Кириш Регистрация

STD.UZ/BUNYODKOR

Бунёдкор

  • Тўлиқ номи:
  • Бош мураббий:
  • Лақаби:
  • Жамоа сардори:
  • Ташкил топган:
  • Бош ҳомий:
  • Стадион:
  • Расмий веб-сайт:
  • Сиғими:
  • Клуб формаси:
  • Клуб президенти:

Клуб хабарлари

Акбар ТЎРАЕВ: «16та жамоанинг иштирок этиши яхши, лекин...»

Бу йилги футбол мавсуми Тошкентнинг «Бунёдкор» жамоаси учун бироз омадсиз якунланди. «Қалдирғочлар» чемпионатда 4-ўрин билан кифояланишди. Улар учун сўнгги имконият - бу Ўзбекистон кубоги эди. Лекин Олмалиқда «Локомотив»га қарши кечган финал учрашувининг қўшимча бўлимларида қўйиб юборилган гол туфайли Сергей Лушан шогирдлари мавсумни совринсиз тугатишди. Омадсизликнинг ўзига яраша сабаблари бор, албатта. Бу борада ҳар ким турлича фикр билдиряпти. Айримлар мавсум давомида 3 маротаба бош мураббий алмашганига эътибор қаратишяпти, баъзилар эса таркибдаги ўзгаришларни сабаб сифатида келтиришмоқда. Ҳақиқатан ҳам, чемпион таркиб билан бу йилгисини таққосласак, сезиларли ўзгариш борлиги ойдинлашади. Лекин тан олиш керак, Сергей Лушан шакллантираётган ҳозирги таркибнинг келажаги бор. Бош мураббий асосий урғуни клуб тарбияланувчилари ва ёшларга қаратяпти. Бу албатта, эртами-кеч ўз мевасини беради. Кейин бу синалган услуб. «Пахтакор»нинг чемпионликни қўлга киритишини кутилмаган ҳолат сифатида қабул қилмаслик керак. Ўтган йили «шерлар»да шунга ўхшаш ҳолат кузатилганди. Мана, жамоа энди ўз мақсадига эришди. «Бунёдкор»да ҳам шундай ўсиш иккинчи даврада кузатилди ва келаси йили жамоа чемпионлик йўлидаги курашда жиддий рақибга айланишини тахмин қилиш қийин эмас. Биз «қалдирғочлар» сафида мавсум кашфиётларидан бирига айланган Акбар Тўраев билан учрашиб, экс­клюзив интервью олдик. Акбар ёш бўлишига қарамай, бу йил Ўзбекистон миллий жамоаси таркибида илк ўйинини ўтказишга муваффақ бўлди. Эътиборга молик жиҳати шундаки, унинг қўлига қўлқоп олгунига қадар барча чизиқларда ўйнаб кўришига тўғри келган.

- Футболга қизиқишимни вақтида тушунган дадам 8 ёшимда «Пахтакор» футбол мактабига олиб борганлар, - дея сўз бошлади «Бунёдкор» дарвозабони.  - 2 йил давомида Бахтиёр ака Нуралиев қўл остида футбол сир-асрорларини ўргандим. Кейин «Чилонзор» жамоасига ўтдим. Дарвозабонликни танлагунимга қадар барча чизиқларда ўйнаб чиқишимга тўғри келди. Аввалига ҳимоя, кейин чап қанот ярим ҳимоясида тўп сурдим. Ҳужум чизиғида ҳам ўз имкониятларимни синаб кўрдим. Бир куни ўйинга иккала дарвозабонимиз ҳам келмади. Бири бетоб бўлиб қолган, иккинчиси хорижга кетганди... Бу тақдирнинг менга берган туҳфаси бўлса керак. Ўша ўйинда мураббийимиз менга дарвозани қўриқлашни топширди. Чунончи, аввалроқ маш­ғулотларда пенальти тепишни машқ қилсак, дарвозага ўз хоҳишим билан турардим. Очиғи, дарвозабонимиздан кўра, кўпроқ зарбани бартараф этардим. Қисқаси, мураббийимиз Борис Андреевич Прокофьев мени дарвозага қўйди. Бу ўйин кучли рақибга қарши кечганди. Учрашув 1:1 ҳисобида якунланиб, унинг давомида битта пенальтини тўсишга муваффақ бўлгандим. Шу-шу дарвозабон сифатида шакллана бошладим.

- Бу вазият тақозосими ёки ўзингизда ҳам дарвозабонликка алоҳида иштиёқ сезилди?

- Дарвозабонликка ҳар доим қизиққанман. Болалигимда маҳалладаги дўст­лар билан ҳам футбол ўйнардик. Мен энг ёши эдим. Шу боисми, мени нуқул дарвозага қўйишарди. Ёмон ўйнамасдим. Боз устига, бўйим ҳам баландгина эди.                  

- Адашмасак, 2009 йили «Бунёдкор» билан шартнома туздингиз. «Қалдирғочлар» сафига қўшилишингиз қандай рўй берди?

- «Бунёдкор»нинг ўринбосарлар жамоаси йиғинига таклиф этишди. Ҳаракатларим мураббийларга маъқул келди, шекилли, мени жамоада олиб қолишди.

- 2014 йилги мавсумга келиб, биринчи рақамли дарвозабонга айландингиз. Унгача Игнатий Нестеров, Мурод Зуҳуров каби тажрибали киперлар билан рақобатлашишингизга тўғри келди. 5 йил мобайнида вақт кутиш сизга руҳий таъсир ўтказмадими?

- Таъсири сезилди. Лекин мен Ўзбекистоннинг энг яхши дарвозабонлари билан бирга машғулот ўтказдим. Улардан кўп нарсалар ўргандим. Бундан ҳар доим фахрланиб келганман. Нес­теров, Зуҳуров ва Бугало менга акаларча муносабатда бўлишди. Бой тажрибалар билан ўртоқлашишди. Айниқса, Нестеров билан бирга ишлаш мароқли кечди. Бугало жуда тажрибали дарвозабон. 40 ёшда бўлишига қарамай, ҳамон майдонда тетик, чаққон. Ҳарқалай, асосий таркибнинг биринчи рақамли дарвозабонига айланишимда уларнинг ҳиссалари катта.

- Лекин биринчи бўлиш ҳамиша қўшимча масъулият ва босим юклайди...

- Бежиз дарвозабонларга «Ярим жамоа» таърифини беришмаган. Чизиқлар орасида энг қийини ҳам дарвоза, менимча. Чунки 90 дақиқа, агар қўшимча бўлимларга мурожаат қилинса, 120 дақиқа мобайнида ҳушёр туриш керак. Бироз чалғисангиз, бу бутун жамоа учун қимматга тушиши мумкин. Бу йилги мавсумда шахсан ўзимда ҳам шундай кутилмаган ҳолатлар кузатилди. 1-2та ўйинда тажрибам камлиги панд бериб қўйди ва қайтаришим шарт бўлган тўпларни ўтказиб юбордим.

- Қисқа фурсат ичида Ўзбекистон миллий жамоасидан ҳам чақирув олдингиз. Шу йил Баҳрайн термасига қарши кечган учрашувда бош жамоамиздаги дебютингиз қайд этилди. Бундай ўйинлар унутилмаса керак...

- Албатта. Ўйиндан бир кун олдин дарвозабонлар мураббийи Пётр Гизимчук эртага майдонга тушишимни айтди. У ҳаяжонланмаслигим, ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкинлиги, хато қилишдан қўрқмаслигим, бу менга берилаётган катта имконият эканлиги ва қай даражада фойдаланишим ўзимгагина боғлиқлигини уқтирди. Гизимчук ўз сўзлари билан мени ўйинга руҳий жиҳатдан тайёрлади. Ўзи аслида терма жамоадаги дебют ўйиним аввалроқ бўлиб ўтиши керак эди. Лекин елкамдаги жароҳат бунга йўл қўймаганди. Асосийси, терма жамоадаги илк учрашувда дарвозам дахлсизлигини сақлаб қолганимдан хурсандман. Мамлакатнинг бош жамоаси либосида майдонга тушиш барибир, бошқача. Зиммангиздаги масъулият жуда юқори бўлади. Ортингизда 30 миллионлик Ўзбекистон халқи турганлигини теран ҳис қиласиз. Ўртоқлик ўйини бўладими ёки расмий учрашув - бунинг аҳамияти йўқ. Миллий жамоа либосида майдонга тушдингми, 200 фоиз тайёр бўлишинг керак.

- Муҳим ўйинлар олдидан руҳий жиҳатдан алоҳида тайёрланасизми?

- Кўпинча классик йўналиш, Ватан ҳақидаги қўшиқларни тинглайман. Шу орқали бўлажак ўйинга тайёргарлик кўраман. Кейин аввалги учрашувлардаги яхши ҳаракатларимни эслаб, ўзгача руҳланишга уринаман. Хатоларни такрорламасликка интиламан. Босим ҳамиша бўлади. Ҳеч ким хатодан ҳимояланмаган. Хато қилишдан эмас, уни такрорлашдан қўрқиш керак. Шахсан мен шундай, деб ўйлайман. Ҳакам ҳуштаги чалингунича ҳушёрликни йўқотмаслик лозим.

- Дарвозабонларни қўллаб-қувватлайдиган, уларга қанот бўладиган чизиқ вакиллари - бу ҳимоячилар. Шахсан сиз қайси ҳимоячилар билан бирга ўйнаганда, ўзингизни нисбатан эркинроқ ҳис қиласиз?

- Тажрибали ҳимоячи Хайрулла Каримов билан ўйнаш анча осонроқ. Хайрулла ака ҳақиқий етакчи ва сардор. Тажрибаси жуда катта. Тўғри, озгина қизиққонлиги ҳам бор. Энди бу катта камчилик бўлмаса керак. Футбол курашларга бой спорт тури ҳисобланади. Миллий терма жамоада эса Анзур Исмоилов билан ўйнаш ёқади. Ушбу ҳимоячилар билан бирга майдонга тушганимда, ўзимни енгилроқ сезаман.

- Хорижлик ҳамкасбларингиздан кимларнинг ўйин услублари маъ­қул? Зеро, уларнинг ҳаракатларидан ҳам ниманидир ўрганиш мумкин...

- Хорижлик дарвозабонларда хал­қаро тажриба жуда юқори. Айтайлик, Жанлуижи Буффон, Петр Чех, Дэвид Де Хеанинг ўйинларини ҳавас билан кузатаман. Айниқса, Хеа кучли таассурот қолдиряпти. Ташқи кўринишимиз ҳам ўхшаб кетади (кулади).

- Лекин Де Хеанинг клуби - «Манчестер Юнайтед» жорий мавсумни ҳам омадсиз ўтказяпти...

- Энди бунда Хеанинг айби бўлмаса керак, деб ўйлайман. Жуда кўп учрашувларда дарвозабон ўз «сэйв»лари билан жамоасини муқаррар голлардан сақлаб қоляпти. Мисол учун, «Челси» билан баҳсда ҳам қаҳрамонлик кўрсатди. Менимча, «МЮ»нинг муваффақиятсизлиги мураббийларнинг алмашинувига боғлиқ. Айтмоқчиманки, Луи ван Галга вақт керак. Нафақат Галь, балки исталган мураббий қисқа фурсат ичида натижа кўрсатолмайди. Айтишларича, голландиялик мутахассис ўта қаттиққўл экан. Ҳар бир мутахассиснинг ўз иш услуби бор. Табиийки, жамоага келганидан сўнг нималарнидир ўзгартириши керак. Футболчиларнинг янги талабларга кўникишлари учун эса вақт талаб этилади. Таркибга бу йил қўшилишган Анхель Ди Мария, Радамель Фалькао ва бошқа футболчиларга ҳам вақт зарур. Менга Мариянинг ҳаракатлари жуда маъқул келяпти. Жамоанинг ҳужумлари аргентиналиксиз амалга ошмайди. Ҳар бир ҳужумда албатта, Анхель иштирок этади. Яна мураббийларга қайтсак, Фергюсон ҳам бу жамоани 1 ёки 2 йил ичида шакллантирмаган. «Манчестер Юнай­тед»нинг ҳозирги ҳолатига келиши учун йиллар кетган. Дэвид Мойес «Эвертон»да ажойиб жамоа шакллантирганди. Сэр Алекснинг ўзи ҳамюртини Манчестерга таклиф қилди. Аммо Мойес юлдузли таркибга эга жамоани юқори чўққига олиб чиқолмади. Билмадим, балки тажрибаси камлик қилгандир. Энди мухлислар нигоҳи билан қарасак, улар кўп йил катта ғалабаларни кутиб туролмайдилар. Айниқса, ҳаммани ғалабаларга ўргатиб қўйган «МЮ»да шундай. Менимча, январь ойида Англия премьер-лигасида жуда кўп нарсага ойдинлик киритилади. Ҳар йили Рождество байрами арафасида бўладиган Boxing Dayда етакчи жамоалар қимматли очколар йўқотишади. Бу бир неча мавсум мобайнида ўз тасдиғини топиб келяпти. Ўйинлар жуда тиғиз ўтказилади. Кунора ҳам учрашувлар бўлади. Бундай вазиятда кутилмаган натижаларнинг кўпайиши одатий ҳол.

- Акбар, яна футболимизга қайтамиз. Бу йилги мавсум «Бунёдкор» учун омадсиз ўтди. Жамоангиз олий лигада совринли ўринларни эгаллолмади. Олмалиқда кечган кубок финали сизлар учун сўнгги имконият эди. Лекин бундан унумли фойдаланолмадинглар. Ўша учрашув ҳақида нима дея оласиз?

- Аслида ўйинга жиддий тарзда тайёргарлик кўргандик. Айтганингиздек, мавсумни лоақал битта соврин билан якунлаш учун бу сўнгги имконият эди. Қолаверса, ўша ўйиндаги ғалаба келаси йили ОЧЛда қатнашиш ҳуқуқини ҳам тақдим этарди. Шуни инобатга олиб, Олмалиққа фақат ғалаба илинжида боргандик. Афсуски, 4-бўлимда аламли гол қўйиб юбордик. Пенальтилар сериясига тайёр эдик. Шахсан ўзим агар иш пенальтилар сериясига борса, ғалаба қозонишимизга ишонаётгандим. Лекин қанотдан узатилган тўпдан сўнг дарвозам ишғол қилинди. Ҳимоячиларимиз ўйиндан ташқари ҳолат қайд этилади, деб ўйлашди. Ҳар ҳолда, жуда аламли гол қўйиб юбордик. Асосий вақтда гол қабул қилганимизда ҳам, вазиятни ижобий томонга ўнглаш мумкин эди. Аммо 2-3 дақиқада барчасини ўзгартириш жуда қийин. Мухлисларимиз олдида хижолатдамиз.

- Ҳар эҳтимолга қарши пенальтилар сериясига алоҳида тайёргарлик кўрганмидингиз?

- Бундай ҳал қилувчи ўйинлар олдидан ҳар қандай ҳолатга тайёр туриш керак. Ўзи машғулотлар охирида пенальти бўйича ҳам машқ қиламиз. Дарвозабонлар мураббийи Абдусаттор ака Раҳимов ҳамиша бу борада биз билан ишлайди. 11 метрли нуқтадан зарба берилмагунча жойимизда туришимизни уқтиради. Бу йил асосий таркибдаги дебют ўйиним «Олмалиқ» жамоасига қарши бўлиб ўтди. Ўша баҳсда дарвозам томон пенальти белгиланди. Аввалига зарбани тўсдим, лекин такроран берилгани гол билан тугади.

- Олий лигадаги омадсизликка нима сабаб бўлди, сизнингча?

- Мавсум биз учун бир маромда ўтмади. Пасайиш пайтлари кузатилди. Айниқса, биринчи даврада керагидан кўп очко бой бердик. Мураббийларнинг кетма-кет алмашуви ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Лекин Сергей Лушан жамоага тайинланганидан кейин вазият ижобий томонга ўзгара бошлади. Жамоамиз ўйинида мазмун сезилди. Тезкорроқ футбол намойиш эта бошладик. Жисмоний тайёргарлик кучайтирилди. Аммо энг юқори спорт формасига чиққан пайтимиз чемпионат ниҳоясига етиб қолди. Умид қиламанки, янги мавсумда чемпионлик йўлида рақобатбардош жамоага айланамиз. Мураббий ёшларга эътибор қарат­япти ва бу энг тўғри йўл. Ўринбосарлар таркибида истеъдодли ёшлар етарли. Уларга имконият бериш керак-ку!

- Умуман, мавсум шахсан сизда қандай таассурот қолдирди?

- Ижобий томонга ўзгариш кўзга ташланди. Истеъдодли футболчилар кашф этилди. Чемпионлик учун кураш қизғин тус олди. Фикримча, «Пахтакор» ҳақли равишда олтин медални қўлга киритди. Фурсатдан фойдаланиб, «шерлар»га келаси мавсум ОЧЛ баҳсларида омад тилайман. Кўпчилик мавсум бошида «Локомотив»нинг чемпион бўлишини кутган ва тахмин қилганди. Лекин унга ҳал қилувчи ўйинда айнан «Пахтакор»га ютқазгани панд берди.

- ПФЛ томонидан келаси йили олий лигада 16та жамоа иштирок этиши маълум қилинди. Бу янгиликка муносабатингиз қандай?

- Бир томондан, олий лигада жамоа­лар сони ошгани яхши. Лекин бу билан ўткинчи ўйинлар ҳам кўпайиб кетиши мумкин. Бу йил олий лигага йўлланма олган жамоаларнинг чемпионатда кучли рақобатни юзага келтиришларига ишониш қийин. Агар ҳақиқатан ҳам, кучли, ўз олдиларига аниқ мақсадларни қўйган жамоалар кучлилар сафига қўшилишганида, қарорни тўлиқ қўллаб-қувватласа бўларди. Тан олиб айтиш керак, бугунги кунда бизнинг чемпионатда аниқ мақсад билан иштирок этаётган жамоалар жуда кам. Балки кўпчилик айтаётгандек, икки босқичли чемпионатни йўлга қўйиш фойдалироқмиди? Айтайлик, иккинчи босқичда 6та жамоа медаллар учун кураш олиб борса, қизиқиш ҳам, шиддат ҳам ошарди.

Киритилди: 28.11.2014 17:48. Ўқилди: 5616 марта. Фикрлар: 5 та.

Суперлига

ОЧЛ

- Гуруҳи

Жамоа Ў О

Ёшлар лигаси

Ўзбекистон кубоги

C - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Бунёдкор 0 0
2 Металлург 0 0
3 Нефтчи 0 0
4 Юниред 0 0

Футзал

Суперлига. II босқич

A - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Локомотив 20 46
2 Пахтакор 20 37
3 Навбаҳор 20 31
4 Бунёдкор 20 27
5 Металлург 20 19
6 Бухоро 20 10

Про-лига

Жамоа Ў О
1 Локомотив 20 48
2 Динамо 20 41
3 Қўқон-1912 21 41
4 Машъал 22 38
5 Шўртан 21 26
6 Арал 20 26
7 Хоразм 20 22
8 Юниред 20 18
9 Навбаҳор Фарм 20 18
10 Ғиждувон 20 16
11 Андижон-SGS 20 12

Лига кубоги

C - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 ОКМК 3 7
2 Металлург 3 4
3 Бунёдкор 3 3
4 Қизилқум 3 3

Сўнгги учрашув

17.03.2024. Суперлига. 3-тур.
18:45
Бунёдкор
2-2
Навбаҳор

Навбатдаги учрашув

29.03.2024. Суперлига. 4-тур.
19:00
ОКМК
-:-
Бунёдкор

ЖАМОА ТАРКИБИ

© STADION.UZ
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг интернет-ОАВ гувоҳномаси №0917.

Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.