А серия. «Наполи» ўз уйида «Фиорентина»га ютқазди (видеошарҳ)

А серия. «Наполи» ўз уйида «Фиорентина»га ютқазди (видеошарҳ)

Женнаро Гаттузо бошчилигидаги "Наполи"нинг "кетмони" учмаяпти. Жамоа италиялик мутахассис бошқарувида Италия А сериясида 5та ўйинда майдонга тушиб, тўрттасида имкониятни бой берди.

"Фиорентина" Неаполга ташриф буюриб, сафардан 3 очко билан қайтди. Баҳснинг 26-дақиқасида меҳмонлар ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Амалга оширилган чиройли комбинацияни Федерико Кьеза самарали якунлади.

Умуман олганда, ўйин қарама-қарши ҳужумлар остида кечди. Баъзи вазиятларда "Наполи"га омад етишмади. Жумладан, Кальехон яккама-якка вазиятда дарвозани ишғол қила олмаган бўлса, Лоренцо Инсинье зарбасидан кейин тўп тўсинга тегиб қайтди.

Ўз навбатида неаполликлар дарвозабони ҳам бир неча марта маҳорат кўрсатишга муваффақ бўлди. Шунга қарамай, ўйин тугашига 16 дақиқа қолганида Душан Влахович жарима майдони ичида тўпни қабул қилиб, ажойиб зарба билан иккинчи тўпни рақиб дарвозасига жойлади.

Ушбу ғалабадан кейин "Фиорентина" ўз очколарини 24тага етказиб, "Наполи" билан тенглашиб олди. Бу жамоалар жадвалда 11 ва 12-ўринларни эгаллаб туришибди.

Италия чемпионати, 20-тур
Наполи – Фиорентина 0:2 (0:1, 0:1)
Голлар: 0:1 – 26 Кьеза, 0:2 – 74 Влахович.
Наполи – Оспина, Ди Лоренцо, Манолас, Луперто, Хюсай, Зелиньски (Лосано, 64), Аллан (Демме, 56), Кальехон (Льоренте, 75), Фабиан Руис, Инсинье, Милик.
Фиорентина – Дронговски, Лирола, Касерес, Миленкович, Далберт (Чеккерини, 87), Пульгар, Кастровилли, Кьеза (Соттиль, 78), Бенасси, Пеццелья, Кутроне (Влахович, 66).
Огоҳлантиришлар: Хюсай (61), Демме (66), Далберт (84).


Манба: www.stadion.uz.
07:54, 19.01.2020
Фикрлар ёпилди