Максим Шацких: «Ҳар қандай жамоа учун Андижонда ўйнаш қийин»
«Андижон» – «Пахтакор» (1:3) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг дастлабки қисмида меҳмонлар бош мураббийи Максим Шацких журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
— Барчага хайрли кеч. Андижонда ҳар қандай жамоа учун ўйнаш оғир. Айниқса, бундай мухлислар қаршисида тўп суриш исталган рақибга қийинчиликлар туғдиради. Бугун ишқибозлар стадионда ажойиб байрам кайфиятини ташкил қилдилар. Ўйин тўғрисида нима дейишим мумкин? Қийин бўлишини билардик. Мана шу учрашувда ғалаба қозонганимиз учун ўйинчиларимдан жуда хурсандман. Ҳаттоки, уч кун аввал Суперкубокда мағлубиятга учраганимизга қарамасдан керакли натижага эриша олдик. Ўша ўйиндан кейинги хиссиётларимиз яхши эмасди. Лекин биз тикланиш жараёнини яхши ўтказдик. Бугун керакли натижани қўлга киритдик.
— Биз Газета.уз сайтиданмиз ва Тошкентдан ушбу ўйинни ёритиш учун атайин бу ерга келдик. «Андижон» ишқибозлари ҳақида яхши гапларни эшитгандик. Ўзбекистонда футболни ривожланишида фан-клубларнинг ўрни қандай деб ўйлайсиз? Умуман, бугунги ишқибозлик ҳақида нима дея оласиз?
— Мен юқорида мухлислар ҳақида айтиб ўтдим. Биз «Андижон» мухлисларини яхши биламиз. Бу биринчиси эмас, уларнинг қандай қўллаб-қувватлашларини аввал ҳам кўрганман. Бундай мухлислик нафақат футбол учун, балки футболни ривожлантиришга ва тараққий этишига ҳам ёрдам беради. Биз мухлислар учун ўйнаймиз. Мана шундай ишқибозлар кўпайса ва ривожланса футбол янада ўсади. Улар стадионга келиб, ўз жамоасини олқишлаб турса албатта ҳар қандай жамоа шунга яраша ғалаба қозонса, ҳаммаси яхши бўлади. Лекин бунинг учун муҳит, инфратузилма ҳам шунга яраша бўлиши керак, деб ўйлайман. Бугунги кунда футболга оиласи, фарзандлари билан келишади, ишдан кейин. Футбол кўради, клубига ишқибозлик қилишади. Етарлича энергия олади ва бу энергиядан сўнг мухлислар уйига яхши кайфиятда қайтишади. Жамоалар ҳам худди андижонлик ишқибозлар каби шунга яраша ҳаракат қилиши керак. Биз ҳам бу борада ишлаяпмиз. Ўйлайманки, яқин вақтлар ичида бизда ҳам стадионлар тўлиб, мана шундай муҳит бўлади.
— «Пахтакор» маъмурияти мухлислар билан ишлашда қандай йўл тутмоқда?
— Бир ойда икки марта ишқибозларимиз билан учрашамиз. Қарийб 50 йилдан бери «Пахтакор»га мухлислик қиладиганлар келишади. Содиқ ишқибозларимиз бор. Улар билан «Пахтакор»нинг келажаги ҳақида суҳбатлашамиз. Бир қатор лойиҳалар ҳақида мухлисларнинг фикрларини ҳам ўрганиб чиқамиз. Биз ҳам фанатларни стадионга қайтариш бўйича бир қатор ишларни амалга оширяпмиз.
— «Пахтакор» чемпионат стартини яхши бошламади. Турдан-турга ўйин сифати ижобий кўрина бошлади. Мана шуни стартда амалга оширса бўлмасмиди?
— Стартни ёмон бошлагандирмиз, аммо ҳаммаси ўз ўрнига тушяпти. Жамоани ёшартиряпмиз. Эски таркибдан 4 футболчи қолганди ва бизга осон бўлмади. Бошида ёшлар билан ишлаш қийинроқ кечди. Мана, аста-секин ёшлар билан ўз ўйинимизни топиб боряпмиз.
— Мавсум аввалида бир қатор етакчилар клубдан кетишди. Шундай бўлсада, чемпионлик вазифаси қўйилганми?
— Ахир бу «Пахтакор». Бизда ҳар қандай ҳолатда ҳам мақсад юқори бўлади. Бунга босқичма-босқич эришиб борамиз. Қийин ва мураккаб. Аммо ҳар бир ўйинда натижа учун курашамиз.
— Эшитишимизча, иккинчи даврада Улуғбек Ҳошимов «Пахтакор» футболчисига айланар экан. Шу тўғрими?
— Билмадим, бу ҳақида биринчи марта эшитиб турибман. Бизни Осиё майдонларидаги ўйинларимиз бор, терма жамоаларимиз ҳам ўз учрашувларини ўтказади. Шуларга қараб ўз режаларимизни тузиб чиқамиз.