Муҳаммаданас Ҳасанов: «Локомотив» билан ўйинда фақат ғалаба учун майдонга чиқамиз»
Coca Cola суперлигасининг 24-туридан ўрин олган “Қўқон-1912” – “Локомотив” учрашувидан олдин “Қўқон-1912” жамоасининг иқтидорли ярим ҳимоячиси Муҳаммаданас Ҳасанов ўз фикрларини баён қилди.
— Муҳаммаданас, "Локомотив"га қарши ўйинга таёргарлик қандай кетяпти? Бу ўйиндан қандай натижа кутяпсиз?
— "Локомотив" билан бўладиган ўйинга тайёргарлик , доимгидек бўляпти. Бош мураббийимиз барча футболчилардан ўз ишимизга виждонан ёндошишимизни талаб қилмоқдлар. Жамоамиздаги барча футболчилар бу мавсумда мухлисларни хурсанд қилиш учун, юқори ўринлардан бирини қўлга киритиш учун астойдил ҳаракат қилишяпти. Ҳар бир ўйинда мураббийларимизнинг кўрсатмаларига тўлиқ амал қилган ҳолда ижобий натижа учун курашяпмиз. “Локомотив” билан ўйинга келадиган бўлсак, бу жамоани биринчи даврада ютганмиз. Бу сафар ҳам майдонга фақат ғалабани кўзлаб тушамиз ва бунинг учун бор имкониятларимизни ишга соламиз. Тўғри “Локомотив” таркибида жуда кучли футболчилар жамланишган, лекин биз ҳам ўз ўйинларимиз билан ҳар қандай жамоа билан ўйнаш мумкинлигини исботлаб келяпмиз. Чемпионат охирига келиб ҳеч қайси ўйин осон ўтмаяпти. Лекин биз ўз мухлисларимиз қаршисида ўйнаймиз . Мухлисларимизнинг қўллаб-қувватлашлари бизга қўшимча куч ва шижоат беради.
— Сиз кўплаб ўйинларда жарима зарбаларини амалга оширяпсиз. "Локо"га қарши 1-даврадаги ўйинда жаримадан гол ҳам урган эдингиз.
— Жамоамизда стандарт вазиятларнинг усталари бўлган футболчилар бор. Айниқса Мурод ака Холмуҳаммедов бу борада анча тажрибали футболчи ҳисобланадилар. Мен бош мураббийимиздан ҳамда Мурод акадан стандарт вазиятларни ижро этиш бўйича кўп жиҳатларни ўрганиб боряпман. Ўйин вақтида сардоримиз менга жарима зарбаларини ижро этиш имконини бериб келмоқдалар. Бундан кейинги ўйинларда ҳам ўзимга бериладиган имкониятлардан тўлиқ фойдаланишга ҳаракат қиламан.
Эртадан кейин бўладиган ўйинга мухлисларимизни стадионга таклиф қиламан. Биз эса уларни стадиондан яхши кайфиятда қайтишларига имкони борича ҳаракат қиламиз.