«Локомотив» стадиони 2024 йилнинг иккинчи ярмидан Суперлига ўйинларини қабул қила олмайди
Профессионал футбол лигаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 декабрдаги «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5887-сонли Фармони ҳамда Осиё футбол конфедерациясининг лицензиялаш талаблари асосида стадионлар масаласига жиддий эътибор қаратиб келди.
Тўрт йиллик режа асосида бугунга келиб Андижон, Наманган, Фарғона, Яйпан, Олмалиқ, Жиззах, Бухоро ҳамда Тошкент шаҳридаги 2 та стадионда майдоннинг дренаж ва суғориш тизими, прожекторлар ёруғлик даражаси халқаро учрашувларни қабул қила олиш даражасига етказилди. Режанинг иккинчи босқичида навбат Қўқон, Бекобод, Самарқанд, Навоий, Термиз шаҳарларига келган бўлиб, айни вақтда мазкур шаҳарлардаги стадионлар Суперлига учрашувларини қабул қила олмайди. Шундан келиб чиқиб, Термиз, Самарқанд ҳамда Қўқон шаҳарларидаги стадионлар майдонида ҳам таъмирлаш ишлари бошланди. Мазкур стадионлар 2024 йилнинг иккинчи ярмига қадар тайёр ҳолга келиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 апрелдаги «Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-115-сонли Қарорига мувофиқ, Суперлига стадионларини қабул қилиши кўзда тутилган стадионлар майдони учун аниқ мезонлар ишлаб чиқилган бўлиб, ўтган йилнинг декабрь ойида Лига мутахассислари Суперлига учрашувлари учун мўлжалланган стадионларни кўздан кечириб чиқди.
Жумладан, 2023 йилнинг 10 декабрь куни Лига мутахассислари «Локомотив» стадионида ҳам бўлди. Унга кўра, 2012 йилда стадионга POA PRATENCE майсаси ётқизилган бўлиб, унинг сифати 5 баллик тизимда 2,5ъга, майса парвариши даражаси 4 баллга, чидамлилиги эса 3,5 баллга лойиқ кўрилган. Майсанинг бутун майдон бўйлаб қопланганлиги ҳамда майса рангининг асосий тусдан фарқланиши бир хилда — 50 фоизлик кўрсаткич қайд этган. Ёввойи, зарарланган майсалар, зараркунанда ҳашоротлар мавжуд. Дренаж тизими етарли даражада ишлашдан узоқлашиб бормоқда.
Эндиликда Президент Фармон ҳамда Қарорлари ижросини таъминлашнинг учинчи босқичини амалга ошириш мақсадида, «Локомотив» стадиони 2024 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб Суперлига учрашувларини қабул қилиш учун қўйилмайди. Унга қадар «Локомотив» футбол клуби 2024 йилнинг иккинчи даврасидан бошлаб ўз уй учрашувларини Тошкент шаҳридаги талабга жавоб берадиган футбол майдонларидан бирида ўтказиб туриши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.