Жанубий Корея миллий жамоасининг собиқ бош мураббийи Ҳонг Мён Бо Жаҳон чемпионатидан қайтганидан икки кун ўтиб, АҚШга жўнаб кетган. Бу ҳақда МБC телеканалида хабар берилган.
Манбага кўра, 2 июль куни кореялик мутахассис ИнчҲонг халқаро аэропортидан Лос-Анжелесга учиб кетган. У журналистлар билан суҳбатда турнирни эрта тарк этишга сабаб сифатида кўрсатилаётган миллий жамоа ичидаги парчаланиш ҳақидаги миш-мишларни қатъиян рад этди. Шунингдек, Ҳонг Мён Бо Жанубий Корея футбол федерацияси фаолияти юзасидан ўтказилиши кутилаётган текширувларда иштирок этиши эҳтимоли бўйича ҳам муносабат билдирди.
“Буни билмайман. Қачон қайтишим ҳам номаълум. Нолийдиган ҳеч нарсам йўқ. Бош мураббий сифатида барча масъулиятни ўз зиммамга олишим шарт. Натижамиз биз олиб борган тайёргарликдан кўра анча ёмонроқ бўлгани ачинарли ҳолат”, дейди мураббий.
Жанубий Корея миллий жамоаси ЖЧ-2026 турнирида А гуруҳида 3 очко тўплаб, учинчи ўринни эгаллади ва плей-офф босқичига чиқа олмади. Шундан сўнг миллий жамоа устози истеъфога чиқишини эълон қилди. Мамлакат президенти Ли Же Мён жамоанинг ЖЧ-2026 даги омадсизлигидан сўнг давлат миқёсида тергов бошлаш ташаббуси билан чиқди.
Жамоа Сеулга етиб келишидан аввал, интернетда мураббийга нисбатан ўлим таҳдидлари пайдо бўлгани сабабли, расмийлар хавфсизлик чораларини кучайтирди ва аэропортга 100 дан ортиқ полиция ходимларини жалб қилди. 30 июнь куни миллий жамоа қайтиб келганида, парвоз кеч тунда амалга оширилганига қарамай, ИнчҲонг аэропорти чиқишида жамоани 200 га яқин киши кутиб олди. Мухлислар футболчиларни ҳуштакбозликлар билан қарши олди ва “Ҳонг Мён Бо, йўқол!” дея ҳайқирди. Улардан бири эса “Корейс футболи ўлди” деган ёзув туширилган плакатни кўтариб олган эди.
Маълумот ўрнида, 57 ёшли Ҳонг Мён Бо миллий жамоани 2024-йилдан буён бошқариб келаётган эди. Мутахассиснинг шартномаси 2027-йилги Осиё Кубоги якунига қадар мўлжалланган эди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).