Кириш Регистрация

STD.UZ/INTER

Интер

  • Тўлиқ номи:
  • Бош мураббий:
  • Лақаби:
  • Жамоа сардори:
  • Ташкил топган:
  • Бош ҳомий:
  • Стадион:
  • Расмий веб-сайт:
  • Сиғими:
  • Клуб формаси:
  • Клуб президенти:

Клуб хабарлари

Интервью. Мауро Икарди: «Улғайганим - ҳақиқат»

Calcio dello Stivale рукни (Corriere dello Sport) янги мавсум арафасида Италия «А» серияси-2014|2015нинг энг яхши тўпурари Мауро Икардини безовта қилиб, махсус интервью олди. Зеро, бундан роппа-роса бир йил олдинги мавсумолди йиғинлари чоғи ёш ҳужумчи «капоканноньер» (бош тўпурар)га айланиш ва «Интер» билан ғалаба қозониш орзусини рўй-рост айтганди. «Мен ўша интервьюни яхши эслайман. Нима, у менга омад келтирдими? Эҳтимол, шундайдир. Лекин шахсан ўзим ютуқлар билан чекланиб қолмайман. Характерим шунақа. Эндиги мақсадим - скудетто», - деди аргентиналик ҳужумчи бу галги суҳбат аввалида ишонч билан. Маурито - «қора-кўклар» сайёрасининг марказий ўқи: «Интер»нинг энг яхши ҳужумчиси, кийиниш хонасининг қалби, тиффозилар ёқимтойи... Ҳарқалай, «нерадзурралар» фанатлари орасида 9-рақамли футболкага талаб жуда юқори. Икардининг энди 22 ёшга тўлганини ҳисобга олсак, асосий муваффақиятлари ҳали олдинда, гарчи айни пайтгача нафақат майдон, балки унинг ташқарисида ҳам кўп нарсаларга эришиб улгурган бўлсада. Ҳужумчи суҳбат давомида турли масалалар хусусида фирк юритди: ўз мақсадлари, «душмани» - Макси Лопес билан муносабатлари, Лео Месси, «Ювентус» дарвозасига гол уриш иштиёқи ва ҳоказо... Жумладан, мобиль телефонлари масаласи ҳам муҳокама этилди. Зеро, Мауро олдинлари бир вақтнинг ўзида  нақ 5та қўл телефонидан фойдаланарди. Футболчи бу борада шундай деди: «Энди менда 1тагина мобиль телефоним бор, холос. Йўқ, 2та экан, лекин иккинчисидан фақат ўйнаш учун фойдаланаман». Ҳа, ўзгаришлар катта ва ижобий. Хуллас, Мауро улғаймоқда.

- Янги мавсумни «А» сериясининг энг яхши тўпурари мақомида бошлайсан. Ҳозирда ўзингни қандай ҳис этяпсан?

- Бу мен учун қандайдир муаммо эмас. Ҳарқалай, босим ёки оғирликни сезаётганим йўқ. Чунончи, доимо янада яхшироқ натижаларни кўзлайман ва шунга интиламан. Ўзи ўтган мавсум 22та гол уришни ўйламагандим. Чамаси 20 марта тўп киритишдан умидвор бўлгандим. Тўғри, бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очмаганман. Йўқ, ирим қилиб эмас, шунчаки, кўп гапиришни хушламайман. Ундан кўра, барчасини амалда кўрсатган маъқул. Умуман, футболда ҳам, ҳаётда ҳам энг асосийси ҳаракат ва фактлар эканлигини яхши тушунаман.

- Қизиқ, тўпурарлар пойгасида ғолиб чиқишинг мумкинлигини қайси пайт англадинг?

- Охирги турда. Ахир Лука Тони ҳам тинмай гол урди, ҳаттоки, «Ювентус» билан ўйинда ўзини кўрсатди. Хуллас, «Эмполи»га қарши баҳсга 2та гол уришим зарурлигини билган ҳолда тушдим. Шундай тақдирдагина Тонига етиб олардим. Шерикларимга катта раҳмат, улар мақсадим амалга ошиши учун қўлларидан келганича ёрдам беришди. Шу туфайли финишда Тонидек буюк ҳужумчи билан бир қаторга жойлашдим.Тўғриси, бу катта гап.

- Энг яхши тўпурар мақомини олганинг заҳоти «Интер» билан шартноманг муддатини узайтирдинг.

- Янги келишувга эришганимиз тўпурар бўлганим билан боғлиқ эмас. Бу борада музокараларни анча олдин бошлагандик, шунчаки, шартномага имзо чекишим чемпионат якунига тўғри келди. Зеро, шу вақтга келиб, ўзимни эркин ва хотиржам сездим. Умуман олганда, доимо битта гапни қайтариб келганман: «Интер»да қолишни истайман». Мана, хоҳишим амалга ошди. Муҳими, бундан барча хурсанд - мен ҳам, клуб раҳбарияти ҳам.

- Аслида сенинг хизматларингга кўплаб клублар қизиқиш билдиришди - «Атлетико», «Манчестер Сити», Англиянинг бошқа топ-жамоалари. Наҳотки, кетиш ҳақида ўйлаб кўрмаган бўлсанг...?

- Тўғрисини айтаман, ҳеч қачон бундай фикрга бормадим. Ҳа, турли гап-сўзларни эшитдим ва клуб раҳбариятига дарҳол барчасини дангал айтдим: «Мен қолишни истайман. Чунки ўзим шуни хоҳлаяпман». Ўйлайманки, «Сампдория»дан айнан «Интер»га ўтиб, муҳим қадам ташладим. Ўша вақт ҳам олдимда турли вариантлар бор эди, лекин асл орзум «қора-кўклар»либосига бурканиш бўлиб, буни вақтида реалликка айлантирдим. Яқинларим ҳам Миланда ўзларини жуда яхши сезишяпти. Демак, танловда адашганим йўқ. Оддий айтганда, барчасидан хурсандман ва ниманидир ўзгартиришга ҳаракат қилмайман.

- Шартнома бўйича олиб борилган музокараларда хотининг - Ванда Нара бевосита иштирок этди. Унинг янги агентинг эканлиги ростми?

- Тажрибали агент Морано билан ҳамкорлик қилган пайтим ҳам Ванда доимо ёнимда туриб, ёрдам берарди. У одамлар билан қандай мулоқотга киришишни жуда яхши билади. Умуман, хотинимнинг мен ва оиламиз учун қайғуриши табиий ҳол. Ундан бағоят миннатдорман.

- Вандани қайсидир клубдошингга агент сифатида тавсия этмадингми?

- Нималар деяпсиз... (кулади). Ванда бу иш билан жиддий шуғулланишни истамайди. Шунчаки, менинг шартномамни муҳокама этди, ахир биз эр-хотинмиз ва ўйлайманки, ҳамхонамнинг шахсий ишларим билан қизиқишга ҳаққи бор.

- Оила қуриш сенга нечоғли таъсир қилди? Улғайганингни ҳис этяпсанми?

- Расмий никоҳ ҳаётимни кескин ўзгартириб юборди, дея олмайман. Тўғри, Вандани учратганимда, 20 ёшли йигитча эдим. Энди эса бахтиёр ота ва суюкли эрман.

- Қизинг Франческа кечалари талаб даражасида ҳордиқ чиқаришингга халақит бермаяптими?

- Бошида роса қийнади. Лекин эндиликда кўп ухлаяпти. Аслида мен болаларга анча олдин кўникканман, ахир Ванданинг 3 нафар фарзанди бор. Тўғри, тан оламан, ўз қизим бағишлаган хурсандчиликни таърифлашга ожизман. Беқиёс шодлик. Қувонтирадиган томони, болакайлар сингилли бўлишганидан ўз териларига сиғишмаяпти, гўё. Хуллас, қизим оиламизни шодликка тўлдирди.

- Ўзинг эса Франческанинг туғилишини навбатдаги татиуровка чиздириш билан нишонладинг.

- Ҳа, исмини кўкрагимга ўйиб ёздирдим, кейин ўнг оёғимга унинг портрети ва туғилган санаси, соатини зарб қилдирдим.

- Қизиқ, баданингда янги тату учун жой қолдими?

- Агар биз скудеттони ютсак, албатта, жой топаман (кулади).

- Сенингча, «Интер» чемпион бўлиш вазифасини бажаришга қодирми?

- Клуб раҳбарияти кучли таркиб шакллантиряпти. Режага кўра, жамоамиз дарҳол ЧЛга қайтиши керак. Жиддий сармоялар киритиляпти ва умид қиламанки, биз ўтган йилгига нисбатан анча ўзгарамиз. Асосий мақсад - «Интер»нинг етакчилик мавқеини тиклаш.

- «Ювентус» ортиданми? Шундай фикрлар мавжудки, бу икки жамоа ўртасидаги фарқ нисбатан қисқарибди.

- Фарқ қисқарган-қисқармаганини билмайман. Агар қисқарган бўлса, яхши. Асосийси, биз аввал йўл қўйган хатоларимизни энди такрорламасак, бас. Демоқчиманки, ҳеч ким кутмаган ҳолатда очко йўқотмаслигимиз керак. Айниқса, ўз майдонимиздаги баҳсларда.

- Мана, Андреа Пирло ва Карлос Тевес «Ювентус»дан кетишди. Эндиликда Турин клубининг аввалги даражада «ўзга сайёралик» эмаслиги тўғрисидаги фикрларга қўшиласанми?

- Туринликлар доимий тарзда ақлни шошилтирадиган футбол кўрсатишяпти. Ҳарқалай, бежиз кетма-кет 4 марта чемпион бўлишмади. Ҳа, Пирло ва Тевес жуда муҳим футболчилар саналишарди, лекин «Юве» уларнинг ўрнига муносиб ўйинчиларни чақирганини унутмаслик керак.

- Шундайлардан бири - Пауло Дибала.

- Паулони жуда яхши биламан, ўзаро муносабатларимиз зўр. У ўтган мавсумни шиддатли бошлади, кўп гол урди, бироқ кейинчалик фаолликни бир мунча пасайтирди. Умумий олганда, яхши йигит ва худди шундай ҳужумчи.

- «Ювентус»га қарши навбатдаги ўйин арафасида қандайдир ваъда бера оласанми?

- Такрорлайман, одатга кўра, катта гапиришни ёқтирмайман. Лекин «Ювентус» дарвозасини ишғол қилиб, «Интер» тиффозериясига қувонч бағишлашдан умидворман.

- Туринда сендан алоҳида чўчишади. Зеро, «бьянконерлар»га қарши 5та ўйинда 6та гол уришга улгурдинг...

- »Юве» билан ўйинларимизда тўп доимо дарвозага киради. Табиийки, бундан ғоят ҳайратдаман ва кейинчалик ҳам маҳсулдорлик масаласида ҳеч нарса ўзгармайди, деб умид қиламан. Ахир «Ювентус» дарвозасига урилган голдан сўнг мухлисларимизнинг қандай қувонишларини кўришдан завқлироқ ҳолат борми?

- Сенингча, Массимилиано Аллегрининг бўлажак мавсумдаги асосий вазифаларидан бири «Интер»ни тўхтатиб қолишми?

- Рақиб жамоа мураббийи ҳақида гапирмоқчи эмасман. Муҳими, ўзимиз яхши иштирок этишимиз шарт. Ўйлайманки, бунга қодирмиз. Ҳамма-ҳамма «Интер»ни чўққига қайтишини кутяпти, кийиниш хонасида буюк ғалабани нишонлашимизни кўришга илҳақ. Бўлажак мавсумда шу кутилаётган воқеалар амалга ошса, ажабмас.

- Бу борада клубга Златан Ибрагимовичнинг қайтиши ҳал қилувчи чизгига айланармиди...?

- Ибранинг қайтишига ишонмайман. Чунки у Парижда ўзини яхши ҳис қиляпти. Лекин тан оламан, Златан худди Лионель Месси каби топ-ўйин­чи. Бунга шубҳаланиш ярамайди.

- Америка кубоги финалидаги мағлубиятдан сўнг Леонинг кўз ёши тўккани сенга қанчалик таъсир қилди?

- Одатга кўра, ТВ орқали футбол кўрмайман, ҳисоб. Аммо Аргентина ва Чили термалари ўртасидаги финални диққат билан томоша қилдим. Месси доимо ўз олдига энг юқори мақсадларни қўяди. У терма жамоада ҳам хизматларига яраша совринлар ютишни истайди. Охирги вақтларда Лео шаънига айтилган асоссиз танқидларни эшитдим. Энди бу табиий ҳол. Гап дунёдаги энг яхши футболчи ҳақида борар экан, доимо нотўғри баҳо берувчилар топилади.

- Ўзинг эса Америка кубогидан четда қолдинг. Терма жамоага чақиришмаганидан ранжимадингми?

- Вазиятга реал қараш керак. Айни пайт Аргентина терма жамоаси ҳужум чизиғи дунёдаги энг кучлиси. Мисол учун, Карлос Тевесни олайлик, у такрорланмас мавсумни ўтказди. Карлосни чақиришганидан хурсанд бўлдим, у бунга муносиб эди. Мен эса ҳали ёшман ва умид қиламанки, келажакда етарлича имкониятга эга бўламан.

- Демакки, ҳамон «Селесьон» ҳақида ўйлаяпсан, шундайми?

- Албатта. Халқаро майдонда Аргентина учун ўйнашни шараф, деб биламан ва таклиф кутавераман. Агарда «Интер»да яхши ўйнасам, орзум амалга ошади. Ишончим комил, эртами-кеч, албатта, терма жамоа таркибидан жой оламан.

- Ўйинчилик сифатлари бўйича янада ўсишинг мумкинми?

- Шубҳасиз. Доимо тараққиёт сари интиламан. Мақсадим ҳам шунга яраша - ҳар мавсум аввалгисидан кўра, яхшироқ ўйнаш. Бу борада Роберто Манчини кўп ёрдам беряпти. Шу ўринда айтишим жоиз, Роберто - ажойиб мураббий, ўзаро муносабатларимиз ҳам жойида.

- Сенга энди нисбатан қийинроқ бўлади. Ахир «капоканноньер» эканлигинг ҳимоячиларнинг ҳушёрроқ ўйнашларини тақозо этади.

- Буни тушунаман, лекин қандайдир муаммо кўрмаяпман. «Интер»га келганимда, ўйламай, 9-рақамни сўрагандим. Маълумки, бу рақам остида «нерадзурралар»нинг буюк ҳужумчилари ўйнаганлар. Қисқаси, табиатан курашдан, курашишдан чўчимайман. Масъулият менга оғирлик юкламайди, аксинча, иштиёқ-туркти беради.

- Бирор киши сенга гапларинг 22 ёшли йигитчаникига ўхшамаслигини айтганми?

- Ҳа, кўпчилик шундай фикр билдиради. Одамлар доимо асл ёшимга нисбатан каттароқ кўринишимни ҳам таъкидлашади. Эҳтимол, шундайдир. Ҳар-қалай, улғайганим - ҳақиқат. Бахтли оила бошлиғи эканлигим ва «Интер»да ўйнаётганимдан хурсандман. Умуман, ҳаётимдан нолимайман.

- Макси Лопес (хотини - Ванда Наранинг собиқ эри) билан муносабатларда қандайдир ноқулайлик сезилмаяптими?

- У билан ҳеч қандай алоқамиз йўқ. Вақт ўтгани сари болалар ҳам нима рўй берганини аста тушуниб боришяпти. Айтайлик, тўнғич фарзандимиз - Валентино эндиликда Лопес билан учрашишни истамаяпти.

- Яна футболга қайтамиз: навбатдаги «Милан дербиси» ҳақида ҳам ўйлай бошлагандирсан...

- «Россонерлар» Карлос Баккани сотиб олиш билан анча кучайишди. Синиша Михайлович эса ажойиб мураббий. Нима бўлишидан қатъий назар, биз «Милан»ни енгишни хоҳлаймиз, барибир. Бошқачаси ақлга ҳам сиғмайди.

- Янги футболчилар - Мартин Монтойя ва Жоффре Кондогбиа бу борада «Интер»га ёрдам бера олишадими?

- Монтойяни «Барселона»да ўйнаб юрган вақтидан буён биламан - ажо-йиб футболчи. Кондогбиага келсак, у бақувват, бўйдор йигит. Қисқаси, ярим ҳимоя чизиғи учун ажойиб тўлдириш.

- Охирги савол: энг асосий орзунг билан ўртоқлаша оласанми?

- Орзуларим олам-олам, дея олмайман. Чунки реал вақтда яшашга ўрганганман. Кейин хаёлпараст эмасман. Аммо ўзига яраша мақсадларим бор, албатта. Масалан, Аргентина миллий жамоасида ўйнаш ва «Интер» либосида ғалаба таъмини тотиб кўриш...

Киритилди: 03.08.2015 10:43. Ўқилди: 3014 марта. Фикрлар: 1 та.

«A» Серия

Жамоа Ў О
1 Интер 33 86
2 Милан 33 69
3 Ювентус 33 64
4 Болонья 33 62
5 Рома 33 55
6 Аталанта 32 54
7 Лацио 33 52
8 Наполи 33 49
9 Фиорентина 32 47
10 Торино 33 46
11 Монца 33 43
12 Женоа 33 39
13 Лечче 33 35
14 Кальяри 33 32
15 Верона 33 31
16 Удинезе 33 31
17 Эмполи 33 31
18 Фрозиноне 33 28
19 Сассуоло 33 26
20 Салернитана 33 15

ЕЧЛ

D - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Интер 8 15
2 Реал Сосьедад 8 12
3 Бенфика 6 4
4 Зальцбург 6 4

Европа лигаси

- Гуруҳи

Жамоа Ў О

Италия кубоги

Нимчорак финал
13.01.2021
00:45 Милан
0:0
Торино
19:00 Фиорентина
1:2
Интер
21:45 Наполи
3:2
Эмполи
14.01.2021
00:45 Ювентус
3:2
Женоа
21:30 Сассуоло
0:2
СПАЛ
15.01.2021
01:15 Аталанта
3:1
Кальяри
20.01.2021
01:15 Рома
2:4
Специя
22.01.2021
01:15 Лацио
2:1
Парма
Чорак финал
27.01.2021
00:45 Интер
2:1
Милан
21:45 Аталанта
3:2
Лацио
28.01.2021
00:45 Ювентус
4:0
СПАЛ
29.01.2021
01:00 Наполи
4:2
Специя
Ярим финал
03.02.2021
00:45 Интер
1:2
Ювентус
04.02.2021
00:45 Наполи
0:0
Аталанта
10.02.2021
00:45 Ювентус
0:0
Интер
11.02.2021
00:45 Аталанта
3:1
Наполи
Финал
19.05.2021
23:59 Аталанта
1:2
Ювентус

International Champions Cup

Сўнгги учрашув

22.04.2024. «A» Серия. 33-тур.
23:45
Милан
1-2
Интер

Навбатдаги учрашув

27.04.2024. «A» Серия. 34-тур.
18:00
Интер
-:-
Торино

ЖАМОА ТАРКИБИ

© STADION.UZ
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг интернет-ОАВ гувоҳномаси №0917.

Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.