Кириш Регистрация

STD.UZ/BUNYODKOR

Бунёдкор

  • Тўлиқ номи:
  • Бош мураббий:
  • Лақаби:
  • Жамоа сардори:
  • Ташкил топган:
  • Бош ҳомий:
  • Стадион:
  • Расмий веб-сайт:
  • Сиғими:
  • Клуб формаси:
  • Клуб президенти:

Клуб хабарлари

Анвар Ғофуров: «Ўйиним янада кучайишига ишонаман»

Ўзбекистон 23-миллий чемпионати олий лига баҳслари ўзининг қизғин палласига кириб боряпти. Чемпионлик учун курашаётган жамоалар бир-бирларига ён беришни асло исташмаяпти. «Локомотив» ва «Пахтакор» жамоалари турнир жадвали юқорисида қувлашмачоқ ўйнашмоқда, амалдаги чемпион «Бунёдкор» ҳамда «Насаф» ўртасида ҳам худди шундай ҳолат. Биз жорий мавсумнинг ўзида 3 марта мураббийи алмашган «Бунёдкор» клуби ҳимоячиси Анвар Ғо­фуров билан чемпионатдаги рақобат ва бошқа мавзулар ҳақида суҳбатлашдик.

- Анвар, қарши бўлмасангиз, суҳбатимизни футболга кириб келган илк йилларингиздан бошласак. Нима учун ҳаётингизни айнан футбол билан боғладингиз?

- Футболни танлашимга дадам сабабчилар. Улар миллионлар ўйинини жуда ҳам севадилар, ҳаётларининг мазмуни деб биладилар. Фарзандим ўғил бўлса, албатта, футболчи қиламан, деб ўзларига ваъда берган эканлар. Бугунга келиб, отамнинг орзулари амалга ошди. Акам ҳам футболни касб сифатида танлаган эди. 17 ёшида Самарқанднинг «Динамо» клуби асосий таркибида илк бор майдонга тушган. Демак, мен оиладаги ягона футболчи эмасдим. Биринчи мурабби­йим - Валерий Маковенко. Дадам шу мутахассиснинг қўлига топширганлар. Миллионлар ўйинининг илк сир-асрорларини айнан Валерий Ивановичдан ўрганганман.

- Дастлабки профессионал шартномангизни Жиззахнинг «Сўғдиёна» жамоаси билан имзолагансиз. Ўша пайт бошқача ҳаяжон чулғаган бўлса керак. Шундайми?

- Албатта. Биринчи профессионал шартнома имзолаш - бу чинакамига футболчисиз, деганидир. Лекин осон бўлмаган. Чунки иккинчи лига жамоасида ўйнаб, тўғри олий лига клуби билан шартнома имзолаганман. Машғулотлар мен учун жуда қийин кўринган.

- «Пахтакор» жамоасида ўйнашни ҳар бир ёш футболчи орзу қилади. Бу жамоага ўтишингиз қандай амалга ошган?

- Янги аср бошида «Пахтакор» клуби негизида Ўзбекистон миллий терма жамоаси шакллантирилди. Энг кучли футболчилар «Пахтакор»га таклиф этилди. Ўша пайт кўпчилик қатори мени ҳам шонли жамоамиз сафига чорлашди. Шу тариқа, 2002 йили «Пахтакор»да ўйнадим. Ўша мавсум ҳам чемпионлик мақоми, ҳам мамлакат кубогини қўлга киритдик. Мен учун мавсум ўта омадли кечди. Табиийки, бундан жуда хурсанд бўлганман. Болаликдаги орзуларимдан энг каттаси рўёбга чиққан эди-да. Айниқса, футболчи бўлишим учун асосий туртки берган инсон - отамнинг умидлари ҳақиқатга айланганидан чексиз қувонгандим.

- «Пахтакор»ни тарк этишингизга нима сабаб бўлган?

- Виктор Жалилов «Навбаҳор» жамоасига бош мураббий этиб тайинлангач, мени шу клубга ижарага беришди. Виктор Романович имкониятларимни биларди. Мендан ташқари, Павел Бутенко ва Виталий Жалилов ҳам Наманганга йўл олишганди.

- Бугунги кунда «Бунёдкор» шарафини ҳимоя қиляпсиз. Лекин мавсум жамоангиз учун кутилган даражада муваффақиятли ўтмаяпти. Айниқса, биринчи даврада керагидан кўп очко йўқотдинглар...

- Ҳар қандай ҳолатда ҳам охиригача курашамиз. Чемпионлик масаласини ҳали ҳеч бир жамоа ҳал қилганича йўқ. Тўғри, «Локомотив» ва «Пахтакор» жамоалари илгарилаб кетишди. Лекин хулоса чиқаришга шошилмаслик керак. Ўртамиёна жамоалар етакчиларга ҳали бошоғриқ бўлишлари ҳеч гап эмас. Ахир улар олий лигада ўз мавқеларини сақлаб қолиш учун астойдил ҳаракат қилишади. Энди биринчи даврадаги омадсиз иштирокимизга келсак, ўтган йили асосий таркибда тўп сурган футболчилардан 6-7 нафари сафимизни тарк этди. Табиийки, бу ҳолат ҳар қандай кучли жамоага салбий таъсир ўтказади. Бизда ҳам шундай бўлди. Таркибимизга ёш футболчилар келиб қўшилишди. Улар учун ҳали вақт керак. Тажрибалари камроқ. Кейин 3 нафар мураббий билан ишладик. Бу ҳолат ҳам ўзига яраша таъсир қилди. Ҳозир Сергей Лушан раҳбарлигида ўйнаяпмиз. Натижалар ёмон эмас. Машғулотларда ўзгариш катта. Бунинг самараси ўлароқ, иккинчи даврани кўтаринки кайфиятда бошладик. 2та сафар ўйинида ғалаба қозондик. Ўйлайманки, ўйинимиз ҳали янада кучаяди. Бунга ишончим комил.

- Мураббийларнинг кўрсатмалари билан турли позицияларда ўйнайсиз. Сизни гоҳ қанот ҳимояси, баъзан ҳимоя марказида кўрамиз. Ўзингиз учун қайси позицияда ўйнаш қулайроқ?

- Ўзимга қолса, марказий ҳимояда ўйнардим. Бу ерда ўзимни анча эркин ҳис қиламан. Кейин стандарт вазиятлар амалга оширилаётган пайтда рақиб жарима майдончасига етиб бориб, ҳужумга ёрдам бераман. Одатда бўйи баланд ҳимоячиларга мураббийлар шундай кўрсатма беришади.

- Фаолиятингиз давомида «Сўғдиёна», «Навбаҳор», «Динамо», «Пахтакор», «Бунёдкор» жамоаларида тўп сурдингиз. Сиз учун ўзингиз ўйнаган жамоалардан қай бири қадрлироқ?

- Алоҳида бир жамоани ажратиб кўрсатмаган бўлардим. Чунки ҳар бирида ўзим учун ниманидир ўрганганман. Масалан, «Сўғдиёна»да профессионал футболчи сифатидаги фаолия­тим бошланди. «Пахтакор» клуби илк бор Ўзбекистон чемпиони бўлдим. «Бунёдкор» сафида Осиё Чемпионлар Лигасида ўйнадим, чемпионат ва кубок турнирида ғолибликни нишонладим. Фурсатдан фойдаланиб, менга мураббийлик қилган барча устозларимга миннатдорчилик билдираман. Уларнинг исмларини ҳам бирма-бир таъкидламайман. Чунки ҳаммалари мен учун қадрли.

- 1-лига ҳамон оғриқли нуқта бўлиб қоляпти. Сизнинг бу борадаги фикрингиз қандай?

- Фикрингизга тўлиқ қўшиламан, 1-лига баҳслари ислоҳотга муҳтож. Бу ҳеч кимга сир эмас. Камчилик ва муаммолар керагидан ортиқча. Кўпчиликнинг фикрича, клуб раҳбарлари ва мутасаддилар ўз ишларига панжа ортидан қарашяпти, лавозимларини ­суистеъмол қилишяпти. Келишилган ўйинларнинг борлиги ҳам айтиляпти. Бу жирканч иллатга чек қўйиш керак. Корея, Туркия, Италия, Хитой каби давлатларда бунга қарши жиддий кураш бошланган. Келишилган ўйинларни ташкил қилган ва бу жараёнда иштирок этганлар бир неча йилга озодликдан маҳрум қилиндилар.

Ҳозирда «Шўртан» ва «Қўқон-1912» жамоалари олий лигага бериладиган 2та йўлланма учун асосий даъвогар бўлиб туришибди. Менимча, мазкур икки клуб бу вазифани уддаласа керак. Бу жамоаларнинг инфратузилмаси талаб даражасида. Номлари тилга олинган клублар ўз вақтида олий лигада иштирок этишган ва нима талаб қилинишини жуда яхши билишади.

- Бразилияда ўтказилган ЖЧ-2014да қайси жамоага мухлислик қилдингиз?

- Аргентинага. Бу жамоа сардори ҳисобланган Лионель Мессининг ўйинлари менга жуда ҳам ёқади. У фақат жаҳон чемпиони бўлмаган. Леонинг ҳисобида клублар ва терма жамоалар сафида қўлга киритилган бошқа барча совринлар бор. Фақат жаҳон чемпионлиги етишмаётганди. Афсуски, аргентиналиклар ўз хатолари билан финал учрашувида мағлубиятга учрашди. Месси роса ҳаракат қилди, лекин Германия терма жамоа­си кучли чиқди. Бу галги мундиалда Йоахим Лёв шогирдлари ҳақли равишда чемпионлик шохсупасига кўтарилишди. Умумий олганда, Аргентина учун вице-чемпионлик ҳам ёмон натижа эмас. Кейин Бразилиядаги жаҳон чемпионатида Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамларимизга ҳам мухлислик қилдим. Бутун дунё­даги миллиардлаб ишқибозлар мундиал баҳсларини кузатишди. Улар ўйинни «Ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов бошқаради», деган эълонни турли тилларда эшитишди. Демак, яна бир карра Ўзбекистон, ўзбек халқи ҳақида маълумотга эга бўлишди. 2та жаҳон чемпионатида жами 9та учрашувда ишлаган Эрматов бу борада жаҳон рекордини янгилади. Ўйлашимча, Равшан аканинг ўзи навбатдаги жаҳон чемпионатида рекордини ўзгартирса керак.

- Жамоаларнинг мавсумга тайёргарлиги, трансфер сиё­сатига қараб айтингчи, айни пайт «Реал» кучлими ёки «Барселона»?

- Бу саволга жавоб беришим қийин. Сабаби, мен «Барселона» мухлисиман. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Каталония клубига ишқибозлик қиламан. Ҳа, иккала жамоа ҳам кучли футболчиларни сотиб олди. «Реал» сафига ЖЧ-2014 тўпурари қўшилган бўлса, «Барселона» билан бугунги кундаги кучли ҳужумчилардан бири Луис Суарес шартнома имзолади. Ишончим комилки, бу йилги Испания Ла-лигаси анча шиддатли ўтади. «Атлетико» етакчилари билан хайрлашганига қарамай, ҳали ҳамон хавфли кўринмоқда. Янги мавсумда ҳам мана шу 3та жамоа чемпионлик учун курашади. Қолганларни фаворит сифатида баҳоламайман....

- Сизга блиц-саволларимиз ҳам бор. Агар иккала жамоадан бир хил вақтда таклиф тушса, қай бирини танлардингиз - «Пахтакор»ними ёки «Насаф»ни? «Локомотив»ни қўшмаганимнинг сабаби, жорий мавсум бошида бу жамоа таркибида ўйнашга улгурдингиз...

- Жуда қийин савол. Бунга жавоб беролмайман.

- Ош пиширишни биласизми?

- Йўқ. Ҳеч қачон уриниб кўрмаганман. Лекин ошни жуда яхши кўраман. Уйда ҳеч ким бўлмаган пайтда оч қолмаслик учунгина тухум қовуришим мумкин (кулади).

- Мабодо футболни танламаганингизда, қайси касб орқали рўзғор тебратардингиз?

- Билмадим, балки ўқитувчи бўлармидим...

- Қайси фандан болаларга сабоқ беришингиз мумкин?

- Географиядан. Бу фан бўйича мактабда аъло баҳога ўқиганман.

- Эндиги савол бошқа спорт туридан: мамлакатимиздаги бокс бўйича ягона Олимпиада чемпиони ким?

- Андижонлик Муҳаммадқодир Абдуллаев. Эсимда, 2000 йили Австралия­нинг Сидней шаҳрида ўтказилган ёзги олимпия ўйинларида боксчимиз олтин медални қўлга киритган эди.

- Эркин кураш бўйича дунёдаги ягона 3 карра Олимпиада чемпионичи?

- Буни билмаслик уят-ку. Артур Таймазов - Ўзбекистон спорти ифтихори. Уч марта Олимпиада чемпиони бўлиш баробарида яна кумуш медални ҳам қўлга киритган.

- Футболдан бўш вақтингизни қандай ташкил қиласиз?

- Кўпроқ оиламга эътибор қаратаман. Фарзандларим билан бирга шаҳримиз бўйлаб сайрга чиқамиз. Китоб ўқиб тураман. Хусусан, шеъриятга қизиқишим катта. Яқинда Умар Хайёмнинг асарини ўқидим. Кейин балиқ овига хушим баланд. Шунингдек, телевизор орқали жаҳон спорти янгиликларини кузатиб бораман. Тарихий кинолар ҳам жону дилим.

- Анвар Ғофуровнинг кун тартиби қандай тузилган?

- Ҳаммаси машғулотларга боғлиқ. Кунига икки маҳал шуғулланган пайт вақт камроқ бўлади. Асосан машғулотлар, ўйин, сафарлар...

- Оилангиз, фарзандлар тарбиясига нечоғли вақт ажратасиз?

- Иложи борича кўпроқ. Икки нафар фарзандим бор. Рафиқам ёрдамида уларни тарбиялаб, вояга етказяпмиз. Қизим 4 ёшда, ўғлим яқинда бир ёшга тўлди. Лекин ўзингиз биласиз, футболчиларнинг кўп вақти уйдан ташқарида ўтади. Узоқ муддатга сафарларга кетишга тўғри келади. Таътил беришган вақтдан унумли фойдаланиб, фарзандларим билан шаҳримизнинг диққатга сазовор жойларини кўришга шошиламан. Шунингдек, Самарқандга ҳам тез-тез бориб тураман.

- Оила аъзоларингиз футболчилик фаолиятингизга қандай муносабат билдиришади?

- Рафиқам футболга бефарқ эди. Тўйимиздан ке-йин қизиқиб кетди (кулади). Ҳозир Тошкентдаги ўйинларимизга фарзандларимиз билан тушади. Асосийси, оила аъзоларим мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлашади.

- Фарзандларингизни спортчи бўлишларини хоҳлармидингиз?

- Албатта. Суҳбат бошида дадамнинг турткилари сабаб, футболга кирганимни айтдим. Улар спортни ташланимни истаганлар. Энди мен ҳам шу йўлдан бораман. Энг муҳими, уларнинг ўзлари спортга қизиқишса, бас. Ҳозирда қизим мактабгача таълим муассасасида бадиий гимнастика билан шуғулланяпти, сузишга боради. Лекин унинг профессионал спортчи бўлиши шарт эмас. Соғлиғи учун шуғулланса кифоя. Ўғлимга келсак, унинг келажакда футбол орқали танилишидан умидворман. Бунинг учун қўлимдан келганича ёрдам беришга тайёрман.

Киритилди: 10.09.2014 21:55. Ўқилди: 4534 марта. Фикрлар: 3 та.

Суперлига

ОЧЛ

- Гуруҳи

Жамоа Ў О

Ёшлар лигаси

Ўзбекистон кубоги

C - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Бунёдкор 0 0
2 Металлург 0 0
3 Нефтчи 0 0
4 Юниред 0 0

Футзал

Суперлига. II босқич

A - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Локомотив 20 46
2 Пахтакор 20 37
3 Навбаҳор 20 31
4 Бунёдкор 20 27
5 Металлург 20 19
6 Бухоро 20 10

Про-лига

Жамоа Ў О
1 Локомотив 20 48
2 Динамо 20 41
3 Қўқон-1912 21 41
4 Машъал 22 38
5 Шўртан 21 26
6 Арал 20 26
7 Хоразм 20 22
8 Юниред 20 18
9 Навбаҳор Фарм 20 18
10 Ғиждувон 20 16
11 Андижон-SGS 20 12

Лига кубоги

C - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 ОКМК 3 7
2 Металлург 3 4
3 Бунёдкор 3 3
4 Қизилқум 3 3

Сўнгги учрашув

05.04.2024. Суперлига. 5-тур.
19:15
Бунёдкор
0-0
Динамо

Навбатдаги учрашув

Учрашув қайд этилмаган!

ЖАМОА ТАРКИБИ

© STADION.UZ
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг интернет-ОАВ гувоҳномаси №0917.

Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.