Кириш Регистрация

STD.UZ/PAXTAKOR

Пахтакор

  • Тўлиқ номи:
  • Бош мураббий:
  • Лақаби:
  • Жамоа сардори:
  • Ташкил топган:
  • Бош ҳомий:
  • Стадион:
  • Расмий веб-сайт:
  • Сиғими:
  • Клуб формаси:
  • Клуб президенти:

Клуб хабарлари

«Пахтакор»: янги умид ёлқини ёхуд кутилган янгиликлар кетма-кетлиги

«Пахтакор» клубига боғлиқ кутилаётган жиддий ўзгаришлар ниҳоят, ўз тасдиғини топди. Аввалроқ раҳбариятда ўзгаришлар юз берганди, кейинчалик  бош мураббий лавозимига грузиялик таниқли Шота Арвеладзе тайинланди. Шунингдек, Черногория терма жамоаси аъзоси Марко Симич билан 2,5 йиллик шартнома тузилди. Хуллас, ўтган ҳафта «Пахтакор» стадионида янги бош мураббий ва ҳимоячи оммага расман таништирилди.

Таништурув маросими бошланишидан аввал ўзбек шоу-бизнеси юлдузлари ижросида концерт дастури тақдим этилди. Унда «Божалар» гуруҳи, Улуғбек Раҳматуллаев ва Манзура каби хонандалар дилтортар қўшиқлари билан чиқиш қилишди. Шундан сўнг бошловчилар - Даврон Файзиев ва Нилуфар Сотиболдиева майдонга клуб раҳбарлари - президент Бобур Шодиев, вице-президент Умид Аҳмаджонов, бош директор Дмитрий Адисман, ЎФФ Фахрийлари кенгаши раиси Наримон Жалоловни таклиф этишди. Жумладан, Наримон Жалолов «Пахтакор»нинг шонли тарихи ҳақида сўзлаб, клубга кейинги ишларида омад тилади. Кейин Шота Арвеладзе ва Марко Симич мухлислар билан ўзбек тилида саломлашишди. Мураббий ва футболчи шунингдек, йиғилганларга тўплар ва жамоа либосларини совға тариқасида улашишди. Айтиш жоиз, мураббий сифатида Туркия ҳамда Исроил клубларида фаолият кўрсатган Арвеладзе билан 1,5 йиллик шартнома расмийлаштирилди. Келишув имзолангач, клуб бош директори Дмитрий Адисман бу борада қисқача фикр билдирди: «Пахтакор» катта тарихга эга жамоа. Шота Арвеладзе шундай «олтин ҳарф»ларга бўялган жамоани қўлга олмоқда. У бунгача Европада ишлаган. Демак, клубимизда еврофутболга хос услубни жорий этишига ишонамиз».

Шундан кейин клуб президенти Бобур Шодиев янги мураббийга жамоа либосини тақдим этди. Алоҳида айтиш керак, Шота Арвеладзега европалик мутахассислар гуруҳи ёрдам беради. Хуллас, жамоа мураббийлар штабида грузиялик Гоча Ткебучава ва Арчил Арвеладзе, голландиялик Питер Хюистра ва венгриялик Ласло Ямбор ҳам фаолият олиб боришади. «Пахтакор»нинг давралар оралиғидаги биринчи янги ўйинчиси - Черногория термаси ҳимоячиси Марко Симичга келсак, у аввалги мавсум «Ростов»да ўйнади. Марко жамоанинг 55-рақамли либосини клуб крезиденти Бобур Шодиевдан қабул қилиб олгач,  мақсадлари хусусида тўхталди: «Пахтакор»дек кучли ва катта тарихга эга жамоа шарафини ҳимоя қилиш мен учун фахр. Жамоа учун бор кучимни беришга тайёрман. Ҳозирча шерикларим билан бевосита танишмадим, аммо бунга етарли вақт бор».

Ўз навбатида, Шота Арвеладзе ҳам матбуот анжуманида ўз фикрлари билан ўртоқлашди:

- Менга ишонч билдиришганидан хурсандман. Барчага раҳмат. «Пахтакор» - буюк жамоа. Таклифни қабул қилишдан олдин Тошкентга келиб, клубдаги шароитлар билан танишдим. Ўша вақтдаёқ бу ерга қайтишимни билгандим. Клуб раҳбарияти катта мақсадларга эга.

- Умуман, Ўзбекистонда иш бошлашингиз, «Пахтакор»ни танлашингизга нима туртки берди?

- Жуда яхши савол. Биринчи нав­батда, клуб раҳбариятининг жиддий таклифи ва мени жамоага олиб келишга қаттиқ бел боғлагани бош омил бўлди. Иккинчидан, клубнинг келажак режалари, мақсадлари ва ажойиб катта лойиҳаси мени қизиқтириб қўйди. Ушбу лойиҳада бевосита иштирок этишни истадим ва кучли мотивацияни сездим. «Пахтакор»ни нафақат Ўзбекистон, балки Осиёдаги энг кучли жамоага айлантиришни мақсад қилганмиз. Ишонтириб айтаман, бунинг учун катта кўламда ишлар амалга оширилади. Бундан хавотирланманг. Таклифни қабул қилишда кўп ўйлаб ўтирганим йўқ. Клубда ёрқин истиқбол борлиги кўриниб турибди. Тахминан 1 ой илгари юртингизда бўлдим ва жамоа ўйинини кўриб кетишга ҳам улгурдим. Шундан кейин ҳам «Пахтакор»нинг бир қатор ўйинларини кузатдим. Хуллас, имкон қадар жамоани ўрганишга ҳаракат қилдим. Махсус ишлаб чиққан дастуримиз мавжуд. Бу ҳақда эрта-индин билиб оласизлар. «Пахтакор» учун совриндор бўлиш эмас, доимо 1-ўринда юриш муҳим. Қисқача айтганда, дастуримизнинг асосий мезони шу. Яъни доимо биринчи бўлмоқ.

Ҳозир «Пахтакор»нинг қандай ўйнаши, тактикага боғлиқ ўзгаришлар ҳақида гапириш мавриди эмас. Бу борада иккинчи давра бошланганидан сўнг гаплашамиз. Ўшан­да мухлисларнинг ўзлари жамоа услуби билан яқиндан танишиб олишади. Фақат айтишим керак, «Пахтакор» ҳужумкор, тажовузкор ўйин услубини қўллайди. Биринчи кундан футболчиларга шуни тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Клуб академияси билан ҳамкорликда ишлаш ҳам режага киритилган. Бу борада алоҳида шуғулланамиз. Айтишим жоиз, клуб президенти барчасини тубдан ўзгартирмоқчи. Хусусан, «Пахтакор» академияси жаҳондаги  энг илғор мактаблар қаторига қўшилиши керак. Академия энг сўнгги жиҳоз ва технологиялар билан тўла таъминланади. Чунки аввало, келажак ҳақида қайғуришимиз керак. Яъни фақат легионерларга таяниб қолмасдан, маҳаллий ёшларга катта эътибор қаратиш клуб  сиёсатидир. Хуллас, яқин 1,5 йил ичида академияда улкан ўзгаришларга қўл урилади.

Ўзбек футболи ҳақида аввалдан етарли маълумотга эгалигимни айтсам, алдаган бўламан. Аммо охирги ҳафталарда жуда кўп маълумот тўпладим, бу борада менга кўмаклашишди. Ҳозирга келиб, етарли тушунчага эгаман. Бу ерда ёш иқтидорлар кўплигини кўриб турибман. Асосийси, футболчилар тўп билан муомала қилишни билишади. Техник жиҳатдан ҳам яхши кўрсаткичга эга йигитлар кўп. Муҳими, Ўзбекистонда футболни севишади.

Бу ерда ишимга ҳеч ким аралашмайди. Аксинча, кўмакка эҳтиёж сезсам, максимал даражада ёрдамлашишади.  Авваллари жамоада қандай вазият ҳукмрон бўлганини билмайман, аммо эндиликда ишимга ҳеч ким аралашмайди. Клуб раҳбарияти менга тўлиқ ишонч билдирди ва атрофимдагилар ўз ёрдамларини аямасликларини биламан. Зеро, клубда ҳамма профессионал ва ўз ишини билади.

- Марко Симични таклиф этиш ташаббуси кимдан чиқди  - клуб раҳбария­тиданми ёки сиздан?

- Биринчи навбатда, қайси чизиқда муаммо борлиги билан қизиқдим ва шунга қараб, футболчи изладим. Дастлаб Марко билан оғзаки келишувга эришдим. Кейин раҳбарият масалани ижобий ҳал қилди. Албатта, кимни олиш ёки олмаслик аввало, раҳбариятга боғлиқ. Умуман, Симичнинг жамоамизга қўшилганидан хурсандмиз.

Клуб президенти Бобур Шодиев суперклуб тузишга ваъда берган. Шунчаки, кучли жамоа эмас, балки суперклуб! «Пахтакор» тез орада супер мақомига тортадиган ҳолатга келади. Ҳозир жамоа­га фақат ғалаба керак. Ишонаманки, «Пахтакор» ҳужумкор ўйин намойиш этади. Ўз ўрнида, осон бўлмаган ўтиш пайти яхши ишлагани учун Жасур Абдураимовга миннатдорчилик билдираман.

Ҳозир таркиб ҳақида алоҳида бош қотиряпман. Ёшларни ҳам таркибга жалб этамиз, албатта. Чунки академияда яхши, иқтидорли йигитлар кўп. Натижалар ҳам чакки эмас. Ёшлар, ўсмирлар ва турли ёш тоифасидаги термаларда вакилларимиз бор. Бу академиянинг яхши ишлаётганидан далолатдир.

Шота АРВЕЛАДЗЕ

Туғилган санаси ва манзили: 22.02.1973, Тбилиси (Грузия)

Футболчилик фаолияти (ҳужумчи сифатида ўйнаган): «Март­ве» (Грузия) - 1990—1991; «Динамо» Тб. (Грузия) - 1991—1995; «Трабзонспор» (Туркия) - 1993—1994, 1995—1997; «Аякс» (Голландия) - 1997—2001; «Глазго Рейн­жерс» (Шотландия) - 2001—2005; АЗ (Голландия) -  2005—2007; «Леванте» (Испания) - 2007—2008. Фаолияти давомида 450та ўйинда 291та гол урган. Грузия терма жамоасидаги статистикаси: 60та ўйин, 26та гол

Мураббийлик фаолияти: «Қайсариспор» (Туркия) - 2010—2012; «Қосимпошо» (Туркия) - 2012—2015; «Трабзонспор» (Туркия) - 2015; «Маккаби» Т-А. (Исроил) - 2016—2017

Ютуқлари: Голландия чемпиони -1997|1998; Голландия кубоги соҳиби - 1997|1998, 1998|1999; Шотландия чемпиони - 2002|2003, 2004|2005; Шотландия кубоги соҳиби - 2001|2002, 2002|2003; Грузиянинг энг яхши футболчиси - 1994, 1998, 2007

Матбуот анжумани якунида «Пахтакор» клуби президенти Бобур Шодиев ҳам ОАВ вакиллари саволларига жавоб қайтарди.

- Жамоага янги футболчиларни олиб келиш масаласини ким ҳал қилади?

- Айни дамда жамоа қўшиб олишни истаган ўйинчилар рўйхати бор. Айнан кимларни жалб этишни эса бош мураббий мустақил ҳал этади. Бу масалада унга тўлиқ эркинлик берилган. Ҳеч ким мураббийлар фао­лиятига аралашмайди.

- Клубнинг ҳозирги молиявий ҳолати қандай? Ҳомийлар...

- Молиявий имкониятларимизни тўғрилаб олдик. Айни пайт бу масалада муаммо йўқ. Барча қарзларни ёпганмиз. Бундан кейин «Пахтакор»да пул билан боғлиқ муаммо бўлмайди. Ҳомийларга келсак, уларнинг барчаси хусусий тадбиркорлар. Таркибида бир нечта корхоналар мавжуд холдинг ҳам бор. Уларнинг соҳаси фармацевтика, суғурта ва бош­қа фаолият турлари билан боғлиқ. Шубҳасиз, юқори даражадаги клуб ташкил қиламиз. Cтадион янгидан қурилади. Яна клуб базасини тўлиқ таъмирлаш режаси бор. Бу борада лойиҳалар ўрганиб чиқилмоқда.

- Жасур Абдураимовнинг тақдири нима бўлади?

- Унинг қаерда ишлаши ўзига боғлиқ. Абдураимов биз учун керакли мутахассис. Унга катта раҳмат. Чунки жамоани оғир вазиятдан олиб чиқишни уддалади. Хуллас, Абдураимовга фаолиятини клубимизда давом эттиришини таклиф қиламиз.

Айтганча, айрим манбаларда ёзилишича, Туркиянинг «Бешиктош» клубида ўйнаётган голландиялик ҳужумчи Райан Бабель ҳам «Пахтакор»га келиши мумкин. Бу ҳақда тribuna.uz сайтига вазиятдан хабардор манба хабар берган. Эътиборлиси, Шота Арвеладзе 2012-2015 йиллар Туркия чемпионатида ишлаган ва «Қосимпошо»да Бабелга устозлик қилган. 31 ёшли Райан фаолияти давомида «Аякс» (2003-2007 йиллар), «Ливерпуль» (2007-2011 йиллар) ва «Хоффенхайм» (2011-2012 йиллар) клубларида тўп сурган. 2012 йили «Аякс»га қайтган ҳужумчи бир мавсумдан сўнг Туркия­нинг «Қосимпошо»сига йўл олиб, 2015 йилгача шу жамоа шарафини ҳимоя қилган. 2015-2016 йиллар мавсумини эса БААнинг «Ал-Айн» клубида ўтказган. 2016 йили «Депортиво» аъзоси айланган фахрий футболчи январда «Бешиктош» билан шартнома тузганди. Бабель Голландия термаси сафида 43та ўйин ўтказиб, 5та гол урган. Маълумот учун айтиш керак, transfermartkt.de сайти унинг трансферини 4,25 миллион еврога баҳоламоқда.

Яна бир маълумот: жамоа легионерлари - Юрица Бульят ва Аднан Ораховац билан тузилган шартномалар бекор қилинади. Яъни иккиси ҳам «шерлар» билан хайрлашади. «Пахтакор» стадионида реконструкция ишлари олиб борилиши сабаб, жамоа иккинчи даврада рақибларини «Жар» стадионида қабул қилиши мумкин.

Марко СИМИЧ

Туғилган санаси ва манзили: 16.06.1987, Белград (Югославия)

Амплуаси: марказий ҳимоячи

Фаолияти: «Спартак» (Болгария) - 2006—2007; «Раднички» (Сербия) - 2007;      «Младеновац» (Сербия) - 2007; «Гонвед» (Венгрия) - 2008—2009; «Бежания» (Сербия) - 2009—2010; «Ягодина» (Сербия) - 2010—2011; БАТЭ (Беларусь) - 2011—2013; «Қайсариспор» (Туркия) - 2013—2016; «Хапоэль», Т-А. (Исроил) - 2016; «Ростов» (Россия) - 2017. Черногория терма жамоасининг 21та ўйинида майдонга тушган

Совринлари: Беларусь чемпиони - 2011, 2012; Беларусь суперкубоги соҳиби – 2011

Киритилди: 28.06.2017 11:43. Ўқилди: 22720 марта. Фикрлар: 14 та.

Суперлига

ОЧЛ

A - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Ал-Айн 6 15
2 Ал-Файҳа 6 9
3 Пахтакор 6 7
4 Аҳал 6 4

Ёшлар лигаси

Ўзбекистон кубоги

G - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Арал 0 0
2 Дўстлик Тошкент 0 0
3 Пахтакор 0 0
4 Сўғдиёна 0 0

Футзал

Ҳамдўстлик кубоги

A - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Пахтакор 0 0
2 Спартак 0 0

Ўзбекистон суперкубоги

Жамоа Ў О
1 Насаф 1 3
2 Пахтакор 1 0

Суперлига. II босқич

A - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Локомотив 20 46
2 Пахтакор 20 37
3 Навбаҳор 20 31
4 Бунёдкор 20 27
5 Металлург 20 19
6 Бухоро 20 10

Про-лига

Жамоа Ў О
1 Локомотив 20 48
2 Динамо 20 41
3 Қўқон-1912 21 41
4 Машъал 22 38
5 Шўртан 21 26
6 Арал 20 26
7 Хоразм 20 22
8 Юниред 20 18
9 Навбаҳор Фарм 20 18
10 Ғиждувон 20 16
11 Андижон-SGS 20 12

Лига кубоги

B - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Қўқон-1912 3 9
2 Пахтакор 3 6
3 Локомотив 3 3
4 Бухоро 3 0

Сўнгги учрашув

30.03.2024. Суперлига. 4-тур.
19:00
Пахтакор
2-3
Сўғдиёна

Навбатдаги учрашув

Учрашув қайд этилмаган!

ЖАМОА ТАРКИБИ

© STADION.UZ
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг интернет-ОАВ гувоҳномаси №0917.

Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.