Луис Энрике: "Ўйиннинг тўхтатилгани тўғри бўлди"
"Рома" бош мураббийи Луис Энрикенинг фикрича, "Катания"га билан ўйиннинг муддатидан аввал тўхтатилиши тўғри қарор бўлган. Бу ҳақда "Football Italia" интернет-нашри хабар бермоқда.
"Катания" ва "Рома" ўртасидаги Италия чемпионати 18-тур учрашуви ноқулай об-ҳаво шароити — кучли ёмғир ёғиши натижасида 65-дақиқада тўхтатилди.
"Об-ҳаво сабаб ўйинни давом эттира олмаганимиз жуда ҳам ёмон бўлди, аммо футболчилар ва ишқибозларнинг ҳолатидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ўйин тўхтатилиши — тўғри қарор бўлди. Бундай шароитда қандайдир футбол кўриш имконияти жуда ҳам кам, жароҳат олиш хавфи эса жуда катта эди", деди "Рома" бош мураббийи.
Ўйин тўхтатилган вақтда 1:1 ҳисоби қайд этилаётган эди. Аввалига Никола Легротталье ҳисобни очган бўлса, кейин Даниеле Де Росси ҳисобни тенглаштирган эди. Учрашувнинг қолган 25 дақиқаси бошқа муддатда — 1, 8 ёки 15 февраль кунларидан бирида ўтказилиши мумкин.
"Учрашув давомида майдон марказини босиб ўтишимиз жуда ҳам қийин бўлди, ҳаддан ташқари кўп хатоларга йўл қўйдик. Гол ўтказиб юборилган вазиятда гол урган футболчини ёполмаган биргина ҳимоячи эмас, балки бутун ҳимоя ёмон ҳаракат қилди. Бахтимизга, биз кўп ўтмай ҳисобни тенглаштира олдик. Ўйин тўхтатилгунича очиқ футбол намойиш этилаётган эди", деди "Рома" бош мураббийи Луис Энрике.
Манба: www.football-italia.net
2007 йилги мавсум Олий Лигада шунга ўхшаш форс-мажор ҳолат кузатилганди: жуда ҳам кучли шамол "Жар" стадионида ўтаётган "Локомотив" - "Бухоро" учрашувини 31-дақиқада тўхтатилишига сабаб бўлганди. Учрашувнинг қолган 59 дақиқаси бошқа кунда ўтказилган ва 1:1 ҳисоби билан бошланган ўйин охир-оқибат бухороликларнинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етганди.
Киритилди: 14:11, 15.01.2012. Ўқилди: 22194 марта. Фикрлар: 1 та.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).
Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар