"Бухоро” жамоаси мавсумолди тайёргарлик пайтида таркибга бир қатор футболчиларни қўшиб олди. Хусусан катта тажрибага эга бўлган ҳимоячи Тимур Турдиев ҳам мазкур клуб шарафини ҳимоя қиладиган бўлди. Футболчи ўтган мавсумда “Оқ-тепа”да тўп сурган эди. Унинг бу клубдаги ишлари қандай кетаётганлиги билиш истагида Турдиев билан суҳбатлашдик.
- Тимур ака, ўтган турда “Динамо”га қарши ўйинда майдонни тез тарк этдингиз. Буни сабаби нимада?
- Ўша ўйинда кичик жароҳат олганим туфайли мураббийлар штаби мени майдондан олишга мажбур бўлишди. Жароҳатим жиддий эмас. Лекин айни пайтда енгил тарзда юугуриб турибман. Умумий машғулотларга қайтганимча йўқ.
- Демак, “Пахтакор”га қарши ўтказиладиган учрашувни ўтказиб юборасизми?
- Худди шундай. Бу ўйинга қадар тўлиқ формага кириб улгура олмайман. Шу сабабли “Пахтакор”га қарши ўйинда қатнаша олмайман.
- Бу ўйинда жамоангиздан нима кутмоқдасиз?
- “Бухоро” бош мураббийи Александр Мочинов ҳужумкор футбол тарафдори. У “Пахтакор”га қарши бўладиган учрашувда ҳам жамоани шундай тарзда тайёрлайди. Ишонаманки, натижа яхши чиқади.
- Олий лигадаги сўнгги жамоангиз “Металлург” бўлган эди. Охирги йилларда асосан биринчи лигада тўп сурдингиз. Маълум танаффусдан сўнг элитада тўп суришни бошладингиз. Қандайдир ўзгаришларни сездингизми?
- Илгари олий лигада тўп сурганим учун ҳам бу борада қийинчилик йўқ. Тажрибага эга бўлсангиз, майдонда ҳаракат қилишингизда ҳам муаммолар бўлмайди. Муҳими, футболчида тажриба керак бўлади. “Бухоро”га яхши мақсадлар билан келдим ва жамоага фойда келтиришни хоҳлайман.
Иззатбек Абдуваҳобов суҳбатлашди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).