Кирилл Погребняк – «Локомотив», акалари, ўзбек футболи ва Андрей Фёдоров ҳақида
“Локомотив”га ушбу мавсум келиб қўшилган Кирилл Погребнякдан катта интервю олдик.
– Кирилл, карантин пайтида нималар билан бандсиз? Нималар билан шуғулланяпсиз?
– Бизда карантин якунланмоқда. Яқин кунларда биз бундан чиқиб, олдингидек ҳаёт кечиришимиз мумкин. Ҳозир эса вақтни зое ўтказмоқчи эмасман. Машғулотлар билан бандман, шунингдек, шундай пайтларда одам ўз кучсиз томонларини кучайтириб олиш учун ажойиб палла. Ундан ташқари, Ёутубе томоша қиляпман, кўп ўқияпман ва инглизчани ўрганяпман. Умуман олганда фойдали ишлар билан бандман.
– Youtube'да нималар томоша қиласиз?
– Биласизми, менга турли хил интервьюлар ёқади. Масалан, Дудя. Яна нима? Авто-тематика. Автомобиллар ва шунга ўхшаш. Шунингдек, менга молиявий каналлар ҳам ёқади, яъни, иқтисодий мавзу, бунга ҳам қизиқишим бор. Инвестициялар ва молия мавзусида чуқурлашишни ёқтираман.
– Молия — бу сизнинг шахсий қизиқишингизми ёки футболдан кейинги келажак учунми?
– Ҳозирги пайтда шахсий қизиқиш. Бироқ келажакда нималар бўлишини ким билибди дейсиз.
– Изоляция қандай таъсир қилди? Қайси кунга келиб, сиз зерикаётганингизни ҳис қилдингиз?
– Айтишим мумкинки, бунга тез кўникдим. Масалан илк ҳафта тушунарли, бунга одам энди мослашаётган бўлади ва нормал ҳаёт кечиради, ўзингизга янги саргузаштлар қидирасиз, бироқ ушбу ҳолатга бошқа томондан қараса, миядан шундай ҳаёллар ўтишни бошлайди: “Мен нима қиляпман ўзи?”. Ундан ташқари, бу ерда бир ўзимман, оилам ҳозирда Москвада. Бу ҳам бир минус. Ҳар бир ўтаётган кун — тепага ташланаётган бир қадам бўлмоқда.
Бошқа бир томондан эса яшаётган ҳар бир кунингдан ўзгача фойда олишни бошлайсан, нималардир қиласан ва яна-да яхшироқ бўласан. Олдинга ҳаракатланаётганингни тушуна бошлайсан. Асосийси, пешонага ёзилган коронавируснинг яна-да ривожланиб кетишига йўл қўймайсан. Масалан мен учун бундай ҳолатда ётиб, шифтга қараганча ёки телевизор кўришиб ўтирсам, йўқолиб қолгандек ҳис қиламан ўзимни. Балки кимлардадир бошқачадир, бироқ менда шундай.
– Коронавирусга қарши қандай курашяпсиз? “Ливерпул” ҳимоячиси Деян Ловрен конспирологик фикрдагилар тарафдори ва у барчаси 5G сабабли бўлган деб ҳисоблайди…
– Дастлабки 2-3 ҳафта давомида янгиликларни фаол тарзда ўқидим. Кимдир нимадир ёзса, кимдир унинг аксини ёзади. Қайси бирига ишонишни билмай миям ёрилиб кетай деди. Қандайдир янгиликни ўқиб, бошимда адреналин пайдо бўлади ва ўзим ҳақида шундай ўйлай бошлайман: “Наҳотки бу ҳақиқат?”. Бошқа манба эса умуман ўзгача ракурсдаги маълумотни тақдим қилади. Бу яхшиликка олиб келмайди. Биз барибир ҳақиқатни тагига ета олмаймиз. Фақатгина орадан 5-10 йил ўтиб, биз буни билишимиз мумкин. Бу ҳақида бонг уриб, нималар бўлганини айтишади, энди буни истамайман. Мен инстаграм ва телеграмдаги барча каналлардан чиқиб кетдим. Телевизордан эса анча олдин воз кечганман, ҳа уйда телевизор бор, уни фақатгина рафиқам томоша қилади. Умуман олганда бу нимага керак. Ҳар хил маълумотни кўравериб, одамнинг бошини ачитиш учунми?
– Бизнинг ишқибозларимизга сизнинг катта футболга кириб келишингиз жуда ҳам қизиқ. Футболчи бўлиш орзуйингиз бўлганми ёки акаларингиз сизни бунга тортишганми?
– Умуман олганда барчаси оддий. Катта акам — юлдуз. Мен эса акам (Кирилл бу ерда ўзининг эгизак акаси Николайни назарда тутди, у ҳам “Локомотив” таркибида ўйнаганди) билан биргаликда 6 ёшдан футбол билан шуғулланганмиз. Ўшанда катта акамиз 18-20 ёшларда эди ва у “Спартак”нинг ёшлар жамоаси таркибида ўйнарди, унинг ўйинларини кўриш учун бориб турардик. Кўз олдимизда ёрқин намуна бўлиб тургани учун унга ўхшамасликка ҳаракат қилишнинг иложи йўқ эди. Болалигимизда биз мусиқа билан шуғулланардик. Биласизми, шунчаки бунинг имкони йўқ эди. Футбол — болалигимизда муҳаббат қўйилган ажойиб туйғу. Йиллар ўтиб футбол ўйнаш иштиёқи кучайиб борди.
– Ёшлигингизда қайси жамоага мухлислик қилгансиз?
– Аввалига “Спартак”, кейинчалик шундай бўлдики, акам ўйнаган жамоаларга мухлислик қилишни бошладим. У “Штутгарт”га ўтганидан кейин эса тушунарлики, хориж жамоаларига ҳам мухлис бўлдим. Ҳозир эса Россияда “Зенит”нинг ўйинларини кўриш ёқиб бормоқда.
– Ёшлигингизда мухлисларнинг жанжалларида қатнашганмисиз? Сир эмаски, Москва жамоалари мухлислари ўртасидаги муносабатлар, юмшоқ қилиб айтганда яхши эмас.
– ЙЎқ, қатнашмаганман. Бироқ ёдимда бор, мактабда ўқиб юрган пайтимда мухлисларнинг блокланиш ҳолатлари юзага келган, кимдир ССКАга, кимдир “Зенит”га мухлис эди. Улар йиғилиб олиб, отишмалар юзага келтиришарди. Лекин бу мен учун қизиқ эмасди.
– Сиз фаолиятингизни “Том” жамоасида бошлагансиз. Айтингчи, ёш болакайга ўз мегаполисини ташлаб кетиб, Томск областида бўлиш қанчалик қийин бўлган?
– Бу фаолиятимдаги энг муҳим давр эди. Бизни ўшанда қўйиб юборгани учун ота-онамга миннатдорлик билдираман. Ҳа, Коля иккимиз 19 ёшда бўлганмиз. Менимча бундай пайтда биз кетишни истасак, ота-онамиз қўйиб юбориши керак. Биз кетаётган жой ва вазифаларимиз эса барчага тушунарли эди.
У ерга бориб, мен 10 ёшга катта бўлгандек бўлдим. Ҳа, акам билан эдим, бироқ бошқа томондан иккимиз бир одам эдик: барчасини ўзимиз тайёрлаймиз, ювамиз ва ҳоказо. Бунгача буни онамиз бажарарди. Бу ерда эса квартирага ўзинг пул тўлайсан ва барчасини ўзинг бажарасан. Менимча шундан катта ҳаёт бошланади. Айнан шу ёшга келиб, одам ўз ишини ўзи бажаришга ўрганиши керак. Агарда шу ёшингда бошқа бир жойда сени чорлашаётган бўлса ва сенинг футболчи бўлиш имкониятинг юзага келса, бундан фойдаланиш керак. Шу орқали сен ўзингни нафақат футболчи, балки, катта инсон сифатида ҳам тоблашинг мумкин. Асосийси — қўрқмаслик!
– Валерий Кузмич Непомняший — ўзбек футболи учун ҳеч қандай қаҳрамонлар тоифасига кирмайди, бироқ у 2006-йили Ўзбекистон термасини бошқарган. У “Том”да сиз ва акангиз билан ҳам ишлаган. Унинг футболга берган нарсалари ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Унинг бундай катта сиймо эканлиги сабаби нимада?
– Валерий Кузмич билан муносабатларим ажойиб эканлигини биттада айтаман. Балки унинг ҳам менга бўлган муносабати шундай. У менга катта футболнинг йўлини очиб берган. Томскда у мени асосий жамоага кўниктирганди. У ўзига катта сифатларни олган катта мураббий. У ҳам машғулот ҳам руҳий малакаларга ҳам эга. У доимо балансни ушлаган ва ҳар бир футболчига индивидуалликни тақдим қила олган. Мен учун у фақатгина буюк мураббий эмас, у кучли шахсият. Бу борада у мен учун энг ёрқин намуна.
– Сиз бир ўйинда рақиб билан тўқнашиб кетиб, икки тишингизни йўқотгансиз. Бу қандай содир бўлган?
– Бундай ҳолатлар доимо кутилмаганда бўлади. Ҳатто ўзим ҳам нима бўлганини тушунмай қолдим. Жамоадошларим эса кейинчалик менга рақибим тиззаси билан урилганини айтишди.
– Олди тишларингизмиди? Кейин Овечкинга ўхшаб юрдингизми?
– (Кулади) Шифокорларга таҳсин ўқиса арзийди. Биз тезда шифохонага бордик ва у ерда менга вақтинчалик имплант қўйилди, операция қилишди. Ҳа бошида хунук кўринди, аммо нима қилиш керак бошқа (кулади).
– Акангиз Павелнинг тавсиясига кўра “Том”га келдингизми?
– Акам Николай билан биргаликда “Ростов”да кўрикдан ўтаётгандик, у ерда иккита йиғинда қатнашдик ва кейинчалик улар бизни рўйхатдан ўтказа олишмаётганини айтишди. “Ростов”дан кейин биз тезда Томскга кетдик. Акам бизни синаб кўришни уларга таклиф қилди.
У ерга бордик ва асосий жамоа билан машғулотларга киришдик. Бу бизни шунчаки шокка солиб қўйди. Шу кунгача уларни телевизор орқали томоша қилгандик, энди эса улар билан шуғулланяпмиз. Ундан ташқари, ўша пайтда бунга руҳий томонлама ҳам тайёр бўлишимиз керак эди. Аммо бу биздек ёш футболчилар учун катта тажриба вазифасини ўтаганди. Ўшанда Валерий Кузмич бош мураббий эди ва Дзюба ҳам жамоа таркибида ўйнарди. Умуман олганда ўшанда барчаси қизиқарли бўлган. Кейинчалик биз ёшлар жамоаси билан шуғулланишни бошладик. Ўшанда эшитган илк янгилигимда бизни олишмоқчи бўлишмаган. Бу эса Янги йил байрами арафасида бўлганди. Байрамдан кейин эса бизга: “Сизларга яна бир имконият берамиз. 7 кун биз билан шуғулланасиз”, дейишди.
Ушбу йиғинларни бир умр унута олмайман. Шу пайтгача менда бундай катта иштиёқ ва ўз касбимга муҳаббат бўлмаганди. Акам билан биргаликда олдингидек машғулот қилмадик. Менимча буни мураббийлар штаби ҳам сезди ва бизни иккинчи ва учинчи йиғинларга ҳам таклиф қилишди.
– Сизнинг футбол фаолиятингизда Павелнинг ёрдами ёки таъсиридан фойдаланганмисиз?
– Бу имконсиз. Қандай қилиб унинг таъсиридан фойдаланиш мумкин? У қай тариқа ёрдам бериши мумкин? Мен глобал миқёсида айтяпман. Ҳа, у қўнғироқ қилиб: “Менинг укаларим бор, уларни синаб кўринг”, дейиши мумкин. Худди Томскда бўлгани каби. Ҳатто ўшанда ҳам биз ака-ука Погребняк бўлганимиз учун эмас, балки йиғинлар давомида ўзимизни кўрсатганимиз учун шартнома имзолаганмиз. Балки айримлар, “у ўз фамилиясидан фойдаланяпти” деб гапириши мумкин. Лекин ундай эмас. Футболда бундай ҳолатлар бўлиб туришини инкор қилмайман, чунки айрим пайтларда футболчининг фақатгина сифатларига қарашмайди. Бизнинг ҳолатда эса ундай бўлмаган.
Барчаси тарбияга боғлиқ. Бизга бундай нарсалардан фойдаланишга имкон бермайди. Агарда шундай бўлган тақдирда акам иккимиз ўзимизни ноқулай ҳис қилган бўлардик. Бунинг барчаси яхшиликка олиб бормайди. Тақдирни алдашдан нима фойда?
– Павел оддий ҳаётда қандай инсон?
– Камтар ва меҳрибон. Ҳар доим ёрдам беради. Шунчаки акамнинг ҳаётида кўп нарсалари ўхшаган. Ҳозирда ОАВ ўз янгиликлари билан бўрттириб юборяпти. Инсон ўз ҳаётини ўзи чиройли қила олди. Бунга фақатгина ҳаракат керак! Уни нима учун ёмон кўришади, билмайман. У оддий инсонларга доимо ёрдам бериб юрганини шахсан биламан. Футболчиларнинг ҳаёти шундай кўрина бошладики, одамлар уларнинг фақатгина бир томонини кўришади, уларнинг бошқа сифатлари эса йўқолиб қолади. Буни эса нормал ҳолат деб ҳисобламайман. Айрим футболчилар эса фақатгина ОАВ учун ўзидан ўзгача образ ясаб олади.
– Павел сизнинг устингиздан кулиб, мен “Фулхем”даман, сен эса Воронежда юрибсан, деган пайтлари ҳам бўлганми?
– (Кулади) Албатта йўқ, бунақаси бўлмаган. Оиламизда бу нормал ҳолат ҳисобланмайди. Ҳа, биз кўп ҳазиллашамиз. Бизнинг ўзаро чатимиз бор ва унда асосан ҳазилларни ёзамиз, кулишда эса фақатгина Х ва А, яъни, “ха-ха-ха”ни ишлатамиз. Барчаси шундай. Биз бошқа мавзуларда камдан-кам гаплашамиз ва албатта, фаолиятимизнинг қайсидир босқичлари борасида ҳам гаплар бўлиб туради. Бироқ одамнинг устидан кулишгача етиб бормайди.
– “Локомотив” ПР-директори Маъмур Мамадалиевнинг айтишига кўра, клубга Погребняк келяпти дейишганида Николай эмас, Павел ўтади деб ўйлаган. У бу борада ажойиб афиша, пресс-релизлар тайёрлаб қўйган, бироқ кейинчалик у бошқа Погребняк эканлигини билиб қолган. Фаолиятингизда шундай ғалати тарихлар бўлиб турганми?
– Швецияда шундай ғалати ҳолатга тушиб қолганмиз, мендан интервю олишаётганида ўшанда ҳам иқтисодиётга қизиқишимни айтганман. Шведлар менинг ҳолатимни бироз оғирроқ деб ўйлашган шекилли (кулади). Бу ҳам бир тарих. Швецияда ҳар бир янги футболчи ўзини бошқалардан пастроқда ушлаши керак. Бироқ биздаги каби эмас. Ҳар ким ўзи учун ниманидир ўйлаши керак. Бу қандайдир қўшиқ ёки рақс бўлиши ҳам мумкин. Навбат менга келганида эса “Катюша”ни куйлаб берганман. Умуман олганда бу яхши чиққан.
Бироқ бу барчаси эмас. Янги шартнома имзолаган футболчилар йиғинларга боришарди. Жамоадагилар эса кутилмаганда кайфиятни кўтаришни истаб қолади. Менга шундай кулгили ниқоб беришдики, у билан Барселонага қадар учиб боришим керак эди. Самолётда, аеропортда ҳам буни тақиб юриш керак эди. Фақатгина Барселонадаги отелга етиб борибгина уни ечиш мумкин бўлганди. Жуда ҳам қизиқ бўлганди.
– “Советский спорт” нашрига Сиз Павел билан бир жамоада ўйнашни исташингизни айтгансиз? Ўшанда ким зўрроқ бўлиши мумкин эди: сиз ёки Павел Погребняк?
– Барчамиз (кулади).
– Агарда иккингиз бир жамоада бўлсангиз, 4-4-2 формацияси сизларга мос тушармиди?
– Менимча биз бир-биримизнинг ўрнимизни тўлдира оламиз (кулади).
– “Факел”дан кейин сиз Петербургнинг “Зенит”нинг иккинчи жамоасига ўтдингиз. Питерликларнинг инфратузилмаси қанчалик даражада қудратли?
– Бу “Зенит”нинг иккинчи жамоаси эди. Бундай паллада сиз асосий жамоада нималар бўлаётганини тушунмайсиз. Бу гап ФНЛнинг барча жамоаларига тегишли. Сендан сал тепароқда асосий жамоа шуғулланади. Ўшанда миянгга ўша ерда машғулот қилиш фикри келади. Шунчаки футболчи ўз устида ишлаб, ҳаракат қилиши керак. Балки иштиёқ ҳам бу борада юқори ўринда бўлиши керакдир. Ундан ташқари, шу тариқа асосий жамоага ўтган футболчилар ҳам бўлган.
– “Зенит-2” жамоасига қарши ҳам рақиблар худди асосий жамоадаги каби юқори кайфият билан ўйнашармиди?
– ЙЎқ, мен ҳеч нимани ҳис қилмаганман. ФНЛ шундай турнирки, ҳар бир жамоа бор кучини ишлатади ва сўнгги лаҳзагача курашади. Ҳа, футбол шундай даражага етдики, жамоаларнинг статуси ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмай қолди, барча рақиблар билан ўйнаш қийин бўлмоқда.
Мухлислардан саволлар:
– Қаерда сочингни турмаклатасан? Балки менинг салонимга келарсан?
– (Кулади) У ҳеч бўлмаса салони қаерда эканлигини ёзганми? Манзили қаерда? Билсам албатта бораман!
– Унга ёзиб, билиб оламиз!
– Келишдик!
– Ёш мухлисимиз Эрикдан савол. Бу ўша машғулотга ташриф буюрган болакай. Кирилл, уни эсладингизми?
– Ҳа, уни биламан.
– У бизга шундай савол жўнатган: Футболдаги илк рақамингизни қай тариқа танлагансиз? Шу сабабли жанжаллашишга тўғри келмаганми?
– Йўқ, урушмаганман. Илк футбол рақамимни “Том”нинг ёшлар жамоаси таркибида олганман. Рақам шунчаки бўш эди ва бу менга насиб қилган. Ёшлар жамоасида билсангиз, рақамлар 50дан тепада бўлади. Эсимда ўшанда 78-рақамни олганман. Нима учун? Билмадим, унинг кўриниши ёққан шекилли. Ҳозир эса “тўққиз”га меҳрим ўзгача. “Локомотив”да айнан шу рақамда ўйнаяпман. Умуман олганда рақамларга катта эътибор бермайман.
Саъдулла Музаффаров (фан-клуб): Ўз голларингизни одатда қандай нишонлайсиз?
– Худди Дзюба каби ўзгача рақслар ёки ишоралар бўлиши керак, бу эса футболчига голларни қайта уравериши учун жуда муҳим. Бу ерда бошқа нюанс ҳам бор. Гол урган вақтимда эса шунчаки хурсанд бўламан. Тўғрисини айтсам, гол урган пайтида хурсанд бўламан ва ўзгача гол нишонлаш хаёлга ҳам келмайди.
Талатик: Чемпионат эмас, айнан кубок ўйинларининг иштиёқ даражаси қандай бўлади. Ёки бир хилми?
– Агарда кубокнинг чорак финали бўлса, албатта, юқори босимни ҳис қиламан. Футболчи узоқроққа бориб, ҳал қилувчи паллаларда ўйнашни истайди. Бунда чемпионатдаги ўйиндан фарқли равишда ғалабага иштиёқ юқори бўлади.
Самандар8819: Агарда сизга Европанинг топ-жамоаларидан таклиф тушса, қайси клубни танлаган бўлардингиз?
– “Манчестер Юнайтед”. Болалигимдан шу клубга мухлислик қиламан. Ёдимда уйда ўтириб, жамоанинг ўйинларини томоша қилардик, таркибда Бекхем, Кантона, Верон, Кин каби футболчилар ўйнарди. Ўша вақтдан буён жамоага бўлган мухлислик юқори даражада.
– “Локомотив”га Швеция чемпионатидан келдингиз. Сир эмаски, шимолий менталитет советорти мамлакатлариникидан фарқ қилади. Швециядаги ҳаётнинг ўзгача томонлари борми?
– Швеция бой мамлакат. У ерда жуда ҳам бошқача иқтисодий ҳаёт. Одамлар бошқача яшашади ва у ердаги жойлар Собиқ Иттифоқ давридаги мамлакатлардан фарқ қилади. Дастлаб барча нарсага жуда ҳам ҳайрон бўлиб қарардим. Давлатни яна-да кўпроқ тушуниб олиш керак эди, чунки бу жойларда ҳали кўп бўлардим. Бошқа томондан қарасак, давлатда барпо этилган барча нарсалар одамлар учун. У ердаги одамлар яхши яшашади ва ишларига яраша пул топишади. Улар биздан фарқли равишда бошқача ишлашади. Масалан, у ерда барча ишларда соатига пул олишади. Масалан, бир швед 5 соат ишласа, 5 соатлик пулини олади. У 6 соат ишламайди, чунки унга бунинг пулини тўлашмайди. Ортиқча дақиқаларни бунга сарфлашмайди.
Шведлар ўз қадрини яхши билишади. Улар ортиқча босимсиз ишлашади. Улар учун асабийлашиш — ёввойилик белгиси. Улар биз каби 10 соатлаб ишлаб, яна нималар биландир банд бўлишмайди. Уларга иш топширилганида эса яна бир ўйлаб кўришади. Буни қачон бажариш керак? Бу ўзининг тақвимига тўғри келадими? Улар буни кўриб чиқишади ва бўш бўлган кунида, олайлик, 3 кундан кейин қилиб бераман дейди. Швециядаги ҳаёт жуда ҳам сокин. Ҳеч ким шошилмайди. Бу эса менимча ажойиб. Швециядан уйга одамларга хос айрим сифатларга эга бўлиб қайтдим дея оламан. Ҳар бир давлатнинг ажойиб томонлари бўлганидек, салбий жиҳатлари ҳам бўлади, буни эса одам кўргиси ҳам келмайди. Бироқ ўша пайтда менга Швеция ҳар томонлама катта тажриба тўплашимга ёрдам берди. Мен чет давлатга борган исталган инсон бошқа менталитетдан нималарнидир ўрганиши керак деб ҳисоблайман.
– Футбол планига ўтсак. Барчаси қатъийми?
– Швециядаги барча нарса тартиблиликка асосланган. Масалан кўчада қоидани бузсанг, одамлар полицияни кутишмайди ва исталган инсон сенга ўз эътирозини билдиради. Барчаси шундай даражада. Футболда эса ташкилий жиҳатдан тартиблилик кўринади. Сизга намуна келтириши мумкин. Бизга 2 ойлик режа тузиб беришди. Бугун душанба, демак, қоғозда ёзилган ишларни бажаришим керак. Айтишим мумкинки, икки ой давомида ҳеч кимнинг жадваллари ўзгармайди. Белгиланган вақтда ўша режаларни бажариш керак ва шундай бўлади. Кимдир чиқиб буни муҳокама қилмайди.
Машғулот процессида ҳам бу қаттиқ сезилади. Бош мураббий ҳар кунги машғулотдан олдин қандайдир машқни бир ҳафта бажариш кераклигини айтса, биз буни белгиланган вақт давомида қилиш кераклигини тушунамиз. Агарда бунга ярим соат керак бўлса, ярим соат сарфланади. Ундан кўп бўлса, демак, кўпроқ ўша машқни бажарамиз.
– Бир интервюда сиз Европанинг барча давлатларига борганингизни айтгандингиз. Сиз умумий ҳисоблаганда қанча давлатга боргансиз?
– ЙЎқ, Европанинг барча давлатлари эмас. Германиянинг кўплаб шаҳарларида бўлганман. Акаларим билан бирга пиво ичишни ёқтирамиз. Инстаграмда кўп бора ёзганимиздек йилда ҳеч бўлмаса бир марта қаергадир саёҳатга борамиз. Биз Барселонада ҳам, Парижда ҳам бўлганмиз. Германияда кўп бора. Европанинг кўплаб жойларига борган бўлсам-да, ҳали ҳам яна бир қанча қизиқарли жойларга бориш истагим йўқ эмас.
– Масалан, қаерлар?
– Нидерландия, Белгия, Люксембург. Болтиқбўйи мамлакатларини кўриб бўлдим, Швеция, Дания, Финляндия каби давлатларда ҳам бўлдим. Андорра жуда ҳам ёқди, кичкина, лекин жуда ҳам чиройли давлат. Белгияга яна бир бор бориш ниятим бор.
– Россиядан ташқари, ўзингиз борган энг чиройли 3 давлатни айта оласизми?
– Абхазия. У ер менга жуда ҳам ёққан. Жароҳатимдан кейин рафиқам билан у ерга боргандим. У ер мияда муҳрланиб қоладиган даражада чиройли ва ҳавоси ҳам ажойиб.
Римни ажратиб кўрсата оламан. Яна бир марта у ерга бориб қолишни истардим. У ерда ўзим истаган барчасини кўрганман.
Ва албатта Мексика. У ернинг ҳам кўплаб жойларига борганман. Барчаси ёққан. Саёҳатни ёқтирганимдан мамлакат танлаб ўтирмайман. Бу мен учун завқ. Мавсумлар оралиғидаги танаффусда ҳам қайсидир давлатга бориб келмоқчиман.
– Бу ерга келишдан олдин сизда Қатардаги клубдан ҳам таклиф бўлган экан. Нима учун айнан “Локомотив”ни танладингиз?
– Менга қизиқиш билдиришди. Менимча фаолиятимда илк марта менга бир клуб бир мақсад йўлида қизиқиш билдирди. Бош мураббий ҳам раҳбарият ҳам. Тўғрисини айтаман, бу менинг миямни гангитиб қўйди. Менга қўнғироқ қилишди ва жамоага ёрдамим кераклигини айтишди. Қўшимча қилишим керакки, фаолиятим давомида мен турнир жадвалидаги қуйи поғоналарда бўлиб турган жамоалар таркибида ўйнаганман. Менда эса чемпионлар таркибида ўйнаш имконияти пайдо бўлди. “Чемпионлик руҳи” ва юқори ўринлар, мақсадлар учун курашиш ҳиссиётини ҳис қиляпман.
– Акангиз Николай 2018-йилда жамоа таркибида ўйнаган, бироқ асосий таркибга кира олмаганди. Бу сизга “Локомотив”га ўтишингизга ҳеч қандай таъсир қилмаганми?
– ЙЎқ, албатта! Николай менга клуб, унда ишлаётган бирор бир персоналлар ҳақида ҳеч қандай ёмон гаплар айтмаган. Барчаси ижобий фикрлар бўлганди. Ҳа, унинг “Локомотив”даги фаолияти ўхшамади, бу футбол. Бўлиб туради. Ундан маслаҳат олиб, бу ерга келганимда эса барчаси яхши эканлигини кўрдим. Бу ерда ўзимни қулай ҳис қиляпман.
– Николай бу ерда ўйнаб кетди, сиз ҳам биз билансиз. Павелнинг навбати қачон келаркин?
– (Кулади) Буни ўзидан сўраш керак. Бу ҳақида сўраб кермаган эканман. Бироқ энди у билан бу борада гаплашиш вақти етган.
– Биринчи турда сиз ажойиб перфоманс кўрсатдингиз. “Андижон” дарвозасига икки гол урдингиз, бир неча рамзий термаларда кўриниш бердингиз. Ҳатто ОФК ижтимоий тармоқлари ҳам сиз ҳақингизда ёзди. Бироқ 3-турга келиб, “Бухоро” билан ўйинда захирада қолдингиз. Бу нима билан боғлиқ? Бош мураббий тушунтириш бердими?
– Бу бош мураббийнинг тактик ўзгаришлари билан боғлиқ эди. Бу унинг қарори. Мен унинг қарорларини муҳокама қиладиган инсон эмасман. У шундай дедими, демак, бу амалга ошиши керак. Мураббийлар штабига қарши бормайман. Бу унинг йўналиши. Шундай паллада футболчи ўзини асосий таркибга мос эканлигини захирадан тушиб кўрсатиши лозим.
– Андрей Фёдоров — қаттиққўл мураббийми? Ёки футболчилар билан ҳазил-мутойиба қилиб турадими?
– У ҳам жиддий инсон ҳам ҳазиллашиб туради. Замонавий футболда мураббий ҳар томонлама сифатларга эга бўлиши керак бўлиб қолди. Ҳар бир футболчига индивидуал йўллар орқали кўнглини топиш ҳам керак. Бақиришнинг ҳам ҳазил қилишнинг ҳам вақти бўлади. Бу ҳам бир санъат, бир китоб ёзса бўлади. Бу планда Фёдоров ростдан ҳам ҳар томонлама сифатларга эга мураббий.
– Шу кунга қадар унинг футболчилик фаолияти ҳақида маълумотларга эга бўлганмидингиз?
– Ҳа, у ҳақида ўқиганман.
– “Локомотив”даги голларингизга қайтамиз. Ўйиндан кейинги флеш-интервюда биз Марат Бикмаевдан: “Кирилл бугун илк дублини амалга оширди. Уни қай тариқа табриклайсиз?”, деб сўрагандик. У эса бизга: “Аввалига у бизни табриклаши керак”, деб жавоб қайтарганди. Хўш, байрам бўлдими?
– Ҳозирча йўқ (кулади). Чемпионат ўйинлари кетма-кет бўлди ва йиғилиб ўтиришга вақт етмади. Ҳали олдимизда жуда кўп вақт бор ва буни байрам қилишга улгурамиз.
– Ўзбек/рус/швед футболи орасидаги фарқ қандай?
– Ўзбекистонда энди 3та ўйинда қатнашдим, шу боисдан ишонч билан ниманидир гапира олмайман. Швеция футболи ҳақида гапирадиган бўлсак, у ерда учта кучли жамоа бор, қолганлар эса унчалик даражада эмас. Ҳиссиётлар нуқтайи назаридан, Швецияда мен ҳадди Россия Премер-лигасида ўйнаётгандек бўлдим. Аниқроқ айтадиган бўлсам, ФНЛнинг айрим жамоаларини инобатга олмасак, Премер-лигадан фарқи йўқ. Бу реклама, маркетинг ва футбол атрофида бўлаётган бошқа ишларга ҳам тегишли. Яхши майдонлар ва мухлислар. Барчаси футбол ўйини учун бўлаётгандек ҳиссиёт беради. Мухлислар ҳам театрга эмас, айнан футбол ўйинига келгандек келишади. Шунчаки завқ олиш ва лаззатланиш керак.
Ўзбек футболи ҳақида фикрларим бошқачароқ. Яширмайман, ўтган уй ўйинда мухлислар худди театрга келганидек таассурот уйғотди. Бу ерда барчаси бошқача экан. Футбол даражаси ҳақида гапирадиган бўлсам, у швед футболидан кучсиз эмас. Ҳар бир жамоада индивидуал кучли футболчилар бор.
– “Локомотив”да катта руҳ бериб турадиган футболчилар кимлар?
– Жамоанинг қариялари албатта. Нестеров, Зотеев, Кахи, Тима. Улар жамоага позитив атмосфера олиб киришади. Ҳазил-мутойибачилар.
– Кирилл, “Ассалому алайкум”дан ташқари ўзбекчада бир сўз айтингчи.
– Раҳмат (кулади).
– Ҳозир ҲА ёки ЙЎҚ деб жавоб беришнинг айни пайти. Ўзбекча сўкишларни ўргандингизми?
– Йўқ, хоҳламайман.
– Ўзбек ошхонаси 10 баллик шкалада?
– (Ўйланиб қолди) Олти.
– Сизнинг 10 дақиқа вақтингиз бор ва бир чашка қаҳва устида ким билан суҳбат қурган бўлардингиз?
– Уэйн Руни.