Обамеянг топ-клубга қайтмоқчи
Кўпчилик экспертлар фикрича, «Арсенал», «Барселона» ва «Челси» клублари ҳужум чизиғини кучайтиришлари лозим.
Қизиғи шундаки, Пьер-Эмерик Обамеянг бу жамоаларнинг барчасида тўп сурган ва улар кейинчалик футболчи хизматидан воз кечишган. Қаердадир бунга ҳужумчининг ўзи сабабчи бўлган, бошқа ҳолатларда кўп жиҳатлар унга боғлиқ бўлмаган.
34 ёшли габонлик ҳужумчи ҳозир «Марсель» таркибида майдонга тушган ҳолда ўз фаолиятини тиклаш баробарида бир неча йилдан бери эшитаётган танқидларга барҳам беришга интилмоқда.
Пьер-Эмерик - анчайин мураккаб табиатли йигит. Дортмунднинг «Боруссия»си турли жанжаллар туфайли уни бир неча марта таркибдан четлатганди. Охир-оқибат, футболчи норози кайфиятда жамоани тарк этган, «Боруссия» эса унинг эвазига 64 миллион евро ишлаб олганди. Яъни, шунча маблағ эвазига «Арсенал» сафига ўтганди. Обамеянг Лондондаги дастлабки 2 мавсумни сермаҳсул ўтказиб, АПЛ доирасида 44та гол урди. Бироқ кейинчалик у «тўпчилар» бош мураббийи Микель Артета билан келиша олмай, кетишга мажбур бўлди.
Шу сабабли ҳужумчи «Барселона» таркибидан жой олди. Каталония гранди сафида атиги ярим мавсум тўп сурган бўлсада, Пьер-Эмерик Ла Лига доирасидаги 17 учрашувда рақиблари дарвозасини 11 марта ишғол этишга улгурди. Лекин тез орада вазият қурбонига айланиб, «қисқартириш» рўйхатига тушди. Чунки каталонияликлар янги футболчиларни харид қилиш мақсадида ундан воз кечишга қарор қилишганди.
«Барселона»дан Лондонга қайтган футболчи энди Томас Тухелнинг «Челси»сига ўтди. Аксига олиб, бир неча кундан кейин германиялик мутахассисни истеъфога чиқаришди, унинг ўрнига келган Грэм Поттер эса Обамеянгга ишонч билдирмади. Натижада габонлик футболчи ўтган мавсумда деярли ишсиз қолди, АПЛ доирасидаги 15та ўйинда бор-йўғи битта гол урди. Боиси, ўша учрашувларда мураббий уни ўртача 36 дақиқадан майдонга туширганди. Бундан ташқари, Поттер Обамеянгни ЕЧЛнинг плей-офф босқичида ҳам майдонга туширмади. Футболчи учун бу ўта кучли зарба бўлди. Чунки, Поттердан кейин келган мураббийлар даврида ҳам вазият ўзгармади. Якунда Пьер-Эмерик мавсумнинг якуний 5та турида ҳатто рўйхатдан ҳам четда қолди. Ваҳоланки, «кўклар» у учун 12 млн. евродан воз кечишганди.
Обамеянгнинг ёши, ўша пайтдаги обрў-эътибори ва омадсиз мавсумини инобатга олганда, кейинги фаолияти олдиндан маълум эди. Саудия клублари унга нисбатан номдорроқ футболчиларни харид қилишга улгуришганди. Европадаги муаммолардан қатъий назар, габонлик афсона Осиёда юлдуз мақомида тўп суриши мумкин эди. Бироқ футболчининг ўзи бу вариантни маъқул кўрмади. У юксак савияни намойиш этиб, уни барвақт нафақага чиқармоқчи бўлишганини исботлаш ниятида эди. Бироқ клуб танлашда мантиққа зид вариант бўлган «Марсел»ни танлади. Тез орада топ-лигалар бешлигидаги бебурд жамоалардан бири фаолиятини тиклашга интилаётган ҳужумчи учун мос эмаслиги аён бўлди. Айниқса, Пьер-Эмерик ўзига хос табиат соҳиби эканлигини инобатга олганда.
Обамеянгнинг «Марсел»даги иштироки рисоладагидек бошланди. «Панатинаикос»га қарши ЕЧЛ саралаш босқичидаги беллашувда у дублга эришди, Лига1 доирасидаги «Мец»га қарши ўйинда самарали узатма муаллифи бўлди, ЕЛ гуруҳ босқичининг 1-турида «Аякс» дарвозасини 2 марта ишғол этди. лекин айни ўша кунларда клубда турли тартибсизликлар юз бера бошлади. Жумладан, мухлислар жамоа бош мураббийи Марселинони ҳайдаб юборишди, раҳбариятни эса дўқ-пўписалар билан қўрқитишди. Натижада жамоа мураббийсиз қолди, яна озгина босим бўлганида, президент ҳам кетган бўларди. Қисқаси, мавсум стартида «Марсель» ҳалокат хавфи остида қолганди. Бироқ вақт ўтиши билан кескинлик бир оз пасайди.
Барча жамоадошлари қаторида Обамеянг ҳам «Велодром» мухлисларининг меҳмондўстлигига гувоҳ бўлди. Мухлислар рақиб жамоа вакилларини ҳам, ўз футболчиларини ҳам кучли ҳуштакбозлик билан кутиб олишарди. Икки марта 4тадан самарасиз учрашувлар сериясидан кейин ҳужумчи ҳам таъна-тазйиқлардан бенасиб қолмади. Қўшимчасига, клуб афсоналари ҳам габонлик ҳужумчини аяб ўтиришмади, ношуд ва дангаса қария сифатида танқид қилишди. Якунда мураббийлар штаби жамоани тарк этди, раҳбарият ҳар қандай ёмонликдан қайтмайдиган мухлислар билан музокарага киришди.
Провансаллар шунчалик хатарли вазиятда жамоани фақат ақлдан озган (яхши маънода) мураббий бошқара олади, деган қарорга келишди ва Женнаро Гаттузони таклиф этишди. Чунки футболчилик давридаги қизиққонлигини йўқотмаган Рино инқирозли «Милан»ни тиклаган, «Наполи», «Валенсия»дек клубларнинг нозиктаъб раҳбарлари билан тил топиша олганди. Италиялик мутахассис ҳеч қачон осон йўлни қидирмайдиганлар тоифасидан эканлигини чўкиб бораётган «кўршапалаклар»ни қутқара олгани тасдиқлайди. Демак, «Марсел»ни ҳам фақат у жиловлаши мумкин.
Клуб президенти ва Гаттузо томонидан билдирилган ишончдан руҳланган Обамеянг ўзини янада тетик ҳис эта бошлади ва ноябрь охиридаги беллашувда «Аякс» дарвозасини 3 марта ишғол этди. Шундан бери у ўйин суръатини тобора ошириб бормоқда, майдонни гол ёки ассистсиз тарк этмаяпти. Ҳозирда унинг ҳисобида 5та гол ва 7та самарали узатма бор. «Марсель» эса қаторасига 4та учрашувни ғалаба билан якунлади. Бундан ташқари, Пьер-Эмерик ЕЛда 5та ва ЕЧЛнинг саралаш босқичида 2та голни расмийлаштирди. Шу тариқа унинг барча мусобақалардаги голлари 12тага етди. Сермаҳсуллик бобида у Роберт Левандовски (10), Николас Жексон (8) ва Габриэль Жезус (7)лардан ўзиб кетди. Бу футболчилар ҳозир габонлик касбдошлари ўйнаган жамоаларда тўп суришмоқда. Бу билан Обамеянгнинг собиқ жамоалари уни қўйиб юбориш билан жиддий хатога йўл қўйишди, деган фикрдан йироқмиз. Лекин у билан тўғри муносабатда бўлганларида, нисбатан кўпроқ манфаатга эришган бўлар эдилар.
Женнаро Гаттузо эса қўрс, ўжар табиатли ўйинчилар билан ишлаш илмини пухта эгаллагани боис, яхши натижаларга эришмоқда. Энди Обамеянг чиндан ҳам «Велодром»да ўз фаолиятини қайтадан тиклаётган ўйинчига айланди.
МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади