«Бошқа клубга кўчиб ўтиш режамда йўқ эди, бироқ ҳаммаси ўзгариб кетди» — Жасурбек Жалолиддинов билан суҳбат
Хабарингиз бор, Ўзбекистон У-23 терма жамоаси футболчиси Жасурбек Жалолиддинов Қозоғистоннинг «Қайрат» клуби билан шартнома имзолади. Ўзбекистон футбол ассоциацияси медиа бўлими истеъдодли футболчимиз билан боғланиб, янги жамоага ўтиш ҳақидаги қарори, «Қайрат» билан биргаликда ўз олдига қўйган мақсадлари ва У-23 Осиё кубоги борасидаги саволларга жавоб олди.
— Жасур, аввало «Қайрат» клуби аъзосига айланганингиз билан табриклаймиз. Барчаси қандай юз берди, Сизда вариантлар бўлдими ва айнан нима сабабдан «Қайрат»да тўхталдингиз?
— Россиядан қайтганимдан сўнг, ўтган бир йил давомида ҳеч қандай вариантларни қабул қилмадим, уларни кўриб чиқмадим ҳам. Бир неча кун аввал «Қайрат»дан таклиф бўлганини эшитдим, лекин кўчиб ўтиш борасида ўйлаб кўрмагандим. Ўзбекистонда ўйнашда давом этаман, деган ниятим бор эди. Бироқ Қурбон Бердиевнинг қўнғироғидан кейин ҳаммаси ўзгариб кетди, у мени жамоаси сафида ўйнашга кўндира олди.
— Бу қарорга келишингизда яна кимлар билан маслаҳатлашдингиз?
— Аслини олганда, айтганимдек, бошқа клубга кўчиб ўтиш режамда йўқ эди. Чунки, терма жамоада бу йил бизни иккита нуфузли мусобақа кутиб турибди. Ушбу мусобақаларга яхши тайёргарлик кўриш мақсадида таваккалчиликка қўл урмай тургандим. Мураббийим Темур ака Кападзе билан маслаҳатлашдим, у танлов ўзимда эканлигини, яхшилаб ўйлаб кўришим кераклигини айтди. Охир-оқибат «Қайрат»га кўчиб ўтишга қарор қилдим.
— Қозоғистондаги фаолиятингиздан нималарни кутяпсиз?
— Ушбу чемпионатда, ўйлайманки, ўсишга эриша оламан. «Қайрат»даги ўйинларим орқали Осиё кубогига яхши формада келаман, деган умиддаман.
— Шахсий ва жамоавий мақсадларингиз қандай?
Ҳозирча шахсий мақсадлар ҳақида ўйламаяпман. Жамоавий мақсадларга келсак, аввало, Ўзбекистон У-23 терма жамоаси билан биргаликда Осиё кубогини қўлга киритиш ва «Қайрат» сафида кўпроқ титулларга эга чиққан ҳолда тарихга киришни мақсад қилганман.
— Жамоа бош мураббий Қурбон Бердиев сиз билан суҳбатда нималар деди?
— Айтганимдек, айнан унинг қўнғироғидан кейин қарорларим ўзгариб кетди. Мени ўзининг жамоасида кўришни хоҳлаётгани ва менга ишонч билдиришини айтди. Шу сабабли, «Қайрат»га кўчиб ўтишга қарор қилдим. Шартномага келадиган бўлсак, сотиб олиш ҳуқуқи билан 1 йилга ижара асосида Қозоғистон клубида тўп сураман.
— У-23 Осиё кубогидан нималарни кутяпсиз, жамоамиз қандай натижа кўрсатади, деб ўйлайсиз?
— Ушбу турнир Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси учун ҳам жуда муҳим ҳисобланади. Барча жамоадошларим билан мусобақада ғалаба қозонган ҳолда, кубок ва медаллар билан раҳматли дўстимиз Диёрбек Раҳимқуловнинг уйига боришни мақсад қилганмиз. Чунки у жамоамизнинг бир бўлаги эди, унинг ўрни ҳалигача сезилади. Аллоҳ жойларини Жаннатдан қилсин.
— Жасур, тиғиз тақвимда ҳам вақт ажратганингиз учун раҳмат. Янги жамоангиз сафида сизга омад тилаймиз.
— Раҳмат.