Кириш Регистрация

STD.UZ/PAXTAKOR

Пахтакор

  • Тўлиқ номи:
  • Бош мураббий:
  • Лақаби:
  • Жамоа сардори:
  • Ташкил топган:
  • Бош ҳомий:
  • Стадион:
  • Расмий веб-сайт:
  • Сиғими:
  • Клуб формаси:
  • Клуб президенти:

Клуб хабарлари

Олий лига - 2014: 4 жамоа 4 хил услуб билан

Ўзбекистон чемпионатининг охирги мавсуми аввалгиларидан бошқачароқ кечди, деб айтиш қийин. Ҳар ҳолда, бу йил ҳам одатий тарзда чемпионлик учун икки жамоа кураш олиб борди ва кўп нарса улар ўртасидаги ўзаро учрашувда ҳал бўлди. Масалан, бизда Англиядаги сингари аутсайдернинг фаворитдан очко олиши ва чемпионликдан мосуво этиши каби ҳолатлар жуда кам учрайди. Ноёб. Учраганлари ҳам ўтмишда қолиб кетди. Энди ундай марди-майдонлар қаерда, дейсиз... Майли, ўтмишни эслашни бас қилайлик. Қўйиб берса, ҳозир биргина «Нефтчи» ҳақида икки соат гапириш мумкин. Энди ҳамманинг тилида «Пахтакор». Аммо «темирйўлчилар» стадионида бўлиб ўтган олий лиганинг ҳал қилувчи учрашувида «Пахтакор» эмас, «Локомотив»нинг қўли баланд келганида, ҳаммаси бошқача тус олиши ҳеч гап эмасди. Кўп нарса битта ўйинда ойдинлашадиган чемпионатимизда эса бундай хатолар кечирилмайди. Оқибатда, «Локомотив»нинг тилдан қолишига тўғри келди...

ТИЛДАН ҚОЛГАН «ЛОКОМОТИВ»

«Локомотив» мана, 3 йил давомида тилдан тушмади. Афсуски, «темирйўлчилар» мавсум давомида кўрсатган ўйинлари эмас, балки старт олдидан қилган харидлари билан танилдилар. Бевосита чемпионат ўйинларига келганда эса, «Локомотив»нинг тилдан қолишига тўғри келди. Яхши ҳамки, кубок турнири бор экан, «Локомотив» лоақал бу борада ўзбек футболи «локомотиви» бўлиш имкониятини топди. «Футболда ҳамма нарсани пул ҳал қилавермайди», деган гап азалдан бор. Анча сийқаси чиққан ҳам. Агарда бу гапни «Реал», «Барселона», «Челси» ва «Манчестер Сити» каби клубларга нисбатан айтсангиз, истеҳзо аралаш кулгуга қолишингиз ҳеч гап эмас. Улар бу гапнинг тескарисини аллақачон исботлаб қўйганлар. Ҳозирча бу фақат «Манчестер Юнайтед»нинг қўлидан келмаяпти. Бояқиш манкунианликлар пулни керакли жойга сарфлай олмаяптилар, шекилли, «МЮ» қанча ўйинчи сотиб олмасин, барибир, тайинли ғалабага эришолмаяпти.

Майли, қўйинг ўша инглиз футболини. Яхшиси, ўзимизга қайтайлик. Пулни керак жойга сарфламаслик қандай оқибатларга олиб келишини мана, «Локомотив» ҳам кўрсатиб қўймоқда. «Темирйўлчилар» 3 йилдирки, чемпион бўлиш учун катта пул сарфламоқдалар. Аммо натижа йўқ. Бу кетишда натижа бўлиши ҳам қийин, шекилли. Аввал кўзга кўринган футболчи борки, ҳаммасини йиғиб олиб, сўнгра мураббий олиб келиб, яхши жамоа тузишни талаб қилиш - унчалик тўғри иш эмас. Ҳатто ўша мураббий Вадим Карленович Абрамов бўлган тақдирда ҳам...

Вадим Абрамов фаолияти давомида бирорта совринга эришолмаган жамоани ғалабалар сари етаклаб келиши керак эди. Аммо ҳамма гап шундаки, унинг ўзи шу вақтга қадар бирорта соврин ютиб олмаганди. Парадоксни кўряпсизми? Мана энди «икки ёрти бир бутун» бўлиб, ғалабалар сари интилмоқда. Ҳайтовур, шунча қилинган меҳнат бесамар кетмади ва ўтган ҳафта «Локомотив» Ўзбекистон кубогини қўлга киритди. Бу билан «темирйўлчилар»ни табриклаш мумкин. Аммо ҳамма гап шундаки, биз бугун кубок эмас, чемпионат ўйинлари ҳақида мулоҳаза юритишга келишиб олган эдик. Шундай экан, келинг, «Локомотив» учун бироз кўнгилсиз бўлган мавзуда гапимизни тугатиб олайлик.

Гарчи Абрамов мураббийлик фаолия­ти давомида бирорта соврин ютмаган бўлса-да, «Локомотив»га келгунига қадар Ўзбекистонда ундан обрўли мураббий йўқ эди. Бунга сабаб мураббийнинг терма жамоадаги фаолияти эканини кўп айтиш шарт эмас. Дарҳақиқат, Вадим Карленович Ўзбекистон миллий жамоасини бошқарган вақтлар ажойиб иш олиб борди ва ёрқин ўйин намойиш қилди. Осиё кубогида ярим финалга қадар борди. Энг муҳими - у бошқарган футболчилар кўзларида ўт кўринди. Айнан шу хислатга кўра, мураббийни мухлислар яхши кўрадилар. Шу сабабли, Вадим Абрамов «темирйўлчилар» бошқарувига келгач, ҳамма ундан мўъжиза кутди. Бироқ нима бўлган тақдирда ҳам,  у-да оддий одам экан, «Локо» барибир, чемпионлик рутбасига чиқолмади.

Афтидан, келаси мавсум «темирйўлчилар» бошқача ишламасалар бўлмайди, чоғи. Кубокми? Жуда катта мақсадларни ўз олдига қўйган жамоа учун битта биллур соврин билан чекланиб қолиш ярашмаса керак...

«ПАХТАКОР» - БАСТАКОР

Яқин ўтмишда «халқ жамоаси» сифатида улуғланган, аммо кейинчалик, ҳар бир вилоятнинг ўз клуби пайдо бўлгач, бу мақомдан айрилган «Пахтакор» жорий йилги мавсум буткул янгича кўринишда чемпионат даврасига чиқди. Йўқ, бу ўринда қандайдир янги либос назарда тутилмаяпти. Экипировка бобида «Пахтакор» оригиналликни сақлаб турибди, баъзи жамоалар йил ўтгани сари либоси рангини ўзгартиришса, пойтахтликлар неча йилдирки, сариқ рангга содиқ қолмоқдалар. Бунинг учун жамоага ҳар қанча қойил қолса арзийди. «Янгича» деганда эса, буткул бошқа нарса назарда тутилмоқда. Хабарингиз бор, бу йил «Пахтакор» мавсумни бош мураббийсиз бошлади. Яъни бу лавозим ўрнига бошқаси - менежерлик жорий этилди. Агарда кимдир бехабар бўлса, айтамиз - менежер нафақат жамоа ўйин услуби ва машғулотларини белгилаб беради, балки клуб бошқарувини ҳам тўлиқ ўз қўлида ушлаб туради. Яъни - катта бошлиқ. Самвел Бабаян «Пахтакор»да мана шундай ишлади ва клуб чемпионлик тахтига кўтарилди. Аммо инсоф юзасидан айтиш лозим, бу чемпионликда танганинг олд томони бўлганидек, орқаси ҳам бор.

Бир томондан олиб қараганда, «Пахтакор» ёш футболчиларга таяниб, ажойиб ўйин намойиш қилди ва чемпионликни қўлга киритди. Бу борада клубга ҳар қанча эҳтиром кўрсатса арзийди. Жамоа яхши натижага эришиш баробарида ёшларни ҳам тарбия­лаб бермоқда. Ўзбек футболига бундан ортиқ хизмат борми?

Аммо шу билан бирга масум давомида баъзи ўйинлар ҳам кузатилдики, мухлисларда нохуш кайфият туғдирди. Хусусан, «Навбаҳор»га қарши кечган ҳар икки ўйин. Уларнинг иккиси ҳам деярли бир хил сценарий остида ўтди. Шиддат, кескин кураш ва яна шиддат.  Тошкентда ҳам, Наманганда ҳам гўёки, дуранг натижа сақланиб қоладигандек туюлган пайт эса, «шерлар» ғалабани илиб кетдилар. Ҳар икки сафар пенальтидан урилган голлар ҳисобига. Футболда охирги дақиқаларда қўлга киритилган ғалаба тотлироқ бўлади. Фақат, тасодифни қарангки, ҳар икки учрашувда «Навбаҳор»нинг Юрий Рижко аталмиш легионери «Пахтакор» футболчисига қўполлик ишлатиб, пенальти белгиланишига асос берди. Агар бу ҳолат чиндан ҳам, тасодиф бўлса, унда ушбу сценарий бемалол Голливуд фильмига тортади. Ишончим комил, ажойиб фильм яратилиши мумкин. Мистик руҳда, албатта...

«НАСАФ»НИНГ ВАЖОҲАТИ

«Насаф» бундан 5 йил олдин Ўзбекистонда чемпион бўлишга даъвогар, аммо бу ишни уддалай олишига кўпчилик ишонмайдиган жамоа эди. Айтиш мумкинки, ҳозир ҳам клуб ўша рутбасини сақлаб турибди. «Насаф» ҳамон юртимизнинг кучли клубларидан ҳисобланади, аммо чемпионлик тахтига чиқиши кишида шубҳа уйғотади. Бу борада клуб ўзгаргани йўқ. Аммо шу билан бирга инсоф юзасидан айтиш лозим, жамоанинг умумий ҳолати анча бошқача бўлди. Бундан 5 йил олдин клубни украиналик мураббий Анатолий Демьяненко бошқарарди, молия­вий шарт-шароитлар ҳам шунга яраша эди. «Насаф»да жуда Ривалдо бўлмаса ҳам, бир қатор кучли легионерлар тўп сурардилар. Айтайлик, Латвия терма жамоаси етакчиларидан бири - Переплёткинс. Шундан буён анча сув оқиб ўтди ва «Насаф»нинг илгариги молиявий қудрати ҳам ўша сувга қўшилиб оқиб кетди. Ҳозирги «Насаф» - анча камтар клуб. Жамоа аввалгидек кучли легионерларни ўз таркибига жалб қилолмайди ва фақат Артур Геворкяннинг хизмати билан чекланишга мажбур. Бироқ шу билан бирга «Насаф» бошқа бир кучли жиҳатни шакллантирди. Энди жамоада садоқатли мураббий ва барқарор таркиб бор. Энг муҳими - мураббий ҳам, футболчилар ҳам ўзимиздан. Бир сўз билан айтганда, «Насаф» легионерларга  эҳтиёж сезмаётган клуб ва терма жамоага ҳам футболчилар етказиб бермоқда. Бунинг учун алоҳида тасанно!

Аммо ҳозирги ҳолатнинг ўзига хос ижобий томонлари билан бирга салбий жиҳатлари борлигини инкор этмаслик лозим. «Насаф» учун айни таркиб олий лигада кураш олиб бориш учун етарлидир, аммо халқаро мусобақалар учун анча кучсизлик қилади. Биз бунинг исботини 2012 йилда кўрган эдик. Ўшанда «Насаф» Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида 6та ўйин ўтказиб, бор-йўғи бир очко олган эди. Боз устига, бу мавсум бошида ҳам «Насаф» бизни хурсанд қилолмади. Рўзиқул Бердиев бошчилигидаги клуб ОЧЛ саралашида «Ал-Жаиш»дан йирик ҳисобда мағлубиятга учради ва гуруҳ босқичига чиқолмади. Бу эса яхши биламизки, ўзбек футболи обрўсига хизмат қилмаслиги аниқ.

Афтидан, Рўзиқул Бердиевнинг ўзи ҳам буни яхши ҳис қилиб турибди, шекилли. Чунки мураббий яқинда берган интервьюсида келаси йил ОЧЛ учун таркибни кучайтириш зарурияти борлигини таъкидлаб ўтди. «Насаф»нинг ҳозирча омади келиб турибди, жамоа Ўзбекистон чемпионатида 3-ўринни олди ва энди Чемпионлар Лигасида яна бир бор омадини синаб кўради. Умид қиламизки, «Насаф» бу сафар кутилган умидларни оқлайди.

ПАСТЛАБ УЧГАН «ҚАЛДИРҒОЧ»

Якунлаган мавсум «Бунёдкор» учун жуда ва жуда омадсиз келди. Жамоа ўз тарихи давомида илк марта совринсиз қолди. Сергей Лушан шогирдларининг сўнгги умидлари Ўзбекистон кубоги эди. Аммо бу кубок «Локомотив»га кўпроқ керак экан, қўшимча бўлимларда ғалаба бой берилди. Оқибатда «қалдирғочлар» илк марта мавсумни ҳеч қандай ғалабасиз якунлашди. Аммо бу ҳолат клубнинг шаштини пасайтириб қўймаслиги керак. Чунки кўтарилишлар ва пасайишлар ҳар қандай клубда кузатилади. Энг муҳими - жамоа ривожланишдан тўхтаб қолмаслиги керак. Ҳозир «Бунёдкор» қайта шаклланиш даврини бошдан кечирмоқда. Клуб тўлиқ ёшларга ишонч билдирмоқда ва бош мураббий Сергей Лушаннинг қарашлари ҳам анча умидбахш. Мураббий ёшлар билан ишлаб, Европа услубида тўп сурадиган, кучли «прессинг»га асосланган жамоа ташкил этмоқчи. Бу - Сергей Лушан томонидан айтилган гаплар. Умид қиламизки, мураббий ўз қарашларини амалга ошириши учун клуб раҳбарияти унга имкон ва вақт беради. Бундан қандай натижа чиқишини олдиндан айтиш мушкул-ку, аммо тан олайлик, мураббийнинг ишини кузатиш анча қизиқарли.

Аслида «Бунёдкор» тутган йўл ўзбек футболи учун янгилик эмас. Ёдингиздами, бундан 2-3 йил муқаддам «Пахтакор» борасида худди шундай гаплар айтиларди. «Пахтакор» ҳам ёшларга ишонч билдиргани туфайли бир неча йил чемпионликни қўлга киритолмай келди. Вазият шу қадар танг­лашдики, «Пахтакор» ёшлари мудом «ёш» бўлиб қолаверадиларми, жамоа қачон олтин медаль ютади? Ҳар йили шу гап» - қабилида норозиликларни ҳам эшитиб қолардик. Клуб бунга эътибор қаратмай, ишлашда давом этди ва ниҳоят, ўз олдига қўйилган мақсадга эришди.

Ҳозирда «Бунёдкор» ҳам худди шундай йўлдан кетмоқда. Бу йўл қандай натижага олиб боришини эса, фақат мавсум охирида билишимиз мумкин. Бизнинг билганимиз шуки, ёшлар билан натижага эришиш учун, аввало, уларни барқарор ўйнашга ўргатиш лозим. Бунисини энди Сергей Лушан исботлаб бериши керак. Агар исботлай олса, ундан яхши мураббий йўқ. Мабодо бу иш қўлидан келмаса...  Келинг, яхшиси бу ҳақда индамай тура қолайлик.

Киритилди: 21.11.2014 01:43. Ўқилди: 7785 марта. Фикрлар: 5 та.

Суперлига

ОЧЛ

A - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Ал-Айн 6 15
2 Ал-Файҳа 6 9
3 Пахтакор 6 7
4 Аҳал 6 4

Ёшлар лигаси

Ўзбекистон кубоги

G - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Арал 0 0
2 Дўстлик Тошкент 0 0
3 Пахтакор 0 0
4 Сўғдиёна 0 0

Футзал

Ҳамдўстлик кубоги

A - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Пахтакор 0 0
2 Спартак 0 0

Ўзбекистон суперкубоги

Жамоа Ў О
1 Насаф 1 3
2 Пахтакор 1 0

Суперлига. II босқич

A - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Локомотив 20 46
2 Пахтакор 20 37
3 Навбаҳор 20 31
4 Бунёдкор 20 27
5 Металлург 20 19
6 Бухоро 20 10

Про-лига

Жамоа Ў О
1 Локомотив 20 48
2 Динамо 20 41
3 Қўқон-1912 21 41
4 Машъал 22 38
5 Шўртан 21 26
6 Арал 20 26
7 Хоразм 20 22
8 Юниред 20 18
9 Навбаҳор Фарм 20 18
10 Ғиждувон 20 16
11 Андижон-SGS 20 12

Лига кубоги

B - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Қўқон-1912 3 9
2 Пахтакор 3 6
3 Локомотив 3 3
4 Бухоро 3 0

Сўнгги учрашув

30.03.2024. Суперлига. 4-тур.
19:00
Пахтакор
2-3
Сўғдиёна

Навбатдаги учрашув

Учрашув қайд этилмаган!

ЖАМОА ТАРКИБИ

© STADION.UZ
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг интернет-ОАВ гувоҳномаси №0917.

Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.