Виталий Левченко «Пахтакор»ни қандай қилиб мағлуб этганини айтди
«Нефтчи» клуби бош мураббийи Виталий Левченко Суперлиганинг 2-тури доирасида «Пахтакор»га қарши бўлиб ўтган ўйин (2:1) борасида ўз фикрини билдириб ўтди.
— Ўйин ҳақида қисқа хулоса қиладиган бўлсам, режамиз амалга ошди. Ўйин мухлисларга ёқди деган умиддаман. Тезкор ва фаол ўйин бўлди. Биз онгли равишда майдонни рақибга топширдик. Чунки "Пахтакор"нинг қанотларини ёпиш кераклигини билардик. Аммо ҳар икки дарвоза олдида хавфли вазиятлар юзага келди. Қарши ҳужумларда кўп имкониятларга эга бўлдик, аммо уларнинг барчасидан фойдалана олмадик. Бироқ футбол шуниси билан қизиқ. Ишқибозларга ҳам шуниси ёқади.
— "Нефтчи" ва "Навбаҳор" каби жамоалар доимо "Пахтакор"га қарши икки ҳис куч билан ҳаракат қилишади. Бугун "Нефтчи" ўзининг бор имкониятини намойиш этдими ёки клуб ҳали яна ўсишда давом этадими?
— Ҳали жамоамизнинг салоҳияти бор. Агар бугн эътибор берган бўлсангиз, жисмоний жиҳатдан яхши кўриндик. Рақибдан ҳеч бир жиҳатдан қолишмадик. Бошқа томондан, "Пахтакор" — Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони. Ҳар қандай жамоа бу клубга қарши катта куч билан ўйнайди.
— Бугун "Нефтчи" беш ҳимоячи билан ўйнади. Бу жамоанинг доимий тактикаси бўладми ёки кейинги ўйинларда бошқа ўйин услубларида ҳаракат қилиши мумкинми?
— Биз 2022 йилги мавсумда ҳам шундай тактикадан ўйнагандик. Ўз футболчиларимизнинг салоҳиятидан келиб чиқиб, улардан максимал фойда чиқаришга ҳаракат қиляпмиз. Ўз ўйинимизга мос тушадиган футболчиларни танладик. Бу ўз самарасини беряпти.
— Сизнингча, "Пахтакор" аввалги мавсумга нисбатан кучсизроқ кўриняптими?
— Йўқ. "Пахтакор" ҳамон кучли жамоа. Шунчаки, рақиблар "Пахтакор" ўйинига мослашиб ўйнашни ўрганишмоқда. Барча жамоалар бу клубнинг ўйинини таҳлил қилмоқда ва "Пахтакор"ни ниманинг эвазига мағлуб этиш мумкинлигини ўрганишмоқда. 1-турда "Олимпик" тезкор қарши ҳужумла орқали голлар урди. Мен ҳам бу жамоанинг ўйинларини таҳлил қилдим, "Пахтакор"нинг йиғиндаги 3-4та ўйинларини томоша қилдим. Масалан, Шацких жамоаси "Днепр"га қарши баҳсда ташаббусга эришганига қарамай, қарши ҳужумларда гол ўтказиб юбориб, 0:3 ҳисобида ютқазганди. Футбол бир жойда тўхтаб тургани йўқ, барча изланмоқда, ўрганмоқда. "Пахтакор"нинг кучсиз томонларини ўргандик ва бундан фойдаланишга ҳаракат қилдик. Ҳа, биз голларни қарши ҳужумлардан эмас, стандарт вазиятлардан урдик. Бунинг устида ҳам ишлагандик.