Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов Уммонга қарши майдонга тушадиган футболчилар номини эълон қилди. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар бермоқда.
Сурияга қарши ўйинда дарвозани Акбар Тўраев қўриқлаган бўлса, бу сафар Карленович Виктор Мочаловга ишонч билдирди. Ёдингизда бўлса дастлабки ўйинда Сурия терма жамоаси аъзоси Шаҳин 14-дақиқада ҳимоя ва дарвозабон ўртасидаги тушунмовчиликдан кейин тўпни Тўраев устидан ошириб дарвозага жойлаб қўйганди.
Сурия олимпия терма жамоасига қарши ўйинни асосий таркибда бошлаб, бор йўғи 45 дақиқа ҳаракат қилган ўнг қанот ҳимоячиси Даврон Ҳошимовнинг ўрнини бугун Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров эгаллайди. Дастлабки турда Ҳожиакбаров БАА олимпия терма жамоасига қарши ўйинда олган жароҳатидан тўлиқ фориғ бўлмаганди.
Ҳимоя чизиғининг қолган уч вакили ўзгармади – Ислом Тўхтахўжаев, Шерзод Аъзамов ва Салим Мустафоев.
Ярим ҳимоя чизиғини Вадим Абрамов юз фоиз янгилади. Фарқли равишда бугун Уммонга қарши 4 эмас, балки 5та ярим ҳимоячи ўйнайди. Сурияга қарши қанотларда Шерзод Каримов ва Жасур Ҳасанов ҳаракат қилганди. Бугун Каримовнинг ўрнида Олег Зотеев, Ҳасановнинг ўрнида Зоҳир Пиримов майдонга тушади. Майдон маркази ўтган турда рўйхатга киритилмаган Ойбек Қиличев ва сариқ карточкалари сабаб Сурияга қарши ўйинни қўйиб юборган Фозил Мусаевга тегишли. Ниҳоят бешинчи ярим ҳимоячи Дилшод Раҳматуллаев.
Ҳужум Кенжа Тўраевга ишониб топширилди.
Ўзбекистон: Виктор Мочалов, Ислом Тўхтахўжаев, Шерзод Аъзамов, Салим Мустафоев, Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров, Дилшод Раҳматуллаев, Фозил Мусаев, Ойбек Қиличев, Зоҳир Пиримов, Олег Зотеев, Кенжа Тўраев.
Заҳира таркиби: Элдор Суюнов, Егорь Кримец, Даврон Ҳошимов, Владимир Козак, Жавлон Иброҳимов, Жасур Ҳасанов, Шерзод Каримов, Темурхўжа Абдуҳолиқов.
Рўйхатга киритилмаганлар: Жаҳонгир Меҳмонов, Бобур Омонов, Акбар Тўраев (жароҳат).
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).