Кириш Регистрация

STD.UZ/MILAN

Милан

  • Тўлиқ номи:
  • Бош мураббий:
  • Лақаби:
  • Жамоа сардори:
  • Ташкил топган:
  • Бош ҳомий:
  • Стадион:
  • Расмий веб-сайт:
  • Сиғими:
  • Клуб формаси:
  • Клуб президенти:

Клуб хабарлари

Самуэль Чуквуэзе: «Фақат ва фақат «Милан»ни ўйладим...»

«Милан»нинг мавсумолди йиғинларида ишончли ҳаракатлари билан мухлису-мутахассисларни ҳайратда қолдирган жамоа вингери Самуэль Чуквуэзе La Gazzetta dello Sport нашри мухбирлари эътиборини ҳам ўзига тортди.

 Якунда жаҳонга машҳур Италия газетаси вакиллари нигериялик 25 ёшли футболчини алоҳида суҳбатга чорлашди. Шу тариқа Самуэль бир қатор қизиқарли саволларга жавоб берди.

- Чуквуэзе ҳикояси - бу Нигериядан Милангача бўлган катта саёҳат. Ортга назар солганингизда, аввало, нималарни эслайсиз?

- Футболчи бўлишимга қарши чиққан онамни. У доим футбол ортидан оила боқолмаслигимни айтарди. Ваҳоланки, онамнинг қорнидаёқ футболга меҳрим тушган бўлса керак. Хуллас, ҳар куни атрофни қоронғу қоплашигача тўп ортидан югурардим ва уйга қайтишим билан онамдан доимий жазони олардим, албатта. У кўпинча, бутсамни олиб қўярди, шунинг учун уни яшириб қўйишимга тўғри келарди. Бироқ онам бутсамни топиб оларди, барибир. Ҳатто бир сафар бутса ва футболкамни ёқиб юборгани эсимда. Ўша куни фақат ўқишга эътибор қаратишим зарурлигини роса уқтирди. Шунда ҳаракат қилиб кўрдим, аммо илм олиш қўлимдан келмади...

- Кейин нима бўлди?

- Амакимнинг ўғли дўсти билан кўрик учун шаҳарга йўл олаётганини айтиб қолди. Унга онам ғазаб отига мингани ва мени бирга олиб боришни хаёлига ҳам келтирмаслигини айтдим. Шунга қарамай, эрта азонда уйимизга келди. Бироқ ўртага яна онам тушди: «Йўқ, Самуэль ҳеч қаерга бормайди, бугун мактаб...». Хайриятки, бувижоним ёнимни олди, онамни тинчлантириб, уни фикридан қайтарди ва қўлимга йўлкира тутқазиб, кузатиб қўйди.

- Илк кўрик кўнгилдагидек ўтдими?

- Аввалига ёшим улғайиб қолгани, озгина кечикканимни айтишди. Кейинроқ тўп бериб, у билан ишлашимни сўрашди. Шу аснода барчасини кўриб, фикрларини ўзгартиришди: «Яхши, етарли, сен айнан биз қидирган йигит экансан, оламиз». Якунда тез орада Португалиядаги турнирга борадиган жамоа сафига қўшишди.

- Лекин онангиз ҳамон қарши эди, хусусан, Европага боришингизга...

- Йўқ, у тушида гол урганим ва кубокни бошим узра кўтарганимни кўргач, футбол билан жиддий шуғулланишимга розилик билдирди. Яқинда эса ўша вақтдаёқ футболда ўзимни кўрсата олишимга ишонганини айтди. Лекин факт шуки, бошида менга фақат бувим ишонган. Афсус, уни шу йил йўқотдик.

- Онангиз ҳозир нима дейди?

- Эҳ, ҳамон ўқишимни истайди. У лоақал футбол билан боғлиқ тиббиёт соҳасида бўлсада, илм олишим кераклигини уқтиради. Ўзим ёшлигимда адвокат бўлишга қизиққанман, аммо онам ўшанда ҳам қатъий таъкидларди: «Йўқ, шифокорлик яхши, тамом...».

- Аммо тиббиёт соҳаси мураккаб...

- Доимий равишда миямни чархлаб боришга одатланганман. Баъзан интернетда тиббий қўлланмаларни ўқийман. Чунки футболда абадий қололмаслигимни биламан.

- Касб танлаш масаласи фонида пул ҳақида нима дейсиз?

- Агар пулга қизиққанимда, ҳозир «Милан» эмас, Саудия Арабистонида ўйнардим. Ҳар ҳолда, ўтган йили араблар моддий томондан кучли таклиф юборишганди.

- Бир мавсум учун 10 миллион евролик маошми?

- Бундан кўпроқ.

- Рад этиш қийин.

- Лекин фақат ва фақат «Милан»ни ўйладим. Агентим таъсир ўтказишга уринди: «Ҳой йигитча, ўзи қанча таклиф этишаётганини тасаввур қиляпсанми?» Лекин қатъий туриб, масалани ёпдим: «Йўқ, фақат «Милан»да ўйнашни хоҳлайман». Якунда у фикримдан қайтмаслигимни тушунди. Лекин агар ўртага яна катта пул тушса, олдимга қайтиши аниқ. Ҳозир ўзим учун энг муҳими - салоҳиятимга ишонч. Ҳали ёшман, еврофутболда катта муваффақият қозонмоқчиман. Шундай экан, кетиш ҳақида ўйлаш ноўрин.

- Умуман, жорий ёз мутлақо бошқа футболчига айланиб қолгандексиз.

- Ҳа, янги мураббий менга кучли ишонч бермоқда. Энди «Милан»га мутлақо лойиқ эканлигимни амалда кўрсатишим керак. Ўйлайманки, мен учун энг муҳим вақт келди.

- Пиоли билан ишда нималар нотўғри бўлди?

- Жамоа сафига кечроқ, июль ойи охирида қўшилгандим ва уни ўз салоҳиятимга ишонтиришда қийналдим. Қолаверса, мен ўйнайдиган позицияда майдонга тушган футболчи муҳим голларни урди. Мураббий эса яхши ўйнаб турган йигитни четга суриб қўёлмайди, барибир. Ҳа, ўйнашни хоҳлардим, лекин Пиоли билан яхши муносабатни сақлаб қолдим. Зеро, у ажойиб инсон ва яхши мураббий. 

- Фонсека ҳақида нима дея оласиз?

- У бошидаёқ олдимга шарт қўйди: «Самуэль, эшит, ўтган мавсумдаги Чуквуэзени кўришни ҳам хоҳламайман. Менга «Вильярреал»дагиси керак». Шунда муаммо йўқлигини айтдим. Ҳозир қайта туғилгандекман. Ҳа, янги футболчи қиёфасига киряпман.

- Қизиқ, ким тезроқ: сизми ёки Рафа?

- Тўпсиз ҳолатда - у. Тўп билан эса мен.

- Рафа «А» сериянинг энг яхши 3 нафар футболчисидан бирими?

- Ҳа. Дўстим Осимхен ҳам кучли учликда. Унинг Италия­да қолишидан умидворман

- Янги мавсумда нечта гол урмоқчисиз?

- 6та голдан иборат шахсий рекордимни янгилашим керак.

- «9-рақам»лар ҳақида савол: Ибрагимович қандай эди?

- О, жуда қўпол, лекин ажойиб йигит. У билан иш пайти сира осон бўлмайди, лекин майдон ташқарисида жуда ҳазилкаш: «Чук, сендан гол кутаман...». Кейин гол ураман, лекин Ибра ён бермайди, барибир: «Ниҳоят урдинг! Лекин 2та уришинг керак эди. Кейинги сафар дарвоза олдида бемаънилик қилма...».

- Мората қандай рақиб эди?

- Раҳмсиз. У ҳужумда қойилмақом тарзда ҳудуд очади, ассистентликни қо­йиллатади, кўп ишлайди. Биз - вингерлар учун мукаммал ҳамкор.

- Франческо Камарда ўзига хос йигитми?

- Ҳа. Ёш, кучли, лекин ишлашда давом этиши, кўнгилхушликларни унутиши шарт. Агар ўз устида талаб даражасида ишласа, энг кучли ҳужумчилардан бирига айланади. Менга ишонаверинг, унда бунинг учун ақл ҳам, иқтидор ҳам етарли.

- Жамоадаги энг яқин дўстингиз ким?

- Адли - франциялик акам. «Милан»да нима мумкин ва мумкин эмаслигини менга айнан у тушунтирганди. Ҳозиргача қандайдир муаммо туғилса, дарҳол Адли билан алоқага чиқаман.

БЛИЦ САВОЛ-ЖАВОБЛАР

- 6 футболчидан иборат идеал жамоангиз...

- Меньян, Тшау, Томори, Рейндерс, Муса, Леау.

- Фақат «Милан» вакиллари-ку...

- Бу - менинг жамоам. Қолаверса, танлов ўзимда.

- Бошқа авлод футболчиларидан кимни устун кўрасиз?

- Болаликдаги кумирим Какани. Лекин уни шахсан танимайман. Агар Кака қачондир «Сан Сиро»га келса, у билан кўришиш учун ҳар қандай ишимни ортга суришим тайин.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади

Киритилди: 23.08.2024 07:32. Ўқилди: 467 марта. Фикрлар: 0 та.

«A» Серия

Жамоа Ў О
1 Наполи 12 26
2 Аталанта 12 25
3 Фиорентина 12 25
4 Интер 12 25
5 Лацио 12 25
6 Ювентус 12 24
7 Милан 11 18
8 Болонья 11 18
9 Удинезе 12 16
10 Эмполи 12 15
11 Торино 12 14
12 Рома 12 13
13 Парма 12 12
14 Верона 12 12
15 Комо 12 10
16 Кальяри 12 10
17 Женоа 12 10
18 Лечче 12 9
19 Монца 12 8
20 Венеция 12 8

ЕЧЛ

Европа лигаси

- Гуруҳи

Жамоа Ў О

Италия кубоги

Нимчорак финал
13.01.2021
00:45 Милан
0:0
Торино
19:00 Фиорентина
1:2
Интер
21:45 Наполи
3:2
Эмполи
14.01.2021
00:45 Ювентус
3:2
Женоа
21:30 Сассуоло
0:2
СПАЛ
15.01.2021
01:15 Аталанта
3:1
Кальяри
20.01.2021
01:15 Рома
2:4
Специя
22.01.2021
01:15 Лацио
2:1
Парма
Чорак финал
27.01.2021
00:45 Интер
2:1
Милан
21:45 Аталанта
3:2
Лацио
28.01.2021
00:45 Ювентус
4:0
СПАЛ
29.01.2021
01:00 Наполи
4:2
Специя
Ярим финал
03.02.2021
00:45 Интер
1:2
Ювентус
04.02.2021
00:45 Наполи
0:0
Аталанта
10.02.2021
00:45 Ювентус
0:0
Интер
11.02.2021
00:45 Аталанта
3:1
Наполи
Финал
19.05.2021
23:59 Аталанта
1:2
Ювентус

International Champions Cup

Италия суперкубоги

Финал
21.01.2021
01:00 Ювентус
2:0
Наполи

Сўнгги учрашув

09.11.2024. «A» Серия. 12-тур.
22:00
Кальяри
3-3
Милан

Навбатдаги учрашув

23.11.2024. «A» Серия. 13-тур.
22:00
Милан
-:-
Ювентус

ЖАМОА ТАРКИБИ

© STADION.UZ
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг интернет-ОАВ гувоҳномаси №0917.

Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.