Бразилия майдонларида кечган мундиалда ғолибликни қўлга киритган Германия терма жамоаси бу зафар учун ҳалигача Марио Гётцега ташаккур айтаётган бўлса, ажаб эмас. Немисларни яна бир бор чемпион қилган бу ярим ҳимоячи сўнгги ўйиндаги биргина голи билан қаҳрамонга айланди. Таъкидлаш керак, Марио мундиалгача ҳам мухлислар орасида етарлича машҳур бўлиб улгурганди. Биз бугунги мақолада бу футболчининг шахсий ҳаёти саҳифаларига кўз югуртирамиз.
ЕТАРЛИ ДАРАЖАДА ИНЖИҚ
Мариё Гётце овқат танлаш борасида жуда инжиқ. Ўзи олмали шпецли (немисча овқат)ни яхши кўришини таъкидлаб: “Бувим қачон шу овқатни тайёрласалар, чидаб тура олмайман”, дейди. Яна бир гап, таом танлагани етмагандек, ошхона борасида ҳам диди нозик. Бу борада итальянча ошхоналар айнан Марио хоҳлаган муҳитни бера олар экан.
Бундан ташқари, қаҳрамонимиз ҳаётида мусиқа ҳам муҳим аҳамиятга эга. Буни унинг ўзи шундай изоҳлайди: “Мусиқа ҳаётимнинг бир бўлаги, усиз ҳеч бир куним ўтмайди. Қўшиқ тинглаш — кунимнинг мазмунли ўтиши учун жуда муҳим. Мен кўпроқ “R&B” ва “хип-хоп” йўналишидаги мусиқаларни тинглашни яхши кўраман”. Айтиб ўтиш жоизки, Гётце севиб тинглайдиган қўшиқларнинг аксарияти “TheWeeknd”, “Lil Wayne”, “Snoop Dogg” ва Жастин Бибер каби жаҳонга машҳур қўшиқчи ва гуруҳларга тегишли.
ФУТБОЛ ЭМАС, БАСКЕТБОЛ МУҲИМ
Дам олиш кунларини жуда фаол ўтказишга одатланган Марио спорт машғулотларини асло канда қилмайди. У, албатта, якшанба кунига саунага бориш, волейбол, теннис ўйнаш, велосипедда сайр қилиш ва сузишни режалаштириб қўяди. Умуман, Марионинг ҳаётини спорт машғулотларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу ҳам етмагандек, агар юқоридаги машғулотлардан вақт орттирганида дарҳол компьютер олдига ўтиради-да, “Playstation”да севимли клубини чемпион қилмагунча қўймайди. Шуниси қизиқки, Марионинг спортдаги кумири футболга тааллуқли шахс эмас. У теннис олами қиролларидан бири Рафаэль Надал, баскетбол безаги Кобе Брайант ва сузиш устаси Майкл Фелпсларга ҳавас қилади ва улардан ўрнак олишга интилади. Қизиғи, “Playstation” ўйнашини инобатга олмаганда, майдондан ташқарида Гётце футболни деярли эсламайди. Фикримизнинг яна бир исботи шуки, Марио телевизорда, асосан, баскетбол ўйинларини томоша қилади, ўзи “Лейкерс”га ишқибозлик қилади.
САЁҲАТ ЖОНУ ДИЛИ
Марио етарли даражада жаҳонгашта ҳисобланади. У Мальорка, Ибиса (Ўрта Ер денгизидаги ороллардан бири), шунингдек, Лас Вегас, Австралия ва Флоридада дам олиш жону дили. Жумладан, у севгилиси — германиялик Анн-Катрин Брёммель билан кетма-кет икки йил Ибиса оролида дам олиб қайтди. Гётце жаҳонгашталигига етарлича сабаб ҳам келтиради: “Профессионал футболчининг ҳаёти турар жойларини ўзгартириб туриши билан ўзгача. Қолаверса, юлдузлар бунга мажбур ҳам бўлишади. Менга айнан ана шу жиҳат ёқади. Ахир фақат меҳмонхона ва стадионни кўравериш бироз зерикарли-да. Ҳатто баъзи пайтларда стадионни кўрсам, асабим бузилиб ҳам кетади”. Гётце ўз юртида ҳам саёҳат қилишга арзигулик, энг муҳими, дидига мос жойларни ҳам танлаб бўлган. Хусусан, у Дюссельдорф шаҳрида сайр қилишни жуда ёқтиради. Бу шаҳар лаҳжасида гапириш ҳам жону дили.
“ҚЎРҚИНЧЛИ ФИЛЬМЛАРНИ КЎРМАЙМАН”
Марионинг яна бир ўзига хос характери шундаки, у кино кўришни ёқтиради ва таому ошхоналардан фарқли равишда, фильм танламайди. Бу борада ҳам мустақил фикри бор: "Кино томоша қилиш менга қувват бағишлайди. У комедия бўладими, жангари йўналишдами ёки дарамами, фарқи йўқ, муҳими, фильм яхши бўлса бўлди. Фақат қўрқинчли киноларни томоша қилмайман. Улар инсон психологиясини бузади”.
Футболчининг ёқтирган фильми — "Лаънатланган орол".
Севимли сериали — "Тахтлар ўйини".
Қолаверса, Леонардо Ди Каприо ва Натали Портманлар ижросидаги ролларни мириқиб томоша қилади.
“Немис машинаси”нинг асосий ўйинчиларидан бири ташқи кўринишига катта эътибор қаратади. "Мен замонга ҳамоҳанг равишда кийинишга интиламан. Қулайликни ёқтираман, костюм-шим кийиб, кўзойнак тақиб юришни хуш кўраман. Ҳар доим магазиндан нимадир харид қилиш — севимли машғулотим. Мен ноодатий кроссовка, кепка ва бошқа кийимларга қизиқаман", — дейди у.
Шу билан бирга, унинг мақташга арзигулик хислатлари ҳам бор. Хусусан, Марио Непал, Бразилия, Сьерра Леоне, Камбоджа ва яна тўққизта мамлакат доирасида ўтказиладиган хаста болалар ҳамда кам таъминланган оилаларга ёрдам бериш акциясида фаол иштирок этади.
ОИЛАСИ
Гётценинг отаси — Юрген Гётце Дортмунддаги Техника университети профессори. Икки акаси эса профессионал футбол вакили ҳисобланади. Ҳимоячи Фабиан Гётце учинчи лигада "Унтерхахинг" сафида тўп суради. Ҳужумчи Феликс эса эндиликда “Бавария” сафида ўйнайди.
Марионинг футбол ўйнаши ҳеч нарсага халал бермайди ва ҳеч нарса тўп тепишига тўсқинлик қилмайди. У дискотека, ресторанлар ва бошқа кўнгилочар масканларга ҳам кам бўлса-да ташриф буюриб туради.
Жаҳон чемпионатидаги голидан сўнг Марио журналистларга интервью берар экан, қуйидаги фикрларни айтиб ўтди: “Майдонга мослашишим учун менга, аслида, 12 дақиқа керак бўлади. Борди-ю шу вақт ичида мослашиб кетсам, мени ҳеч ким тўхтата олмайди. Агар аксинча бўлса... Билмадим. Ҳали аксинчаси бўлмади”.
Ўйлаймизки, юқоридаги фикрлар Марио Гётце ҳақида тўлиқроқ тасаввурга эга бўлишингизга ёрдам берди. Футболчи эса, ишонч билан айтиш мумкинки, нима бўлган тақдирда ҳам, миллионлар ўйини мухлисларининг севимли ўйинчиларидан бири бўлиб қолади.
Интернет материаллари асосида Низомжон ИСЛОМОВ тайёрлади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).