Илёс Қурбонов: "Бугун ҳақли ғалабага эришдик, деб ҳисоблайман"
Ўзбекистон Суперлигаси 26-турида "Насаф" - "Металлург" (1:2) баҳси бўлиб ўтди. Матбуот анжуманининг биринчи қисмида "Металлург" бош мураббийи вазифасини бажарувчи Илёс Қурбонов иштирок этди.
— Ассалому алайкум. "Насаф" қанчалик кучли жамоа эканлигини, қандай футбол ўйнашини билардик. Яхши шаклланган жамоа, таркибда сифатли ижрочилар кўп. Улар ўз-ўзидан чемпион бўлиб қолгани йўқ. Бу ўйинга пухта тайёргарлик кўрдик. Мазкур беллашувга тайёргарлик учун бизда 3 ҳафта вақтимиз бор эди ва яхши таҳлил қилдик. Кўпгина вазиятларга эга бўлдик, улардан вақтлироқ фойдаланиш ҳам керак эди. Айтиб ўтганимдек, ҳар бир учрашув биз учун финал эди. Биз бугун ғалабага ҳақли ўйин кўрсатдик. Натижа адолатли бўлди, деб ўйлайман. Жамоадаги ҳаммага раҳмат. Олдинда ҳали яна ўйинлар бор…
— Ўз вақтида сиз ҳам "Насаф"да тўп тепгансиз. Ўша вақтдаги жамоа билан ҳозиргисини ҳақида нима дея оласиз?
- "Насаф" доим кучли жамоа бўлган. Ўша вақтлар ҳам кучли эди: Вали Келдиев, Рўзиқул Бердиев, Зафар Холмуродов, Ботир Қораев каби кучли футболчилар бўларди. Иккинчи-учинчи ўринни олиб юрардик доим, чемпионлик учун доим бир оз етмай қоларди. Олдинги футбол бошқа нарсаларни талаб қиларди, замонавий футбол бошқачароқ. Балки олдинги "Насаф" ижрочилари кучлироқмикин, деб ўйлайман.
— Бугун "Металлург" ғалаба қозонди. Сизнинг жамоангиз "Насаф"дан жисмоний жиҳатдан кучлироқмиди ёки иштиёқ борасида?
- Биз жисмоний тарафдан ҳам тайёр эдик. Буни олдинги беллашувлар ҳам кўрсатди. "Насаф" ҳам жисмонан кучли. Шунчаки, бугунги ўйиндан олдин “Насаф” Осиё Чемпионлар Лигаси доирасида ўйинда майдонга тушишди. Футболчиларда бор йўғи икки кун дам олиш имконияти бўлди. Инсон организмини алдаб бўлмайди. Болаларга ўйиндан аввал ҳам таъкидлагандим. 45 дақиқа чидаб берсак, иккинчи бўлимда "Насаф"да чарчоқ аломатлари сезилишини билгандик. Шунинг учун, йигитларга биринчи бўлимдан кейин янада фаолроқ тарзда олдинга боришни тайинлагандик.
Биринчи даврада кўп йўқотишлар бўлди. Балки бунга жисмоний тайёргарлик сабаб бўлгандир. Эътибор қилган бўлсангиз, иккинчи даврада жамоамиз биринчи даврага қараганда 60%га ўзгарди. Ҳозирги асосий мақсад лигада жон сақлаш.
— Айни пайтда “Насаф”нинг қайси чизиғини кучли деб ҳисоблайсиз?
— Ҳозирги "Насаф"нинг ярим ҳимоя ва ҳужум чизиғини кучлироқ деб биламан. Назаримда, ҳимояда муаммолар бор.