Рўзиқул Бердиев: «Ҳозирги «Навбаҳор» Бабаян давридагидан яхшироқ ўйин кўрсатмоқда»
Суперлигада 25-тур ўйинлари давом эттирилди. "Насаф" жамоаси бу тур Фарғонада "Нефтчи" меҳмони бўлди ва 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Беллашувдан сўнг жамоа бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида иштирок этди.
— Қизил карточкага қадар ҳаммаси режа асосида кетаётган эди, аммо кейин кўп нарса ўзгариб кетди. Бу майдон эгаларига ташаббус ўтиб кетишини таъминлади. Улар бундан унумли фойдаланди. 80 дақиқа бир киши кам бўлиб ҳаракат қилиш қийин. Вазиятларимиздан фойдалана олмадик. Уларни ғалаба билан табриклайман.
— Самвел Бабаян ўз интервьюсида мен "Навбаҳор"дан кетмаганимда, "Насаф"га чемпионлик пойгасида бу қадар эркин бўлишга йўл қўймаган бўлар эдим, деди. Бу борада фикрингиз қандай?
— Тўғриси, бу интервьюни кўрганим йўқ. Ўйлашимча, Наманган клуби ҳозирги мураббий билан аввалгисига қараганда яхшироқ ўйин кўрсатмоқда. Фикрим шу. Кубок финалига чиқа олди. Ички биринчиликда ҳам медаллар учун курашга қайтди. У жамоа постидан кетган пайтда, клуб анча орқароқда эди. Фикрим шу.
— Миллий терма жамоага мураббий бўлсангиз, қандай жамоа қурган бўлар эдингиз?!
— Мен аввал ҳам айтдим. Мураббий яхши натижа кўрсатмоқда. Бу таркиб билан жамоа бемалол Жаҳон чемпионатига чиқади. Менга, клуб билан ишлаш осон. Уни доим бошқариш имкони бор. Ҳозир, терма жамоага бориб, қисқа вақт ичида жамоа тузишга қурбим етмайди. Терма жамоамизга ишонаман. Уларни ҳар қандай вазиятда қўллаб-қувватлаймиз. Ҳаммаси ўз қўлимизда. Буни йигитларимиз ва мураббийларимиз еча олади.
— "Насаф"га келган легионерлар қанчалар ўзини оқлади? Кейинги йилга "Насаф" янада «қўша оладими»?
— Легионерларни чақириш орқали ички рақобатни кучайтиришни мақсад қилган эдик. Улар бир-бирини ўстиради. Алоҳида, кимнидир меҳнатини таърифламоқчи эмасман. Ҳаммаси жамоага ёрдам берди. Биз, келаси мавсумда ҳам яхши жамоа шакллантириш учун режа тузганмиз. Ўзгаришлар бўлади.
— Бу йилги чемпионат қандай даражада ўтди?
— Агар эътибор қаратсангиз, яхши жамоалар кўпайди. Ўртадаги "Динамо" ёки "Сурхон" исталган етакчи жамоаларга қаршилик кўрсатмоқда. Пастроқдаги клублар билан ҳам бу мавсум очко йўқотган пайтимиз бўлди. Авваллари, даража сезилиб қолар эди. Менимча, ҳозир 2-ўрин учун ҳам бир нечта жамоа даъвогар. Пастга тушиб кетиш учун эса, 4 та даъвогар. Бу чемпионат ўсганидан далолат берса керак.