Тўлабек Акрамов: «Локо» бюджети Суперлигада 10-ўриндан ҳам пастроқда...»
"Локомотив" 7 март куни янги футболчиларни таништирув маросими ўтказди. Тадбир одатга кўра икки қисмдан иборат бўлди. Дастлаб "Локомотив" ПФК бош директор ўринбосари Тўлабек Акрамов ва жамоа бош мураббийи Денис Коростиченко янги мавсумга тайёргарлик, мақсад ва вазифалар ҳақида ўз фикрларини баён этди.
Тўлабек Акрамов: - Авваламбор барчангизни бошланган янги футбол мавсуми билан табриклайман. Жамоамизнинг мавсумга тайёргарлиги ҳақида гапирадиган бўлсам, қишки йиғинни 10 январдан бошладик. 19 январдан 24 февралга қадар Тошкентда 11та ўртоқлик учрашуви ўтказиб, бунда 6та ғалаба, 4 дуранг ва 1 мағлубият қайд этдик.
- Кўпчилик яхши билади, "Локомотив" одатда қишки йиғинни хорижда ўтказарди, аммо баъзи сабабларга кўра, бу йил четга чиқмадик. Четга бормаганимизнинг асосий сабаби бу - хориж йиғинига кетадиган маблағни футбол мактабимиз ривожи учун сарфлашни лозим топдик. "Локомотив" футбол мактабида 700 нафарга яқин турли ёшдаги болалар шуғулланиб келмоқда, уларга яхши шароит яратиб бериш ҳамда яхши майдонлар қуриш ниятида бу йил хориж йиғинидан воз кечдик.
- Тарбияланувчиларимиз бир неча йилдан буён ижара асосида бошқа майдонларда шуғулланиб келяпти. Ўйлаймизки, тез орада ўзимизнинг майдонга эга бўламиз. Жамоамизни ўтган мавсумдан кейин бир нечта футболчилар тарк этди ва улар ўрнига нисбатан ёш ўйинчиларни таклиф этдик. "Локомотив" бу йилги мавсумга тайёр ва насиб қилса чиройли ўйин кўрсатиб, мухлисларимизни хурсанд қиламиз.
Денис Коростиченко: - "Локомотив" футбол клуби раҳбарияти менга ишонч билдириб, бош мураббий сифатида тайинлаганидан хурсандман ва бу ўз навбатида катта масъулият юклашини айтиб ўтмоқчиман. Икки ой давомида янги мавсумга тайёргарлик олиб бордик. Бугунги кунга келиб ҳаммаси жойида деб айта оламан. "Локомотив"дек жамоа бош мураббийи бўлиш мен учун шараф, бунинг учун клуб раҳбариятига, хусусан Тўлабек Абраровичга алоҳида миннатдорчилик билдираман. Ва ўз навбатида бор кучим билан меҳнат қилиб раҳбарият, мухлислар ишончини оқлашга ҳаракат қиламан.
- Биз ҳар бир машғулотда жамоани янада яхшилаш устида иш олиб боряпмиз ва умид қиламанки, ўйиндан ўйинга кучайиб борамиз. Олдимизга қўйилган вазифа жамоани юқори ўринларда олиб юриш.
- Тўлабек Абрарович, бу мавсум клуб олдига аниқ мақсад қўйилдими?
- Масалан, мен жамоамиз олдига кучли бешлик ёки кучли ўнликка кириш вазифаси қўйилган деб ҳам айтишим мумкин. Лекин бу орақали футболчиларда қандай иштиёқ пайдо бўлади? "Локомотив" қандай ҳолатда бўлмасин, фақат медаллар учун курашади, аммо қайси ўринни эгаллашимиз ўйинларга боғлиқ. Футболчилар билан учрашиб гаплашдик, клуб раҳбарияти қўйган вазифадан жамоадаги барча хабардор. Чемпион бўлиб кўрган жамоа билади: доим юқори ўринларни эгаллаш вазифаси қўйилади.
- Клубнинг бу йилги бюджети борасида қандай фикрдасиз?
- Шу ўринда биздан ўз ёрдамини аямай келаётган "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Тўғри, бу йилги сметамиз у қадар катта эмас. Суперлигада 14та жамоа борлигини инобатга олсак, балки бюджет томонлама юқори ўнталикда бўлмаслигимиз ҳам мумкин.
- Яқинда Сервер Жепаровнинг "Локомотив" ПФК тизимида иш бошлагани ҳақида хабар чиқди. Шу ҳақда маълумот берсангиз?
- Сервер Жепаров ўз вақтида қандай кучли ўйинчи бўлганини ҳамма яхши билади. У бежизга икки карра "Осиёнинг энг яхши футболчиси" бўлмаган. Маълумки, Жепаров бунгача ЎФА мураббийлар малакасини ошириш бўлимида раҳбар сифатида ишлаб келаётганди, шунингдек Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи эди. Жепаров ЎФАдан ва терма жамоадан кетгач, менда уни клуб тизимига таклиф этиш фикри туғилди. Жепаровни чақиришдан мақсад, футбол мактабимиз мураббийлари билан биргаликда ишлаш, улар билан ҳамфикр бўлиш ҳамда керакли маслаҳатларини бериш. Шу боис ҳам Сервер Жепаровни методист сифатида ишга қабул қилдик.
- Биринчи тур баҳсида кўрдик, "Локомотив" либоси олдида ҳомий ёзуви йўқ эди. Бу борада нима дея оласиз?
- Ҳозирги пайтга келиб "Drivers Village" билан келишувга эришиб бўлдик. Яна бир ҳамкоримиз "Uztelecom" компанияси билан ишимиз 99 фоизга ҳал бўлган. Аcосий титул ҳомийимиз "Orient Finans Bank" ҳақида гапирадиган бўлсам, ўзаро ҳамкорлик бўйича музокаралар давом этяпти.
- Денис Владимирович, футболга бўлган қарашларингиз ҳақида гапириб берсангиз?
- Менинг қарашларим клуб раҳбарияти қараши билан мос тушаётганидан мамнунман. Мен ҳам жамоам ҳужумкор ўйин кўрсатишини ва шу орқали ғалаба қозонишини хоҳлайман. Биз ҳужумкор ўйин орқали ўринбосарларимиз, U-19 жамоамиз ва футбол мактабимиз гуруҳлари ўйин услубини ҳам шунга мос ҳолатга келтирмоқчимиз.
- Жамоа мухлислари ҳақида қандай фикрдасиз?
- Футболни мухлисларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Олмалиқда бўлиб ўтган 1-тур ўйинида мухлисларимиз стадионда астойдил қўллаб туришди ва бу бизга қўшимча иштиёқ берди. Мен ўйиндан кейинги матбуот анжуманида ҳам ишқибозларимизга алоҳида миннатдорчилик сўзларини айтдим. Чунки ҳеч кимнинг бўш трибуна қаршисида футбол ўйнагиси келмайди. Ўйлайманки, уй учрашувларида мухлисларимиз сони янада кўп бўлади ва биз ҳам ўз навбатида ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.