Кириш Регистрация

STD.UZ/BUNYODKOR

Бунёдкор

  • Тўлиқ номи:
  • Бош мураббий:
  • Лақаби:
  • Жамоа сардори:
  • Ташкил топган:
  • Бош ҳомий:
  • Стадион:
  • Расмий веб-сайт:
  • Сиғими:
  • Клуб формаси:
  • Клуб президенти:

Клуб хабарлари

Александр Волков: «Ди Маттеога қиёслашлари ёқимли»

Александр Волков апрель ойининг ўрталаридан матбуотда тез-тез тилга олинадиган бўлиб қолди. Табиийки, бунга етарлича сабаблар бор. Миржалол Қосимовнинг «Бунёдкор»даги ишини ташлаб, бор эътиборини миллий терма жамоага қаратиши ойдинлашгач, клуб раҳбарияти вақтинчалик бош мураббий вазифасини бажаришни айнан шу мутахассисга ишониб топширди. Натижа ёмон бўлгани йўқ. «Бунёдкор» ОЧЛ гуруҳ босқичида юзага келган деярли нолга тенг вазиятдан усталик билан чиқиб кетди. Гуруҳнинг сўнгги икки учрашувидаги ғалабалар, 5-турда «Фулад»нинг ўз уйида «Ал-Жаиш»ни 3:1 ҳисобида мағлуб этиши охир-оқибат «қалдирғочлар»ни «плей-офф»га олиб чиқди. Албатта, бу муваффақиятларда Александр Генадьевичнинг хизматлари беқиёс. Шуларни инобатга олган ҳолда, сизларни тажрибали мутахассис билан яқиндан таништиришга аҳд қилдик. Волков билан суҳбатимиз «Ал-Ҳилол»га қарши кечган ОЧЛ нимчорак финал доирасидаги илк учрашувдан сўнг бўлиб ўтди.

ФУТБОЛДАГИ ИЛК ҚАДАМЛАР
— Барча болалар сингари футбол ўйнашни маҳаллада бошлаганман. 7 ёшимда «Пахтакор» жамоасида тўп тепишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйгандим ва вақт ўтиши билан бу орзу рўёбга чиқди. Ўзим қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида туғилганман. Ўша пайт бизда футбол мактаби бўлмаганлиги учун миллионлар ўйини билан шуғулланиш жуда қийин эди. Шу боис, дадамга «Мени Тошкентга олиб боринг», деб ҳоли-жонига қўймаганман. Лекин Тошкентга эмас, Киевдаги футбол-мактаб интернатига жойлаштиргандилар. Шундай бўлсада, кўнглимда барибир, Тошкентга қайтиш ва шонли «Пахтакор» либосини кийиш орзуси бор эди. Киевдаги футбол мактабида ўқиб юрган кезларим, аниқроғи, 1978 йили мени Украина ўсмирлар терма жамоасига таклиф қилишади. 2 йил терма жамоада ўйнагач, Борис Иг-натьев собиқ иттифоқ ўсмирлар терма жамоасига чақиради. Орада Киевнинг «Динамо»си ўз сафига чорлаб, шартнома имзолашга ундайди. Аммо болаликдаги орзум бунга йўл қўймаганди. 1980 йили Москвада иттифоқ терма жамоасининг навбатдаги йиғини ўтказилаётган пайт ЦСКА ва «Торпедо» клубларидан жиддий таклифлар тушди. Игнатьевнинг маслаҳати билан «Торпедо»ни танладим ва 2 йил давомида Москва «автозаводчилари» шарафини ҳимоя қилдим. Шу икки мавсум мобайнида ҳам «Пахтакор»дан чорлов бўлишини кутиб яшадим. Ниҳоят, Москвадаги ўйинларнинг бири якунлангач, «Пахтакор»га чақиришди. Ҳеч иккиланмасдан бу таклифни қабул қилдим ва 1982 йилдан ўзим орзу қилган жамоа шарафини ҳимоя қила бошладим. «Торпедо» устози Иванов «Бу ерга келиш ҳаммага ҳам насиб этмайди, сен эса шундай имкониятни қўлдан бой бериб кетяпсан», деб роса койиганди. Аммо қалбимдаги орзу кучлилик қилган. Ўша пайт «Пахтакор»­ни тажрибали мутахассис Иштван Секеч бошқарарди. Жамоа таркибида Якубик, Бондаренко, Петрушин, Кабаев, Жилкин, Яновский, Амриев, Денисов каби номдор футболчилар ўйнашарди. Таркибда ёш йигит бўлганим учун тажрибали ҳисобланган Бондаренко, Петрушин сингари футболчилар қўллаб-қувватлашди, яқиндан ёрдам беришди. Ўша, 1982 йили «Пахтакор» ўз тарихида иккинчи бор собиқ иттифоқ чемпионатида 6-ўринни эгаллади. Мавсумни чинакамига кўтаринки кайфиятда ўтказгандик. Аммо «Пахтакор-79» авиаҳалокатга учраганидан кейинги 2 йил жуда қийин кечган. Жамоада руҳий тушкунлик ҳолати ҳукмрон эди. Ўша шонли жамоанинг юлдузлари саналган Михаил Ан ва Владимир Фёдоров менинг кумирларим бўлишган. Ҳалигача уларнинг қабрларини зиёрат қилиб тураман. Аннинг аниқ тўп оширишлари, жарима зарбаларини қойилмақом тарзда бажариши, Володянинг тўпурарлик маҳорати мени лол қолдирарди. Уларга ўхшашни жуда ҳам истардим. Бу футболчилар халқнинг қалбидан чуқур жой олишгани учун ҳалокатдан кейинги 2-3 йил жуда оғир ўтган. Киевдаги футбол интернатида таҳсил олган йилларим дарсдан қочиб бўлсада, «Пахтакор»нинг «Динамо» билан ўйинини стадионда томоша қилардим. Ўша пайт «Пахтакор» Европани зир титратган Киев «Динамо»сини 5:0 ҳисобида мағлуб этганини ҳозир ҳам ширин хотиралар билан ёдга оламан.

Жамоага келган йилим нисбатан вазият ўнгланган, тушкун кайфият тарқаганди. Бир нарсани алоҳида мамнуният билан айтишим керак, «Пахтакор»ни бутун иттифоқда яхши кўриб, ҳурмат қилишарди. Шу тариқа 5 йил давомида жонажон жамоам либосида тўп сурдим. 1986 йили ҳарбий хизматни ўташ мақсадида бир мавсум Запорожьенинг «Металлург» клубида ўйнашга мажбур бўлдим. Зўрға бир йилни ўтказдим ва яна Ўзбекистонга қайтдим. Зеро, ўзимни Тошкентсиз тасаввур этолмасдим. Фаолиятимнинг сўнгги йиллари «Трактор», «Нурафшон», «Кимёгар», «Наврўз», «Қизилқум» жамоаларида ўйнадим. Дарвоқе, «Пахтакор»га меҳрим сабаб, «ўзбек» деган мақом орттириб олгандим. Ҳозир ҳам севимли жамоамни сўрашса, ҳар доим «Пахтакор-79»ни тилга оламан. Қалбим ўша йигитлар билан ҳамиша бирга.

АВВАЛИГА ҲУЖУМ, КЕЙИН ЭСА ҲИМОЯДА
— Ёшлигимдан ҳужум чизиғида ўйнаганман. Яъни «Торпедо»да ҳам, «Пахтакор»да ҳам соф ҳужум бўлганман. Лекин Киевнинг «Динамо»сига қарши кечган учрашувда қанот ҳимоячимиз жиддий жароҳатланиб, сафдан чиқади. Ўша пайт захира ўриндиғида фақат ҳужумкор футболчилар қолишгани учун Секеч менга ҳимояда ўйнаб кўришни тавсия қилади. Ўзга чора ҳам йўқ эди. Шунда қанот ҳимоясида тўп сурдим. Айтиш мумкинки, янги амплуадаги дебютим муваффақиятли чиқди. Ўйиндан кейин Секеч «Янги қанот ҳимоячисини кашф қилдик», деганди. Шундан сўнг ҳимоянинг барча позицияларида ўйнаб чиқдим. Секечдан «Мен ўзи қайси чизиқ вакилиман?» деб сўраганимда, ажойиб тарзда жавоб олгандим: «Асосий таркибдамисан, мендан яна нимани истайсан?»

Ўзимга қолса, ҳужум чизиғи ва қанот ҳимоясида ўйнаганим яхшироқ эди. Қанотдан тезкорлик билан ҳужумларга қўшилардим. Мураббий ҳам шуни инобатга олиб, қанот ҳимоясига қўярди.

МУРАББИЙЛАРИ...
— Киевда Валентин Горбач деган мураббийдан футболнинг бошлан-ғич сабоқларини олганман. Катта футболга етаклаган инсон эса — раҳматли Валентин Иванов. Ўзи ҳужумда ўйнагани учунми, мендаги ҳужумкорлик қобилиятини дарҳол сезган. Чунончи, мен билан индивидуал тарзда жуда кўп шуғулланарди. Футбол психологиясини эса Иштван Секечдан ўрганганман. У жуда кучли руҳшунос эди. Айнан шу забардаст мутахассисдан умрбод миннатдорман. Тўғри, қайси мураббий қўл остида ўйнама-йин, уларнинг ҳар биридан ниманидир ўзлаштириб олганман.

МУРАББИЙЛИК ФАОЛИЯТИ
— 2002 йили мураббийлик фаолиятим бошланди. Ўша йили «Андижон» жамоасида ўйновчи-мураббий бўлдим. 2003 йили 40 ёшга тўлганимда, футболчилик фаолиятимга расман якун ясадим. Тиззамдаги жароҳат ўз таъсирини ўтказмаганида, балки яна 1-2 йил ўйнашим ҳам мумкин эди (кулади). Лекин икки стулда ўтириб бўлмаслиги сабаб, 2003 йили футбол ўйнашни тўхтатдим. 2004 йили илк бор барча масъулиятни зиммамга олиб, бош мураббий сифатида ишладим. Андижондаги 3 йиллик фаолиятимдан сўнг «Шаҳрихон», «Машъал», «Тўпаланг» клубларида мураббийлик қилдим. 2007 йили Сариосиё жамоасида ишлаб юрган кезларим «Қурувчи» клубига қарши ажо-йиб ўйин бўлиб ўтган. Қўшимча бўлимларда тошкентликлар ғалабани тортиб олишганди. Ўша учрашувдан сўнг мени «Қурувчи»га таклиф қилишди. Келаси йили жамоа номи «Бун­ёдкор», деб ўзгартирилди. Ўшандан бери шу жамоа мураббийлар штабида ишлаб келяпман. Тўғри, аввалги клубларимда бош мураббий сифатида ишлардим. Ўша пайт бу томондан ютқазган бўлишим мумкин. Лекин «Бунёдкор»га ўтиб, йиллар давомида катта тажриба тўпладим. Сколари, Зико, Қосимов сингари мутахассислардан жуда кўп нарса ўргандим. Ўз олдига юксак мақсадларни қўйган ва соатма-соат тараққий этиб бораётган клубга ўтиш — мен учун олдинга ташланган қадам. Қолаверса, Тошкентда, оила аъзоларим ёнида бўлиш ҳам муҳим роль ўйнаганди.

Хорижлик мураббийларни ўзимизнинг мутахассислар билан таққослашни хоҳламасдим. Тошкентга швейцариялик мутахассис келиб, бизга мураббийликдан сабоқ берганида, ажойиб фикрни айтганди: «Ҳар бир ошпаз ўз билганича таом тайёрлайди». Менга шу мавзуда савол беришганида, ҳамиша швейцариялик мураббийнинг сўзини жавоб тариқасида келтираман. 100 нафар мураббий бўлса, уларнинг футболга қараши 100 хил. Бир-бирини деярли такрорламайди. Мен ҳам мураббийлардан ўзим учун маъқул жиҳатларни олганман.

ҚИЙИН ВАЗИЯТДА ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН ҚАРОР
— Агар бошқа жамоадан келиб «Бунёдкор»ни қабул қилганимда, аниқ айтаманки, жуда қийналардим. Бахтимга 7 йил давомида шу жамоадаман. Миржалол Қосимов демократ мураббийлар сирасига киради. Қандай ишга қўл уришидан аввал, албатта, мураббийлар штаби билан маслаҳатлашарди. Биз — ёрдамчиларнинг фикри билан қизиқарди. Тўғри, якуний қарорни ўзи қабул қиларди. Лекин барча масалаларда биз ҳам бевосита иштирок этардик. Бу нарсани Миржалол Қўшоқовичнинг ўзи истарди. Хуллас, ҳозирги жамоа таркибининг шаклланишида бевосита биз ҳам иштирок этганмиз. Айнан шу нарса менга қўл келди. Кейин, ўтган йили Миржалол Қосимов терма жамоа билан кўп вақт бирга бўлганлиги боис, «Бунёдкор»ни навбатдаги ўйинларга тайёрлаш масъулияти бизнинг зиммамизга тушарди. Мураббийлар штаби билан келишган ҳолда, иш юритардик. Бир сўз билан айтганда, бугунги ўзгаришларга тайёр ҳолда келгандик. Ҳозиргача ўша анъана сақланиб қолган. Ҳикмат Эргашев, Мурод Отажонов, Юрий Саркисян билан биргаликда, ҳамжиҳатликда ишни давом эттиряпмиз. Деярли ҳеч нарса ўзгармади. Машғулотлар ҳам аввалгидек ўтказилмоқда. Ўзгартиришга сабаб ҳам, эҳтиёж ҳам йўқ. Йиллар давомида қолипга солинган нарсадан воз кечиш — бу нотўғри қарор.

Ҳа, ОЧЛ гуруҳ босқичида қийин ва иложсиз вазият юзага келиб қолганди. Бунга биринчи навбатда, ўзимиз айбдормиз. Бундай қийин вазиятни бировлар юзага келтириб қўймади. Икки йил «Шарқ» минтақасида ўйнаб, «плей-офф» босқичига ортиқча қийинчиликсиз чиқишга одатланиб қолганимиз учунми, йигитлар хотиржамликка берилишди. «Ғарб» минтақасида ўйнаган йилларимиз ҳам ҳозиргидек қийин вазиятга тушиб қолардик ва қаҳрамонлик кўрсатиб, гуруҳдан чиқиш вазифасини бажарардик. Аммо бу йилгидек мураккаб вазиятгаҳали тушмагандик. Бунга бир томондан, Ўзбекистонда ҳали футбол мавсуми бошланмасидан ОЧЛ баҳсларида қатнашишимиз ҳам сабабдир. «Шарқ» минтақасидаги жамоалар эса биз билан бир хил шароитда стартга чиқишлари боис, улар билан ўйинлар нисбатан енгилроқ кечган. Аввалги йилларда «Ғарб» минтақасида кўрсатган қаҳрамонликларимиз охиригача курашишга туртки берди. Очиғи, ҳеч кимда 5-тур олдидан тушкун кайфият йўқ эди. Эронда «Ал-Жаиш» 2та тўп фарқи билан мағлубиятга учради, ўз ўрнида биз мураккаб кечган учрашув якунида «Фотиҳ»ни мағлубиятга учратдик. Тўплар нисбати бизнинг фойдамизга хизмат қилгани сабаб, Қатардаги учрашувда исталган ҳисобдаги ғалаба бизни «плей-офф»га олиб чиқарди. Ана шундай қийин вазифани сўнгги сонияларда ҳал этиб, мухлисларга қувонч улашганимиздан хурсандман. 

Матбуотда мени Роберто Ди Маттеога қиёслашганини ўқидим. Тўғри, бундай сўзларни ўқиш, кимдандир эшитиш ёқимли, лекин унинг даражасига етиш учун ҳали анча қовун пишиғи бор. Италиялик мутахассис «Челси»ни Европа Чемпионлар Лигаси ғолибига айлантирганди. Биз эса шунчаки, гуруҳдан чиқиш вазифасини бажардик, холос. Ҳа, ўта қийин вазиятдан чиқиб кетганимиз учун матбуотда бироз ошириб юборишди, шекилли.

МУРАББИЙЛАР ТОИФАСИ
— Мураббийлик ўқув-курсларида таҳсил олганимизда, устозларимиз мутахассисларни икки тоифага бўлишарди. Биринчи тоифа — демократлар, иккинчиси — Пиночет ёндашувига хос қаттиққўл мураббийлар. Улар шу икки тоифанинг ўртасида юриш кераклигини уқтиришарди. Демократ, яъни очиқ, юмшоқ табиатли мураббий бўлиш яхши, аммо бу зарарга ҳам ишлаган вазиятларни кўряпмиз. Ўта қаттиққўллик ҳам яхши эмас. Футболчиларни бу хислат билан бездириб қўйиш мумкин. Қўполроқ мисол келтираман. Масалан, отни бошқараётганингизда, жиловини ҳар замон тортиб қўясиз. Агар шундай қилмасангиз, равон йўлингиз қолиб, сизни жарга етаклиши турган гап. Жиловни ҳаддан зиёд тортиб юборсангиз ҳам бўлмайди, узилиб кетиши мумкин. Хуллас, ҳамма нарсанинг меъёри яхши. Мураббий биринчи навбатда, психолог. Футболчилар билан инсон сифатида гаплашиш керак. Шунда таъсир кучингиз юқори бўлади.

АКАДЕМИЯ МЕВАСИ
— «Бунёдкор» академияси ўзининг илк меваларини бера бошлаганидан хурсандман. Ашурматов ва Комилов ўтган йили ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этишди. Ўринбосарлар таркибида чархланиб, сай-қал топган йигитларимиздан Сардор Собирхўжаев, Дилшод Жўраев, Сардор Рашидов, Алибобо Раҳматуллаев бугун асосий таркибда ўйнашяпти. Ярим ҳимоя чизиғимиз деярли тўлалигича тарбияланувчиларимиз қўлида. 1996-1998 йилларда туғилган болаларни ўз ичига олган гуруҳимизда ҳам бундай истеъдодлар етарлича топилади. Фақат улар учун вақт керак. Афсуски, ҳужум чизиғида озгина муаммолар бор. Энди бу муаммо ўзбек футболида ҳам оғриқли нуқта бўлиб турибди. Пишурни кўп танқид қилишяпти. Ҳа, бу фикрларга нисбатан қўшиламан. Деярли гол урмаяпти. Буни ўзи ҳам жуда яхши тушуниб турибди. Ўтган йили чемпионат тўпурарига айланганди. Унинг муҳим голлари ОЧЛда роса ас-қотганди. Бу йил эса иши бироз юришмаяпти. Шундай бўлсада, майдонда катта ҳажмда қора ишларни бажаряпти. Машғулотларга ҳам ҳаммадан олдин келади. Алоҳида қолиб, ўз устида тинмай ишламоқда. Рақибдан тўпни олиб қўйиш, ҳужум ташкил қилишда фаол иштирок этяпти. Ўз жарима майдончамизда стандарт вазиятлар амалга оширилаётганда, иккинчи қаватда ажойиб ўйнамоқда. Бошқа томондан, ҳужумчиларни тўп билан таъминлайдиган ярим ҳимоячиларга ҳам кўп нарса боғлиқ. Ўтган йили жамоамиз шарафини ҳимоя қилган Жасур Ҳасанов, Лутфулла Тўраев, Марко Блажичнинг ўрни ҳозир жуда билиняпти. Пишурнинг ўтган мавсум маҳсулдорлик қайд этганида, мен санаб ўтган ярим ҳимоячиларнинг роли катта эди. Ҳозирги ёшларимизга эса вақт керак. Уларга барқарорлик етишмайди. Бир ўйинда яхши ўйнашса, бошқасида сира ўзларига ўхшамаяптилар. Бу табиий ҳолат. Кейин қолган клубларимиз 7та расмий ўйин ўтказган бўлишса, биз ОЧЛдаги 7та учрашув ва суперкубок баҳсини қўшиб хисоблаганда, 15 марта майдонга тушибмиз. Ёш футболчилар учун бу катта ҳажмдаги иш саналади.

ДАВРАЛАР ОРАЛИҒИ РЕЖАСИ
— Биринчи даврадан сўнг таркибда ўзгаришлар бўлади, албатта. Клуб раҳбарияти бунга қарши эмас. Ижарага берилган футболчиларимизни ортга қайтарамиз. Шукурали Пўлатов ижара асосида «Навбаҳор»да ўйнаяпти. Биринчи галда, уни қайтаришни мақсад қилганмиз. Қолаверса, мураббийлар бошқа жамоалардаги ўйинчиларни кузатиб боришяпти. Юрий Вазгенович бу борада катта ёрдам беряпти. Таркибни кучайтирмасак, иккинчи даврада қийналиб қолишимиз мумкин. Чунки миллий чемпионатимиз йилдан-йилга куча-йиб бормоқда. Ўтган йили иккинчи даврадан совринли ўринлар учун кураш кескинлашганди, жорий мавсум эса бошидан шу нарса кузатилмоқда. Эндигина 7та тур ортда қолди, чемпионатда эса кураш аёвсиз давом этяпти. Бахтиёр Ашурматовнинг Наманганда тузган жамоаси мени ҳайратда қолдирди. Эдгар Гесс бошчилигидаги «Бухоро» кучли ўйин намойиш этмоқда. «Олмалиқ» ҳар доимгидан ҳам кучли кўринмоқда. Шквириннинг жамоаси мудом етакчиларга муносиб қаршилик кўрсатган. Ҳеч кимнинг кўзи илғамаган футболчиларни топиб, шундай даражага чиқараётган Игорга қойил қолмай иложим йўқ. У яхши легионерларни жамлай олди. Тунислик футболчи илк ўйинлариданоқ яхши таассурот қолдира бошлади. Агар шундай суръатда кураш давом этса, иккинчи даврада нималар бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас. Шахсан менга «Пахтакор»-«Локомотив» учрашуви ёқди. Яқин орада Тошкентдаги ўйинга шунчалик кўп томошабин келмаганди. Демак, мухлислар ҳам секин-аста стадионларга қайтишяпти. Фақат, жамоалар ҳозирги суръатни тушириб юбормасалар, бас.

Александр Геннадьевич ВОЛКОВ
Футболчилик фаолияти:
«Торпедо» (Москва) — 1980-1982
«Пахтакор» (Тошкент) — 1982-1985
«Металлург» (Запорожье) — 1986
«Трактор» (Тошкент) — 1987-1988
«Нурафшон» (Бухоро) — 1989
«Кимёгар» (Олмалиқ) — 1990-1991
«Наврўз» (Андижон) — 1992-1994
«Зайтингбурноспор» (Туркия) — 1995-2000
«Қизилқум» (Зарафшон) — 2001

Мураббийлик фаолияти:
«Андижон» (Андижон) — 2002-2003, мураббий
«Андижон» (Андижон) — 2004, бош мураббий
«Шаҳрихон» (Шаҳрихон) — 2005, бош мураббий
«Машъал» (Муборак) — 2006, мураббий
«Тўпаланг» (Сариосиё) — 2007 (1-давра), бош мураббий
«Бунёдкор» (Тошкент) — 2007 (2-даврадан) — 2014, мураббий
Айни пайт «Бунёдкор» бош мураббийи вазифасини бажармоқда

Киритилди: 20.05.2014 15:13. Ўқилди: 6758 марта. Фикрлар: 9 та.

Суперлига

ОЧЛ

- Гуруҳи

Жамоа Ў О

Ёшлар лигаси

Ўзбекистон кубоги

C - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Бунёдкор 0 0
2 Металлург 0 0
3 Нефтчи 0 0
4 Юниред 0 0

Футзал

Суперлига. II босқич

A - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Локомотив 20 46
2 Пахтакор 20 37
3 Навбаҳор 20 31
4 Бунёдкор 20 27
5 Металлург 20 19
6 Бухоро 20 10

Про-лига

Жамоа Ў О
1 Локомотив 20 48
2 Динамо 20 41
3 Қўқон-1912 21 41
4 Машъал 22 38
5 Шўртан 21 26
6 Арал 20 26
7 Хоразм 20 22
8 Юниред 20 18
9 Навбаҳор Фарм 20 18
10 Ғиждувон 20 16
11 Андижон-SGS 20 12

Лига кубоги

C - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 ОКМК 3 7
2 Металлург 3 4
3 Бунёдкор 3 3
4 Қизилқум 3 3

Сўнгги учрашув

17.03.2024. Суперлига. 3-тур.
18:45
Бунёдкор
2-2
Навбаҳор

Навбатдаги учрашув

29.03.2024. Суперлига. 4-тур.
19:00
ОКМК
-:-
Бунёдкор

ЖАМОА ТАРКИБИ

© STADION.UZ
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг интернет-ОАВ гувоҳномаси №0917.

Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.