ОЧЛ. «Насаф» иродали ғалабага эришди ва гуруҳда 1-ўринга кўтарилди
«Насаф» Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи доирасида 5-тур баҳсини ўз майдонида Иорданиянинг «Ал-Файсалий» клубига қарши ўтказди.
Қаршиликлар биринчи бўлимда рақиб мудофаасини ёриб ўтишга қийналишди. Боз устига, биринчи таймга қўшиб берилган 6-дақиқада Сиддиқов майдон марказида тўпни рақибга олдириб қўйди. Натижада иорданиялик футболчи дарвозабонимиз билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетиб, ҳисобни очди.
Рўзиқул Бердиев шогирдлари иккинчи бўлимга катта иштиёқ билан чиқиб келишди. Улар илк 5 дақиқа олдинга ўтиб олишган бўлса, 15 дақиқа ичида ўйин тақдирини ҳал қилиб қўйишди. Дастлаб қанотдан етказилган тўпни Матеус Лима бош билан дарвозани буриб юборган бўлса, 50-дақиқада Зафармурод Абдураҳматов 18 метрлардан кучли зарба билан жамоасини олдинга олиб чиқди.
60-дақиқада "Насаф" шундоққина жарима майдони остонасида жарима зарбасини ишлади. Марко Станоевич эса ўша паллада захирадан майдонга тушдию, илк зарба билан тўпни жонли девор устидан ошириб, дарвоза бурчагига жойлаб қўйди — 3:1.
Шундан сўнг қаршиликлар бироз хотиржамликка берилишди. Натижада 84-дақиқада "Насаф" дарвозаси томон пенальти белгиланди. Обида ас-Самриҳ томонидан йўлланган зарбани эса Абдувоҳид Неъматов қайтаришга муваффақ бўлди.
"Файсалий" шундан кейин ҳам вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қилди, аммо мезбонлар ғалаба ушлаб қолишга эришишди.
"Насаф" ушбу ғалаба туфайли ўз очколарини 10 тага етказиб, "B" гуруҳи пешқадамига айланди. Боиси, 4-турдан кейин 8 очко билан етакчи бўлиб турган "Шаржа" ўз уйида Қатарнинг "Ас-Садд" клубига имкониятни бой берди.
ОЧЛ, «B» гуруҳи, 5-тур
"НАСАФ" - "АЛ-ФАЙСАЛИЙ" - 3:1 (0:1)
Голлар: Матеус Лима (47), Зафар Абдураҳматов (50), Марко Станоевич (60) — Розиқ Бани Ҳани, 45+6 (0:1)
Ноаниқ пенальти: Обида ас-Самриҳ (84, "Ал-Файсалий") — дарвозабон қайтарди