Жаъфар Ирисметов: «Ўзбекистонда РПЛ клубларини кучайтириши мумкин бўлган яхши футболчилар кўп»
Ўзбек футболи тарихида моҳир тўпурар сифатида из қолдирган Жаъфар Ирисметовни Россия футбол жамоатчилиги ҳам яхши танийди. У футболчилик фаолияти давомида юртимиздан ташқари Греция, Россия, Беларусь, Украина, Қозоғистон, Хитой чемпионатларида тўп тепган, Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон чемпионатларида ғолиб ва совриндор бўлган. Уч карра Ўзбекистон ва икки карра Қозоғистон юқори дивизиони тўпурарлигини қўлга киритган.
Россиянинг metaratings.ru сайти интервью уюштириб, Жаъфар Ирисметовдан премьер-лигада ўйнаётган ўзбекистонлик легионерлар ва мамлакатимиз ички чемпионатида ўзини кўрсатиб келаётган ўйинчилар ҳақида сўради.
— Ўзбек футболчиларининг Россия чемпионатидаги ўйини ва натижаларини кузатиб боряпсизми? “Торпедо” ва “Пари Нижний Новгород”да ҳамюртларингиз бор.
— “Пари Нижний Новгород” ва “Торпедо”да Ўзбекистондан йигитлар ўйнаётганини улар ўзини кўрсатишга ҳаракат қилаётганини биламан. Ҳожимат Эркинов мослашиш жараёнини бошидан ўтказяпти ва “Торпедо”даги жамоадошлари фонида ҳар ҳолда ёмон ўйнамаяпти. Бу футболчи чемпионлик учун курашишга кўниккан, у ерда эса муҳит бошқача. Шунга қарамай, ўсаётгани кўриниб турибди. Ҳожимат ўғлим билан бирга ўйнаган, меҳнатга лаёқатли экани ўшандаёқ кўринган, анча ривожланяпти.
Иброҳимхалил Йўлдошев эса, салоҳиятини намойиш эта олди. Ҳозир учун чап қанотда анча юқорида, вингер сифатида ўйнатишяпти. Аслида у ҳимоячи. Мураббий кўпроқ билади. Агар ўзбек йигитларига Россияда бироз вақт ва имконият берилса, улар албатта кўзга ташланади.
— Россия премьер-лигаси клубларига Ўзбекистон чемпионатидаги қайси ўйинчиларга эътибор қаратишни маслаҳат берасиз?
— Аслида яхши ўйинчилар бор, улар кўплигидан ҳаммасини номма-ном айтиб бўлмайди. Асосий масала, трансфер амалга ошса, уларга қанчалик ишонч билдирилишида.
Менталитетимизни яхши билман, Россияга келган ўзбекистонликларга осон бўлмайди. Бирлашган Араб Амирликлари ёки Осиёнинг бошқа клубларига мослашиш улар учун анча қулай кечади. Ҳозир Россияда легионерлар масаласи қийинлашиб қолганини инобатга олсак, Ўзбекистонда рус клубларини кучайтира оладиган ўйинчилар кўп.
Масалан, “Насаф”дан Шерзод Насруллаев, чап қанот ҳимоячиси, ҳамма сифатлари етарли, ишини тўлиқ бажаради. Марказий ҳимоячи Ҳусниддин Алиқулов ҳам легионер бўлишга тайёр.
“Нефтчи”даги Аброрбек Исмоилов универсал ўйинчи. Уни яхши биламан, чунки “Пахтакор”га олиб келмоқчи бўлгандим.
“Пахтакор” марказий ярим ҳимоячиси Одилжон Ҳамробековни ҳам ажратиб кўрсатишим мумкин. Бу йигитлар Россия премьер-лигасининг ўртамиёна жамоаларида ўйнашга қодир. Ўзбекистондан бирданига “Зенит”га ўтиш қийин. “Спартак”га ўтганимда буни қандай бўлишини бошимдан ўтказганман.
Яхшиси Элдор Шомуродовга ўхшаб, сенга кўпроқ имконият берадиган “Ростов” каби жамоалардан бошлаб, ўйин амалиётига эга бўлиш керак.
“Зенит”да бир-икки марта ўйнаганидан кейин майдонга тушолмай, захирада ўтириб қолиш мумкин. “Зенит” ёки “Спартак” олдига қўйилган вазифалар қандай катта!
Мен “Пахтакор”да ишлаганимда “нега асосий жамоамизда клуб академиясидан ўйинчилар кам?”, деган масала кўтариларди. Кун тартибида чемпионлик сари интилиш, мамлакат кубогини қўлга киритиш каби масалалар долзарб бўлиб турганида ёш ўйинчиларни ўйнатиш жуда қийин бўлади. Шунга қарамай, академиямизда жуда кўп футболчиларни тарбиялаганмиз.