Диёр Имомхўжаев Суперлиганинг 2та ўйинидаги ҳакамлик юзасидан фикр билдирди
Кечаги икки ўйин бўйича ҳамма фикр сўрабди (гўёки, бизнинг фикримиз билан ўйин қайта ўтказилади ёки натижа бекор қилинади).
"Насаф" — АГМК ўйини бўйича саволларимиз ва эътирозларимиз бор. Буни билдирдик ва ўйинни экспертлар гуруҳи ўрганиб чиқишини сўраб, Ҳакамлар марказига мурожаат қилдик. Агар бош ҳакам ўзига ишонмаётган бўлса ва ВАР унга керакли кадрни топиб бера олмаган бўлса, ҳаммасини аниқ кўрганига ишонаётган қанот ҳакамининг фикрини эшитиши керак эмасмиди, деган саволни ўртага ташладик. Фикримча, икки кульминацион нуқтада Асимов АГМК манфаатидан келиб чиқиб, қарор қабул қилгандек. Бироқ, менинг фикрим ҳам сизники каби субъектив. Ишонаманки, объектив баҳони марказ беради.
"Пахтакор" — "Олимпик" ўйини бўйича ҳакамларга ҳеч қандай эътирозимиз йўқ. Юқори темпли ва сифатли учрашув (футболчилар хатоларини айтмаса). Жиззахда майдон сифатсиз бўлса, "Жар"да у — гилам. Фикримча, муваффақиятсизликка сабаб ҳакамлардан изланиши керак эмас. Биз клублар мураббийларидан мундиалга чиқишимиз учун нима қилишимиз керак, деб сўрамаяпмиз. Клублар ҳам мураббий билан шу йўсинда шартнома имзолайди, деб ўйламайман. Мураббий ўз клуби учун жавоб бериши керак. Тўп "Олимпик" футболчисининг қўлига теккан вазиятда бемалол айтишим керак — бу ерда пенальти йўқ. Яқин масофадан тўпни кимдир сизга зарб билан тепса, сиз ҳам ўзингизни максимал ҳолатда шундай ҳимоя қиласиз, ҳимоячи тўпни қўли билан қайтаришни эмас, тўпдан камроқ зарар кўришни ўйлади (IMHO). Қолган икки кульминацион вазиятда эса камида "Пахтакор" фойдасига қарор чиқарилди, эътироз билдирса, "Олимпик" билдириши керак. Иккинчи клуб хатони бошқа ердан изласин.
Диёр Имомхўжаев.
P.S. Ҳамма бир нарсани тушуниши шарт. Учрашувда асосий нарса ВАР эмас, бош ҳакам. Бош ҳакам ўзига юз фоиз ишонса, ВАР чақирувига бормасликка ҳаққи бор. ВАР қизил дея шубҳа билдирса, аммо бош ҳакам бу фикрга қўшилмаса, қизил бермасликка ҳаққи бор. Ҳакамлар қарор қабул қилаётганда аниқ критериялардан келиб чиқиши учун максимал даражада ҳаракат қилинади. Аммо сиз-у биз каби ҳакамларнинг ҳам ўз фикр ва қарашлари бор. Буни тушуниш керак. ВАР бош ҳакамга ёрдамчи ва ҳар қандай ҳолатда ҳам якуний қарорни бош ҳакам қабул қилади, ВАР эмас.