«Насаф» — Ўзбекистон суперкубоги соҳиби!
Қаршининг "Насаф" клуби Ўзбекистон суперкубоги учун мамлакат чемпиони "Пахтакор"га қарши ўйинда ғалаба қозонди ва мавсумни соврин билан бошлайдиган бўлди.
Учрашувнинг дастлабки дақиқаларида устунлик «Пахтакор» томонида бўлди. Аммо учрашувнинг 8-дақиқаларидан бошлаб “Насаф” ўйинчилари ҳам ўзларига келишди. “Аждарлар” майдоннинг чап ва ўнг қанотидан кетма-кет ҳужумлар ташкил қила бошладилар. Бу вазиятларда Илҳом Шомуродов, Бобур Абдухолиқов ва Артур Геворкянлар фаол бўлишди.
25-дақиқада Баҳром Абдураҳимовнинг чамаси 30 метрлардан берган зарбаси хавфли чиқди, зарбани Никита Рибкин мушти билан қайтариб қолди. Биринчи бўлимнинг иккинчи ярмига келиб, “Пахтакор” бутун жамоа бўлиб ҳимояланишга мажбур бўлди. “Насаф” жамоаси ҳужумларга зўр бера бошлади.
33-дақиқага келиб учрашувдаги энг хавфли вазиятни “Насаф” жамоаси ўйинчилари ташкил этишди. Чиройли ташкил этилган комбинация дарвоза томон тепилган кетма-кет зарбалар билан якун топди. Дастлаб Геворкян зарбаси, сўнгра Муҳаммадиевнинг зарбасини Рибкин катта маҳорат билан қайтаришга эришди.
Ана шундай шиддатли ҳужумлардан бири гол билан якунланди. 40-дақиқада чап қанотдан жарима майдончасига узатилган тўп Геворкянга келиб тушди. Артур ўткир бурчак остида бўлишига қарамасдан кучли зарба билан тўпни дарвозага жойлаб қўйди – 1:0.
Биринчи бўлим охирги дақиқалрида ўз дарвозаларидан гол ўтказиб юборган “пахтакор”чилар вазиятни ўнглаш учун анча тер тўкишди ва энди улар ҳужумга зўр беришди ва Санжар Қувватов қўриқлаётган дарвоза олдида бир нечта хавфли вазиятларни вужудга келтиришга эришишди. Айниқса, Шерзод Каримовнинг зарбаси жуда хавфли кўриниш олди. Бунда Санжар Қувватов ўз маҳоратини намойиш қилиб, зарбани қайтаришга эришди. Кейинги хавфли вазиятда ҳам у тўпни дарвоза тўрига тушишига йўл қўймади.
Иккинчи бўлимда ҳам биринчи бўлимдаги каби “Пахтакор” жамоаси ўйин тизгинини ўз қўлига олишга уринди, аммо бу 15 дақиқалар давом этди холос. Яна биринчи бўлимдаги каби “Насаф”нинг ўйини кучайгандан кучайиб борди. Аммо 69-дақиқада “шерлар” қарши ҳужум ташкил қилишди ва Игорь Сергеев Санжар Қувватовни яна бир синовдан ўтказди, унинг тепган зарбасини қаршиликлар посбони қайтаришга эришди.
Учрашув асосий вақтининг тугашига 15 дақиқа қолганда майдондаги вазият тенглашгандек бўлди. Ўйин асосан майдон марказида кеча бошлади.
76-дақиқада Жавоҳир Соҳибов жарима майдони яқинида тўпни қўли билан ўйнагани учун унга Равшан Эрматов сариқ карточка кўрсатди ва жарима тўпи белгилади. Жаримани Артур Геворкян чиройли тарзда тепган эди, тўп жонли деворга тегиб қайтди. Яна дарвозага такроран берилган зарбани Рибкин қайтаришга эришди.
Учрашувнинг сўнгги дақиқалрига келиб “Пахтакор” жамоаси яна ҳужумларга зўр берди ва дарвозага зарба беришни ҳам уддалашди, аммо Санжар Қувватовнинг чиройли сэйвлари “Насаф” жамоасини голлардан сақлаб қолди.
Ўйиннинг сўнгги дақиқасида Азамат Алланиёзов ҳисобни 2:0га етказишга жуда яқин эди, Артурнинг ўнг қанотдан ошириб берган тўпни у дарвозага аниқ йўллай олмади.
Ўйиннинг қолган дақиқаларида ҳам майдонда кескинлик пасаймади. “Пахтакор” жамоаси яна олдинга ташланди яна бу вазиятларда Санжар Қувватов ўзини кўрсатди.
Шундай қилиб, чиройли ва шиддатли кечган учрашув кичик ҳисобда “Насаф”нинг ғалабаси билан якунланди ва “Насаф” ўз тарихида илк марта Суперкубок соҳиби бўлди! "Пахтакор" эса учинчи марта Суперкубок баҳсида иштирок этиб, учинчи марта мағлуб бўлди.
Ўзбекистон Суперкубоги-2016 17.02.2016 й.
“Бунёдкор” стадиони. 15:00да
“Насаф” (Қарши) – “Пахтакор” (Тошкент) 1:0
Гол: Артур Геворкян (40).
Огоҳлантиришлар: Бахром Абдураҳимов 2, Сайдулло Раҳматов 58,
“Насаф”: 35.Санжар Қувватов, 4.Мақсуд Каримов, 23.Шерзод Аъзамов, 7.Шуҳрат Муҳаммадиев, 31.Сайдулло Раҳматов, 20.Эркин Бойдуллаев, 10.Дилшод Раҳматуллаев, 17.Артур Геворкян (с), 18.Баҳром Абрахимов, 45.Бобир Абдухолиқов, 9.Илҳом Шомуродов.
Захира: 25.Элдорбек Суюнов, 5.Ильдар Маматказин, 6.Азиз Ғаниев, 16.Дилшод Хушбаков, 19.Деян Больевич, 21.Азамат Алланиёзов, 38.Дониёржон Нарзуллаев.
“Пахтакор”: 1.Никита Рибкин, 24.Даврон Ҳошимов, 14.Жамшид Болтабоев, 21.Камолиддин Тожиев(с) (19.Суҳроб Бердиев 60), 5.Акбар Исматуллаев (15.Жавоҳир Сохибов 46), 7.Азим Аҳмедов, 10.Жамшид Искандеров, 9.Жалолиддин Машарипов, 28.Станислав Андреев, 11.Игорь Сергеев, 8.Шерзод Каримов.
Захира: 12.Тимур Жўраев, 4.Аднан Ороховац, 18.Жавоҳир Сиддиқов, 29.Владимир Козак, 35.Ойбек Қиличев.
Ҳакамлар: Равшан Эрматов (Тошкент), Абдуҳамидулло Расулов (Тошкент), Жаҳонгир Саидов (Тошкент), Шерзод Қосимов (Тошкент)
Назоратчи: Булат Галиев (Урганч)