Бильбао
03.03.2023
01:00 Реал Мадрид
0:1
Барселона
04.04.2023
23:59 Атлетик Бильбао
-:-
Осасуна
05.04.2023
23:59 Барселона
0:4
Реал Мадрид

International Champions Cup

УЕФА Суперкубоги

Жамоа Ў О
1 Бавария 1 3
2 Севилья 1 0

Испания суперкубоги

Ярим финал
10.01.2024
23:59 Реал Мадрид
5:3
Атлетико
23:59 Барселона
2:0
Осасуна
Финал
14.01.2024
23:59 Реал Мадрид
4:1
Барселона

Сўнгги учрашув

17.04.2024. ЕЧЛ. Чорак финал.
00:00
Боруссия Д
4-2
Атлетико

Навбатдаги учрашув

21.04.2024. Ла-лига. 32-тур.
21:30
Алавес
-:-
Атлетико

ЖАМОА ТАРКИБИ

© STADION.UZ
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг интернет-ОАВ гувоҳномаси №0917.

Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.