Иван Соловьёв интервью берди: Ўзбек футболи савияси, Суперлига клублари инфратузилмаси ва терма жамоамиз нима учун ЖЧга чиқа олмаётгани ҳақида
23 декабрь куни Тошкентнинг «Локомотив» клуби билан шартнома имзолаган россиялик ярим ҳимоячи Иван Соловьёв bobsoccer.ru нашрига интервью берди.
Ўзбекистон чемпионати савияси ҳақида
— Ўзбекистон чемпионати савиясини қандай баҳолайсиз?
— Дастлабки 2-3та клуб Россия премьер-лигасида қуйи саккизликда бўларди ва жон сақлаб қолиш учун курашарди.
— «Пахтакор» ва «Навбаҳор» юқорироққа кўтарила олмаган бўлармиди?
— Йўқ. Ҳозирда фақат «Зенит» ва «Спартак» иштирокидаги ўйинларда ким ғалаба қозонишини олдиндан айтиш мумкин. Аммо бошқа жамоалар "сюрприз" тақдим этишга қодир. Менимча, Ўзбекистон чемпионати Россия прмьер-лигасидан кучсиз. Кўп эҳтимол билан унинг савияси ФНЛга тенг.
— Футбол инфратузилмаси қанчалик ривожланган?
— Қарши савол бераман: Ўзбекистон терма жамоаси ҳали ЖЧга чиқа олмаган экан, қандай инфратузилма ҳақида гап бўлиши мумкин?
— Шунга қарамай, миллий терма жамоада яхши футболчилар бўлган: Шквирин, Қосимов, Шомуродов.
— Шарипов! Ҳақиқатан ҳам яхши ўйинлар бор, аммо футболнинг умумий савияси, хусусан, инфратузилма ва болалар-ўсмирлар футбол мактаблари яхши натижаларни қўлга киритишга имкон бермайди. Мен шундай стадионларда ўйнадимки, мажозий қилиб айтганда, у ерда сиқчонлар югуриб юради! (кулади). Базалар: Қарши яхши база бор. Тошкентнинг «Локомотив» клубидаги база ҳам ёмон эмас. Бу ерда сауна, тренажер зали, бассейн бор. Умуман олганда, Ўзбекистонда муаммоларни футболчилар ва мураббийлардан қидириш керак эмас, чуқурроқ "кавлаш" керак. Таъкидлайман, бу менинг шахсий фикрим.
— Ўзбекистон Суперлигасида қандай майдонларда ўйналади?
— Барча майдонлар табиий чимдан иборат. 14та жамоадан 6-7таси яхши майдон билан мақтана олиши мумкин. Бу мавсумда ёмон майдонлар чимини қайтадан экишди. Кўрамиз, қандай бўларкан.
— Учрашувларга мухлислар кўп кирадими?
— Аввалги жамоам — «Насаф» ўйинларига 5-8 минг атрофида ишқибоз келади. Наманганда ўйнаганимда эса стадионга 20 минггача мухлис кирарди.
— Тошкентдачи?
— Тошкентда одамлар стадионга умуман кирмайди. Уларга футбол қизиқ эмас. Водий ва Қашқадарё аҳолиси учун футбол қизиқарли.
— Совет даврида раҳбарлар «Пахтакор»нинг ўйинларини кундузга вақтга белгилаб, меҳмон жамоаларга максимал қийинчилик туғдиришарди.
— Яна ош ҳам беришарди! (кулади)
— Ҳа, ҳа. Ҳозир ўйинлар соат нечада бошланади.
— Кечаси соат 7-8да. Ковид пайтида эса кундузи соат 4да ҳам ўйнашимизга тўғри келганди. Оғир. Ҳарорат 40 даража бўлганида фақат футбол ҳақда эмас, 90 дақиқа давомида бир амаллаб югуриш ҳақида ўйлайсан. Жуда иссиқ!
«Россиянинг ОФКга ўтиши — ортга ташланган қадам»
— Россия терма жамоасининг Ўзбекистон билан ўйиндаги дуранг натижаси россиялик мухлисларни хафа қилди.
— Бу ўйинни томоша қилдим. Назаримда, йигитлар Тожикистон ва Ўзбекистонни менсимасдан ҳаракат қилишди. Бу баҳсларда осонлик билан ғалаба қозонамиз, деб ўйлашган. Шунингдек, назаримда, Россия терма жамоаси футболчиларида "жамодон кайфияти" бўлган. Агар жамоалар расмий учрашувларда тўқнаш келишганида, хулоса чиқариш мумкин бўлади.
— Россия УЕФАдан чиқиб, Осиёга ўтгани яхшими?
— Йўқ, Россия футболи учун ортга ташланган қадам бўлади. Ҳа, терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқиши мумкин, аммо бу осон бўлмайди. Боиси, бу ерда Жанубий Корея, Япония, Эрон, Саудия Арабистони каби кучли жамоалар бор. Аммо клублар учун Осиё чемпионлар лигаси мусобақаси манфаатли эмас.
«Афсусда эмасман»
— Футбол фаолиятингиздан қониқиш ҳосил қиляпсизми?
— Ҳа, менда ҳаммаси яхши. Тўрт йилдан буён Ўзбекистонда ўйнаяпман, мени барча нарса қаноатлантиряпти. Яна бир йил ўйнасам, Ўзбекистон фуқаролигини оламан.
— Ҳеч нарсадан афсусланмайсизми?
— Йўқ, бу ҳаётда ҳеч нарсадан афсусланмайман. Бу йўлни ўзим танладим. Ўзбекистонга келишга ҳеч ким мени мажбур қилмади.