Кириш Регистрация

STD.UZ/MILAN

Милан

  • Тўлиқ номи:
  • Бош мураббий:
  • Лақаби:
  • Жамоа сардори:
  • Ташкил топган:
  • Бош ҳомий:
  • Стадион:
  • Расмий веб-сайт:
  • Сиғими:
  • Клуб формаси:
  • Клуб президенти:

Клуб хабарлари

Паоло Мальдини: «Италияда кучли ҳимоячи қолмади »

Ҳозирда ОАВ дунёсида фаолият юритаётган «Ливерпул»нинг собиқ ҳимоячиси Жейми Каррагер Италия терма жамоаси ва «Милан» клуби афсонаси Паоло Мальдинидан Daily Mail нашри учун махсус интервью олди. Итальян футболига дахлдор бирор нарсани эътибордан четда қолдирмайдиган Calcio dello Stivale рукни (Gazzetta dello Sport) эса, дарров бу суҳбатни кенг оммага ҳавола этди. Айтиш жоиз, икки собиқ ҳимоячи ўртасидаги мусоҳаба асосан битта тарихий ўйин атрофида кечди. Эсингизда бўлса, Паоло Мальдини етакчилигидаги «Милан» ЧЛ-2004|2005 финалида Каррагер жамоасига аламли тарзда ютқазиб қўйганди: биринчи бўлимдан сўнг 3:0 ҳисобида олдинда боришган «россонерлар» танаффусдан сўнг кетма-кет 3 марта ожиз қолиб, якунда пенальтилар сериясига кўра, кубокни «Ливерпул»га «қўшқўллаб» топширишганди. Хўш, Паоло ўша ўйинни қандай эслайди?

- Мана, ЧЛ финалида илк марта бир-биримизга қарши ўйнаганимиздан нақ 10 йил ўтиб, ўзаро учрашиб турибмиз. Табиийки, ортда қолган даврда жамоаларимизда кўп нарсалар ўзгарди, хусусан, улар охирги мавсумда катта муаммоларга дуч келишди. Шахсан мен учун «Ливерпул»­нинг мағлубиятларини кузатиш жуда оғир. Биламанки, сен ҳам «Милан»нинг салбий натижаларидан кўп азобланасан...

- Ҳа, шундай. Ахир «Милан» тизимига 10 ёшимда қўшилиб, 41 ёшимгача шу клубда ўйнадим. Отам Чезаре ҳам «россонерлар» сардори бўлган, энди эса фарзандларим клуб академиясида таҳсил олишяпти. Оддий айтганда, «Милан» - менинг ҳаётим. Оиламиз бу клуб, унинг рангига шунчаки, боғланиб қолган. Шундай экан, ҳозирги «Милан»га қараш мен учун жуда оғир, албатта. Биз буюк футболчилар билан ўзига хос ноёб анъа-наларни йўлга қўйгандик. Афсуски, ҳозир клубда ўша анъаналар аҳамия­ти, айрим кишиларнинг муҳим эканликларини сира тушунишмаяпти. Мана, клуб тизимида биргина Франко Барези ишлаяпти - «қизил-қоралар»нинг ўша вақтдаги собиқ футболчиларидан бошқа ҳеч ким йўқ. Бу жуда аламли. Қисқаси, «Милан»да буюк анъаналар бор, аммо айни пайт ҳеч ким бу ҳақда ўйламаяпти. Яъни янги авлод футболчилари бу борада ҳеч нарсани тушунишмайди, тарихдан шунчаки, бехабарлар.

- Нима деб ўйлайсан, шахсан сен жамоага ёрдам бера олармидинг?

- Жоним билан. Зеро, «Милан» менга кўп нарса берган, ўз навбатида, бор маҳоратимни у билан баҳам кўрганман. Бунда саломатлигимни ҳам ўйлаган эмасман. Ҳозир ўзимни қўярга жой тополмаяпман. Нима биландир қарзни узишни хоҳлайман, тажрибамни ёшларга ўтказмоқчиман. Аслида «Милан» таркибида ўйнаётган йигитлар чакки эмаслар, аммо уларни тўғри йўлга соладиган киши етишмаяпти. Тўғри, бундай одам айнан мен, дейиш фикридан йироқман.

- Ҳа, «Милан» буюк жамоа эди. Мисол учун, унинг Арриго Сакки ва Фабио Капелло бошқарувидаги ўйинларини ТВ орқали мунтазам томоша қилардим. Яқинда Мадридда Сакки билан учрашганимда, у ўша жамоа ва сенинг ўйининг ҳақида кўп гапирди. Айтчи, Арриго шахсан сенга қандай таъсир ўтказган?

- У жуда талабчан эди. Машғулотлари ақл бовар қилмас даражада оғир ўтарди. Оддий ифода этганда, Сакки ҳар бир футболчидан автоматик тарзда ҳаракатланишни талаб этарди. Бунда битта ҳаракат ёки комбинация қайта-қайта машқ қилинарди. Айниқса, биз - ҳимоячилар турли машқларни ҳар куни қайта-қайта такрорлардик. Агар ҳозир Барези, Костакурта ва Тассотти билан учрашиб қолсак, ишончим комил, биз ўша 90-йиллардагидек ўйнаймиз. Чунки барча услублар ҳамон миямизда. Қисқаси, муваффақият сирларидан бири - бу услубларни машғулотлар орқали мукаммал ҳолатга чиқариш. Шу нарса «Милан» афсонаси узоқ давом этишини таъминлаган. Жамоамиз етарли вақт юқори савияда ўйнаган. Айтайлик, мен ЧЛдаги биринчи ғалабани 1989 йили нишонлаганман, охиргисини эса орадан нақ 18 йил ўтиб. Ҳозирги «Милан» нима қиляпти? Унга қараш ҳам оғриқ уйғотяпти...

- Паоло, энди Истанбул финали ҳақида ҳам гаплашсак бўладими?

-  Албатта. Тан оламан, ўша ўйиндан сўнг 3 ой ухлай олмаганман.

- Миланда ўша финал ҳақида ҳамон гапирсалар керак...

- Ҳа, баъзи-баъзида. Агар биринчи бўлимни олсак, «Милан»нинг якунда ютқазишини ҳеч ким тахмин қилолмасди. Мухлислар буни эътибордан қочиришлари мумкин, аммо сен эмас, ахир майдонда бўлгансан ва танаффусгача қандай ўйнаганимизни теран ҳис қилгансан. Бироқ қандайдир аҳмоқона 6 дақиқада ҳаммаси ўзгариб кетди. Айтганча, ўшандан кейин ҳам биз яна фаоллашганмиз ва гол уриш имкониятларини ҳосил қилганмиз. Эсимда, ҳаттоки, Стивен Жеррард ҳам ҳимояга чекинганди. Қисқаси, «Ливерпуль» футболчиларини жисмоний жиҳатдан адо қилгандик, аммо...

- 1989 йили «Милан» Барселонада ўтган ЧК финалида «Стяуа»ни 4:0 ҳисобида енгганди. Сенинг-ча, жамоанг Истанбулда янада яхшироқ ўйнаши мумкинмиди?

- Бунинг иложи йўқ эди, чунки максимал даражада куч йўқотганмиз. Миланга қайтганимизда, қандайдир тушунарсизлик кузатилди. Мухлислар ҳар томондан қичқирдилар: «Нима қилиб қўйдинглар?!» Лекин биз қўлимиздан келганини ишга солгандик. Эҳтимол, Истанбул финали сифат бобида, 1994 йилги ҳал қилувчи ўйинни ҳисобга олмаганда (ўшанда «россонерлар» «Барселона»ни 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратишган), биз учун энг яхшиси бўлгандир. Бир сўз билан айтганда, ақл бовар қилмас ўйин! Боз устига, ўзим ҳам гол ургандим ва у финаллар тарихидаги энг тезкори бўлганди...

- Танаффусгача 3:0 ҳисобида олдинга чиқиб олганларингдан сўнг эҳтимол, ғалаба нақд, деб ўйлагандирсизлар?

- Биламан, кўпчилик танаффусдаёқ ғалабани нишонлашга тушганимизни тахмин қилади. Аммо бундай бўлиши мумкин эмасди. Кийиниш хонасида бошқача муҳит ҳукмрон эди: ҳамма бир-бирига бақирар, гўёки, муштлашув бошланиб кетадигандек туюларди. Шунда Анчелотти ўшқириб берди: «Бас, жим бўлинглар! 5 дақиқа ичида бир оғиз сўз эшитишни истамайман». Натижада ҳамма жимиб қолди, сукунат юзага келди. Кейин муҳокамалар бошланди - нимани тўғри бажардик, қандай хатоларга йўл қўйдик...? Қисқаси, иккинчи бўлим ҳақида ўйлай бошладик. Шу онда миямга битта фикр келди: «Бизда ғалаба қозониш учун ажойиб имконият бор». Лекин буни тилга чиқармадим. Умуман, ҳеч ким бу хусусда оғиз очмади.

- Жамоанг ўзидан кучсизроқ рақибга 0:3 ҳисобида енгилаётган бўлса, барчасини тўғрилаш имконияти бор. Аммо бизнинг рақибимиз кучсиз эмасди. Яширмайман, мен «Милан» финалда «Барселона» ва Стяуа»ни 4:0 ҳисобида енгганди, энди биз 5 ёки 6та гол қўйиб юбормасак эди...», дея хавотирланганман ҳам. Сенингча, иккинчи бўлимда нима ўзгарганди?

- Биринчиси, «Ливерпуль» фанатлари ўзларини эслатиб қўйишганди. Улар бирдан қўшиқ куйлай бошлашди ва сира тўхташмади. Одатда, бетараф майдонда мухлислар нисбати 50га 50 бўлади. Лекин Истанбулда бу нисбат 75га 25 кўринишида «Ливерпуль» фойдасига эди. Негадир баъзи мухлисларимиз ўз чипталарини «Ливерпуль» фанатларига сотишган. Дарвозамизга урилган биринчи голни яхши эслайман. Жеррардни кўриб, Стамга бақирмоқчи бўлгандим: «Эҳтиёт бўл, у ёнингда...». Бироқ негадир индамадим ва Жеррард дарвозамизни ишғол этди. Эҳ, ўшанда бақирганимда, балки гол уролмасдими...?!

- Шмицер урган иккинчи гол бурилиш нуқтасига айланганди, тўғрими?

- Ҳа, у кўп нарсани ўзгартириб юборганди. Кутилмаганда, яққол устунлигимиз қўлдан чиқди. Лекин ҳисоб 3:3га айлангач, ўзимизга келдик ва яна ҳужумга ўтиб, гол уришга уриндик. Чунки қайсидир паллада барчасини бой беришимиз мумкинлигини яққол ҳис этгандик.

- Жеррарднинг ўша баҳсдаги ҳаракатлари хусусида нима дея оласан? У нақ 3та позицияда тўп сурганди.

- Унинг ўша вақтдаги қиёфаси ҳамон кўз ўнгимда: дард, алам... Лекин шунда ҳам бутун майдон бўйлаб югуриш, курашишни давом эттирди. Қисқаси, Стивен ўзини борича ўйинга бағишлаганди. Бошқача айтганда, «Ливерпуль» учун чинакам намуна кўрсатиш ор-қали уни ғалаба сари етаклаганди.

- Биз ғалабани нишонлаётган пайт сизларнинг роса қийналганинглар табиий ҳол. Лекин шундай ҳолатда ҳам, сен олдимга келиб, мени табриклашга куч топгансан - бу юқори профессионалликдан далолат.

- Натижа сенинг фойдангга бўлмасада, уни тўғри қабул қилишинг керак. Хайриятки, омадимиз чопиб, 2 йилдан сўнг кичик реванш олгандик. Тўғри, Афина финалида у қадар яхши ўйнамаганмиз, аммо ғалаба қозонишни уддалагандик.

- Умуман, 2007 йили финалда айнан «Ливерпуль» билан ўйнашни хоҳлаганмисизлар ёки...?

- Йўқ-йўқ! Ўзи финалда унчалик яхши кўринмагандик. Умуман, бутун мавсум бўйи кучли футбол кўрсатолмаганмиз, лекин чорак финалдан сўнг ўйинимизни секин-аста яхшилаб боргандик. Финалга келсак, йўқотадиган ҳеч нарсамиз йўқ эди. Зеро, «Ливерпул»га яна бир марта ютқазсак, бу ҳақиқий фожиага айланарди. Лекин рақиб танлаган эмасмиз. Шахсан мен 3 ой майдонга тушмагандим. Эсимда, ўша ўйинда тиззам мутлақо бўйсунмаганди. Аслида майдонга тушишим ҳам хавф остида эди, чунки Анчелотти барчасини биларди. 3 ой давомида оғриқни қолдирувчи дорилар ичганман. Қисқаси, ўйинга тушиш учун қўлимдан келган барча ишни қилганман. Энг қизиғи, ўша финални унча яхши эслолмайман.

- Мен ҳам. Айтайлик, видеоёзувни бирор марта қайта томоша қилган эмасман.

- Мен эса кубокни бошим узра баланд кўтарганимни эслайман, холос. Биз 36 соат байрам қилгандик. Шундан сўнг дарҳол Бельгияга, операция учун йўл олганман. Тиззам ёмон қийнаётганди. Операциядан сўнг бир суткача ухлаган бўлсам керак. Эсимда, уйғониб. беихтиёр ўйлаб қолгандим: «Финални ютдикми?» Фақат 10 сониядан кейингина ғалаба қозонганимизни тушундим. Бетакрор ҳиссиётлар...

- Бу сен учун 8-финал эди, уларнинг 5тасида ғалаба қозонгансан. Қизиқ, қайси бири ёрқинроқ бўлган?

- «Реал» вакили Хенто ҳам 8та финалда ўйнаган ва 6 марта зафар қучган. Аммо менинг натижам ҳам чакки эмас. Энди ҳар бир ғалаба ўзига хос ва қадрли. Биринчиси алоҳида ўрин тутади, албатта. Зеро, биз Барселонада «Милан»нинг 90 минг мухлиси қаршисида ўйнаганмиз. Ҳаётимдаги энг ажойиб тажрибалардан бири шу. Каталониядаги стадион худди Истанбулдагисига ўхшайди - шунчаки, қойилмақом муҳит. Яна Афинада «Барса»га қарши кечган ўйинимиз ҳам жуда яхши ўтганди.

- Ўзинг ўйнаган давр бўйича олсак, «Милан»нинг қайси таркибини энг кучлиси, деб ҳисоблайсан? Марко ван Бастен ва Рууд Гуллитни ўз ичига олган 1989 йилгисими ёки 5 йилдан кейин вужудга келгани?

- Ҳаммаси Сакки билан бошланганди. Аввалига 3 нафар голландиялик келди. Капелло иш бошлаган пайт эса, таркибимиз ажойиб кўриниш олганди. Менимча, 1991-1994 йиллар оралиғидаги таркиб энг кучлиси эди. Умуман, клуб ҳар йили янги юлдузларни сотиб оларди. Гуллит, Тассотти, ван Бастен, Массаро, Папен, Бобан, Савичевич... Оҳ, қандай таркиб...

- Сен дуч келган энг кучли футболчи - бу Марко ван Бастенми?

- О, ҳа. Ўнг оёқ, чап оёқ, бош билан ўйнаш, тезлик... У ҳам гол урарди, ҳам ассистентлик қиларди. Шубҳасиз, энг яхши футболчи. Барча замонлар футболчиси. Афсуски, Марконинг 28 ёшидаёқ бутсаларини михга илишига тўғри келди. Аҳмоқона операция, жуда ачинарли тақдир...

- Энг яхши ҳимоячи масаласида нима дейсан? Биламизки, сенга Барези катта таъсир ўтказган. У қайси хусусиятлари билан ҳимоянинг чинакам намунасига айланганди?

- Ҳа, Барези беназир эди - бўйи баланд эмас, яна ориқ, аммо жуда бақувват! Шундай баланд сакрардики, барчамиз ҳайратдан донг қотардик. Энг асосийси, Франко «Йўқ» сўзини сира ёқтирмасди. Доимо ўзини чинакам профессионалдек тутарди. Барези айтайлик, Стам каби гавдали, тезкор ва тажовузкор эмасди. Унинг вазни атиги 70 килога тенг эди. Аммо «подкат» усулини идеал даражада қўлларди. Шахсан мен учун футболдаги бош «модель» - Барези. У тўп билан нозик муомала қиларди. Ҳарқалай, унингдек ишончли ва юқори техникали ҳимоячини топиш мушкул.

- Болалигимда ҳаттоки, Англияда ҳам бўлажак ҳимоячиларга айнан Барезини ўрнак сифатида кўрсатишарди. Ваҳоланки, бошқа буюк ҳимоячилар - Тюрам, Десайи ва Каннаваро ҳам чакки эмасдилар. Шу маънода замонавий ҳимоячилар хусусида нима дея оласан?

- Ҳозир кучли ҳимоячи йўқ, ҳисоб. Айни пайт идеал ҳимоячи ҳужумчидан ҳам қиммат туради. Ўзгаришнинг моҳияти нимада? Мен чап қанот ҳимоясида тўп сурганман. Айни пайт қанот ҳимоячисига унинг ҳужумдаги ҳаракатларига қараб баҳо беришяпти. Орқадаги ишлари эса гўёки, аҳамиятсиздек. Ахир ҳимоядаги вазифа қийинроқ-ку. Буни жуда яхши биламан, чунончи, Сакки даврида ҳамма, ҳаттоки, ҳужумчилар ҳам ҳимояга ёрдам беришарди. Италия футболи азалдан кучли ҳимоячилар мактаби билан мақтанарди. Аммо ҳозир бундай эмас. Негалиги, сабабини эса билмайман. Ҳозиргилардан биргина Тьяго Сильвани ажратиб кўрсатишим мумкин. У айни пайт жаҳондаги энг яхши ҳимоячи ҳисобланади.

- Сенда вақтида Ангдияда ўйнаш имконияти туғилганди. Ундан фойдаланмаганинг учун афсусланмайсанми? Ахир ҳамма Мальдинини премьер-лигада кўришга муштоқ эди.

- Ҳа, «МЮ» таклиф билан чиққан, аммо клуб вакиллари билан бу масалада гаплашмаганман ҳам. Шунингдек, Виалли 1996 йили мени «Челси»га чақирганди. Лекин ўшанда «Милан» ўта омадсиз мавсум ўтказаётганди ва клубни ташлаб кетишим ножоиз ҳисобланарди. «Арсенал»га жалб этишганида ҳам, бу клуб вакиллари билан гаплашган эмасман. Чунончи, ҳар қандай ҳолатда, таклифларни рад этишим аниқ эди. Тўғри, дўстлигимиз ҳурмати туфайли фақат  Виалли чорлови устида ўйлаб кўрганман. Қайтараман, ўшанда «Милан» оғир аҳволда эди, боз устига, ўзим баъзи муаммоларга учрагандим. Айтайлик, мухлислар билан тушунмовчилик юзага келганди. Хуллас, кун бўйи ўйлаганман: «Кетсам нима бўларкин...?» Аммо якунда барибир, қолишни маъқул кўрганман.

- Шунингдек, «Челси»ни бошқариш имкониятига ҳам эга бўлгандинг, аммо...

- Ҳа, «Милан»даги охирги ўйинимдан атиги 1 ҳафта ўтгач, шундай вариант туғилди. Лекин мен тайёр эмасдим. Аниқроғи, оиламни Лондонга кўчириб ўтишни хоҳламадим. Тўғри, Лондонга ёлғиз ўзим бориб, Роман Абрамович ва собиқ клубдошим Рэй Уилкинс билан гаплашганман. Аммо рости, нима қилишни билмагандим. Хуллас, якунда «Бу иш мен учун эмас», деган хулосага келганман.

- Умуман, Англия футболи ҳақида қандай фикрдасан? Сенингча, Европада итальян клублари ҳукмронлик қилишган 90-йиллар тарихда қолдими ёки бундай вақт яна келади?

- Албатта, АПЛ ўйинларини мунтазам кузатиб бораман. Жисмоний томондан ниҳоятда кучли турнир. Ҳа, «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль» каби асосан тўп билан ўйнашга интиладиган жамоалар ҳам бор. Бу чемпионатнинг бошқа биринчиликлардан яққол ажралиб тургани айни ҳақиқат. Энди Италияга қайтсак, бизга вақт керак. Зеро, клубларимизда пул оз, стадионлар ҳолати ачинарли, мухлислик ҳам ёввойилик даражасида. Айтайлик, оила бўлиб футболга кириш йўқолди, ҳисоб. Ҳозир «Милан» янги арена қурмоқчи эканлигини айтяптилар. Билмайман, бу амалга ошадими ёки йўқ? Менимча, клубга сиғими 45 мингдан баланд бўлган янги арена керак. Аввалги мавқеини тиклаши учун менимча, 60 мингли стадион зарур. Тўғри, «Сан Сино» ҳамон гўзал, аммо жуда эски.

- Мен «Милан» ҳам, «Ливерпуль» ҳам юқори савияга тезроқ қайтишини хоҳлайман.

- Менинг истагим ҳам шу. Тарихий рақиблар тўқнашувига яна гувоҳ бўлишга нима етсин? «Реал», «Барселона», «Ливерпуль», «Милан»... Бой тарихга эга клубларга қарши ўйнашнинг гашти ўзгача. Уларнинг қулашини кузатиш эса ғоят аламли.

- «Милан»ни келажаги қандай бўлишини билмаймиз, лекин ўзингни олдинда нималар кутяпти? Мана, «Майами» футбол клуби лойиҳасига қўшилдинг. У ерда жамоани ўзинг шуғуллантирмоқчимисан ёки...?

- Йўқ, менга мураббийлик иши унча ёқмайди. Ҳамон дўстларим даврасида «Милан» ўйинларига тушяпман. Зеро, футболни чин юракдан севаман. Лекин «Милан»да ишламасам керак. Ҳозир асосан фарзандларим тарбияси билан машғулман, тўғрироғи, уларни шуғуллантиряпман. Мен учун яна «Милан»да бўлиш имконияти нимани англатади? Битта нарсани - қарз  узишни!

Киритилди: 06.06.2015 15:24. Ўқилди: 3474 марта. Фикрлар: 2 та.

«A» Серия

Жамоа Ў О
1 Интер 31 82
2 Милан 32 69
3 Ювентус 32 63
4 Болонья 32 59
5 Рома 32 55
6 Аталанта 30 50
7 Наполи 32 49
8 Лацио 32 49
9 Торино 32 45
10 Фиорентина 30 43
11 Монца 32 43
12 Женоа 31 38
13 Лечче 32 32
14 Удинезе 32 31
15 Кальяри 31 30
16 Эмполи 32 28
17 Верона 31 27
18 Фрозиноне 32 27
19 Сассуоло 32 26
20 Салернитана 32 15

ЕЧЛ

F - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Боруссия Д 10 18
2 ПСЖ 10 17
3 Милан 6 8
4 Ньюкасл 6 5

Европа лигаси

- Гуруҳи

Жамоа Ў О

Италия кубоги

Нимчорак финал
13.01.2021
00:45 Милан
0:0
Торино
19:00 Фиорентина
1:2
Интер
21:45 Наполи
3:2
Эмполи
14.01.2021
00:45 Ювентус
3:2
Женоа
21:30 Сассуоло
0:2
СПАЛ
15.01.2021
01:15 Аталанта
3:1
Кальяри
20.01.2021
01:15 Рома
2:4
Специя
22.01.2021
01:15 Лацио
2:1
Парма
Чорак финал
27.01.2021
00:45 Интер
2:1
Милан
21:45 Аталанта
3:2
Лацио
28.01.2021
00:45 Ювентус
4:0
СПАЛ
29.01.2021
01:00 Наполи
4:2
Специя
Ярим финал
03.02.2021
00:45 Интер
1:2
Ювентус
04.02.2021
00:45 Наполи
0:0
Аталанта
10.02.2021
00:45 Ювентус
0:0
Интер
11.02.2021
00:45 Аталанта
3:1
Наполи
Финал
19.05.2021
23:59 Аталанта
1:2
Ювентус

International Champions Cup

Италия суперкубоги

Финал
21.01.2021
01:00 Ювентус
2:0
Наполи

Сўнгги учрашув

14.04.2024. «A» Серия. 32-тур.
18:00
Сассуоло
3-3
Милан

Навбатдаги учрашув

22.04.2024. «A» Серия. 33-тур.
23:45
Милан
-:-
Интер

ЖАМОА ТАРКИБИ

© STADION.UZ
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг интернет-ОАВ гувоҳномаси №0917.

Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.