Максим Шацких: «Иштиёқ бўйича ютқаздик. Ротация қилишга футболчи етишмаяпти»
"Пахтакор" бош мураббийи "Олимпик" клубига қарши бўлиб ўтган ўйиндан кейинги матбуот анжуманида ОАВ саволларига жавоб қайтарди.
"Бугун иштиёқ тарафлама ютқаздик. Худди катта профессор, академиклардек майдонга тушдик. Қийинчиликларга мослашишга ўрганиб қолдик. Гол ўтказмагунимизча ёки қандайдир мушкул ҳолатга келсак, яхши ўйин намойиш этишни бошлаймиз. Дастлабки сонияларданоқ ўйинга киришиб кета олмаймиз, бунга нима сабаб бўлишини билмайман. Бу биринчи бор содир бўлаётгани йўқ.
Эҳтимол, Банашак таркибда бўлганида, ўйин ўзгариб кетган бўларди. Рашидов ҳужумчи сифатида, унинг ортида эса Черан ўйнади. Аммо гап бунда эмас. Рақиб 4 марта зарба бериб, 3та гол урди. Бизда вазиятлар етарлича бўлди, аммо гол ура олмадик. Муаммо шунда.
Мағлубиятда ҳамма айбдор. Вазиятларни қайта кўриб чиқамиз. Ҳозир ҳеч кимни айбламоқчи эмасман. Футболчиларимиз биз истаган вазифаларни бажара олишмади. Ҳозир ҳамма футбол ўйнашни билади, шунчаки майдонга чиқиб, ғалаба қозона олмайсиз. Барча жамоалар ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам қандай ўйнашни яхши билади. Биз ҳаммасига тайёр бўлишимиз кераклигини йиғинларда ҳам таъкидлаб келдик. Буни ҳар доим таъкидлаб келаман.
Ҳозир ротация қила олмаймиз. Бизга футболчилар етишмаяпти. 8 нафар ўйинчимиз терма жамоа ихтиёрида. Улар орасида асосий таркиб футболчилари ҳам бор. Мухлислар захирадан футболчилар туширимизни истаяпти. Хўп, захирадан кимни майдонга туширамиз? Ҳолат шундай, чунки "Пахтакор" терма жамоалар ҳомийси. У ерда 6 нафар, бу ерда 8 нафар ўйинчимиз чақирилади. "Олимпик" футболчиларининг аксарияти "Пахтакор" ўйинчилари. Янада кўпроқ ўйинчидан иборат қайднома топшира олмаймиз. Ҳечқиси йўқ, бу биринчи тур, холос. Ҳали ҳаммаси олдинда.
U-20 терма жамоага мухлислик қиламиз. Лекин юрагим футболчилар шу ерда, жамоада бўлишларини хоҳлаяпти. Улар "Пахтакор"га фойда келтирган бўларди. Аммо термага мухлислик қиламиз ва уларнинг жаҳон чемпионатига чиқишини хоҳлаймиз. Биз уларни қайдномадан чиқариб, кейин яна қайтариш имконига эга эмасмиз. Қайднома чекланган. Бу борада қийинчиликлар бор", — деди Шацких.