Александр Хомяков: «Бундай ғалабадан кейин ҳар қанча хурсандчилик қилсанг арзийди»
Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичидаги «Андижон» – «Насаф» (1:0) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Александр Хомяков қуйидагиларни айтди:
– Мен ҳам сизларни ғалаба билан табриклайман. Жуда ҳам хурсандман ва мамнунман. Ҳамма ғалабадан хурсандчилик қиляпти. Одамлар, Андижон халқи жуда мамнун ва қувончга тўлишяпти. Шундай экан, бугунги ғалаба билан барчани яна бир бор табриклайман. Бугун биз анча кучли кўрингандик ва ғалабани кўпроқ хоҳлагандик. Ёмон ўйин кўрсатмадик. Хавфли вазиятларни кўпроқ яратдик. Шу сабабли ҳаммасидан мамнунман. Йигитларимиз ғалабани ниҳоятда хоҳлашганди. Майдонда ҳам бу нарса билиниб турди ва шунга яраша натижа кўрсатишди.
— Бундай хиссиётлардан сўнг тўғриси фикр билдириш ҳам қийин. Ғалаба сизга ҳам муборак бўлсин! Бундай ғалабадан кейин сўз келиши ҳам қийин бўляпти…
— Мен сизнинг бу гапларингизга тўлиқ қўшиламан. Ғалаба барчамизга муборак бўлсин. Менда ҳам ҳозир худди шундай ҳиссиётлар бўляпти. Бу барчамизнинг ғалабамиз. Ҳаммага раҳмат.
— Ўзбекистон кубогининг амалдаги ғолибини гуруҳда қолиб кетганига муносабатингиз қандай?
— «Насаф» анча кучли жамоа. Биз буни билгандик. Уларга ҳам ғалаба жуда зарур эди. Рақиб қўлидан келганича олдинга интилди, ғалаба қозонишни хоҳлади. «Насаф» кучли жамоа эканини кўрсатиб қўйди. Бу ўйинда ким гол урса ўша жамоа ютиб кетарди ва биз буни учрашув охирида амалга оширдик. Лекин бундай вазиятлар «Насаф»да ҳам бир неча бор бўлди. Аммо биз гол уриб ғалабани илиб кетдик. Кубок баҳсида етарлича ҳиссиётларга бой учрашув бўлди. Бундай баҳсдан кейин ҳар қанча хурсандчилик қилсанг арзийди. Энди 4 май куни чемпионат доирасида ўз майдонимизда «Сўғдиёна» билан ўтадиган учрашувга тайёргарликни бошлаймиз. Жиззахликлар ҳам анча кучли жамоа. Энди тикланиш жараёнини ўтказиб, бўлажак баҳсга ҳам жиддий тайёрланамиз.
«Андижон» матбуот хизмати.