Юртимиздаги ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва футболга бўлган қизиқишидан келиб чиққан ҳолда, Uzreport TV телеканали Ўзбекистон Виртуал спорт ўйинлари ва Киберфутбол федерацияси билан ҳамкорликда “Futbol Tv Cup” деб номланган Киберфутбол бўйича юртимиздаги 1-Халқаро мусобақа ташкил этишга қарор қилди.
Мусобақа шу йилнинг 22-27 май кунлари бўлиб ўтади.Ушбу мусобақада юртимиздаги киберфутболчилар билан бир қаторда Россия, Украина, Беларус, Озарбойжон, Эрон, Молдова, Белгия, Франция, Швеция каби давлатлардан ташриф буюрадиган машҳур киберфутболчилар иштирок этиши кўзда тутилган.
Иштирокчилар асосан 18 ёшдан катта бўлган киберфутболчилар ҳисобланиб, уларнинг сони 48 нафарни ташкил этиши кутилмоқда.Иштирокчилар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида, мусобақа давомида халқаро киберфутболчилар терма жамоасига қарши Ўзбекистон киберфутболчилари ўртасида ўртоқлик футбол учрашуви ўтказиш ҳам мўлжалланган.
Шунингдек, чет эллик киберфутболчиларни юртимиз билан яқиндан таништириш мақсадида, уларни Самарқанд шаҳрига сайёҳатга олиб чиқиб, юртимизнинг тарихий обидалари ва маданий йодгорликларини кўрсатиш ҳам режага киритилган.
Ушбу “Futbol Tv Cup” Халқаро мусобақаси юртимиздаги киберфутболчиларга келгусида бўлиб ўтадиган нуфузли халқаро турнирларда муносиб иштирок этиш учун қулай имконият ҳисобланади.Мусобақа ғолибларига ҳомийлар томонидан қимматбаҳо буюмлар ва бошқа эсдалик совғалари топшириш кўзда тутилган.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).