Кириш Регистрация

STD.UZ/BAVARIYA

Бавария

  • Тўлиқ номи:
  • Бош мураббий:
  • Лақаби:
  • Жамоа сардори:
  • Ташкил топган:
  • Бош ҳомий:
  • Стадион:
  • Расмий веб-сайт:
  • Сиғими:
  • Клуб формаси:
  • Клуб президенти:

Клуб хабарлари

«Бавария»ни ким енгди?

вропа Чемпионлар Лигасининг навбатдаги қуръа маросими бўлиб ўтгач, ҳамманинг «Бавария»га ҳаваси келди. Тўғри-да, тақдир мюнхенликларни «Барселона» ва «Реал»дек рақиблар қолиб, камтарингина «Порту»га юзлаштирганди. Афтидан, рақибнинг кучига ҳатто Хосеп Гвардиола ҳам муносиб баҳо бера олмаган, чоғи. Йўқса, мюнхенликлар сафардан 3:1 ҳисобидаги аламли мағлубият билан қайтишмасди. Бу сенсациянинг бошида эса «Порту»нинг ҳеч ким танимайдиган мураббийи Хулен Лопетеги турибди, десак, янглишмаймиз. Шундай экан, бугун ана шу камсуқум ва ижодкор инсон билан танишиш жуда ўринли бўлади. Бунда бизга Лопетеги ҳақидаги 5та кичик ҳикоя ёрдам беради.

1. Кучли ота

Хулен Лопетеги ғайриоддий оилада туғилиб - ўсди: унинг отаси спортнинг оғир атлетика, аниқроғи, бугунги кунда «паҳлавонлар ўйини» деб номланувчи тури билан шуғулланар, доимий равишда оғир тошларни у ёқдан бу ёққа судрагани-судраган эди. Айтганча, Хосе Антонио Лопетеги ўзига хос рекорд ўрнатишга улгурган. Яъни, у оғирлиги 100 кг. келадиган юмалоқ тошни бир дақиқада 22 марта кўтариб-туширганди. Кичкинагина Хулен эса турли мусобақа ва кўрикларда отасига ҳамроҳлик қилар, уни руҳлантириб турарди. Ана шундай тадбирларнинг бирида катта Лопотеги суратга тушиш учун антиқа йўл тутди: у икки қизини кучли қўллари билан даст кўтариб, Хуленни ёнига турғазиб қўйди.

«Аслида бу иш ўзимга ҳам унчалик ёқмасди, зеро мазкур спорт турида қандайдир ёввойилик бор. Аммо оиламни боқиш учун пул топишга мажбур эдим. Болаларим эса бунга қизиқишларини сира хоҳламасдим. Лекин улар барибир, тошларни кўтаришга уринишарди. Хайриятки, бу шунчаки, қизиқиш эди, холос», - деди Хосе Антонио.

Ҳозирги вақтда Лопетеги тош кўтармай қўйган, аммо ҳар куни тонг­да велосипедда сайр қилиб, гимнастика билан шуғулланиб турибди.

 

2. Оилавий ресторан

Ўша вақтлари Лопетегилар оиласи асосан, сергўшт таомлар билан савдо қилувчи кичиккина ресторанга эга бўлишган. Хулен бу вақтларни шундай эслайди: «Ресторанда ота-онам, укам, сингилларим, хуллас, барчамиз ишлардик. Бошқача айтсам, болалигим тўлалигича барбекю панжараси устида ўтган десам бўлаверади. Отам - ўз ишининг устаси бўлиб, у гўштни жуда яхши қилиб тайёрлай оларди. Онам эса ундан мазали таом пиширарди. Табиийки, мен ҳам пазандалик борасида унча-мунча сирларни ўзлаштирганман. Шунингдек, мен иш бошлаган кезларда олдимга қатъий талаб қўйилганди - футбол машғулотларига фақат ресторандаги ишларимни бажариб бўлганимдан сўнггина бора олардим. Ишимни тугата олмасам, ҳеч қаёққа чиқа олмасдим».

Бу Хулен 18 ёшга тўлгунича давом этди. Айнан шу пайтга келиб у «Реал» Мадриднинг ёшлар жамоаси - «Кастилья»га таклиф этилди. Бу орқали қаҳрамонимиз ошхона юмушларидан бутунлай қутулди. Тўғри, у футболчилик фаолиятини тугатганидан сўнг яна ресторан бизнесига қўл урди. Аммо тўлалигича эмас - Хулен укасининг Мадриддаги икки ресторанини бошқаришга ёрдам бермоқда.

 

3. Абадий учинчи раҚам

Лопетеги фаолиятининг катта қисми «Реал» ва «Барселона» клубларида ўтган бўлса-да, асосий вақти захира ўриндиғини «иситиш» билан ўтиб кетган. Буни қарангки, Хулен ҳар икки жамоада уч йилдан тўп сурган, аммо уларда жами бўлиб 10 (!)тадан кўп расмий ўйин ўтказмаган. Бу клубларда Лопетегига мунтазам равишда «учинчи рақамли дарвозабон» сифатида қараб келишган. Боск йигити «Логроньесе»га келганидан сўнг ўзини нималарга қодир эканини кўрсата олди ва шу орқали Испания термаси билан ЖЧ-1994га борди. Шунингдек, футболчи Хуленнинг сўнгги клуби бўлмиш «Райо Вальекано»даги ишлари ҳам чакки тус олмади. Лопетеги фаолиятидаги кўрсаткичлар бу қадар камтар бўлишини тинимсиз жароҳатлар ва Испанияда иқтидорли дарвозабонларнинг ҳаддан ташқари кўплиги билан изоҳлайди. «Барселона»да ўрнимни топа олмаганимга сабаб шуки, мен ўша вақтда ўзимнинг энг ёмон спорт формамда эдим. Бошқа­ча айтганда, белимдаги оғриқлар менга тинчлик бермас, машғулотларда ҳамма қатори ишлай олмасдим. Шунинг учун тўла тузалиб кетмагунимча, асосий таркибдан тушиб қолавердим. Аммо бошқа томондан, худди шу омил менинг кучайишимга замин яратди».

4. Жонли эфирдаги

«томоша»

ЖЧ-2006 вақтида Хулен Лопетеги маҳаллий телевидениеда таҳлилчи сифатида кўриниш берди. Чунки у ўшанда ҳали мураббийликдаги фаолиятини бошламаган, эфирдаги кўриниш эса унга жуда қўл келиши мумкин эди. Хуллас, у телевидение билан ҳамкорликни йўлга қўйгач, кутганидан ҳам аълороқ тарзда машҳурликка эришди. Йўқ-йўқ, унинг шуҳратига нутқдаги маҳорат ва теран таҳлилчилик хусусияти сабаб бўлгандир-да, деб ўйламанг. Чунки сабаб умуман бошқа - Лопетеги жонли эфир вақтида қайсидир терма жамоанинг ўйинга танлаган тактикаси ҳақида гапира туриб, бирданига ҳушидан кетади. Бу шунчалик кутилмаган ва ҳайратланарли ҳолат эдики, орадан ярим йил ўтгач, Banco Gallego банки бу ноқулай вазиятдан ўз рекламаси учун фойдаланишга изн сўради. «Тўғрисини айтсам, ўша воқеани эслаш мен учун унчалик даҳшатли туюлмайди. Чунки ҳушдан кетиш орқасида қизиқ бир тарих пайдо бўлди. Аввалига мен реклама ғоясига рози бўлмадим, аммо кейинчалик ундан яхшилик мақсадида фойдаланиш мумкинлигини тушуниб қолдим. Чунки ТВдаги чиқишдан олдинроқ Боливиядаги бир ҳудуд ҳақида эшитиб қолгандим. Айтишларича, у ердаги мактаб ўқувчилари чўлда яшашгани боис узоқ-узоқлардан ўқишга келишар, баъзида транспорт ва йўл кирага боғлиқ муаммолар туғилгани учун умуман дарслардан қолиб кетишар экан. Шундан сўнг рекламага розилик бериб, ундан тушган пулларни Боливиядаги худди ўша ҳудудга сарфладим. Аниқроғи, ўша жойда бир бино қурдим. Бу уйда болалар яшашлари ва ўқишлари, шанба-якшанба кунлари бемалол уйларига бориб келишлари мумкин эди. Шу тариқа, 85 нафар болакайнинг узлуксиз таълим олиши учун имконият яратилди. Мен эса бундан жудаям хурсанд бўлдим», - дейди Лопетеги.

 

5. Мураббийлик йўриҚлари

Лопетеги ҳали футболчи эканидаёқ мураббийларидан машғулот жараёнлари ҳақида сўрайвериб, уларни безор қиларди. Жумладан, у «Кастилья»далигида  Висенте Дель Боске Хуленга прессинг ҳақида гапиравериб, чарчарди. «Барселона»да эса Хулен Жозе Моуриньо билан тўқнаш келди: «Жозе аслида таржимон бўлсада, маш­ғулотларда худди иккинчи мураббий каби тер тўкарди. Ўшандаёқ унинг ақли, кучли характери кўзга ташланиб турарди».

Шунга қарамай, унинг мураббийлик соҳасидаги илк уриниши муваффақиятсиз чиқди - «Райо Вальекано» Лопетеги бошчилигида омадсизликка учрагач, Хулен бир неча йил яна билим олди, ўқиди, тажриба тўплади, «Реал»нинг халқаро миқёсдаги скаути бўлди ва ёш, иқтидорли йигитчалар билан ишлаш борасида ўта қимматли хулосалар ҳосил қилди. Ниҳоят, 2008 йилга келиб у ўзининг футболдаги янги фалсафасини яратди: машғулотларда максимал даражадаги ўйин ҳолатини ташкил қилиш орқали футболчиларни тезда қарор қабул қилишга ўргатиш. «Ўйлашимча, майдонда ҳаракатлар учун фикр юритишга вақт топилавермайди. Шунинг учун футболчиларни шу даражага етказиш керакки, улар мураккаб вазиятларда ҳаракатни автоматик тарзда амалга оширадиган бўлишсин. Аммо шу билан бирга, футболчиларни тез қарор чиқара оладиган «робот»га айланиб қолишмаслиги учун жуда эҳтиёткор бўлиш, улардаги ижодкорлик хусусиятларини бўғиб қўймаслик керак. Хуллас, ўйинчи 90 дақиқа мобайнида ўзини эркин ҳис қилишини таъминлаш лозим. Чунончи, футболчилар - PlayStation персонажлари эмас, тирик инсонлардир. Майдонда тўғри қарор чиқариш эса футболчининг ҳуқуқи эмас, мажбурияти бўлиши истайман», - дейди ёш мутахассис.

Бошдаги лойиҳалар шунчаки, ғоялигича қолиб кетмаслиги учун Лопетеги қаерда ишламасин, ҳар бир ўйин олдидан камида икки марта умумжамоавий видеотаҳлил ўтказади. Шунингдек, ўта иқтидорли футболчилар учун 5-7 индивидуал маш­ғулотлар ҳам бор. Футболга бундай янгича услубда ёндошиш орқали Лопетеги Испаниянинг U-19 ва U-21 терма жамоалари билан иккита Европа чемпионатида зафар қучди. Хуленнинг «Порту»га йўл олишидан мақсад эса янги, ёш ва рақобатбардош жамоани шакллантириш эди. «Бу мавсумда 16 нафар янги футболчилар билан шартнома имзоладик. Бу орқали «Порту» тарихидаги энг ёш жамоани туздик. Футболчиларнинг айни пайтдаги ўртача ёши 24 ёшни ташкил қилмоқда. Бу - жуда қизиқарли лойиҳа», - деганди Лопетеги ўтган кузда.

Энди бўлса, бу «қизиқарли лойиҳа» «Бавария»дек даҳшатли рақибни ишончли тарзда мағлуб этиб, жавоб ўйини олдидан ўзига ажойиб имконият яратиб олди. Қолаверса, португаллар бу мавсумда ЕЧЛда мағлубиятга учрамаган ягона иштирокчи бўлиб туришибди. Хулен Лопетегига қизиқаётган клублар сони эса кескин ортиб кетди. Хусусан, ҳатто «Реал» ҳам Анчелоттидан кейин жамоа бошқарувида айнан уни кўришни истамоқда. Кўрамиз, ҳаммаси қандай тугар экан?..

И.РАҲИМОВ

тайёрлади.

Киритилди: 25.04.2015 15:08. Ўқилди: 7850 марта. Фикрлар: 1 та.

Бундеслига

ЕЧЛ

A - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Бавария 10 23
2 Копенгаген 8 8
3 Галатасарой 6 5
4 Ман. Юнайтед 6 4

Клублар ўртасида ЖЧ

Нимчорак финал
12.12.2023
23:00 Ал-Иттиҳод
3:0
Окленд Сити
Чорак финал
15.12.2023
19:30 Леон
0:1
Урава Редс
23:00 Ал-Аҳли
1:3
Ал-Иттиҳод
Ярим финал
18.12.2023
23:00 Флуминенсе
2:0
Ал-Аҳли
19.12.2023
23:00 Манчестер Сити
3:0
Урава Редс
3-урин учун
22.12.2023
19:30 Ал-Аҳли
-:-
Урава Редс
Финал
22.12.2023
23:00 Флуминенсе
-:-
Манчестер Сити

International Champions Cup

УЕФА Суперкубоги

Жамоа Ў О
1 Бавария 1 3
2 Севилья 1 0

Германия суперкубоги

Финал
14.08.2016
23:30 Боруссия Д
0:2
Бавария

Сўнгги учрашув

20.11.2030. Бундеслига. 14-тур.
13:18
Бавария
2-0
Айнтрахт Брауншвейг

Навбатдаги учрашув

01.05.2024. ЕЧЛ. Ярим финал.
00:00
Бавария
-:-
Реал Мадрид

ЖАМОА ТАРКИБИ

© STADION.UZ
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг интернет-ОАВ гувоҳномаси №0917.

Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.