«Пахтакор Юниор» лойиҳаси ҳақида батафсил маълумот берилди
9 февраль, чоршанба куни "Пахтакор" стадиони анжуманлар залида "Пахтакор Юниор" лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Дилшод Каримов ("Пахтакор" футбол клуби раиси ўринбосари): - Янги мавсумда "Пахтакор" таркибини ёшартириш, академияга кўпроқ аҳамият бериш ҳақида клубимиз раиси томонидан вазифа қўйилган. Иқтидорларни кўпроқ излаб топиш мақсадида "Пахтакор Юниор" лойиҳаси ишга туширилмоқда. Бу орқали нафақат Тошкент шаҳри, балки бутун мамлакат бўйлаб ёшлар ва болаларни футболга жалб қилиб, улар орасидан энг яхшиларини академияга танлаб олишга интиламиз. Юртимизда спорт ва футболни оммалаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Шунга биз ҳам ўз ҳиссамизни қўшиш ниятидамиз. Ҳозирча ушбу мактаблардан 4таси Тошкент шаҳрида иш бошлайди. Тез орада бошқа ҳудудларда ҳам бу лойиҳа ишга туширилади. Бунинг ёрдамида "Пахтакор" футбол клубининг брендини янада кўтариш ҳам режаларимиздан ўрин олган.
- Ушбу мактабларда барча ёшлар футбол билан шуғулланиш имкониятига эга бўлишади. Болаларни қамраб олиш чегераси каттароқ бўлади.
Шуҳрат Юсупов ("Пахтакор Юниор" лойиҳаси таъсисчиси): - Тошкент шаҳрининг Яккасарой, Учтепа, Шайхонтоҳур ва Чилонзор туманларида мактаблар иш бошлайди. Босқичма-босқич лойиҳани кенгайтириб борамиз. Дастлаб Тошкент шаҳрини қамраб олишни режалаштирганмиз. Кейин эса бошқа ҳудудларда ҳам буни ишга туширамиз. Дастлабки мактаблар март ойида ишга тушиши кутилмоқда. Дастлабки лойиҳа пойтахтимиздаги "Дўстлик" боғи ҳудудида очилиши кутилмоқда.
- Талабдан келиб чиққан ҳолда ишлаймиз. Маркетинг таҳлилини кўриб чиқамиз. Биринчи босқичда 6 ёшдан 10 ёшгача бўлган болаларни жалб этмоқчимиз. Мураббийлар масаласига келсак, "Пахтакор" футбол клуби билан биргаликда фаолият кўрсатамиз. Мураббийлар номини эълон қилиб борамиз.
Олим Шокиров ("Пахтакор" ФК академияси директори): - Машғулотни қандай ташкил этиш ва ўтказиш борасида зарур қўлланмани тақдим этамиз. Академия қандай фаолият олиб бораётган бўлса, "Пахтакор Юниор" лойиҳасида ҳам шундай услубда ишланади. Барча ишлар ҳамжиҳат ҳолда олиб борилади.
- Тарбияланувчиларимизга кўпроқ эътибор беришни истаймиз. Фаолиятимизни ўзгартириб, янада кўпроқ иқтидорли футболчиларни асосий жамоа учун тарбиялаб беришни истаймиз.
Дилшод Каримов: - Аввалги йили кўплаб футболчилар "Олимпик" жамоасига берилди. Шу сабабли ёшлар таркибини кучайтириш имконияти бўлмади. Аввал академияда жой билан боғлиқ муаммо бор эди. Яқинда ётоқхона қуриб битирдик, ошхона бўйича муаммони ҳал қилдик. Яна академия фаолиятини яхшилаш борасида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.
Шуҳрат Юсупов: - Мактабларда футболчилар қандай шуғулланаётгани, ундаги кўрсаткичларни ота-оналар бевосита платформа орқали кузатиб боришлари мумкин бўлади. Махсус дастур ёрдамида уларнинг турли жиҳатлар бўйича қандай ўзгараётганини билиб олиш имконияти ҳавола этилади. Ва умуман машғулотларни ҳам бемалол кузатиб туришлари мумкин. Барча ишлар шаффоф йўлга қўйилади. Энг иқтидорли болалар текинга қабул қилинади. Шунингдек, кам таъминланган оилаларга имтиёз тақдим этилади. Қолганлар учун эса хизмат пуллик бўлади.