ЖЧ-2022 совринлари
Ушбу жаҳон чемпионати учун ФИФА қуйидаги жамоавий ва шахсий унвон ҳамда мукофотларни жорий қилган:
Жаҳон кубоги
- Мусобақа ғолибига финал ўйинидан сўнг ЖЧ кубоги совринини ФИФА президенти топширади. Чемпион жамоа Қатардан мазкур Кубок билан ўз мамлакатига қайтади. Кубокка ғолиб жамоа номи ўйиб ёзилади.
- Жаҳон кубоги ФИФА мулки ҳисобланади. Ғолиб давлат мазкур совринни бус-бутун сақлаш учун жавобгар ҳисобланади. Талаб қилинган пайтда уни ФИФАга қайтаради.
- Ғолиб жамоанинг ҳар бир аъзосига жаҳон кубогининг кичрайтирилган нусхаси тақдим этилади.
- Мусобақада биринчи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи ўринни эгаллаган жамоа аъзоларига ФИФАнинг махсус дипломи топширилади.
- Мусобақада дастлабки 3 та ўринни эгаллаган жамоанинг ҳар бир аъзосига (50 комплект) олтин, кумуш ва бронза медаллари тақдим этилади.
- Шунингдек, финал ва 3-ўрин учун баҳсда иштирок этган ҳар бир расмий шахсга бир донадан медаллар тақдим этилади.
Fair Play («Ҳалол ўйин») соврини.
Ушбу соврин мусобақа давомида махсус регламент асосида аниқланади ва уни қўлга киритган жамоанинг ҳар бир аъзоси ва расмий шахслари диплом билан тақдирланади. Бундан ташқари миллий футбол федерацияга 50 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот пули берилади.
Олтин, кумуш ва бронза бутсалар:
- Олтин бутса мусобақада энг кўп гол урган футболчига берилади. Агар икки ёки ундан кўп футболчиларнинг урган голлари сони тенг бўлса, унда ҳар бир футболчининг голларга ассистентлик қилгани (бу ФИФАнинг махсус техник гуруҳи томонидан ҳисобланади) инобатга олинади. Шунда ҳам ғолиб аниқланмаса, футболчиларнинг майдонда ўтказган вақти ҳисобланади ва майдонда энг кам вақт ўйнаган футболчи ғолиб деб топилади.
- Кумуш ва бронза бутсалар соҳиблари тўпурарлар баҳсида иккинчи ва учинчи ўринларга эгаллаган футболчиларга берилади.
Олтин, кумуш ва бронза тўплар:
- Олтин тўп мусобақанинг энг яхши футболчиси деб топилган ўйинчига топширилади. Сўровда иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган футболчиларга кумуш ва бронза тўплари топширилади.
Олтин қўлқоп
- ФИФАнинг илмий-техник гуруҳи хулосасига энг яхши дарвозабонга тақдим этилади.
Энг яхши ёш футболчи
- ФИФАнинг илмий-техник гуруҳи хулосасига кўра аниқланади.