Денис Коростиченко: «Бу ўйин ҳеч кимнинг кўнглини қолдиргани йўқ»
"Локомотив" бош мураббийи Денис Коростиченко Про лиганинг 5-тури доирасида бўлиб ўтган "Динамо"га қарши ўйин (0:0) борасида ўз фикрини билдириб ўтди.
— Ўйин ҳақида нима дейиш мумкин? Бу ўйин ҳеч кимнинг кўнглини қолдиргани йўқ. Гарчи ўйинда гол урилмаган бўлсада, кўплаб вазиятлар бўлди, иккала жамоа ҳужумкор ўйин намойиш қилди. Умуман олганда тенг ўйин бўлди дейиш мумкин. Бундай ўйинлар доимо қизиқ бўлади. Жамоалар ҳужумга ошиқди, вазиятлар яратишга интилишди, биз ҳам улар ҳам ёпилиб олмадик. Менимча улардан кўра бизда бироз кўпроқ устунлик бўлди, тўпни кўпроқ ушлаб турдик, кўпроқ вазият яратдик. Биринчи бўлимда стандартлардан бошқача услубларда фойдаланишга ҳаракат қилдик. Режа қилган кўп ишларимиз ўхшади, фақатгина гол ура олмадик. Йигитлар ўзини ўйинга баҳш қила олишди. Баҳснинг сўнгги дақиқалари босимга бой ўтди. Сўнгги дақиқага қадар барча курашди, ўйнади. «Динамо» ҳам ёмон ўйин кўрсатмади, уларда ҳам яхши вазиятлар бўлди. Шу боис тенг ўйин бўлди дея оламан.
— Ярим ҳимоячиларнинг ўйинидан қониқдингизми? Чунки жамоа тезкор ҳужумга ўтаётган пайтда ярим ҳимоячилар ортда қолиб кетди
— Буни гапириш жуда қийин, балки, рақибнинг ўйини билан боғлаш ҳам мумкин. Чунки ярим ҳимоячига ҳам тезкорлик билан 45-50 метр масофани босиб ўтиш осон эмас. Бизнинг футбол тўпни назорат қилишга асосланган. Шу сабабли ярим ҳимоячиларимиз асосан ҳимоячиларнинг ёнига жойлашиб, ҳужумга паслар орқали чиқиш учун ўйнашди. Ҳужумга тезкорлик билан ўтаётганимизда эса ҳужумчилар тезликни оширмоқчи бўлганида ортга пас беришди. Тўғри, бундай пайтда ярим ҳимоячиларнинг жисмоний ҳолати яхши бўлиши ва ҳужумчиларга яқинроқ жойлашиши керак эди. Тўғрисини айтганда, жиддий хатолар кўрганим йўқ. Бир-икки вазиятда ярим ҳимоячиларимиз ҳужумчиларга ёрдам бера олмагани рост. Ёддан чиқармаслик керак, ҳозир Рамазон ойи. Бир қанча ярим ҳимоячиларимиздан ташқари, кўплаб футболчиларимиз рўза тутмоқда. Шу сабабли улар баъзида жисмонан вазиятга улгура олмаяпти, бор кучини ишлата олмаяпти. Балки шундай кўриниб қолиши ҳам мумкин
— «Арал» ва «Хоразм»га қарши ўйинлардан кейин «Локомотив» сифатлироқ ўйин намойиш қилди. Бу бугунги рақибнинг ҳужумга кўпроқ эътибор бергани билан боғлиқми ёки ҳимояга камроқ эътибор бергани билан?
— Иккиси ҳам. Гапингиз тўғри. «Арал» ва «Хоразм» сингари бугунги рақиб ёпилиб олгани йўқ. Ундан ташқари, биз ўз майдонимизда ўйнадик. Ўзимиз кўрсатмоқчи бўлган футбол талабига майдонимиз жавоб бера олади. «Динамо» ёпилиб олмагани учун биз ҳам кўпроқ ҳужум уюштирдик, хавфлироқ ўйнашга ҳаракат қилдик. «Арал» ва «Хоразм» кўпроқ ҳимояда ўйнагани учун камроқ вазият яратдик. «Хоразм» майдони унчалик сифатли эмасди, балки, кейинчалик яхши бўлиб кетиши мумкиндир. Бироқ биз жуда қийналдик ва оғир ўйнадик. Бугун эса кўпроқ ҳужум қилдик. Ўйин ҳам яхши бўлди. Бизга бир гол етишмади.
— Эшитишим бўйича Боян Найденов қишда олган жароҳати сабабли жамоадан кетиши мумкин бўлган экан. Аммо ҳозир у ўзининг ҳолатини тиклаб, яхши ўйин намойиш қилмоқда.
— Боян борасида бундай суҳбат бўлгани йўқ. У билан шартнома имзоладик ва ўз ҳудудида қандай ўйин намойиш қилишини кузатдик. Унинг ўйинлари бизга ёқди. Ҳа, йиғинда унинг жароҳат олгани ёмон бўлди. Шундан кейин у жамоада қолиб, тузалиш-тикланиш реабилитасияларини олиб борди. Шошилмадик, чунки унинг имкониятларини яхши билардик. Уни икки мавсум олдин «Навбаҳор»даги ўйинлари орқали ҳам кўргандик. Шу сабабли унинг тўлиқ тузалишини шошмасдан кутдик. Мана шу кунларга етиб келдик. Унга барибир энг яхши ҳолатига қайтиб олиши учун бир қанча ўйинлар керак. Унинг ўйинлари мухлисларга ҳам манзур келди. У яхши юқори даражали, яхши сифатли футболчи.
— Сўнгги дақиқада Манучеҳр Сафаровнинг олган қизил карточкаси ҳақида нима дейсиз?
— Вазиятни кўрмадим, футболчимизга ишонамиз. Манучехр билан гаплашдик, ҳеч нарса қилмадим, урмадим, деб айтди. Тўғри, қизишиб кетиб, югуриб борди. Видеода ўша вазиятни кўриш керак. Агарда у ростдан урган бўлса, алоҳида суҳбат олиб борамиз, балки, жаримаси ҳам бўлади. Вазиятни тўғри тушуниш ҳам керак — сўнгги дақиқа, барча ютишни истамоқда, шу сабабли ҳамма қизишиб кетган. У ерда фақатгина унинг айби бўлган деб айтиш ҳам қийин. Рақибларнинг 44-рақамли футболчисининг ҳаракатлари унчалик ёқмади. У провокатор сифатида провакасияни бошлади. Ўша жойда Марат Бикмаев ҳам Олег Зотеев ҳам бор эди. Шунда ҳам у қизишишда давом этди ва провакасия қилди. Бу ерда интизом ҳам керак.
— 2018 йилда Хусниддин Ғофуров «Локомотив»да ўйнаб юрган пайтларида «Металлург» майдонида қизил карточка олди. Навбатдаги ўйин «Пахтакор»га қарши эди. Муҳим ўйин. Ўшанда «Локомотив» клуби ўйинга 3 кун қолганида қизил карточкага аппелясия бермоқчи бўлганида ПФЛ иш 7 кундан 20 кунгача вақт оралиғида кўриб чиқилишини маълум қилди. Шундан кейин клуб аппеляциясини қайтариб олди. Чунки аппеляция берилган тақдирда ҳам Ғофуров «Пахтакор»га қарши ўйнай олмасди. Манучеҳр учун аппелясия ёзилиши мумкинми?
— Албатта. Вазиятни кўриб чиқиб, шу ишни қилишимиз керак. Биз ўз футболчимизни ҳимоя қилишни истаймиз. Агарда у ростдан урмаган бўлса, аппелясия ёзамиз. Ҳозир кўплаб қизил карточкаларни аппелясия қўмиталари бекор қилишмоқда. Бўлиб туради. Ҳакам хато қилган бўлса, уни тўғрилаш керак. Бу борада ПФЛда мутахассислар ишламоқда. Вазият кўриб чиқилса керак.