Диёр Имомхўжаев Иброҳимхалил Йўлдошевнинг РПЛ клубига ўтиши борасида фикр билдирди
Иброҳимхалил Йўлдошевнинг "Нижний Новгород" билан шартнома тузиши масаласида баъзи жиҳатларга эътиборингизни қаратмоқчиман.
Биринчи галда Йўлдошев бу борада Элдор Шомуродов билан гаплашганини айтди. Яъни, ҳимоячига "Женоа"дан ҳам таклиф бўлган. Аммо Элдор Иброҳимхалилга биринчи навбатда Россияда ўзини кўрсатишни маслаҳат берган. Чунки Элдорнинг ўзи аввалига Карпин орқали "Ростов"да катта тажриба тўплади ва бу унинг А серияда йўқолиб қолмаслигида муҳим омил бўлди.
Иккинчи галда Йўлдошев кўринишидан унга ўйин амалиёти бериши мумкин бўлган клубга йўл олди. Айтайлик, нисбатан обрўлироқ бўлган "Спартак" Остон Ўруновга, "Локомотив" Жасур Жалолиддиновга қимматга тушди. "Ростов", "Уфа", "Нижний Новгород" сингари клублар эса бизнинг футболчилар тажриба тўплаши учун яхши вариант. Рақиблар ўша-ўша: "Спартак", "Локомотив", "Зенит", ЦСКА ва ҳоказо бўлиб қолаверади. Бу жуда катта мактаб.
Иброҳимхалил кечанинг ўзидаёқ Россияда дебют қилди. Александр Кержаков ҳимоячини "Химки"га қарши ўйинда асосий таркибга киритди ва унга 70 дақиқа ўйнаш имкониятини берди. Агар Иброҳимхалилнинг интервьюсини ўқиган бўлсангиз, у Кержаков билан телефон орқали гаплашганидан кейингина ҳеч бир шубҳасиз шартномага имзо чекишга рози бўлганини айтган. Кўринишидан, Кержаков футболчимизга ишониши ва унга ўйнаш имкониятини тақдим этишини шаъма қилган.
Яна бир муҳим жиҳат шуки, бугун Россиянинг ўртамиёна клублари Остон, Элдор, Одил Аҳмедов каби футболчилар фонида Ўзбекистон иқтидорларга бой эканини тан оляпти ва уларни қўлга киритиб, Европага сотиш орқали пул қилиш мумкинлигини тушуниб етишяпти. Европа учун Беларус, Украина иккиламчи, Россия биз учун ҳозирча бирламчи кўприк, буни тан олишимиз керак.
Ва ниҳоят энг муҳим жиҳат – Кержаков россиялик футболчилар орасида ҳақиқий Европани кўрган кам сонли ўйинчилар сирасига киради. Бу эса Иброҳимхалилнинг ўсишига катта туртки бўлади деб ўйлайман. Элдор ҳам бежизга Карпиндан қарздорман, демайди. Айнан Карпин унга Европа сари йўлни кўрсатди. Чунки унинг ўзи узоқ йиллар Испанияда тўп сурган ва бу йўлни ҳаммадан яхши билади. Футболчига аниқ ва конкрет йўл кўрсата олади. Кичикроқ бўлса-да, Кержаковда ҳам бундай тажриба бор. У ўз вақтида "Севилья" шарафини ҳимоя қилган, бир вақт Швейцарияда тўп сурган. Табиийки, бундан бизнинг футболчимиз ҳам ютиши катта эҳтимол. Чунки Иброҳимхалил ҳам Элдор сингари Россиянинг ўзида қолиб кетмоқчи эмас. Унда Элдордан-да устунроқ жиҳат бор, бу унинг ёши. 2001 йилда туғилган талант учун Европада таклиф етарлича, фақатгина бунинг учун Йўлдошев Россияда йўқолиб қолмаслиги ва катта ўсишга эришиши керак. Бу эса осон бўлмаган вазифа. Аммо футболчини шахсан таниганим учун айтишим керакки, у курашувчан йигит ва Россиядек жисмоний зўриқиши катта футболда яккакурашлардан қўрқадиган футболчи эмас.
Ҳа, айтганча, "Пахтакор" Иброҳимхалилни тарбия қилган ва бунинг учун биринчи тўловни қабул қилиб олади. Ва Пахтакор ҳам умид қиляптики, эртага руслар футболчимизни Европага пуллашга ҳаракат қилишади. ФИФА белгилаб берган бирдамлик механизми тушунчаки борки, футболчининг ҳар бир трансфери "Пахтакор"га фойда келтираверади. Буни қолган клубларимиз ҳам тушуниб етишлари ва ўрнак олишлари керак.
Диёр Имомхўжаев