Кириш Регистрация

STD.UZ/PAXTAKOR

Пахтакор

  • Тўлиқ номи:
  • Бош мураббий:
  • Лақаби:
  • Жамоа сардори:
  • Ташкил топган:
  • Бош ҳомий:
  • Стадион:
  • Расмий веб-сайт:
  • Сиғими:
  • Клуб формаси:
  • Клуб президенти:

Клуб хабарлари

Юқори молиявий талаблар, катта ўйинларда «йўқолиб» қолиш ва воз кечилган олтин медал. Жасур Яхшибоевнинг Беларусдаги саргузаштлари

Шота Арвеладзе бошчилигидаги «Пахтакор»нинг асосий таркибига кира олмаган Жасурбек Яхшибоев дастлаб, Беларуснинг «Энергетик-БГУ» клубига ижарага берилди. «Энергетик» сафида бир қатор ёрқин ўйинлар ўтказганидан кейин эса уни Солигорскнинг «Шахтёр»и ижарага олди, мавсум якунида клуб мамлакат чемпионлигини қўлга киритганига қарамай томонлар ҳамкорликни тўхтатишга қарор қилди. Шу тариқа (ҳозирча) Жасурнинг Беларусга бўлган сафари поёнига етди. Ҳозирда у ўзига янги клуб излаш билан овора. «By.tribuna.com» колумнисти Владислав Татур эса ўзбек ҳужумчисининг Беларусдаги ғайриоддий саргузаштлари ҳақида фикр юритди. «Дарё» қуйида ўқувчиларга ушбу материални ўзбек тилида тақдим этади.

Жасурбек Яхшибоев чемпионатнинг биринчи турида БАТЭга қарши кечган ўйинда дубль қайд этиб, футболимизга ярқ этиб кириб келди. Борисов клуби «Энергетик»нинг кескин ва тезкор ҳужумларига дош беролмади, ўзбекистонлик эса яккама-якка ўйинда «сариқ-кўклар»нинг иккала марказий ҳимоячиси билан хоҳлаган ишини қилди. Ушбу ўйиннинг федерация расмий YouTube каналига жойланган видеошарҳини 110 минг одам томоша қилди. Номаълум футболчининг кутилмаган ҳаракатлари эса барча учун кутилмаган ҳодиса бўлди.

Яхшибоев учун «Энергетик»нинг ўйин услуби жуда мос тушганди: 3-5-2, ёнида яхши хислатларга эга бўлган соф ҳужумчининг бўлиши, қарши ҳужумлар, кўпроқ кенглик ва энг яхши фазилатлари – тезлик ва дриблингни намойиш етарлича имконият. «Талабалар» сафида 14 учрашув ўтказган Жасурбек 9 та гол урди ва 3 та голли узатмани амалга оширди. Яна 4 та гол пенальтидан урилди, шундан 2 тасини легионернинг ўзи ишлаганди.

БАТЭ Яхшибоевни кўлга киритишни хоҳлаганди, бироқ клубни қўйилган молиявий шартлар чўчитиб юборди

Буни БАТЭнинг ўша пайтдаги бош мураббийи Кирилл Алшевский хоҳлаганди. Мутахассис ўйинчининг нафақат қарши ҳужум моделида, балки кўп вақтни тўпга сарфлайдиган ва позицион ҳужумлар уюштирадиган жамоада ҳам ўйнаб кета олишига ишонганди.

Яхшибоевнинг Скавиш, Нехайчик ва Стасевич (БАТЭнинг ҳужумкор ўйинчилари – «Дарё») бўлган таркибда қайси позицияда ўйнаган бўлишини тасаввур қилиш қийин. Эҳтимол, Жасурбекка ротация ва асосий таркибдан жой олиш учун рақобат шароитида марказий ҳужумчи ва вингер ролида майдонга тушиш имконияти бериларди.

Менга маълум бўлишича, БАТЭ футболчининг ўйинида ўсиш кузатилганда суммани ошириш шартлари билан шартнома таклиф этади. Бироқ футболчининг агентлари бирданига барча жиҳатлар бўйича таклиф қилинганидан икки баравар кўпроқ пул олишни хоҳлайди. Кейинчалик худди ўша юқори молиявий талаблар футболчига жиддий қизиқиш билдирган Киевнинг «Динамо»сини ҳам чўқитиб юборади.

Шунингдек, ушбу битим тузилмасида ўзига яраша чалкашликлар ҳам мавжуд эди: Яхшибоев трансфер ҳуқуқининг бир қисми «Пахтакор»га, бошқа қисми эса учинчи шахсларга (агентлар назарда тутилмоқда – «Дарё») тегишли бўлган. Футболчининг вакиллари билан ўтказилган музокаралар якунда ҳеч қандай наф бермайди. Шу тариқа Жасурбек Солигорскка жўнаб кетади. «Шахтёр» афтидан барча шартларни бажаришга рози бўлиб, ўйинчини сотиб олиш варианти билан мавсум охиригача ижарага олди.

«Шахтёр»нинг молиявий имкониятлари Борисов клубиникидан юқори эканлиги ҳеч кимга сир эмас. У олдин БАТЭ лигадаги исталган футболчини кўлга киритишда устунликка эга эди. Ҳозир ва яқин келажакда эса бундай эмас.

Жасурбек Виталий Лисаковичнинг ўрнини эгаллаши керак эди, аммо катта ўйинларда «йўқолиб» қолди

Ўзбек «Шахтёр»дан кетган Лисаковичнинг ўрнини эгаллаши лозим эди. Умуман олганда эса улар бошқа-бошқа услубдаги ўйинчилардир. Эҳтимол, таққослаш мутлақо нотўғри бўлар, чунки биринчи даврада улар турли хил услубларда тўп тепган. Виталий ҳаракати ва позицияни тўғри танлай олиши эвазига хавфли зоналарда тўпни яхши қабул қиларди. Лисаковичга иккинчи ҳужумчи роли умуман тўғри келмайди – у имкон қадар дарвозага яқинроқ бўлсам дейди.

Яхшибоев эса асосан қанотлардан «рейд» уюштиришга мослашган. Мутахассислар унинг соф ҳужумчилик имкониятларига яхши баҳо берган бўлса-да, Жасурбек позицион ҳужумларда яхши очилмайди, қисқа масофаларда эса янада ёмонроқ ҳаракат қилади.

«Шахтёр» сафидаги «Городея»га қарши кечган биринчи ўйинида ўзбекистонлик гол уришга муваффақ бўлди. Шунингдек, у «Витебск» дарвозасини ҳам ишғол этди. Бундан ташқари, Жасурбек қуйи лигага равона бўлган «Белшина» ва «Смолевичи»га қарши баҳсларда ҳет-трик ва дубль муаллифига айланди.

Катта ўйинларда эса Яхшибоев самарали ҳаракатлари билан ажралиб турмади. «Брест», «Ислоч», «Динамо Минск», БАТЭ ва «Минск»ка қарши ўйинлар шулар жумласидандир.

Яхшибоевнинг биринчи даврадаги «Энергетик» ва иккинчисидаги «Шахтёр»даги статистикалари солиштирилса, унинг солигорскликлар сафида жамоавий ўйинларда фаолроқ иштирок этгани, кўпроқ ассистлар амалга оширгани аён бўлади. Шу билан бирга алдаб ўтишлар сони сезиларли даражада камайган. Жасурбек жарима майдончасида камроқ тўп қабул қила бошлади, шунга яраша унда хавфли вазиятлар сони ҳам озайди.

Жамоага мослашиб кета олмади

«Шахтёр»да ўтган беш ойлик вақт Яхшибоевга мослашиш учун етарли бўлмади. Айтишларича, у жамоада деярли ҳеч ким билан мулоқот қилмаган, машғулотларда эса астойдил меҳнат қилмаган. Шунингдек, унинг «Рух»га қарши ўйиндан кейин жамоа етакчиларидан бири билан зиддиятга боргани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.

Сўнгги турга тайёргарлик кўриш ҳафтасида ўзбекистонлик футболчи номаълум сабабларга кўра, бир нечта машғулотларни ўтказиб юборган, аммо барибир асосий таркибда ўйинга чиққан, ўйиндан кейин эса ҳеч ким унинг юзида на хурсандчилик ва на мамнунликни кўрган (жамоа ўша ўйиндан кейин чемпионликни қўлга киритганди).

Фото: «Шахтёр»

Стадиондан футболчилар ва мураббийлар байрамни давом эттириш учун базага йўл олади, аммо Жасурбек улар билан бирга эмасди. Футболчи ҳатто ўша заҳоти жамоанинг ижтимоий тармоқдаги гуруҳини ҳам тарк этган ва Минскка йўл олган. Эртасига кунига ташкил этилган тақдирлаш маросимида ҳам уни ҳеч ким кўрмаган. Эҳтимол, олтин медал эгасига етиб ҳам бормаган бўлса керак.

Нима учун бундай бўлганини айтиш мушкул. Маълумотларга кўра, «Энергетик»да Артем Радков Яхшибоевга ижобий таъсир кўрсатган. «Шахтёр» эса футболчиларнинг инжиқликлари билан ўралашиб юрмайдиган топ-клуб.

Яхшибоевнинг ёзда Солигорскка ўтиш ажойиб юриш ва «Шахтёр»нинг жиддий баёнотидек туюлганди. Жасурбекнинг, албатта, жамоага ёрдами тегди, бироқ кутилганича эмас. Нима бўлганда ҳам биз 2020 йилги мавсумни Яхшибоевнинг ёрқин ўйинлари билан ҳам эслаймиз.

Жасур Беларусда ўз номини жуда тез танитди ва худди шу тезликда у ерни тарк этди, ҳатто чемпион бўлган клубида ҳеч ким билан хайрлашмади ҳам.

Киритилди: 05.12.2020 18:36. Ўқилди: 7255 марта. Фикрлар: 1 та.

Суперлига

ОЧЛ

A - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Ал-Айн 6 15
2 Ал-Файҳа 6 9
3 Пахтакор 6 7
4 Аҳал 6 4

Ёшлар лигаси

Ўзбекистон кубоги

G - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Арал 0 0
2 Дўстлик Тошкент 0 0
3 Пахтакор 0 0
4 Сўғдиёна 0 0

Футзал

Ҳамдўстлик кубоги

A - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Пахтакор 0 0
2 Спартак 0 0

Ўзбекистон суперкубоги

Жамоа Ў О
1 Насаф 1 3
2 Пахтакор 1 0

Суперлига. II босқич

A - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Локомотив 20 46
2 Пахтакор 20 37
3 Навбаҳор 20 31
4 Бунёдкор 20 27
5 Металлург 20 19
6 Бухоро 20 10

Про-лига

Жамоа Ў О
1 Локомотив 20 48
2 Динамо 20 41
3 Қўқон-1912 21 41
4 Машъал 22 38
5 Шўртан 21 26
6 Арал 20 26
7 Хоразм 20 22
8 Юниред 20 18
9 Навбаҳор Фарм 20 18
10 Ғиждувон 20 16
11 Андижон-SGS 20 12

Лига кубоги

B - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Қўқон-1912 3 9
2 Пахтакор 3 6
3 Локомотив 3 3
4 Бухоро 3 0

Сўнгги учрашув

30.03.2024. Суперлига. 4-тур.
19:00
Пахтакор
2-3
Сўғдиёна

Навбатдаги учрашув

Учрашув қайд этилмаган!

ЖАМОА ТАРКИБИ

© STADION.UZ
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг интернет-ОАВ гувоҳномаси №0917.

Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.