Ниҳоят, орзиқиб кутилган сана ҳам етиб келди. 12 сентябрь куни Ўзбекистон футбол федерацияси низомига мувофиқ, ушбу ташкилотнинг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Пойтахтимиздаги «Radisson BLU» меҳмонхонасида ташкил этилган тадбирни жуда кўпчилик кутаётганди. Чунки айнан шу маросимдан сўнг ўзбек футболида янги давр бошланиши керак эди.
ЎФФ президенти лавозимидаги 12 йиллик фаолиятдан сўнг Мираброр Усмонов ўз хоҳишига кўра, сайловга номзодини қўймасликни лозим топди.
Мираброр Зуфаровичнинг ўтган давр мобайнида Ўзбекистон футболи тараққиёти йўлида улкан ҳажмдаги ишларни амалга оширганини бугун ҳеч ким инкор эта олмайди.
Тарих учун қисқа фурсат ичида айтишга арзигулик ютуқ ва муваффақиятларга эришилди. Ўзбекистон футболини янада ривожлантириш, унинг инфратузилмасини яхшилаш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан қатор Қарор ва Фармонлар эълон қилинди. Ўсмир ва ёшлар термаларимиз бир неча бор жаҳон чемпионатлари финал босқичларида иштирок этишди.
Дилшод Нуралиев бош мураббийлигидаги Ўзбекистон ўсмирлар термаси Эрон, Жанубий Корея, Япония каби қитъамизнинг етакчи жамоаларини мағлуб этиб, Осиё чемпиони бўлди. Футзал бўйича термамиз тарихда илк бор жаҳон чемпионатида қатнашди. Ногирон-ампутантлар термамиз бир эмас, уч маротаба сайёрамизнинг тенгсиз жамоаси номини қўлга киритди.
Равшан Эрматов Осиёнинг беш карра энг яхши реферисига айланди. Иккита мундиалда жами 9та ўйинда ҳакамлик қилиб, бу борадаги рекордни янгилади ва насиб қилса, келаси йили Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида ўз натижасини янада яхшилайди. Бундан ташқари, юртимизда жаҳон талабларига жавоб берадиган стадионлар бунёд этилди, мавжудлари реконструкция қилинди.
Профессионал футбол билан параллель равишда ҳаваскор ҳамда оммавий футбол ривожига ҳам катта эътибор қаратилди. Бугунги кунда юртимизда бирор маҳалла йўқки, у ерда футбол майдончаси бўлмаса.
Маҳалла ёшлари, болалар бу мўъжаз иншоотларда бўш вақтларини мазмунли ташкил этишяпти. Шу тариқа соғлом турмуш тарзини янада қарор топтириш ҳам таъминланяпти. Бир сўз билан айтганда, бу каби ислоҳотларнинг амалга оширилиши, профессионал футболда қўлга киритилган ютуқларда Мираброр Усмоновнинг ҳиссаси ва хизмати катта бўлди.
Бу ҳеч қандай баландпарвоз гаплар эмас. Ҳақиқатан ҳам, 12 йил мобайнида катта ҳажмдаги ишлар қилинди. Ҳа, биргина миллий термамизнинг жаҳон чемпионатига чиқа олмагани дилларни хира қиляпти.
Буни Мираброр Зуфарович ўз сўзида ҳам айтиб ўтди. Ҳаттоки, мазкур ҳолатни ўзининг армони сифатида ҳам қабул қилди. Ушбу мавзуга кейинроқ яна тўхталамиз.
Энди ана шу бошланган ишларни мантиқан давом эттириш керак. Ўйлаймизки, ЎФФнинг янги раҳбарияти бу вазифани уддалайди.
Ҳар тўрт йилда бир маротаба ўтказиладиган ҳисобот-сайлов конференциясида олий лига клублари вакиллари, мураббийлар, вилоят футбол федерациялари мутасаддилари, ОАВ ходимлари, умуман, кенг футбол жамоатчилиги жам бўлди.
Тадбир бошланишидан олдин ташкил этилган кофе-брейкда делегатлар бир-бирлари билан ЎФФнинг янги президенти ким бўлишини ўзаро муҳокама қилишди.
Ниҳоят, залга Мираброр Усмонов бошчилигида Ўзбекистон Паралимпия ассоциацияси ҳамда «Пахтакор» клуби вице-президенти Умид Аҳмаджонов, «Пахтакор» жамоаси президенти Бобур Шодиев, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, «Бунёдкор» клуби бош директори Мурод Алиев кириб келишди.
Шундан сўнг тадбирнинг асосий қисми бошланди. Кун тартибидан маъмурий масалалар, президент мурожаати, ЎФФ президентининг ўтган йиллар мобайнида олиб борган ишлари ҳисоботи, молиявий ва бухгалтерлик ҳисоботлари, Ижроия қўмитаси тавсиясига кўра мустақил аудиторларни тайинлаш ва энг асосийси, ЎФФнинг янги президенти, вице-президентлари ва ижроқўм аъзоларини сайлаш каби масалалар ўрин олди.
Анъанага мувофиқ, ЎФФ бош котиби Сардор Раҳматуллаев тадбирни бошлаб берди. Сардор Ҳамидуллаевич ўз сўзида анжуманга ФИФА ва ОФКдан ҳам вакиллар келишганини маълум қилди.
Айнан шу икки расмий вакил халқаро кузатувчи вазифасини бажаришди. Сайлов конференциясида жами 80 нафар делегатнинг иштирок этиши режага киритилган бўлиб, улардан 76 нафари етиб келишди.
Қолган 4 нафари узрли сабабларга кўра тадбирда қатнашишмади. Даставвал, ЎФФ ревизион комиссияси раиси Ғуломжон Мусаев федерациянинг ўтган йиллардаги бухгалтерлик баланси, даромад ва харажатлар ҳақида маълумот берди. Мусаев федерация ишини молиявий жиҳатдан ижобий баҳолади.
Лекин бу мутасадди русча нутқи мобайнида бирор марта муайян сонлар, яъни суммалар ҳақида гапирмади. Аслида, ҳисобот ЎФФнинг айнан молиявий масалаларига тааллуқли эди.
Майли, пул масаласи ҳар доим нозик бўлган ва шу каби йиғилишларда уни четлаб ўтишга уринишган. Бу сафар ҳам айни ҳолат такрорланди.
Сардор Раҳматуллаев «Сизларга бу ҳақда маълумот берилган», деганда журналистларни назарда тутмагани аниқ. Чунки бундан биз мутлақо бехабармиз. Олинган маълумотларга қараганда, федерациянинг сўнгги йилдаги харажатлари 70 млн. долларни ташкил қилган.
Шундан сўнг сўз навбати делегатларга берилди. Улар номидан Бухоро вилояти футбол федерацияси вице-президенти Тўра Қўлдошев, «Насаф» клуби бош мураббийи, Мустақиллигимизнинг 26 йиллик байрами арафасида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози унвони билан тақдирланган Рўзиқул Бердиев сўзга чиқишди.
Тўра Қўлдошев: - Мираброр Усмонов раҳбарлиги мобайнида Бухоро вилояти футболида ҳам ижобий ўзгаришлар бўлди. Бухоро шаҳрида минтақавий футбол академияси қурилиши бошланди.
Шу кунларда «Бухоро» клуби қошида академия ташкил этиш жараёни давом этмоқда. Клуб стадиони шаҳримиз кўркига кўрк қўшиб турибди. Буларнинг барчасида Мираброр Зуфаровичнинг хизматлари катта бўлган.
Фурсатдан фойдаланиб, уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Янги иш бошлаш арафасида турган федерациямиз президенти ва унинг ёрдамчиларига эса куч-қувват тилайман.
Рўзиқул Бердиев: - Мен ҳам, биринчи навбатда, Мираброр Зуфаровичга соғлик тилайман. Биз мураббийлар ҳамда футболчилар ҳамиша сизнинг ишончингизни ҳис этиб келганмиз.
Ҳа, ютуқлар билан бирга ўзига яраша камчиликлар ҳам кузатилди. Лекин муваффақиятларимиз қўйилган тарозининг бир палласини барибир босади.
Биргина Қашқадарё футболи мисолида қўлга киритилган ютуқлар ҳамда ўзгаришларни айтиб ўтиш кифоя бўлса керак. Ўзбекистон - иқтидорлар юрти ва биз мураббийлардан уларни ўз вақтида аниқлаб, салоҳиятларини рўёбга чиқариш талаб этилади.
Шундан кейин сўз навбати ЎФФ фахрийлар кенгаши раиси Наримон Жалоловга берилди. Футболимиз фахрийси ҳам ўз сўзида Мираброр Усмонов манзилига илиқ фикрлар билдирди.
Жалолов бу сўзларнинг шунчаки яхши кўриниш мақсадида, яъни лаганбардорлик маъносида айтилмаётганига алоҳида урғу берди.
Ниҳоят, конференциянинг энг асосий мавзусига навбат етиб келди. ЎФФга янги раҳбар сайланди. Президентликка кўрсатилган ягона номзод - Умид Аҳмаджонов эканлиги эълон қилинди. Унга 76 нафар делегатнинг бари ўз овозини берди.
Шундан сўнг «Бунёдкор» бош директори Мурод Алиев сўзга чиқиб, Умид Аҳмаджонов спорт кишиси эканлиги, у билан кўп йиллар бирга ишлагани ва унинг салоҳиятига ишонч билдираётганини таъкидлади.
Фаолиятини Баҳодир Махситов спорт вазири бўлган даврда бошлаган Аҳмаджонов шу кунгача турли лавозимларда ишлаб келди. ЎФФнинг янги президенти ўз сўзида билдирилган ишончни оқлаш ва янги марраларни биргаликда забт этишга ваъда берди.
Умид Аҳмаджонов: - Авваламбор, ишонч билдирганингиз учун раҳмат айтмоқчиман. Ўз ўрнида ўзбек футболини янги босқичга олиб чиқишга ваъда бераман. Бунинг учун бизда барча имкониятлар етарли. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳнамолигида барча соҳалар каби, спортга, хусусан, футболга катта эътибор қаратиляпти. Футболимизни янада юксалтиришга ҳаракат қиламан.
Шундан сўнг федерациянинг янги вице-президентлари ҳам тайинланди.
ЎФФнинг биринчи вице-президенти этиб Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ раиси Ачилбай Жуманиёзович Раматов, вице-президент лавозимларига эса Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Раззоқович Бобожонов ҳамда Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия институти ректори Шоакрам Холматович Исроилов сайланди.
Тўлаган Исоқов ЎФФ таркибига фахрийлардан Наримон Жалоловни қўшишларини талаб қилди. Исоқов фахрийларни назардан четда қолдирмасликни сўраб, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фахрийларни қўллаб-қувватлаш, улардан доим маслаҳат олиш керак, деган гапларини келтириб, ЎФФга кичик эътироз билдирди. Унинг илтимоси ва талаби ҳам инобатга олинди. Наримон Жалолов ЎФФнинг ижроқўм аъзолигига киритилди.
Шунингдек, ЎФФ ижроия қўмитасининг янги аъзолари ҳам сайланди. Қуйида улар билан танишишингиз мумкин:
Қурбонов Рустам Жавдатович - Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси
Шодиев Бобур Кабулович - «Пахтакор» ПФК президенти
Алиев Мурод Боқиевич - «Бунёдкор» ПФК бош директори
Ражабов Мансур Қўчқорович - «Локомотив» ПФК президенти
Ярашев Комил Деҳқонович - Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия институти проректори
Жалолов Наримон Жалолович - Ўзбекистон футбол фахрийлари кенгаши раиси
Тадбир давомида ЎФФнинг собиқ президенти Мираброр Усмонов ҳам сўзга чиқди.
Мираброр Усмонов: - Ҳозир барчанинг сўзини тингладим. Ютуқлар ҳақида гапирдинглар, лекин камчиликлар ҳам жуда кўп. Мен ЎФФ президентлигига келганимда терма жамоани жаҳон чемпионатига олиб чиқишга ваъда бермаганман.
Чунки ўша пайтда бундай пойдевор бўлмаган. Янги раҳбарият танқиддан қочмасдан, уларга қулоқ тутсин. Журналистлар доим тўғри танқид қилишади, уларни эшитиш керак. Танқидлар ҳам ҳар хил бўлади ва уларнинг кўпи тўғри бўлиб чиқади.
Ишлаган одамни танқид қилишади. Биргина армоним бор. У ҳам бўлса терма жамоамиз мен ишлаган даврда жаҳон чемпионатига чиқа олмади. Ўйлайманки, бу вазифани янги раҳбарият амалга оширади. Уларга омад тилайман.
Шундан сўнг нутқ сўзлаган Рустам Қурбонов баъзи муаммо ва камчиликлар ҳақида тўхталди. Айниқса, вилоятлардаги футбол интернатлари, мактаблари, хусусан, болалар футболидаги камчиликлар ҳақида гапириб ўтди. Тадбир сўнггида Рустам Қурбонов Спорт қўмитаси номидан Мираброр Усмоновга миллий анъаналаримизга мувофиқ, зарбоф тўн кийдирди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).