Кучли бешликдаги тўпурар, ассистент ва қўпол футболчилар Топ-10 лигини сизга ҳавола қилган эдик. Албатта, улар орасида сизга ёққани ҳам, ёқмагани ҳам бор. Бу сафар ҳужумкор ҳимоячилар Топ-10 талигини тақдим этамиз.
1. Ромуло «Верона» (Италия) 5 гол + 8 узатма = 13 очко
«Верона» ҳимоячиси Ромулонинг натижасига бизнинг ҳужумчилар ҳам хавас қилишса арзийди. 28 та учрашувда майдонга тушган ҳимоячи рақиблари дарвозаларига 5 та гол йўллаб, 8 та голга аниқ узатма берган. Ромуло Кучли бешлик чемпионатларидаги энг ҳужумкор ҳимоячилар рўйҳатида пешқадамлик қилмоқда.
2. Серж Оре «Тулуза» 5 гол + 6 узатма = 11 очко
Сенегаллик ҳимоячиси Серж Оре Франция чемпионати бошланганидан буён 5 та тўп киритишга муваффақ бўлди ва жамоадошларининг 6 та голида ўзининг аниқ тўп узатиши орқали ўз ҳиссасини қўшди. Серж Франция биринчилигади энг ҳужумкор ҳимоячи саналади.
3. Гонсало Кастро «Байер» 3 гол + 8 узатма = 11 очко
Бунделигада энг ҳужумкор ҳимоячи «Бавария» ёки «Боруссия Дортмунд» вакили эмас, «Байер» футболчиси Кастродир. Гонсало чемпионатда 3 та тўп киритиш билан биргаликда 8 та голга ассистентлик вазифасини ҳам бажариб берди. Ҳимоячилар орасида голга ҳаммуаллифлик қилиш борасида Кастро Ромуло билан биргаликда кучли бешликда етакчилик қилишмоқда.
4. Рикардо Родригес «Волфсбург» 5 гол + 4 узатма = 9 очко
«Волфсбург»нинг швейцариялик ҳимоячиси Германия бундеслигасида 5 та гол уриб, 4 та голли узатмани амалга оширди. Рикардо жамоанинг асосий «фигура»ларидан бири ҳисобланади.
5. Юто Нагатомо «Интер» 5 гол + 3 пас = 8 очко
Қитъадошимиз «Интер»нинг ўзгартирилмас футболчиси саналади. Юто 26 та учрашувда иштирок этиб, 5 та гол уради ва 3 та голга аниқ узатма берди. Нагатомо сўнгги йилларда Италия «А» сериясидаги энг ҳужумкор ҳимоячилардан бири бўлиб келмоқда.
6. Лейвин Курзава «Монако» (Франция) 5 гол + 3 пас = 8 очко
«Монако» ҳимоячиси Курзава тез-тез ҳужумларга қўшилиб туриши натижасида 5 та гол уриб, 3 та голли узатма беришга эришди. Мавсум якунигача умумий очколари сони 10 тага етса ажаб эмас.
7. Эберсон Фуртадо Ринни «Герта» (Германия) 4 гол + 4 пас = 8 очко
Бразилиялик ҳимоячилар ҳужум қилишни яхши кўришади. «Герта» футболчиси Фуртадо Ринни ҳам ана шундай ҳимоячилар сарасига киради. Эберсон чемпионат мобайнида 20 та учрашувда 4 та гол урди ва яна шунча голга ҳаммуаллифлик қилишга муваффақ бўлди.
8. Штефан Лихтштайнер «Ювентус» (Италия) 2 гол + 6 пас = 8 очко
«Ювентус»нинг ҳужумкор ҳимоячиси Лихтштайнер гол уришдан кўра голларга ассистнетлик қилишни ҳуш кўради. У мавсум мобайнида 6 марта бу ишни уддалади. Шунингдек 2 бора «кекса синори»лар рақиблари дарвозаларини ҳам аниқ «нишон»га олди.
9. Анри Бедимо «Лион» (Франция) 1 гол + 7 пас = 8 очко
Франция 1-дивизионида ҳимоячилар ҳужумларга қўшилишда анча фаоллар. «Лион» ҳимоячиси Анри Бедимо 1 тагина гол урган бўлса ҳам, 7 та голга аниқ тўп узатиши орқали ҳаммуаллифлик қилган. Анри айни пайтга келиб Францияда ҳужумкор ҳимоячилар рейтингида 3-ўринни эгаллаб келмоқда.
10. Шаеймус Коулман «Эвертон» (Англия) 6 гол + 1 пас = 7 очко
10. Даниел Васс «Эвиан» (Франция) 4 гол + 3 пас = 7о очко
10. Марсело «Реал Мадрид» (Испания) 1 гол + 6 пас = 7 очко
10. Рафиня «Бавария» (Германия) 0 гол + 7 пас = 7 очко
Рейтингнинг 10-ўринидан жой олиш учун бир йўла 4 та даъвогар ҳимоячи бор. Уларнинг барчаси гол+пас тизими бўйича 7 тадан очко олганликлари боис, биз уларнинг барчасини 10-поғонага жойлаб қўйдик. Улар орасида энг кўп гол ургани «Эвертон» ҳимоячиси Коулмандир. Шаеймус Премер-лигада 6 та голга муаллифлик қилди. Бу натижа чемпионатда ҳимоячилар орасидаги энг юқорисидир. «Эвиан» аъзоси Васс 4 та гол уриб, 3 та голга ассистентлик вазифасини бажарган. «Реал»нинг энг ҳужумкор ҳимоячиси Марсело мавсум бошидан бери чемпионатда 1 та гол уриб, 6 та голга аниқ узатмаси туфайли ҳаммуаллифлик қилган бўлса, «Бавария»нинг орқа чизиқ вакили Рафиня нақ 7 та голга аниқ узатма берган.
Юсупов Фурқат
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).