«Арсенал» бош мураббийи Микел Артета АПЛ мавсуми якунлари бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Жамоа узоқ вақтдан сўнг Англия чемпионига айланди.
«Шубҳалар бўлган пайтлар ҳам бўлди, ҳатто бу ишга лойиқ одам эмаслигим ҳақида ўйлаганман. Худога шукр, ҳаммаси кўнгилдагидек якунланди», — деб келтиради Артетанинг сўзларини Sky Sports.
«Мен бир вақтнинг ўзида ҳам улкан қувонч, ҳам катта енгиллик ҳис қиляпман. Кўп нарсаларни назорат қила оламан, лекин сенга боғлиқ бўлмаган жиҳатлар ҳам бор. Бундай пайтларда ёнингда энг яхши инсонлар бўлиши керак. Баъзан, шубҳа пайдо бўлганда, айнан улар: «Биз буни уддалаймиз ва сен билан бирга қиламиз», дейишади».
«Бизда ажойиб раҳбарият бор. Биз қийин дамларни бошдан ўтказдик. Айнан ўшанда инсонларни ҳақиқий юзини билиб оласан. Улар беқиёс қадриятларга эга. Улар спортни ҳар биримиздан ҳам яхшироқ тушунишади. Улар биз амалга оширган лойиҳага тўлиқ садоқат билан ёндашишди».
«Йўлимизда мени бугунги кунгача етаклаб келган кўплаб инсонлар бўлди. Эду [Гаспар, спорт директори] ва Тим Льюис — уларнинг барчаси содир бўлган воқеаларда асосий рол ўйнашди», — дея хулоса қилди испаниялик мутахассис.
«Арсенал» турнир жадвалида биринчи ўринни эгаллаб, «Манчестер Сити»дан 7 очколик фарқ билан мавсумни якунлади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).