Two Ars and Arsh блоги «Челси»дан «Арсенал»га ўтган Петр Чех ҳақида қизиқарли маълумотларни ҳукмингизга тақдим этади.
1. Ҳужумчилик қобилияти
Замонамизнинг таниқли дарвозабони Петр Чех Чехия пойтахти Прагадан 60 км. узоқликдаги Пльзень шаҳрида дунёга келган. Ҳайратланарлиси, у болалигида «Виктория Пльзень» жамоасида ҳужумчи амплуасида тўп сурган. Аммо Петрнинг қариндошлари ушбу позицияда унинг жароҳат олиш хавфи юқори бўлишини инобатга олиб, унинг дарвозада туришини маъқуллашган. Чех ҳам оила аъзоларининг фикрларини инобатга олган ҳолда, дарвозабонлик амплуасини танлайди. Лекин миллионлар ўйинида киперлар ҳам жиддий жароҳат олишади. Буни Петр фаолияти давомида бошидан ўтказди. Бироқ бу мавзуга сал кейинроқ тўхталамиз.
2. «Арсенал»га қабул қилишмаган
«Арсенал» скаутлари Чехни Чехия терма жамоаси ҳамда «Спарта»да ўйнаб юрган пайтларида жиддий тарзда кузатишган. Лекин ўша вақтлари дарвозабон Чехия термаси таркибида кам майдонга тушарди. Балки шу туфайли ҳам Англияда ўйнаш учун рухсатномани барвақтроқ қўлга киритолмагандир. Петр тез орада Франциянинг «Ренн» клуби сафидан ўрин олди.
Ўшанда Англияда ишлаш учун рухсатнома тайёрлаш қийинчилик туғдирмаган бўлиши мумкин. Аммо жамоа Чехда бироз иқтидор ва маҳорат етишмаслиги сабабли, у билан шартнома имзоламасликка қарор қилади.
- «Ренн» клубига қўшилмасимдан олдин «Арсенал» скаутлари мени мунтазам кузатишарди. Бироқ сўнгги қарор қабул қилинадиган вақтда скаутлар бошлиғи ўйинларим премьер-лига савиясига мос келмаслигини таъкидлади. Охир-оқибат унинг сўзлари нотўғри эканлигини исботладим», - дейди Петр Чех.
3. Қўрқинчли дарвозабон
2006 йили «Рединг»га қарши кечган учрашувнинг биринчи дақиқасида бошидан олган жиддий жароҳати сабабли, Петр кейинги 9 йил давомидаги барча расмий учрашувларини махсус шлемда ўтказишга мажбур бўлди. Аксига олиб, ўша мудҳиш ҳодиса юз берган куни «Челси»нинг захирадаги дарвозабони Карло Кудичини ҳам жароҳат олганлиги боис, майдонга туша олмасди. Натижада, киперлик вазифасини жамоа сардори Жон Терри ўз зиммасига олиб, уларнинг ўринларини билдирмасликка ҳаракат қилганди. Албатта, бу кулгули ва қайғули ҳолат бўлганди. Лекин наилож, юқорида таъкидлаганимиздек, футболда дарвозабонлар ҳам жароҳат олишади.
4. Муносиб ҳордиқ
Петр Чех бошидан олган жароҳатидан анча фориғ бўлгач, «Челси» клуби хўжайини Роман Абрамович шахсий яхтасини дарвозабон учун бир ҳафтага бўшатиб берди.
- Турмуш ўртоғим ҳамда Арьен Роббеннинг оиласи билан биргаликда Роман Абрамовичнинг яхтасига етиб бордик. Ўша вақтда Роббен ҳам жароҳат олганди. У билан дўстона алоқаларимиз яхши бўлган. Яхтадаги саёҳатни Ниццадан бошлаб, Италиядаги Портобелло портида якунладик. Акваланглар билан биргаликда сув мотоциклларида саёҳат қилдик. Оқшом чоғи биз кўрфазга кириб бордик ва тайёр бўлган кечки овқатни бирга тановвул қилдик.
5. Шлем ва ҳомийлар можароси
Чех «аристократлар» таркибида ўйнаган пайтида клуб либосининг расмий ҳомийси «Адидас» компанияси томонидан тикилган махсус шлемда майдонга тушган. Чехия терма жамоаси таркибида киядиган шлеми эса Янги Зеландиянинг Окленд шаҳридаги «Кентерберри» компанияси томонидан тайёрланганди.
Лекин терма жамоа ҳомийси Puma бошқа компания маҳсулоти логотипини кўрсатмасликни талаб қилади. Боиси, шартномага биноан Чехия терма жамоасининг барча футболчилари Puma ёзуви остидаги экипировкаларда ҳаракатланишлари керак эди. Фақат оёқ кийими бундан мустасно.
Кейинчалик «Адидас» фирмаси ҳам шлемдан «Кентерберри» компанияси белгисини йўқ қилишни сўрайди. Натижада, Чехнинг жароҳати футбол саноати оламида учта компаниянинг ўзаро рақобати пайдо бўлишига олиб келади. Бу рақобат «Адидас»нинг ғалабаси билан якун топди. Энди дарвозабоннинг бошида фақат «Адидас» компанияси ёзуви туширилган махсус шлемни кўриш мумкин, холос. Лекин бу қоида халқаро майдонларда ўз кучини йўқотади.
6. Пенальти қайтариш бўйича мутахассис
Энди эса «Челси»нинг 2012 йилги Чемпионлар Лигаси финалида «Бавария» устидан пенальтилар сериясида ғалаба қозонганини эслаймиз. Чех ўша учрашувнинг «экстра-тайм»ларида Арьен Роббен томонидан амалга оширилган 11 метрли жарима зарбасини ҳам қўшиб ҳисоблаганда, 3та пенальтини бартараф этганди. Айримлар буни омадга йўйган бўлишса, бошқалар футболчиларни айблашга уринишган. Лекин аслида, Чех пенальтилар қайтариш бўйича ҳақиқий маҳоратли дарвозабонлардан бири ҳисобланади.
7. Бешикдан қабргача илм изла!
Чехия терма жамоаси ва «Челси» клуби ўйинларини кузатган мухлислар Петр Чехнинг жиддийлигига ҳам эътибор қаратган бўлишлари шубҳасиз. Петр тарих ва психология ҳақидаги китобларни тез-тез ўқийди, инглиз ва португал тилларида равон гапира олади. Гарчи ўз она тилини бунчалик даражада билмаса-да, у шунингдек, испан тилини ҳам ўрганиб келмоқда.
- Учрашувлардан олдин меҳмонхонада нима биландир шуғулланиш керакку, ахир, - дейди бу ҳақда Петр Чех.
8. Rocknroll
Сўнгги пайтларда машҳур дарвозабон барабан чалишда ҳам яхшигина тажриба тўплади. Чех YouTubeдаги аъзолари сони қанча кўпайса, шунча хурсанд бўлади. Барчаси унинг севимли гуруҳлари - Walk ва Foo Fightersнинг ижод намуналаридан бошланган. Мабодо қизиқсангиз, сиз ҳам ижтимоий тармоқ орқали Петр Чехнинг қандай барабан чалишини томоша қилишингиз мумкин.
Акмал ЭШОНХОНОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).