Фредерик Карлтон «Карл» Льюис болалик пайтида даставвал спорт билан эмас, балки мусиқа билан шуғулланган. Кунларнинг бирида у ҳовлига чиқиб, 29 фут ва 2,5 дюйм (8 метр 90 сантиметр) узунликни ўлчаб, маррадаги ерга ёпишқоқ тасмани ёпиштириб қўйди. Ўша пайтда жаҳоннинг энг номдор спортчилари ҳам бу масофага сакрай олмасди. Аммо Карл шу масофани забт этиш учун тинимсиз машқ қилишни бошлаб юборди.
Карлга унинг ота-онаси спортчилар оиласи бўлганлиги ҳам қўл келди. Карлнинг отаси маҳаллий университетда енгил атлетикачилар тренери бўлиб ишларди, онаси эса 1951 йилда Панамерика ўйинларида тўсиқлар оша югуриш мусобақаларида иштирок этган эди. Тўғри, спорт билан шуғулланишга ота-онаси эмас, балки шифокорлар тавсия беришган. Чунки ўсмир жуда ориқ бўлган.
Ҳовлидаги машқллардан кейин нима содир бўлгани жаҳон спорти тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилди. Карл Льюис бешта Олимпия ўйинларида иштирок этиб, 10 та медални қўлга киритган. У, шунингдек ўн марта жаҳон чемпионатларида иштирок этиб, енгил атлетиканинг бир неча турларида жаҳон рекордларини ўрнатган. 17 йил давомида расмий мусобақаларда иштирок этган спортчи “Аср олимпиячиси”, “Қирол Карл”, Юз йилликнинг энг яхши спортчиси” ва “Шамол ўғлони” деб эътироф этилган.
Карл Льюиснинг ноёблиги шундан иборатки, у тўртта Олимпиадада енгил атлетиканинг 10 та дастурида иштирок этиб, 9 та олтин медални ва фақат битта кумуш медални қўлга киритган. Олимпия ўйинларида Карл Льюисни фақат бир марта – 1988 йилда Сеулда 200 метрга югуришда Олимпиада рекордини ўрнатган Жо Делоач орқада қолдира олган. Ғолиб бу масофада 19,75 сония натижасини кўрсатган бўлса, кумуш медаль соҳиби 19,79 сонияда маррага келган.
Америкалик спортчи кетма-кет уч марта – 1982, 1983 ва 1984 йиллада жаҳоннинг энг яхши енгил атлетикачиси деб эълон қилинган. 1996 йилда у Австрия шаҳзодаси соврини лауреати бўлган. Халқаро Олимпия қўмитаси америкалик енгил атлетикачини “Аср спортчиси” деб эълон қилган. Карл Льюиснинг сиймоси ҳатто Озарбайжоннинг почта маркасида муҳрланган.
Бугунги кунда у Карл Льюис ҳайрия жамғармасини ташкил этган. Жамғарма маблағлари ҳам ёшлар, ҳам катта ёшдагиларни енгил атлетика билан шуғулланишга ёрдам беришга ва бу билан ўз саломатликларини мустаҳкамлаш, имкониятларини кенгайтиришга сарфланмоқда.