Ўзбекистон миллий терма жамоаси ушбу ҳафтада Тошкентда йиғин ташкил этади. Йиғин доирасида бир қатор футболчиларни синовдан ўтказиш кўзда тутилган. Миржалол Қосимов шогирдлари келаси ҳафтада ўқув-назорат йиғинини ўтказиш учун БААга йўл оладилар. Ушбу йиғинда бир қатор легионерларнинг сафга қўшилишлари кутилмоқда. Афсуски, тажрибали ярим ҳимоячи Одил Аҳмедов Россия премьер-лигаси доирасидаги ўйинда жароҳат олди. Миллий терма жамоамиз бош мураббийи Миржалол Қосимов билан қилган суҳбатимиз давомида бу борада маълумот олдик. Шунингдек, мулоқот давомида ўтган ҳафтада «Пахтакор» ва Тбилисининг «Динамо» клублари фахрийлари ўртасида бўлиб ўтган учрашувга ҳам тўхталиб ўтилди.
ОДИЛ АҲМЕДОВНИНГ ЖАРОҲАТИ
- Миржалол ака, «Краснодар» клуби ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов ўтган ҳафтада ЦСКАга қарши кечган баҳсда жароҳат олди. Унинг жароҳати қай даражада жиддий, шу ҳақда маълумот бера оласизми?
- Одил билан ўйин бўлиб ўтган куниёқ гаплашиб олгандик. Ўша вақтда унинг кайфияти жойида эди. Эртаси куни тиббий кўрикдан ўтгач, яна бир марта қўнғироқлашдик. УТТ натижасида унинг мушакларида зўриқиш борлиги аниқланибди. Бу унчалик хавфли жароҳат эмас, бироз дам олса, ўтиб кетади. Аммо гап шундаки, УТТ жароҳатни узил-кесил аниқлай олмайди. Бунинг учун чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтиш лозим. Афтидан якшанба куни бўлгани учун бунинг имконияти бўлмаган. Одилнинг айтишича, жароҳат олган вақтда оёғида қисирлаш бўлган, бу эса вазият бироз жиддийлигини билдиради. Умид қиламизки, чуқурлаштирилган тиббий кўрик ҳам жароҳат енгил эканини тасдиқлайди.
- Мабодо жароҳат борасидаги хавотирли шубҳалар тасдиқланса, даволаниш учун қанча вақт кетади?
- Энг ёмон ҳолатда ҳам даволаниш учун уч ҳафтадан кўп вақт кетмаслиги керак. Аввало яхши ният қилиб турайлик, Одил тезда оёққа туриб кетсин. Аслида бундай жароҳат жиддий бўлган тақдирда ҳам, футболчи уч ҳафтада сафга қайтиши керак. Одил - иродали, меҳнаткаш йигит. Жароҳатдан тузалишда бунинг аҳамияти жуда катта. Агар ўйинчи ишлашдан тўхтаб қолмаса ва яхши кайфиятда машғулотлар ўтаб турса, тезда оёққа туриб кетади. Ҳаммаси футболчининг ўзига боғлиқ.
- Демак, Одил Аҳмедов Осиё кубогида иштирок эта олади. Шундайми?
- Ҳа, шунга катта умид боғлаганмиз. Насиб қилса ҳеч қандай муаммо бўлмайди.
- Одил Аҳмедов жароҳатидан тузалгунча «Краснодар» ихтиёрида бўладими ёки Тошкентга келиши мумкинми?
- «Краснодар»да шароитлар жуда яхши, тиббиёт хизмати ҳам Европа даражасида. Шунинг учун Одилнинг бирор жойга бориб, даволаниши шарт эмас. Аҳмедов учун ўз клубида ҳамма шароитларни яратиб беришган.
ТЕРМА ЖАМОА ЙИҒИНИ
- Терма жамоа бир ҳафта давомида Тошкентда йиғин олиб боради. Ушбу йиғинда янги футболчиларни кўришимиз мумкинми?
- Ҳозирча янги ўйинчилар йўқ, аммо охирги вақтларда терма жамоага чақирилмаётган футболчилардан Лутфулла Тўраевни таркибга жалб қилганмиз. Шунингдек, Жасур Ҳасанов ҳам йиғинда иштирок этади. Жасур жароҳати бўлгани сабабли, терма жамоанинг охирги ўйинларида майдонга туша олмаган эди.
- Ушбу йиғинда легионерлар ҳам иштирок этишадими?
- Ҳа, айрим футболчиларни йиғинга чақирганмиз. Қозоғистон чемпионатидан Камолиддин Мурзоев ва Шавкат Саломов келишлари керак. Уларни синовдан ўтказишни мақсад қилганмиз. Шунингдек, 1 декабрда Анзур Исмоилов ва Темур Кападзе ҳам сафга қўшиладилар. Сервер Жепаров борасида эса вазият бироз ноаниқ бўлиб турибди. Сервер «Сеонгнам» билан Жанубий Корея кубогини қўлга киритди. Унга қўнғироқ қилиб, ғалаба билан табрикладим. Жепаров келаси ҳафтадаёқ терма жамоа йиғинига етиб келишни жуда истамоқда. Аммо гап шундаки, айни вақтда «Сеонгнам» Жанубий Корея чемпионатида бироз қийин аҳволга тушиб қолган. Клуб гарчи кубок соҳибига айланган бўлса-да, чемпионатда қуйи лигага тушиб кетмаслик учун кураш олиб бормоқда. Агар «Сеонгнам» кейинги турларда ғалабага эришса, Сервер борасида ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Аммо керакли натижа қайд эта олмаса, элитада қолиш учун қўшимча учрашувлар ўтказиши лозим бўлади. Бундай ҳолатда Сервер Жепаров фақат 12 декабрда терма жамоа ихтиёрига етиб келиши мумкин. Умид қиламизки, «Сеонгнам» барчасини тезда ҳал қилади ва футболчини терма жамоа ихтиёрига қўйиб юборади.
- Камолиддин Мурзоев ва Шавкат Саломов якунланган мавсумда Қозоғистон чемпионатида ўзларини кўрсата олишгани йўқ. Улар кўпинча «Шахтёр»нинг захира ўриндиғида қолиб кетдилар. Бу ҳақда нима дея оласиз?
- Футболда турли ҳолатлар юзага келиши мумкин. Бироқ ушбу футболчиларнинг етарли маҳоратга эга эканликларини ҳаммамиз яхши биламиз. Шунчаки баъзан турли сабабларга кўра, буни амалда намойиш эта олмасликлари мумкин. Камолиддин Мурзоев терма жамоа ҳужумидаги рақобатни кучайтириб беришига умид қиляпмиз. Шавкат Саломов ҳам шу мақсадда чақирилган. Нима бўлганда ҳам, уларни синовдан ўтказиб кўришимиз шарт.
ЎРТОҚЛИК ЎЙИНЛАРИ
- Йиғин давомида Қувайт ва Фаластин терма жамоаларига қарши ўртоқлик ўйинлари ўтказилиши режалаштирилган экан. Бу учрашувларда қандай ўйин услубини синовдан ўтказмоқчисиз?
- Биз икки хил кучга эга бўлган терма жамоаларга қарши ўйнаймиз. Бўлажак баҳсларда турлича ўйин услубини синовдан ўтказишни мақсад қилганмиз. Ҳозирча бу ҳақда очиқ гапира олмайман.
«ПАХТАКОР» - «ДИНАМО» (ТБИЛИСИ)
- Ўтган ҳафтада «Пахтакор» фахрийлари сафида Тбилисининг «Динамо» клубига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушдингиз. Ўша ўйин ҳақидаги таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.
- Жуда яхши учрашув бўлди, ёшлик дамларини ёдга олдик. Аввало ташкилотчилик учун «Пахтакор» клуби раҳбариятига миннатдорчилик билдирмоқчиман. Жамоа раҳбарлари ўртоқлик ўйини учун жуда яхши шароитларни яратиб беришди. Бунинг учун уларга раҳмат.
Учрашув жуда қизиқарли тарзда ўтди. Грузиядан Александр Чивадзе, Владимир Гуцаев, Отар Габелия каби футбол афсоналари келишди. Улар билан қизиқарли суҳбат бўлиб ўтди. Яна «Алания» сафида мен билан бирга тўп сурган Георгий Деметрадзе ва Михаил Кавелашвилилар ҳам келишди. Собиқ жамоадошларим билан Владикавказда ўтказган даврларимизни эсга олдик. Ҳаммаси жуда яхши ўтди. Бундай баҳслар жудаям керак. Фахрийлар футболига эътибор берилиши ёқимли ҳолат.
- Ўша ўйинда ўзбек футболининг яқин ўтмишдаги юлдузларини кўрдик. Аммо уларнинг спорт формалари аввалгидан бироз фарқ қиларкан. Масалан, сиз уч-тўрт марта тўпни яхши узатиб бердингиз, аммо жамоадошларингиз гол ура олишмади. Шерикларингиздан кимларнинг ўйини ёқди?
- Тбилисиликларга қарши кечган баҳсда барчамизнинг фақат устимиздаги формамиз яхши эди (кулади). Жиддий оладиган бўлсак, футболчилик фаолиятимизни якунлаганимизга анча бўлди, жисмоний ҳолатимиз ҳам аввалгидек эмас. Шундай экан, спорт формамизнинг ҳам анча пасайиши табиий ҳолат. Аммо бундай ўйинлардан мақсад буткул бошқача бўлади. Биз имкон қадар футбол ўйнадик, ёшлик даврларини ёдга олдик. Жамоадошларимнинг барчаси яхши ўйнашди, менга ёқди. Умид қиламанки, бундай учрашувлар кўпроқ ўтказиб турилади.
- Тадбир давомида бўлиб ўтган воқеалар ҳақида маълумот бера оласизми?
- Меҳмонлар келишгани заҳоти, 1979 йилда вафот этган «Пахтакор» футболчилари дафн этилган қабристонни зиёрат қилиш истагини билдиришди. Ҳаммамиз бирга қабристонга бордик, ўтганларни ёдга олдик. Бундан эллик йил олдин Тошкентда бўлиб ўтган ўйинда «Торпедо»ни мағлуб этиб, чемпионликни қўлга киритган «Динамо» футболчилари «пахтакорчилар»ни яхши танишарди. Айниқса, Александр Чивадзе улар ҳақида кўп воқеаларни айтиб берди. «Пахтакор» афсоналари ҳақида хотираларни эшитиш жуда ёқимли. Чивадзенинг айтишича, Михаил Ан аввалдан самолётда учишни ёқтирмаган экан. Парвоз вақтида самолёт атмосферадаги гирдобли ҳаракат туфайли титраб кетса, асабийлашар экан. Шунингдек, Владимир Фёдоров ҳақида ҳам кўп гаплар айтилди. Хотира - яхши нарса. Бундай учрашувлардан ўзингга кўп нарса оласан.
- Меҳмонларга Тошкентда ҳаммадан ҳам нима кўпроқ ёқди?
- Гуржилар аввал ҳам юртимизга кўп келишган. Улар ҳар доим бизнинг меҳмондўстлигимизни кўп гапиришади. Бу сафар ҳам бу истисно бўлмади, албатта, қўлдан келганича уларни меҳмон қилдик. Ҳаммалари хурсанд бўлиб қайтишди, деб ўйлайман. Яна меҳмонларга «Бунёдкор» стадиони ҳам жуда ёқди. «Алания»да бирга тўп сурган дўстларим янги ўйингоҳга қойил қолишди. «Бизнинг Грузияда ҳали бундай стадион қурилганича йўқ. Сизларга ҳавас қилса арзийди», дейишди улар. Бундай гаплар биз учун ҳам ёқимли албатта. Ўз навбатида улар ҳам бизни меҳмонга таклиф қилишди. Насиб қилса, Кутаисида жавоб учрашуви ўтказилади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).