Самвел Бабаян: «Агар дуранг бўлганида, адолатдан бўлар эди»
Суперлиганинг 3-туридан ўрин олган “Пахтакор” – “Навбаҳор” (2:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида наманганликлар бош мураббийи Самвел Бабаян ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди. Самвел Вячеславович одатгидек, ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.
— Барчага хайрли кеч. Бугун чемпионатнинг энг ёрқин ва энг муҳим ўйини бўлиб ўтди. Агар дуранг бўлганида, адолатдан бўлар эди. Баҳснинг биринчи дақиқасида ўз дарвозамиздан тўп ўтказиб юбордик, аммо йигитлар ўйинга қайта олишди. Кейин хато қилиб, яна тўп ўтказдик, аммо яна қайтдик.
Бир киши кам бўлиб пенальти ишладик, уни аммо уни голга айлантира олмадик. Бугун йигитларимга ачиндим. Мухлисларимиз мағлубиятга лойиқ эмас эди. Улар бугун бизни ўз уйимизда ўйнагандек ҳис қилишимизга ёрдам беришди. Ҳали ҳаммаси олдинда. Биз энди қўшяпмиз. Механизмимизни янада кучайтирамиз. Бизда бошқа вариант йўқ. Олдимизга катта мақсадлар қўйганмиз.
— Остон Ўрунов нега захирага олинди?
— Остон яхши ўйин кўрсатди, аммо руҳан чарчаб қолди. Биз енгилаётган пайтимизда уни майдондан олиб, янги кучни жангга ташладик. Бу нормал ҳолат.
— Фаррух Икромовнинг даражаси қандай?
— Унинг имкониятларига шубҳам йўқ. Биз уни кечроқ майдонга туширганимиз ҳеч нарсани англатмайди. Фаррух эндигина жароҳатидан фориғ бўлди. У ҳали тўлиқ спорт формасини тиклай олгани йўқ.
— Бугун “Навбаҳор” бироз майдонда чўчиб ҳаракат қилгандек туюлди. Бу нима билан боғлиқ?
— Биринчи навбатда, марказий ўйиннинг илк дақиқасидаёқ қўпол хатодан ўз дарвозамиздан тўп ўтказиб юбордик. Рақиб майдонида бундай стартдан сўнг ўйинга қайтиш осон эмас. Йигитлар бу ишни уддалашди. Бир киши кам бўлиб ҳам пенальти ишладик, аммо буни голга айлантиришнинг имкони бўлмади.
Бизга айрим вазиятларда уюшқоқлик етишмади. Ҳозир имкониятларимизни 70 фоизини ҳам амалга ошира олмадик. Бу борада ишлаймиз.
Даврон Ҳошимов жуда қўпол хато қилди. У эмоцияларини жиловлаб олиши керак эди. Қизиққон юрак ва совуқ мия билан ҳаракатланиш лозим. Ҳошимовга нисбатан рақиб провакация қилди. Якунда у ўз мақсадига етди ҳам. Шунга қарамай, унинг қилган ишини оқлай олмайман.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.