Рўзиқул Бердиев: «Бозоровнинг четлатилиши бўйича ўз эътирозимизни билдирамиз»
Суперлиганинг 5-тури доирасида бўлиб ўтган «Насаф» - «Сурхон» учрашувидан (1:0) кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев иштирок этиб, ўйин ҳақида қисқача тўхталди.
— Биринчи бўлимда ҳисобни йириклаштириб, танаффусга чиқиб кетишимиз мумкин эди, вазиятлардан тўлиқ фойдалана олмадик. Бизда бешталар голли вазият бўлди. Иккинчи бўлимдаги қизил карточкадан кейин ўйинимизни ўзгартиришга мажбур бўлдик. 1:0 ҳисобини ушлашимиз ва 3 очкони қўлга киритишимиз керак эди.
— Шарофнинг ўйини бизни ҳайрон қолдирди. Бугун у ўзининг даражасида ўйнамади. Бунга нима дейсиз?
Мен сизнинг фикрингизга қўшилмаган бўлардим. Шароф бугун ёмон ўйнамади. Гол урган вазиятимизда Шароф Черанга яхши имконият яратиб берди. Ўтган ўйинда ўзи ҳам гол урди, голли вазиятлар яратди. Биласизлар, у ҳимоячи эмас, лекин ҳозир биз ундан ҳимоячи сифатида фойдаланишга мажбур бўляпмиз.
— Рўзиқул ака, Ойбек Бозоров қизил карточка олган вазиятни таҳлил қилиб кўрдингизми?
— Ҳакамнинг айрим қарорлари биз учун тушунарсиз бўлди. Биринчи бўлимдаги қарорлари ҳам мени ажаблантирди. Ойбекни вазиятида ВАРгаям мурожаат қилмади, кутмадиям ва бу қарорни тез амалга оширди. Аммо бу вазият учун биз ўз эътирозимизни билдирамиз.
Киритилди: 14.04.2025 07:11. Ўқилди: 1484 марта. Фикрлар: 3 та.