Денис Коростиченко мавсумдаги 2 та қийин ўйинни айтди
"Локомотив" бош мураббийи Денис Коростиченко Про лиганинг сўнгги тури доирасида бўлиб ўтган "Навбаҳор-Фарм"га қарши бўлиб ўтган ўйин ва мавсум якуни борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
— Илк навбатда мухлисларни бугунги ғалаба билан табриклайман. Гап йўқ, улар бугун яхши ўйнашди. Ўйин тенг курашлар остида ўтди. Бизда ҳам, рақибларда ҳам яхши вазиятлар бўлди. Омадимиз келиб, учта гол урдик. Иккинчи бўлимда эса икки томон ҳам яхши ўйнади. Рақиблар яна гол уришлари мумкин бўлганди. Шундай ўйин намойиш қилганлари учун йигитларга раҳмат айтаман. Умуман олганда, ғалабага лойиқ эдик.
— Про-лига мусобақалари қандай ўтди? Лига ҳақида таассуротларингиз.
— Олдин ҳам айтдим, осон бўлмади. Ҳар хил жамоаларга қарши ўйнадик. Баъзи жамоалар яхши ҳимояланса, айримлари ҳисобни ушлаб тура олар экан. Баъзи жамоалар эса футбол ўйнашни исташди ва шунга яраша ҳаракат қилишди. Албатта, бундай жамоаларга қарши ўйнаш қизиқарли бўлади. Чунки ўйинлар ҳам очиқ курашлар остида ўтади, вазиятлар кўпроқ яратилади. Кимлардир ҳимоявий ўйинни маъқул кўрди. Шу сабабли барчаси осон ўтди деб бўлмайди. Оғир ўйинлар ҳам бўлди. Асосийси — вазифа бажарилди.
— Жамоа Суперлигага қайтди. Клуб жамоа олдига қандай мақсадларни қўйган? Режалар қандай?
— Бугун сўнгги ўйинни ўтказдик. Раҳбариятдагилар ушбу ўйиндан кейин мажлис бўлади, унда ҳамма нарса маълум қилинади, деб айтишди.
— Ушбу мавсум Про-лигада 11та жамоа бўлди. Бу футболчиларнинг ўйин амалиётига камлик қилмайдими?
— Тўғри. Ноябрь бошланмасидан мавсум якунланди. Энди икки ой давомида режалар тузамиз. Албатта, ўйинлар жуда кам ва бу кўпроқ бўлиши керак эди деб ўйлайман. Балки учта даврали қилиш керакдир ёки ўтган йили 1-дан 6-ўринни олганлар яна ўзаро ўйинлар ўтказишлари керак бўлганди. Ўшанда жамоалар 30тадан ўйинлар ўтказишди. Балки кейинги йилга ўйинлар қўшилар.
— Ушбу мавсумдаги энг қийин ўтган 2 ўйин?
— «Арал» майдонидаги ўйин қийин ўтди. Иккинчи даврада «Динамо» сафаридаги баҳс.