-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Ҳасанали ота Ўзингни англа
Аксириш (3-қисм)
Баҳо: 0Киритилган сана: 2014-11-08 11:44
Касаллик узоқ давом этиб, сурункаликка айланиб кетиши мумкин. Танамиз касаллик билан курашиб унга мослашиб олади. Биринчи аломатлари йўқолади. Аксириб, йўталиб атрофдагиларни безовта қилмаймиз. Иситмани енгамиз. Касалликни ичимизга ютамиз. Ўзимиз унга кўникиб мослашиб қоламиз. Атрофдагилар ҳам шунга рози. Масалан, сурункалик бронхит билан оғрисак, ўпкамиз ғиж-ғиж қилишини биров эшитиб эшитмаганга олади. Ўзимиз ҳам кўникиб қоламиз. Лекин шуни тан олайлик. Биз энди бутун эмасмиз. Биз яримтамиз. Тўлақонли ҳаёт кечира олмаймиз. Футболимиздаги бугунги келишувлар ҳам сурункаликка айланиб кетган касалликдир. Буни ҳамма кўриб, кўрмаганга олмоқда.
ИККИНЧИДАН
Узилиб қолган мавзуни давом эттираман. Улар келишувларга қарши қаттиқ курашмоқда. Бунинг биринчи сабаби ҳаммамизга тушунарли бўлди. Энди иккинчи сабабини кўриб чиқайлик. Иккинчи сабаб шуки, уларда Сармоядор, ўз клубининг ўйин савиясини баланд даражага кўтараман деган Сармоядор — клубнинг эгаси келишувлардан моддий зарар кўради. Ўйинчиларнинг маҳорати йўқолиб, трансфер баҳоси пасайиб кетади. Ишқибозлар стадионга келмай қўядилар, омманинг ўйинга бўлган қизиқиши сўниб кетади. ТВ орқали трансляция қилиш нархи, рекламадан оладиган даромад даромад кескин тушиб кетади. Ўзини ўзи боқолмай қолади. Биласиз, уларда клуб дарров касод бўлади. Уларда ҳеч ким ҳеч кимга ебкетарга пул ажратмайди. Эл-классикони кўрдик. Бутун дунё кўрди (3:1, “Реал” фойдасига). Бундай ўйинни келишиб бўлмайди, дейсизми. “Штутгард” билан “Хоффенхайм” орасидаги ўйинни келишиб бўладими? Йўқ. У ерда умуман келишувни ақлга сиғдириб бўлмайди. Уларда келишувга қўл урган клуб бир йилда вилоят даражасига тушиб кетади. Улар вилоят футболини 4-дивизион ёки D серия дейишади, шекилли. Эгаси ҳам молиявий, ҳам маънавий жиҳатдан ўлади. Гап бекорга йўқ бўлиб кетар пуллар ҳақида эмас.Футбол ўзининг баркамоллиги, мукаммаллиги, оммабоплиги, тамошабоплиги билан жаҳонни забд этган ўйин. Инсон ҳар доим, рақобатни, бир-биридан устун келишни, ғолиб бўлишни истайди. Бу истак 40 минг йилдан бери уни жанг майдонига, уруш-тўполонга етаклаб келган. 20-асрга келиб инсон уруш майдони ўрнига футбол майдонини кашф этди. Бу кашфиёт мевасидан ҳаммамиз баҳраманд бўлмоқдамиз. Масалан, ушбу кашф этилган майдонда замонамизнинг буюк “саркардалари” саналган Гвардиола билан Клооп орасида яқинда бўлиб ўтган буюк жангни (2:1), бир-бирини ўлдириш у ёқда турсин, туртишга, итаришга хаққи бўлмаган буюк жангчиларни бутун дунё ишқибозлари кўриб олам-олам завқ олишди. Футбол ўз атрофига қитъаларни, юртларни, халқларни бирлаштирмоқда.
Шундай жозибали футболга ҳамма маҳлиё бўлиб турган бир пайтда бизнинг футбол келишувларга ботиб кетган. Буни нега тан олмаймиз? Кўриб кўрмаганга оламиз. Ҳар қандай келишув футболнинг ўзак томирини чиритиб юборади-ку. Мени ёзишга ундаган энг даҳшатли ҳақиқат шуки, бизда келишувни футбол ичидагиларнинг ўзи қилмоқда.
ИШҚИБОЗСИЗ ФУТБОЛ
Бизда келишилган ўйинлардан, яъни бу деганим, футболимиз савияси пасайиб кетишидан ҳеч ким моддий зарар кўрмайди. Бизда сармоядор йўқ. Бизда бириктирилган ҳомийлар бор. Ўйин даражасидан қатъи назар маълум бир миқдордаги ҳомий ё ҳомийларнинг пуллари клуб ҳисобига ўтказилади. Ўша пул миқдорига мувофиқ мавсум бошланмасидан олдин кузда ҳар бир жамоанинг эгаллайдиган ўрни олдиндан маълум бўлади. Охирги икки ўрин билан олдинги учта ўрин эгасини аниқлашда озгина тортишув-баҳс бўлади, холос. Ўйин даражаси, мураббий истеъдоди, ишқибозлар ташрифи, футбол тарғиботи, ўйин рекламаси, трансляция сифати ва ҳоказоларнинг чемпионат натижасига ҳеч қандай таъсири бўлмайди. Уларнинг кераги ҳам йўқ. Ишқибознинг ўзиям, пулиям ҳеч қайси клубга керак эмас. Улар ортиқча матоҳ бўлиб қолишган. Уларга, стадионда бор-йўқлигига ўйин натижаси, савияси, клуб даромади боғлиқ эмас. Ишқибозсиз футбол Ҳомийнинг пулларига боғлиқ. Пуллар, уларга яраша ўринлар олдиндан тақсимланган чемпионат. Бу деганим, ажратилаётган жуда кўп маблағнинг футболимиз ривожига ҳеч қандай таъсири бўлмаётибди деганимдир. Осмонга учиб кетмоқда. Нима учун? Чунки ҳеч кимнинг даромади ўйин савиясига боғлиқ эмас. Клубнинг эгаллаган, “келишиб олинган” ўрнига боғлиқ. Олдиндан миқдори белгиланган ҳомий пуллари ебкетар бўлгани учун шундай бўлмоқда. Энг кўп пул ажратилса, чемпион бўлиши шарт (бу йил “Локомотив” ҳомийларининг фиғони фалакка чиқмоқда. Ахир энг кўп пул ажратган эди-да). Камроқ бўлса, 5-ўринни келишиб бўлса ҳам олсин деймиз. Жуда кам бўлса, “Сўғдиёна” бўлиб юрсин деймиз. Футболчилар шунга яраша ҳар йили клубларда тўдаланиб йиғилишади, шунга яраша бир мавсум ўйнаб беришади.ТУПИК МАНЗАРА
Яна битта футбол манзарасини чизиб берай. Бултур Ашурматов “Гулистон” билан мураббий сифатида яхши натижаларга эришди. Бу йил “Навбаҳор”да ишлаб яхши мураббий эканлигини ҳаммага кўрсатиб қўйди. Таркибгаям, ўйингаям янги шакл бера олди. Кейинги йил “Навбаҳор”га ҳомий пуллари бир даража оширилса, клубни “Насаф” даражасига кўтара олади, дейлик. Уч йил ўтиб, ҳомий пуллари тағин бир даража ошса, Ашурматов раҳбарлигида “Навбаҳор” чемпионликка даъво қила олади, дейлик. Ўзбекистон футболини яна битта мағзи тўқ жамоа билан бойита олади, дейлик. Ҳомий пуллари ошмаса-чи (бу ҳақиқатга яқинроқ), истеъдодли ёш мураббий олдида икки йўл очилади. Биринчи йўл шуки, яхши агент хизматидан фойдаланиб, Россия чемпионатига ўтиб кетишдир. Омади юришса, Қурбон Бердиев сингари ўзини кўрсатади. Юришмаса, сарсон-саргардон юриб қайтиб келади. Иккинчи йўл, осон ва тайин йўл шуки, “Навбаҳор”да яхшилаб ўрнашиб олиб, уни бешинчи ўрин даражасида маҳкам қилиб, совриндорларга даҳшат соладиган клубга айлантириб, ўзининг мураббийлик иқтидорига, “Навбаҳор”нинг кейинги истиқболига нуқта қўйиб, ўйин олди-соттиси билан умрини ўтказишдир. Бизда кўпчилик иккинчи йўлда юрибди.Иккинчи йўл тасвирига қўшимча бир-икки бўёқ берайин дейман. Олмалиқда бўлиб ўтган “Навбаҳор”нинг ўйини. Ҳисоб 1:1, иккинчи бўлим. Ўнг қанотда “Навбаҳор” ҳимоячиси Пиримовга жангсиз тўпни олдириб қўйди. У хотиржам жарима марказига тўпни узатди. Ҳимоячи оширмага тўсма қўймади. Нега? Дарвоза майдончасига қанотдан узатилган тўпни нима учун дарвозабон қайтармади? Майдончада рақиб ҳужумчиси битта, ўз ҳимоячиси икки киши бўлиб, бўш масофа кўп эди-ку. Дарвозабон қаршиликка учрамай оширмани қайтаришга чиқа олар эди-ку. Исоқжонов калласи билан гол урди. 2:1. Мазкур эпизодда “Навбаҳор” Биринчи лига даражасида ўйнаб берди. Ашурматов бу йил биз учун янги ўйин тасвирини ярата олган эди. Унинг йигитлари майдоннинг ҳар бир қарич ерида зич, сиқма ўйин кўрсата олган эди. “Пахтакор”га қарши ўйинни эслайсизми? Майдон назоратини рақибга бермаган эди. Гранд ўйинчиларсиз тартибли, зич, тезкор, шижоатли ўйинни “Навбаҳор” ижросида кўриб, кўз қувонмайдими? Шундай ўйин даражасини Олмалиқда мустаҳкамлаш ўрнига “поддавки” ўйнаса кўзга ёш инмайдими? Ҳатто “Локомотив” ҳам бундай ўйнашни ўзлаштирмаган эди. “Пахтакор” уни 3:1 ҳисобида ғажиб ташлагани бунга далил бўлади. Олмалиқда ўша ўйиндан бир мисқолини ҳам кўрмадим. Аянчли ҳақиқат шуки, Ашурматов ўзи яратган ўйинни ўзи бўғиб ташлади. Паст ўйин кўрсатиб “Олмалиқ”қа атайин ютқазиб бердими? Биринчи даврадага “қарзи”ни уздими? Бу футболга, майдонга, ўзига нисбатан хиёнат эмасми? Ишқибоз бетига оёқ артиш эмасми? Буни кўрмаганга олиб бир четда исботи йўқ деб, жим туриш, амалдорлар учун қулай иш. Сизу биз учун эмас.
БИРИНЧИ ПОРТРЕТ
Манзарани тўлиқ чизганим йўқ. Бу манзарага учта одамнинг тасвири етишмаяпти. Биринчиси ишқибоз тасвири. У ёмғирда, қорда, жазирама офтобда, совуқда футбол томоша қилгани стадионга келади. Тасқара футболни кўриб, бошқа ҳеч қачон келмайман деб онт ичиб қайтиб кетади-ю, тағин кела беради. Маҳалладаги тўй-маъракани ташлаб келади. Ҳамма, яъни клуб мутасаддилари ҳам, ҳамдард ишқибозлар ҳам, узоқ-яқин одамлари ҳам бу ишқибоздан юз ўгиришган. Ишқибозлар Ўзбек футболидан воз кечиб Еврофутболга тикилиб қолган. Бир замонлар стадионни тўлдириб ҳайқириб турган ишқибозлардан атиги 50таси қолган. Миршабларнинг қўрс муомаласига чидайди. Додини кимга айтсин. Ҳожатхона қулф туришига чидайди. Дарахт тагига чопади. Пиёда юриб, тикка туриб футбол ўйнаётган футболчиларга, тасқара футболга чидаёлмайди. Эртадан у ҳам масхара футболдан воз кечади-ю, “Бавария”га мухлислик қила бошлайди.ОТА ва БОЛА
Энди иккинчи суратга тикилайлик. Уззу-кун коптокдан ажрала олмайдиган 13 яшар бола. Футболдан бошқасини демайди. Барча юлдуз футболчиларни танийди, билади. Суратларини йиғиб юради. Қишлоғида ҳамманининг суюкли футболчиси. Тўйларда, байрамларда унинг жамоаси ўйинга қўйилган ҳамма зотларни ютиб кетади. Бўйдор бўлгани учун 15 яшар болалар билан юради. Бултур “Машъал”га, “Насаф”га бориб академиясига кира олмай қайтиб келишди. Қандай тўсиқларга учраганини отаси-ю, яратгандан бошқа ҳеч ким билмайди. Кимдир уни келаси йили Тошкентга обориб “Оқ-тепа” мураббийига кўрсатади. Шундан кейин Футболдаги қувончли ҳаёти бошланиб кетади. 16 ёшида терма жамоага жалб қилинади. Бутун қишлоқда байрам бошланиб кетади. Лекин терманинг навбатдаги чет эл йиғинига чақирилмайди. Буни эшитган отаси дарров Тошкентга етиб келади. Ҳар ёққа бориб, ҳар ким билан учрашиб, натижада ўғлини қишлоққа олиб кетади. У диёнатли, мағрур инсон эмасми, ўйин четидаги, терма атрофидаги, футбол ичидаги маш-машаларни ўз кўзи билан кўриб, билиб ёлғиз ўғлини футбол атрофидаги бундай муҳитдан асраб олиб кетади. Ўғлидан кейин Оллоҳ тўртта қиз берган. Ҳаммаси меҳнаткаш. Тарбияли қизлар. Ота ўзига тўқ. Қирда сурув-сурув қўйлари, қўрғонда телешка, трактори, молхонада 20 бош қора моли бор. Қишлоқда биринчи бўлиб шамолдан, қуёшдан тўк олмоқда. Бу ота янгиликпарвар киши. Анчадан бери “Барселона”га мухлислик килади.Бир ой ўтгач қишлоғига Тошгентдан боланинг мараббийи келиб, ўғлини пойтахтга олиб кетади. Ўғли меҳнаткаш, камтарин бола бўлиб улғаяди. Футболсиз яшай олмайди. Уни 19 ёшида термага жалб қилишади. 20 ёшида жаҳон чемпионатида иштирок этади. Кейин ўзига олий лигадан клуб қидириб юради. Обрўли клубда 24 ёшигача асосий таркибга кира олмай юради. 25 ёшида Ота ўғлини қишлоққа олиб кетади. Отаси катта пуллар олдида кўз сузишни, қош қоқишни ўзига эп билмаган одам. Бундай ишни ўғлига ҳам муносиб кўрмайди. Ўртамиёна биқсиб ётган чемпионатимизда клубдан клубга кўчиб юришини, майдонда футбол ўйнагандай бўлиб умрини бекор ўтказишини Ота ўғлига раво кўрмайди. Бугунги мураббийлар футболчиларнинг катта пулларни деб клубдан клубга ўтиб, футболга ҳеч нарса бермай, ўзи учун пулдан бошқа ҳеч нарса олмай юришини “тўғри тушунишмоқдалар”. Пулни қувиб юришларини оқлаб, “футбольный век короток, пусть на будущее поднакопят”, деб футболимиз савиясини пастлатиб юришган бир пайтда, Ота ўғлини қишлоққа олиб кетади. У бу ишни софдил ва ҳалол, меҳнаткаш ва миришкор деҳқон эканлигидан, ўзига тўқ ер эгаси бўлганидан ҳамда футболни жуда яхши кўрганидан қилади. Бундай бир сўзли оталар кам учрайди. Кўпчилик оталар, “ўғлим 2 минг, 5 минг доллар миқдорида маош олади, менга нексиа, ўзига кобалт олди, пойтахтда уйи бор”, деб мақтаниб, иложи борича майдонда кўпроқ тўп тепиб юришини тиланиб, ўткинчи ёлғон дунё матоҳларига алданиб юришади. Биз ёзган Отани қўшнилари, саркаш, қайсар, аҳмоқ киши деб билишади. Биз ҳикоя қилган Ота ақлли одам. Ўғли 23 ёшгача асосий таркиб ўйинчиси бўлмадими, 25 ёшгача терма таркибидан жой олмадими, футболда умрини бекор ўтказиши керак эмас, деб билади. Бизнинг футболда футболчилар ҳам, мураббийлар ҳам бировнинг қўлига қарам бўлиб юришади. Ўғли ўзи билан бирга фермер хўжалигида ишлаб ҳеч кимга қарам бўлиб яшамайди. Бировдан кам бўлмайди. Йил сайин, меҳнат сайин фаровон ҳаётга эриша боради. Ота ва Бола умрбод асл футболни яхши кўриб юришади. Ўғлининг футболдаги тақдирига келсак, Ота бундай фикр юритади. Ўғли 20 ёшида жаҳон чемпионатида тўпурар бўлгани билан гранд жамоадан жой ола олмади. Футболчи бўлса, буюк бўлсин. Бўлолмаса, бошқалар бўлсин. Оддий футболчи бўлиб, бизнинг олди-сотди футболимиз ичида ивирсиб юрмасин, дейди.
Давоми бор.
Ҳасанали Қодиров
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар:
WRBEIRQX 2024-08-06 07:33:18 01 WRBEIRQX 2024-08-06 07:33:16 01 WRBEIRQX 2024-08-06 07:30:33 01 WRBEIRQX 2024-08-06 07:30:32 01 ALBARS 2014-11-09 08:08:58 00 FARASMAN 2014-11-08 15:09:38 00 FARASMAN 2014-11-08 15:08:08 00 ODILBEKUZ 2014-11-08 13:32:39 00 MAMRINO 2014-11-08 12:19:12 00